Аввало шу дарахтни эккан одамга раҳмат айтишим керак. Ми Жунг Жанг билан шу ерда танишганмиз. У тўкилган ўрикларни тераётган пайтда қизимнинг ўрик егиси келиб, йўлни дарахт соясига бурдик. Коляскадаги чақалоғимни аста жойлаштириб мева теришга шайланмасимдан кўзлари қисиққина, ним табассумли бир аёл терган меваларини биз томон узатди. Кийиниш услубини ҳисобга олмаганда бир қарашда ўзимизнинг воҳалик аёлларга ўхшаб кетади. Унга “спасибо” дедим бир дона ўрикни қизимга бериб. Ўзинг учун олмадинг-ку, дегандек қўярда-қўймай яна мева берди. Рус тилида айтган “раҳмат, етади, керак эмас” каби сўзларимга жавоб ололмагач, инглизча айтдим. Шунда у қизиқ қилиб “рамаат” яъни, “раҳмат”, деди жилмайиб.
Ўзбекчани энди ўрганаётган Ми Жунг хоним билан гоҳ инглизча, гоҳ ўзбекча, гоҳ имо-ишоралар билан “умуминсоний” тилда гаплашдик. “Юртингизга келишимдан аввал танишларим менга инглиз ёки рус тилини ўрганишимни маслаҳат беришди. Чунки Кореяда бошқа тилларда адабиётлар етарли, аммо ўзбек-корейс тили бўйича китоблар топиш жуда мушкул, деярли йўқ деса ҳам бўлади. Тўғри, бу ерда рус, инглиз тилини биладиган инсонлар, айниқса, ёшлар жуда кўп экан, аммо мен ўзбекистонликларга ҳурмат юзасидан ўзбек тилини ўрганишга киришдим”, – дейди у.
Уйга қайтиб интернетдаги маълумотларни қараб билдимки, ўзбек тилини ўргатиш борасида маълумотлар мақтанадиган ҳолда эмас. Кейин қўлимдан келганча ўзим ўргатишга ҳаракат қилдим. Шундай қилиб кунора суҳбатларимиз давом этди. Бир куни уни уйимга таклиф қилдим. Мўъжазгина китоб жавонимизни кўрган Ми Жунг хоним шундай ҳайратландики, унга китоблар совға қилмоқчилигимни билиб ҳайрати баттар ошди. Дастлаб ўзимнинг кафтдеккина биринчи китобимни, кейин каттароқ адабиётларни, адабий-бадиий журналларни кўрсатдим. У эса кейинги сафар олишини айтиб журналларни уйимда қолдирди. “Аввал шу китобни ўқиб, сизга имтиҳон топшириб, кейин бошқа китобни ўқийман”, деганига ҳайрон қолдим, рости. Тайёр китоблар оламига тушиб қолсанг-у, кафтдеккина китоб билан чеклансанг. Ҳа, уларда одат шундай экан, улар китоб йиғишдан кўра кўпроқ ўқишга қизиқаркан. Ўша кундан бошлаб мен ҳам яримда тўхтаб қолган китобларимни ўқишга киришдим...
“Асал ойимиз Ўзбекистонда мароқли ўтяпти...”
“Қиш ғамини ёзда е” деган халқимизнинг доно нақлига амал қилиб компот ёпаётсам, телефонимга хонимдан хабар келди. Кўришгани вақтим йўқлигига ишора қилиб телеграмдан бирин-кетин ёпилган компотларнинг суратини жўнатдим. Орадан бир соатлар ўтиб корейсча овқат ва ўрикли мураббо солинган пакет эшигим олдида турибди. “Сизни безовта қилмай, овқат сиз ва болаларингиз учун етарли, менимча. Бу бизнинг миллий таомимиз кимбап, сизга ёқади деган умиддаман”, деган хабар қолдирибди. Ундан дарҳол ортга қайтишини илтимос қилиб мен ҳам совға бериб, қайта бундай овора бўлмаслигини таъкидладим. “Сиз менга қимматбаҳо совға – китоб бердингиз, эвазига терган ўрикларимни қолдирай, десам, кўнмадингиз. Бугун уларни мураббо қилиб келдим. Сиз меҳрибон инсонсиз, болалар билан осон эмас шунча иш”, – дея қўшимча қилди. Эҳ, Ми Жунг хоним, мен-ку шаҳарда яшайман, ҳамма шароит муҳайё, қишлоқдаги ўзбек аёлларининг меҳнаткашлигини кўрмапсиз, дедим ичимда.
Ми Жунг хонимнинг айтишича, унинг турмуш ўртоғи жаноб Си Чан Парк автомобилларнинг янги кўринишларини яратадиган дизайнер экан. У юртимизга шартнома асосида ишга таклиф қилиниб, ҳозирда “УзАутоМоторс” компанияси билан ҳамкорликда янги лойиҳалар устида ишлаяпти экан. Ми Жунг эса аниқ фанлар соҳасида ўқиган бўлса ҳам, ижодни ҳис қилади, турмуш ўртоғини яхши тушунади, қўллаб-қувватлайди.
Етти йиллик муҳаббат қиссалари ширингина тўйга уланиб ўтган йили 3 декабрда никоҳдан ўтишибди. Хоним 50, жаноб 52 ёшда. Дугонамнинг айтишича, Кореяда эрта турмуш ёши 30-35, нормал турмуш тарзи 40 дан юқори ҳисобланар экан. У менга никоҳ маросимларини завқ билан кўрсатаётган пайт келин-куёвнинг оналари миллий либосда экани эътиборимни тортди. Самимий, ортиқча дабдабасиз кийимлар шундай ярашганки, асти қўяверасиз. Куёв бўлмиш тўйдан роппа-роса бир ҳафта, Ми Жунг эса икки ой ўтиб Ўзбекистонга келибди. “Асал ойимиз Ўзбекистонда жуда мароқли ўтяпти. Корея кичик мамлакат, ўқиш, ишлаш қийин, шунинг учун тушкунлик кайфияти юқори. Масалан, илк кўришганимиздаёқ мени уйингизга таклиф қилдингиз. Ишонч учун раҳмат, аммо бизда ундай эмас. Қолаверса, турмуш ўртоғингиз билан ҳам таништирдингиз. Оилангизга яқин инсон сифатида кўрганингиз учун ташаккур. Ҳа, айтганча, турмуш ўртоғингиз чиройли экан”, – дейди кулиб суҳбатларимизнинг бирида.
“Ҳар куни Кореяга бориб қайтаман...”
Ми Жунг, юртингизни соғинмадингизми деган саволимга кўзида бир қувонч, бир ичкин соғинч тўла ёш айланиб: “Ҳа, айниқса, кеча,– деди. – Биласизми нима учун, чунки Мэйжиксити (“Magiс city”)даги асосий фавворани ёқишган пайтда корейсча мусиқа янгради. Яна айнан мен ёқтирадиган классик мусиқалардан. У пайтдаги ҳолатимни тасвирлаб беролмайман, лекин болалигим, онам, сингилларим кўз олдимдан ўтди. Шунинг учун у ерга ҳар куни боришни мақсад қилдим, аммо энди йиғламасликка ҳаракат қиламан”.
Биз, одатда, болалар майдончасида кўришамиз. У келиши билан байрам бошланади гўё. Таниган-танимаган болаларнинг ҳаммасига шоколад улашгани учун болалар ҳам қўлларини силкитиб “Ҳелло” деб ҳайқириб, ёш қизчалар Ми Жунг хонимни сайёҳ деб ўйлаб саволлар беришади. Бир куни ундан машҳур замонавий мусиқий гуруҳлар ҳақида сўрашганда, хоним, асосан, классик қўшиқлар тинглаши, аммо ҳозир улар сўраган гуруҳларни интернетдан топиб беришини айтганда, қизчалар табассум билан корейсча иероглифларга термулишди. Мана, бир зумда мусиқа ҳам топилиб, ҳамма бирга қўшиқ куйлашга тушди. Аввал ёқтирмайдиган қўшиқчиларини энди мароқ билан тинглаётган Ми Жунгнинг кўзларига боқиб Ватан соғинчини пайқаш қийин эмас. “Мен ҳам сизларнинг қўшиқларингизни биламан, “Ёр-ёр”, “Келин салом”. Чунки ўзбекча тўйга таклиф қилишди. Андижонга бордик. Кузда Самарқанд, Бухоро ва Хивага боришни режалаштирдик. Умуман, юртингиз гўзал”, – дейди у бошини эгиб-эгиб.
Шундай қилиб, у кузда саёҳатга чиқишни режалаштирган бўлса, мен мевали дарахт экишни дилимга тугиб қўйдим.
“Памкин сомса...”
У саёҳатларга бориб келди. Гоҳ Бухоронинг қадим кўчаларидан, гоҳ Хиванинг азим минорларидан, қўшиқларидан гап очиб лазгининг бир икки муқомларини ҳам ўрганиб олиб кўрсатиб берса, гоҳ мазали таомларидан тўйиб еганини сўзлаб берарди. Унинг сўзларини мириқиб тинглаш чоғида бора-бора талаффузидаги камчиликлар камайганини сезиб қувонаман. Билишимча, унга “памкин” (ошқовоқ сомса) ёққан кўринади, унга тайёрлаб беришга ваъда бериб, ўзбекчада “қовоқ сомса”, дейилишига ишора қилдим. У эса тилимизга катта ҳурматсизлик қилганликда ўзини айбдор санаб бошини эгиб-эгиб қайта-қайта узр сўрайди. Мен унга ҳаммаси жойида эканлигини айтиб жилмаяман. Шундай қилиб қовоқ сомса тугишга киришиб кетамиз. У ҳам бизга ёрдамлашди, анчагина сомсаларни паққос туширдик. Бизнинг дўстлигимизга эътиқодларимиз, миллатимиз фарқли эканлиги аҳамиятли эмас эди.
“Шоҳсанам, ўрикни соғинаман”, деб қолди гап орасида. “Ў, туппа-тузук шоира бўлиб кетасиз-ов яқинда, қаранг образли чиқяпти гапларингиз”, дейман уни илҳомлантириш учун.
Унинг сафари якунига етаётганини сезиб, юрагим сел бўлади. Уни Кореяга қўйиб юборгим келмади. Кинодаги машҳур иборадай, уни ҳамма яхши кўради, мен, болаларим, қўшниларим...
Қўшни аёллар корейс аёлларининг ёш кўриниш сирларини билмоқчи бўлиб мен номини эшитиб-эшитмаган турли косметик бўёқлар борасида гапга солишади. У эса оддий тарвуз пўчоғидан юз учун 4-5 хил табиий кремлар тайёрлашни ўргатади. “Иби, тайёр қиммат косметикларни мол-қўйларга, мусор челакка ташлар эканмизда, қаранглар...” деб ёқа ушлашади маҳалладаги аёллар. Хуллас, унинг миллати корейс, юраги ўзбекка айланган эди.
Уйимиз ёнидаги сув ҳавзасида сайрга чиқарканман, ўша ўрикни ҳар кўрганимда Ми Жунг хонимнинг сўзлари, самимий хотиралар ёдимга тушаверади...
Шоҳсанам НИШОНОВА
Тарих
Тарих
Жараён
Жараён
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ