Туркий халқлар қадимдан ўзининг ҳарбий маҳорати ва жанговарлиги билан ажралиб турган. Асосан отлиқ аскарларга таянган туркийларда ўзига хос жанг санъатлари мавжуд эди. Бу ҳарбий санъат турли даврларда скифлар, хунлар ва кўк турклар орқали ривожланиб, кейинги асрларда ҳам ўз аксини топган.
ХВИ асрда Эронда ҳокимият тепасига келган қизилбошлар ҳам туркий халқлардан бири бўлиб, улар ҳам шу ҳарбий меросни давом эттирган. Хусусан, Шоҳ Исмоил томонидан амалга оширилган ҳарбий юришларда туркий халқларнинг анъанавий жанг тактикаси бўлган «Бўри ўйини»дан кенг фойдалангани тарихий манбаларда қайд этилган.
Турклар «Бўри ўйини» ёки «Турон тактикаси» деб аталган жанг усулини уч босқичда амалга оширган. Биринчи босқич – душманни қўрқитиш ва чарчатишдан иборат бўлган. Бу босқичда душманга тўғридан-тўғри зарба берилмас, балки уни ҳолдан тойдириш, руҳий жиҳатдан заифлаштириш мақсадида ҳужумлар уюштирилган.
Иккинчи босқич – ёлғондан орқага чекиниш эди. Бу босқичда турклар ўзларини мағлуб бўлгандек кўрсатиб, душманни чалғитган ва уни ўзлари учун қулай бўлган жойга тортиб борган.
Учинчи ва якуний босқич эса – душманни тузоққа тушириш ва бутунлай йўқ қилишдан иборат бўлган. Душман олдиндан белгиланган жойга олиб келингач, у қуршовга олиниб, яксон этилган.
Туркларнинг бу жанг услубини муваффақият билан қўллай олишида уч асосий омил ҳал қилувчи аҳамият касб этган: инсон омили (жангчиларнинг маҳорати), географик шароит ва тўғри вақтни танлаш. Бу усулни самарали амалга оширишда географик шароит муҳим роль ўйнаган. Айниқса, икки томони тоғлар билан ўралган даралар, ўрмонзорлар, ботқоқликлар ва саҳро каби мураккаб рельефли ҳудудлар бу тактика учун энг қулай жойлар ҳисобланган.
Бу тактика бўрининг ўз ўлжасига ҳужум қилиб, кейин орқага чекиниб, сўнг уни тузоқ орқали яксон қилишига ўхшатилган. Шу боис ушбу усул «Бўри ўйини» деб аталган.
Шоҳ Исмоил 1501 йилда Табризни эгаллагач, Узун Ҳасан вафотидан кейин парчаланиб кетган Оққўюнли давлатининг барча ҳудудларига даъво қилади. 1508 йилга келиб бу минтақада сафавий ҳокимиятини тан олмаган икки мустақил амирлик мавжуд эди: бири Маликшоҳ Рустам бошчилигидаги, маркази Хуррамобод бўлган Луристон амирлиги; иккинчиси эса Султон Файёз томонидан бошқарилган, пойтахти Ҳувайза бўлган Хузистондаги Мушаша амирлиги эди.
Шоҳ Исмоил дастлаб Маликшоҳ Рустамдан тинч йўл билан ўзига тобе бўлишни талаб қилади. Аммо 40 минг уйдан иборат лур қабиласи бошлиғи Маликшоҳ Рустам Исмоил Сафавий ҳокимиятини тан олишдан бош тортади. Бу эроний тилли ва шиа мазҳабига мансуб қабила илгари ҳеч бир давлатга тўлиқ бўйсунмаган, ҳатто имкон топган пайтларда Қоракўюнли ва Оққўюнлиларга ҳам хирож тўламаган.
Шоҳ Исмоил Занжир қалъасига келгач, шу ердан Луристон ҳукмдорига қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлайди. Қизилбош қўшинининг яқинлашаётганини эшитган Маликшоҳ Рустам амакиваччаси Шоҳмансурни 15-20 минг кишилик лашкар билан йўлни тўсишга юборади. Шоҳ Исмоил эса Ҳасанбек Ҳолвачиўғлини қизилбошларнинг 5 минг кишилик илғор қисмига бош қилиб тайинлаб, олдинга йўллайди. Лурлар асосан пиёда бўлиб, тоғли ҳудудларда жанг қилишда моҳир эди. Қизилбошлар эса, аксинча, асосан отлиқлар бўлиб, кенг даштларда жанг қилишга ўрганиб қолганди. Шу сабабли улар учун тоғларда жанг қилиш қийин эди.
Буни яхши билган лурлар қизилбошларни тоғ этакларида жанг қилишга мажбур қилади. Натижада жангнинг дастлабки босқичида Сафавий қўшини оғир йўқотишларга учрайди. Аммо қизилбошлар «Бўри ўйини» услубини қўллаб, лурларни тузоққа туширади.
Қизилбошлар чекинаётгандек кўринган пайтда уларни қувган лурлар тартибсиз ҳолга келади. Баъзилари қизилбошларнинг ташлаб кетган ўлжаларини йиға бошлайди. Шу сабабли лурлар сафида парокандалик юзага келади. Бундан фойдаланган қизилбошлар аввал лур отлиқларини, сўнгра пиёдаларни енгиб, тўлиқ ғалабага эришади.
Сафавий манбаларига кўра, Шоҳ Исмоил Марв жангида ҳам «Бўри ўйини» тактикасидан фойдаланиб ғалабага эришган. Шоҳ Исмоил бошчилигидаги қизилбош қўшини қанча ҳаракат қилмасин, мустаҳкам қалъага эга бўлган Марвни эгаллай олмайди. Исмоил Турон ҳудудидан Муҳаммадхон Шайбонийга ёрдам учун Темур султон, Убайдуллахон ва Кўчкинчихон бошлиқ ўзбеклар катта қўшин тўплаб келаётгани ҳақида хабар олади. У агар бир неча кун ичида Муҳаммад Шайбонийхон мағлуб этилмаса, бошқа бундай имконият бўлмаслигини англайди.
Шундан сўнг, Исмоил Сафавий қўшинини ёлғондан чекингандек кўрсатиб, Марвдан уч фарсах узоқликдаги Маҳмудий қишлоғига келади ва шу ерда пистирмада кутиб туради. Муҳаммад Шайбонийхон қалъада бир кун кутгач, эртаси куни қизилбош қўшинини таъқиб қилишни бошлайди. Маҳмудий қишлоғида ўзбеклар ва қизилбошлар тўқнашади. Қизилбош қўшини жангга тайёр ҳолатда Муҳаммад Шайбонийхон ва унинг қўшинини кутиб олади ва икки ўртада қаттиқ жанг бошланади. Шоҳ Исмоил уч-тўрт минг отлиқ қўшинини туялар ортига яшириб жойлаштиради, ўзи эса лашкар марказида туради.
Ўзбеклар асосан найза ва қилич билан қуролланган бўлса, қизилбошлар қўшинида замбарак ва милтиқлар ҳам бўлган. Сафавийлар ўзбеклар сафини бузишда ва уларнинг орасида қўрқув уйғотишда замбараклардан фойдаланган. Қизилбошлар ўзбекларнинг жасорат билан жанг қилаётганини кўриб, яна ҳийла йўлига ўтади – ўзини енгилгандек кўрсатиб, орқага чекинади. Ўзбеклар ғалаба қозонганига ишониб, ўлжа йиғишга киришади. Шоҳ Исмоил эса ўзбекларнинг ўлжа билан бандлигини кўргач, туялар ортига яшириб қўйган отлиқларини жангга киритади.
Натижада бу жангда Муҳаммад Шайбоний мағлубиятга учрайди. Қўшиннинг катта қисми жангда ўлдирилади, бир қисми эса Маҳмудий анҳорида чўкиб ҳалок бўлади. Шайбонийхон ҳам ўлган аскарлар ва отлар жасади остида қолиб ҳалок бўлади.
Бундан ташқари, Дев султон ва Халилхон бошчилигидаги қизилбошлар қўшини Ҳиротдан уч фарсах масофада шайбонийлар иттифоқчиси бўлган Ғур ва Қаржистон ҳокими Малик Низомиддиннинг 4 минг кишилик лашкарини ҳам «Бўри ўйини» тактикаси ёрдамида бутунлай тор-мор этади.
Хулоса қилиб айтганда, «Бўри ўйини» ёки «Турон тактикаси» – бу туркий халқларнинг асрлар давомида шаклланган жанг санъати юксак намунаси бўлиб, у тезлик, ақл, сабр ва алдовга асосланган мураккаб ҳарбий усулдир. Бу тактика фақат куч билан эмас, балки ҳарбий ақл ва стратегия билан ғалаба қозониш мумкинлигини исботлайди. Шоҳ Исмоил ва унинг қизилбош лашкарлари ана шу туркий жанг анъаналарини давом эттириб, ХВИ асрда кўплаб ғалабаларга эришган.
Усмонов Абдуллажон, ЎзР ФА
Тарих институти таянч доктаранти
Жараён
Жараён
Тарих
Адабиёт
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ