Oyina.uz портали ўзбекнинг 100 зиёлисидан “ҲАР БИР ИНСОН ҲАЁТИ ДАВОМИДА ЎҚИШИ ШАРТ БЎЛГАН 10 КИТОБ” тавсиясини беришда давом этади. Лойиҳанинг 83-куни манбашунос тарихчи Ҳилола Назирова “Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб” тавсия қилади.
Инсон умри давомида кўплаб адабий ёки ўз соҳасига оид илмий китоблар ўқиши, ундан таъсирланиши, сабоқ ва хулосалар чиқариб ғамгин ёки бахтли бўлиши мумкин. Бу ҳам аслида ўқувчининг мутолаа вақтидаги руҳий ҳолати, ҳаётида юз бераётган воқеликларга боғлиқдир, эҳтимол. Инсон ҳаётини биргина китоб ўзгартириб юбориши мумкин, лекин ўша китобни топгунча юзлаб, ҳатто минглаб китобларни ўқиб чиқишга тўғри келади.
Oyina.uz порталининг ўзбек зиёлиларидан “Ҳар бир инсон ҳайоти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб” тавсияси” лойиҳасини севиб мутолаа қиламан ва кузатиб бораман. Айнан шундай таклиф менга ҳам келганида жуда-жуда хурсанд бўлгандим. Аммо иккинчи тарафдан нима китобларни тавсия қиламан? – деган ҳадик ҳам бор. Мазкур тавсиянинг машаққатли тарафи ўқиган китобларингиз орасидан энг-энг сараларини танлаб беришингиз керак. Бу эса жуда мушкул иш. Лойиҳанинг ҳали давом этишини ҳисобга олиб, жамиятдаги жараёнларни кузатишларимдан келиб чиқиб китоб тавсияларимни бермоқчиман. Тарихчи манбашунос бўлганим учун хронологик жиҳатдан ёндашувни маъқул кўрдим, яъни мумтоз адабиётдан бошланган ушбу тавсиялар руҳлантирувчи китоблар жамланмаси билан якунланади, бу ҳам аслида нисбий танлов, сабаби лойиҳанинг биринчи сонида 100 та зиёлидан 1000 та китоб тавсия этилса, топ 100 талик рўйхати шаклланади, деган эзгу ният ва ғоя бор эди. Тавсиям лойиҳанинг сўнгги йигирматалигини бошлаб беряпти, табиийки мендан олдинги зиёлиларнинг китоблар рўйхати билан қизиқдим, бир хилликка кўзим тушди. Бунинг бир нечта сабаблари бор, бир жамиятнинг аъзолари, замондошларнинг дидларидан келиб чиққан тавсиялар ва бу табиий жараён. Кескин фарқларни ёш зиёлилар қатламида кўриш мумкин, хусусан, Тилланисо Нурёғди ва бошқа чет элда яшаётган ватандошларимиз талқинида. Шунингдек, ўрта яшар зиёлилар қатламида рус адабиётига мурожаатлар билан биргаликда жаҳон адабиётининг ўтган – ХХ асрда яратилган асарлар рўйхатини ҳам кузатамиз. Камдан кам ҳолларда замонавий ўзбек адабиёти ёш вакиллари ижодидан тавсиялар бор. Балким бу ҳам вақт талаб этадиган жараён бўлиб, ҳали уларнинг асарларига баҳо бериш пайти келмагандур.
Лойиҳада Ўзбекистон қаҳрамони, академик, сенатор, халқ ҳофизи, адабиётшунос, журналист, муҳаррир, таржимон, халқ шоири, шоира, тарихчи, вилоят ҳокимлари, ношир, шахматчи, футбол шарҳловчиси, сиёсатшунос, санъатшунос, иқтисодчи, юрист, шифокор, олим ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган зиёлиларнинг тавсияларини кўриш мумкин. Лойиҳанинг биринчи сонида кутилган 1000 та китоб рўйхати турли хил номларни қамраб олиши керак эди, аммо юқорида келтирганимдек, 80-кунигачача иштирок этган зиёлининг рўйхатида ҳам такрорий номларни кўрдим. Ҳатто бир зиёлимизнинг танлаган 10 китобидан 8 тасини сунъий интеллект ҳам тавсия рўйхатида чиқариб беряпти. Тавсиям олдинги тавсиялар билан бир хил бўлмаслигига ҳаракат қилдим. Лекин бу у китобларни тавсия қилмайман деганим эмас. Жумладан, аксарият зиёлиларнинг рўйхати Қуръони каримдан бошланган, мен ҳам Ислом динининг муқаддас китоби ва унинг изоҳли таржимасини (Мирзо Кенжабек тайёрлаган нашрини) ўқишни тавсия қиламан. Лекин зиёлиларимизнинг нақд 34 таси такрорлаган Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини иккинчи тавсиям сифатида келтиролмайман. Асарни тилшунос олим Анвар Бўронов, санъатшунос олима, журналист Иқбол Қўшаева, журналист Воҳид Луқмон, адабиётшунос Дилмурод Қуронов, адабиётшунос Узоқ Жўрақулов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев, Навоий вилоят ҳокими Нормат Турсунов, адабиётшунос Баҳодир Каримов, сиёсатшунос Фарҳод Толипов, журналист Гулмира Мусажонова, сиёсатчи Расул Кушербаев, шоир Вафо Файзуллоҳ, кинорежиссёр Аюб Шаҳобиддинов, академик Азамат Зиё, журналист Ўткир Раҳмат, гроссмейстер Нодирбек Абдусаттаров, журналист, муҳаррир Муртазо Қаршибой (шу устознинг ўйлаш ва тавсиялари менинг танлаш принсипларимга яқинлигини билдим), ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад, ёзувчи Ғафур Шермуҳаммад, журналист, ёзувчи Карим Баҳриев, ёзувчи Нурилла Чори, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин домла Холиқназаров, академик (марҳум) Наим Каримов, Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев, футбол шарҳловчиси, журналист Хайрулла Ҳамидов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Темур Пўлатов, шоир, таржимон Азиз Саид, ёзувчи Абдуқаюм Йўлдош, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, адабиётшунос Шуҳрат Ризаев, ёзувчи Назар Эшонқул, Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид тавсияларида у ёки бу ўринда келтирган. Жумладан, деярли барча иштирокчиларда ўзбек адабиётидан камида биттадан намуна борлиги ўзбек зиёлиларининг она тилида китоб ўқишини кўрсатади – бу қувонарли жиҳат.
Энди “Ўткан кунлар” асарига қайтсак, ёзувчи Абдулла Қодирийнинг ўзи бу асарни беш марта мутолаа қилиш керак, деган эди. Дарҳақиқат, китобхоннинг ёши ўзгарган сари асарни бошқа тарафдан кашф қилиб боради. Биргина мисол, қаҳрамонларга исм танланишига аҳамият берадиган бўлсак, Офтобойим қизи Кумушбиби. Онанинг исми қуёшга менгзалмоқда, қизники ойга. Бу иккала унсур ҳам шарқ адабиётида кўп ишлатилади. Яъни, мукаммаллик бўлса қуёшга, навқиронлик ёки кеча тимсоли келтирилса ойга менгизилади. Кумушнинг исмидан ҳам роман якунида нима бўлишини пайқаш мумкин. Хуллас, асарнинг таҳлилига бағишланган мақоладан тортиб диссертациялар ҳам мавжудлигини ҳамда ёзилаётган мақоланинг мақсадини ҳисобга олиб, гапимизни шу ерда мухтасар қиламиз.
Ҳозирги кун китобхонига тавсия қилмоқчи бўлган 10 та китоб тавсиям:
1. Грек мифлари. Грек мифологиясини ўқиш инсоннинг интеллектуал, ахлоқий ва ижодий имкониятларини кенгайтиради. Бу нафақат қадимий маданиятни тушуниш, балки замонавий дунёқарашни шакллантиришда ҳам муҳим роль ўйнайди. Кўплаб замонавий адабиётлар, фильмлар ва ҳатто компьютер ўйинлари грек мифологиясига асосланган. Уни ўқиш замонавий санъат ва поп-маданиятда ишлатилган мифологик рамзлар ва ишораларни англашга ёрдам беради. Глобал воқеалар ва ғояларнинг илдизларини англашимизга ҳам айнан шу мифлардан мисоллар топишимиз мумкин. Ғарб маданияти ва мода трендларига таъсир қилган кўплаб бренд номларининг илдизи айнан шу мифлардаги воқеликларга бориб тақалади.
2. “Гилгамеш” достони. Инсоният тарихидаги энг қадимги эпик асар бўлиб, у милоддан аввалги III минг йилликка оид. Ушбу достон қадимги Месопотамия (ҳозирги Ироқ ҳудудида) цивилизацияси томонидан яратилган ва Гилгамеш исмли Урук шаҳрининг ярим афсонавий ҳукмдори ҳаёти ва саргузаштларини ўз ичига олади. Асар нафақат тарихий ва маданий аҳамиятга эга, замонавий адабиёт ва фалсафий қарашларга ҳам катта таъсир кўрсатган. Бу асар орқали инсоннинг ҳаёт мазмуни ва ахлоқий тамойиллари ҳақида чуқур билимга эга бўлиш мумкин.
3. Ҳаммурапи қонунлари. Қонунлар эрамиздан аввалги 1754 йилда Бобилдаги шоҳ Ҳаммурапи томонидан тузилган энг қадимги ва тўлиқ ёзма қонунлардан бири ҳисобланади. Ушбу қонунлар жамиятни бошқариш, низоларни ҳал қилиш ва адолатни таъминлаш учун ишлаб чиқилган. 282 та қонундан иборат ушбу тўплам қадимги Месопотамия жамиятининг ҳуқуқий тизимини акс эттиради ва замонавий ҳуқуқий тизимларнинг ривожланишига асос яратган. Ҳаммурапи қонунларининг машҳур жиҳатларидан бири – бу “кўзга-кўз, тишга-тиш” принципи (талион принципи) бўлиб, жазолар одатда жиноят оғирлигига мос келган. Ушбу қонунларнинг энг яхши сақланган намунаси ҳозирда Лувр музейи бисотини безаб турибди. Ушбу тош устун узунлиги 2,25 метрни ташкил этади ва қонунларнинг барча тафсилотларини ўзида мужассам этган. Инсон қайси соҳада фаолият юритишидан қатъи назар шу асарни ўқиб чиқишни тавсия қиламан.
4. Абулқосим Фирдавсий, “Шоҳнома”. Бу китоб, шубҳасиз, нафақат форс-тожик адабиётига, балки бутун дунё адабиётига таъсир ўтказган буюк асар. Абулқосим Фирдавсий мазкур асари орқали улкан тарихий мерос қолдириш билан бирга, адабий услуб ва тафаккурда наинки замонасининг, балки келажак авлодларнинг фикрини шакллантирган, адабиётда янги жанрлар ривожланишига, бошқа халқларнинг бадиий мероси бойишига ҳисса қўшган ва бу жараён давом этмоқда. Асар бир неча тилларга ўгирилган, қайта-қайта чоп этилган, – бунинг сири нимада? Бундай муваффақиятни ҳар бир ижодкор хоҳлайди. “Шоҳнома”нинг асрлар оша шоҳ асар бўлиб қолишига адиб ва шоирларнинг бу асарни ўзларига эталон қилиб олишлари ҳам сабаб бўлган. “Шоҳнома” қадимги форс ва туркий халқларнинг тарихи, афсоналари ва маданий анъаналари билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ўзидан кейинги адабий, сиёсий ва маданий ривожланишларга бевосита таъсир кўрсатган. Асар фақат бадиий асар эмас, балки тарихий манба сифатида ҳам катта аҳамиятга эга. Унда форс ва тожик халқларининг қадимий тарихидан тортиб, ўша давр ҳукмдорлари ва уларнинг қарорларининг аҳамиятига қадар кенг қамровли маълумотлар мавжуд. “Шоҳнома” шу жиҳати билан ўз замонида ёзилган бошқа тарихий асарлардан ажралиб туради, чунки у нафақат сиёсий тафсилотлар, балки ижтимоий ҳаётнинг турли жиҳатлари ҳақида ҳам сўзлайди. Шунинг учун бу асарга ҳукмдордан тортиб оддий талабагача мурожаат қилган.
5. Абдураҳмон Жомий, “Баҳористон” китоби. “Баҳористон” Абдураҳмон Жомий томонидан 10 ёшли ўғли Зиёдиддинга атаб ёзилган ахлоқий ва тарбиявий китобдир. Темурийлар сулоласи бошқарувида, яъни Ҳусайн Бойқаро даврида зуллисонайн (икки тилли) форсий ва туркий адабиётга эътибор кучаяди. Айнан шу даврда шарқ мумтоз адабиётининг дурдоналари ҳисобланган “Ҳафт авранг” ва “Хамса” асарлари яратилди. Ушбу асарлар икки халқ вакиллари – Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий дўстлиги ўлароқ вужудга келган асарлар ҳисобланади. Ҳирот адабий муҳитини бу икки дарғасиз тасаввур қилиш қийин. Уларнинг ижодлари, асарлари ҳақида йирик тадқиқотлар яратилган ва жараён давом этмоқда. Жумладан, Абдураҳмон Жомийнинг қаламига мансуб “Баҳористон” асарининг туркий тилдаги нусхаси топилиши бунга яна бир далилдир. “Баҳористон” (“Баҳор боғи” ёхуд “Баҳор маскани”) асари Жомийнинг насрда (содда ва ритмик қофияли, сажъ) яратган ягона асаридир. Унинг ўғли Зиёуддин Юсуф туфайли яратилган “Баҳористон” асари (уни баъзан “Равзат ул-ахёр ва туҳфат ул-аброр” (“Тақводорларнинг фазилатли ва нодир неъматли боғи” деб ҳам номлашади) ахлоқий-дидактик асар ҳисобланади. 10 ёшли Зиёуддиннинг Саъдийнинг “Гулистон”нини қизиқиб мутолаа қилаётганини кўрган отаси шунга ўхшаш асар яратишни ният қилади, натижада 892/1487 йилда “Баҳористон” асари ёзилади. Асар темурийлар султони – Ҳирот ҳукмдори Ҳусайн Бойқарога (1438‒1506) бағишланган. Асарни Абдураҳмон Жомий гарчи Саъдийнинг “Гулистон” асарига тақлидан ёзилган дея уқтирса-да, “Баҳористон”нинг фақат икки боби (3 ва 5-боблар) мавзу жиҳатидан “Гулистон”нинг такрори бўлиб, 6 боб мавзу-мундарижа нуқтаи назаридан янги ёзилган. “Баҳористон” фақат ахлоқий-дидактик асар бўлиб қолмай, балки шеърият тарихига оид муҳим адабий манба ҳам ҳисобланади. Асарнинг 7-бобида Жомий форс-тожик тилида ижод қилган 39 шоир ҳақида маълумот беради. Асарнинг тузилиши муқаддима, 8 та боб ва хулосадан иборат. “Баҳористон”даги ҳар бир боб маълум бир мавзуга бағишланган ва уларнинг номлари қуйидагичадир:
1. Тасаввуф уламоларининг сўзлари ва ишлари тўғрисида;
2. Ҳакимларнинг ҳикмати шарҳи;
3. Адолат ва давлат бошқаруви ҳақида ҳикоялар;
4. Меҳрибонлик ва сахийлик васфи ҳақида;
5. Ишқ-муҳаббат баёни ҳақида;
6. Ҳазил, мутойибалар тўғрисида;
7. Шоирлар зикри, шеър таърифи, унинг турлари ҳақида;
8. Тамсил ҳикоялар (ҳайвонлар ҳақидаги эртаклар).
“Баҳористон”да келтирилган ҳикоялар ва маънавий аҳамиятга эга иборалар, мусулмон оламида кенг тарқалган ва улар ҳозирги кунда ҳам ўқувчиларга аҳамиятли бўлиб қолмоқда.
6. Абулғози ва Мулла Маҳмуд Урганжий, “Шажарайи турк” асари. Ҳа, ажабланманг, асар фақат Абулғозихон қаламига мансуб эмас, асарнинг ҳаммуаллифи бор, бу ҳақида батафсил тарих фанлари номзоди Нурёғди Тошев мақоласида ўқишингиз мумкин. Асар туркий халқларнинг қадимий афсона ва тарихидан бошланиб, Абулғозихоннинг 1663/64 йилда Бухорога юриши билан тугайди. Муаллифнинг мақсади асар ҳаммага тушунарли бўлиши, туркий халқларнинг тарихини Хоразмдаги Арабшоҳийлар сулоласи тарихи билан якунлаш бўлган. Асарни 5 яшар боладан бошлаб ёши улуғ инсонгача тушуниши учун биронта арабий, форсий ва чиғатойча (сарой тили назарда тутилган) жумлалар қўшмасдан ёзиш мақсад қилинган. Ҳозирги замон ўқувчиснинг фрагментар ўқишини ҳисобга олиб, туркий халқлар тарихининг минтақамизга тегишли қисмини қисқа шаклда билиб олишлари мумкин. Асарда ҳокимиятнинг легитимлаштириш, афсоналарни ҳақиқатга айлантириш услублари ҳақида ҳам билиб олиш мумкин. Бу асарни ҳар бир ўзбекистонлик ўқиб чиқишини тавсия қилган бўлар эдим.
7. Антуан де Саинт-Эхуперй, “Кичкина Шаҳзода” (fransuzcha: Le Petit Prince) асари. Асар аллегорик эртак бўлиб, 1943 йилда нашр этилган. Ушбу асар нафақат болалар учун, балки катталар учун ҳам чуқур маъноларга эга, ҳаётнинг, севги ва инсониятнинг энг муҳим қадриятлари ҳақида ўйлашга ундайди. Шаҳзода ўзининг гуллари, хусусан бир “яширин” гулига боғланиб, ўзининг ҳақиқий муҳаббатини ва масъулиятини англайди. “Rose” – бу асарнинг энг кўзга ташланадиган ва муҳим символи бўлиб, шаҳзоданинг катталар дунёсига қарши қарашларини ва севгининг ҳақиқий моҳиятини ифодалайди. Яъни, сиз ёқтирган гул ёки буюм сизнинг қарамоғингизда бўлса, сиз унинг ҳаётига ҳам маъсул эканингизни унутмаслигингиз керак. Китобнинг асосий қаҳрамони – кичкина шаҳзода, космос бўйлаб саёҳат қилувчи ёш бола. Ҳар бир янги сайёра устидан учиб ўтишда, у ўзининг бошқалар билан бўлган алоқалари орқали катталар дунёсининг нохуш томонларини очиб беради. Саинт-Эхуперй ўз асарида катталар ва болалар ўртасидаги тафовутларни кўрсатади ва болалар дунёсидаги тоза ҳамда оддий қарашларини тасвирлайди
8. Эдвард Саид, “Ориентализм” асари. Бу асар ҳар бир ижтимоий-гуманитар соҳада ишлайдиган мутахассиснинг “must have”, яъни ён китоби бўлиши керак. Асар гарчи 1978 йилда ёзилган бўлса ҳам ҳалигача ўзбек тилига таржима қилинмаган. Асарнинг русча таржимаси ҳам 2000 йилларда, бошқа тиллар таржимасига нисбатан кечроқ амалга оширилган. Асар академик асар бўлишига қарамасдан, кўплаб соҳа вакиллари томонидан мутолаа қилинади. Асар муаллифи Эдвард Саид фаластинлик яҳудий бўлиб, бу китоб унинг узоқ йиллик кузатувлари орқали шаклланган эди. Шарқ ва Ғарб ўртасидаги маданий, сиёсий ва илмий алоқаларни таҳлил қилувчи мукаммал асардир. Муаллиф мазкур китобда Ғарбнинг Шарқни ўрганиш услубларини ва бу илмий ишланмалар орқали Шарқ ҳақидаги тасаввурларни қандай шакллантирганини кўрсатади. У “ориентализм” атамасини, Ғарбнинг Шарққа бўлган идеологик ёндашувини танқидий нуқтаи назардан таърифлайди. Эдвард Саидга кўра, ориентализм фақат илмий таҳлил эмас, балки Шарқни Ғарбнинг империалист манфаатлари учун манипуляция қилиш воситаси ҳамдир. “Ориентализм” китоби Шарқ ва Ғарб ўртасидаги фарқларни ўргатган ҳолда, Ғарбнинг Шарққа нисбатан қандай нотўғри тасаввурлар яратгани ва бу тасаввурларни сиёсий қудратнинг бир қисми сифатида қандай ишлатганини кўрсатади. Муаллиф Шарқни Ғарбнинг тасаввурлари ва ҳақиқатидан ташқарида тасвирламоқчи бўлиб, Шарқни ҳақиқатан ҳам ўзининг йирик ва кўп қиррали маданияти, тарихий ривожи ва инсоний қадриятлари билан таҳлил қилади. Бу китоб таъсирида илмда янги ёндашувлар ҳам шаклланган бўлиб, шулардан бири subaltern studies ҳисобланади.
9. Ювал Ноаҳ Ҳарари, “Инсоният тарихи” (“Sapiens: A Brief History of Humankind”) асари. Ҳарари бу китобида инсоният эволюцияси, тарихий жараёнлар ва маданий тараққиётнинг асосий босқичларини таҳлил қилган. У Homo sapiens'нинг пайдо бўлишидан тортиб ҳозирги замонгача бўлган воқеаларни қамраб олади. Китоб илк бор 2011 йилда иврит тилида нашр қилинган ва кейинчалик дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди, шу жумладан ўзбек тилига ҳам. Ҳарари ўз асарида уч асосий инқилобга эътибор қаратган:
1. Когнитив инқилоб – бу одамларда фикрлаш қобилиятининг ривожланиши;
2. Қишлоқ хўжалиги инқилоби – ерга ишлов бериш ва доимий яшаш жойларига ўтиш;
3. Илмий инқилоб – замонавий технология ва илм-фан тараққиёти.
Китоб ўқувчиларни инсониятнинг тарихий йўлида маданиятлар ва ижтимоий тизимларнинг қандай ривожланганини ўйлашга ундайди ва глобал машҳурликка эришган.
10. Ҳарпер Ли, “Мазахчини ўлдириш” (“To Kill a Mockingbird”) романи. “Мазахчини ўлдириш” ХХ аср адабиётининг энг машҳур ва эътиборли асарларидан бири ҳисобланади. Ушбу роман дастлаб 1960 йилда чоп этилган муаллифнинг ягона бадиий асари. Асар Америка жамиятидаги ирқчилик, адолат ва инсоният масалаларини ўрганиш учун муҳим платформа сифатида қаралади. Роман қисқа вақт ичида бесцеллерга айланган ва 1961 йилда Pulitser мукофотига сазовор бўлган. Асар инсон ҳуқуқлари ва ирқий тенглик мавзуларини кўтариб чиққани учун кўплаб ўқувчилар ва адабиётшунослар томонидан юқори баҳоланади. “Мазахчини ўлдириш” китоби адабиёт тарихида катта ўрин тутади: Роман ҳикояси 1930 йилларда Америкадаги кичик бир жанубий шаҳарда содир бўлади. Асар қаҳрамони ёш қизча Скаут Финç воқеаларни ўзининг бола нуқтаи назаридан ҳикоя қилади. Унинг отаси, адвокат Аттикус Финç оқ танли аёлга зўрлашда ноҳақ айбланган қора танли эркак Том Робинсоннинг ҳимоясини ўз зиммасига олади. Ушбу суд жараёни ирқчилик ва адолат мавзуларини кенг ёритади. Бу асар ирқчиликка қарши курашда катта таъсир кўрсатган ва фуқаролик ҳуқуқлари ҳаракатига илҳом манбаи бўлган. Китоб дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўрта мактаб дарсликларига киритилган.
Ҳилола НАЗИРОВА,
манбашунос тарихчи
Маънавият
Адабиёт
Санъат
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ