Кейинги вақтларда телеканаллар орқали намойиш этилаётган "миллий" сериаллар ижтимоий тармоқлардаги асосий баҳс мавзуларидан бирига айланди. Oyina.uz бу борадаги фикрларини сўраб, бир гуруҳ зиёлиларимизга юзланди.
Замира Бегимқулова,
сценарийнавис, режиссёр:
– Деярли сериал кўрмайман, баъзан кўзим тушиб қолади. Гапнинг очиғи, актёрлар, айниқса, аёл образини ижро этаётганларнинг аксарияти профессионал эмас, ўшаларнинг турқини кўриб ғашим келади. Киприклар уланган, лаби шишган, қош-кўз қоп-қора бўялган. Ижро хақида гапирмасаям бўлади. Негадир аксарият сериалларда аёлларни енгилтак, суюғоёқ қилиб кўрсатишяпти. Сочи оппоқ қайнотасига ёпишадими-ей ёки хотини ўлган қайнисига суйкалади... Билмадим, ҳаётда балки бордир шунақалар. Аммо нима учун айнан улар бош қаҳрамон бўлиши керак? Томошабоп қиламан деб фақат ҳаётнинг қоронғи томонини бўрттириб кўрсатиш шартми? Кейин бақир-чақир, муштлашиш саҳналари жуда кўп. Томошабинлар мендан “Нега фақат ёмон одамлар, уриш-жанжалларни кўрсатяпсизлар? Ёшларга ибрат бўладиган, болаларимиз билан бемалол ўтириб кўрадиган, хижолатли ҳолатга тушиб қолмайдиган воқеаларни кўрсатмаяпсизлар”, деб сўрашади. Мен ҳам шу саволни хусусий телеканалларда ижод қиладиганларга берганимда томошабинларни шунақа воқеалар қизиқтиради деб жавоб қайтаришади.
Яна бир жиҳати, сериалларда асосан Тошкент шевасида гапиришади (МТРКнинг ҳам баъзи каналларида намойиш этилаётган фильмлар шевада кетяпти ҳатто). Давлат тили меъёрларига амал қилинмайди. Диалоглар жуда жўн. Бадиийлик етишмайди. Режиссура йўқ. Операторлар тасвирга олиш қонун-қоидаларини бузишади. Умумий планлар олинмайди. Йирик план умумий планга нисбатан олинади. Йирик планларда хатоликлар кўп. Битта планда узоқ турилади. Менга "Севимли" каналида намойиш этилган "Сизсиз ўтмас кунларим" сериали ёқди. Режиссёр актёрлар танловига катта эътибор берган. Ҳамма ролларни профессионал актёрлар ижро этган. Айниқса, Шодия Абдуқодирова, Карим Мирҳодиевнинг ижроси таҳсинга лойиқ.
Яқинда “Исканжа” сериалида кўриб қолдим, кўчада қийналиб юрган бечора аёл мардикорчилик қиларкан-у, лекин тирноқлари ўстирилган, ҳар хил рангга бўялган. Наҳотки, шу кўриниб турган, элементар нарсани режиссёр ҳам, актриса ҳам кўздан қочирган? Биз танқид қилганимиз билан сериалларни олиш тўхтаб қолмайди, чунки эфирни тўлдириш керак. Мана, Ёзувчилар уюшмаси бор, Киноарбоблар уюшмаси бор, шу сериалларни ишлайдиганларнинг ҳам уюшмаси бўлиши керак. Хусусий каналларда берилаётган сериалларни режиссёрлар ўзлари пул топиб, ўзлари тасвирга олади, шунинг учун арзонроқ йўлларини излашади. Текинга роль ижро этиб берадиганларни қидиришади, кўрган-эшитган воқеаларидан сюжет ясашади, буларга ҳатто сценарий ҳам ёзилмайди. Назаримда, телесериалларни қатъий назоратга олиш керак. Бадиий кенгаш қабул қилганидан кейин эфирга берилиш тартибини ўрнатиш керак.
Моҳинур Аҳметжонова,
ЎзРФА санъатшунослик институти докторанти:
– Бугун жаҳонда телесериаллар ривожланишнинг янги босқичига кўтарилиб бормоқда. Миллий сериаллар ҳам кескин кўпаяётганини қайд этиш жоиз. “Ўзбектелефильм” ДУК суратга олган ижод маҳсуллари хорижий давлатларнинг нуфузли мукофотларига лойиқ кўрилгани қувонарли ҳол. Аммо соҳада муаммолар ҳам талайгина…
Давлат буюртмаси асосида ишланган сериаллар бирмунча савияли дея оламиз, аммо хусусий телеканалларники ҳақида бундай фикр билдириш мушкул. Энг катта муаммо драматургия хусусида бўлиб, бутун бошли сериал сценарий ёзилмасдан суратга олинаётгани, афсуски, кўпчиликка маълум ва бу ҳеч кимни ҳайратга солмай қўйди.
Баъзи ижодий жамоа аъзолари буткул тажрибасиз бўлиб, ўта сифатсиз "санъат" маҳсуллари кўпайишига сабаб бўлишмоқда. Актёрларни таклиф этиб, тахминий сюжетни баён қилган ҳолда импровизация орқали роль ижро этишни талаб қилишмоқда. Сенарийсиз сериал ишлаш пойдеворсиз иморат кўтаришга ўхшайди.
Эътирозга сабаб яна бир масала бу – куракда турмайдиган даражадаги беҳаёликнинг тарғиб қилинаётганидир. Шармисорликни замонавийлик дея тушунаётган, сериалларни бемаъни ва тутуруқсиз номлаш орқали эътиборни жалб этишга уринаётган “ижодкорлар” сони ортиб бормоқда. Хусусий телеканаллар ва ижтимоий тармоқларда савиясиз, ҳеч бир қолипга сиғмайдиган, ёшлар тарбияси ва томошабин дидига путур етказадиган сериаллар қайта-қайта намойиш қилинмоқда.
Телесериаллар ҳақидаги мулоҳазалар тор доирада айланиб ётибди, кўпинча мутахассислар фикри билан қизиқилмаяпти, ўринли эътирозлар эътиборга олинмаяпти... Оқибатда эса муаммолар ечимсиз қолиб кетмоқда.
Гулчеҳра Умарова,
журналист:
– Миллий сериалларимиз тобора кўриб бўлмайдиган бўлиб боряпти. Энг оддий мисол – “Туғмас” ёки “Бепушт”. Бу қандай ном бўлди энди? Мен айнан бу сериалларни кузатганим йўқ. Номланишининг ўзиёқ ёқимсиз ҳиссиёт уйғотади. Ҳозир истаган одам сериал ишлаб, истаган одам экранда қўйяпти.
Турк сериалларини ёмонлардик. Ўзимизники эса улардан ҳам ўтиб кетди. Келин қайнотага ё қайнота келинга, ука ёки ака бир-бирининг хотинига кўз олайтиради. Яланғоч саҳналарни айтмайсизми? Томошабинни қизиқтириш керакмиш... Рейтинг керак экан. Қадриятларимиз-чи, одоб-ахлоқ-чи! Фарзандларимизнинг тарбияси-чи? Хуллас, гапирса гап кўп.
Муҳайё Йўлдош,
адабиётшунос:
– Сериаллар қайси давлатники бўлишидан қатъи назар, муносабатим яхши эмас. Чунки давомий бўлган нарсанинг бошқарувда аҳамияти катта. Одамни эргаштириш, фикрини ўзгартириш, тарбияси, ахлоқига таъсир қилиш йўли давомли жараёндир. Томчи тошни тешади, деган мақол бежиз эмас. Мана шу сериалларни заҳарли томчига ўхшатаман. Исталган миллатни ўз қиёфасидан, ахлоқий тутумларидан, қонуниятларидан, қадриятларидан бегона қилади.
“Туташ тақдирлар”, “Турмуш чорраҳаларида”, “Фидокорлар”, “Опа-сингиллар” каби сериаллар дуруст, ривожланишимизга халақит берадиган жиҳатларимизни кўришга ёрдам беради. Сериалларнинг таъсир кучи бадиий фильмникидан салмоқли бўлгани боис сценарийсига, ким режиссёрлик қилишига, ким иштирок этишига жиддий эътибор бериш керак. Ўзбек миллати вакили ким деганда кўз олдимизга келадиган, меҳмондўст, андишали, бировнинг манфаатини ўзиникидан устун қўядиган, бағрикенг, ота-онасига меҳрибон каби сифатларга эга одам бўлиши керак режиссёр. Лекин, афсуски, киноижодларимиз унчалик ҳам ўзбекона руҳиятга эга бўлмаган инсонлар. Шу боис улар ишлаётган сериалларда ўзбекона руҳ йўқ.
Ҳозирги сериалларни кўриб, наҳотки қайнота билан келин ўртасида шундай суҳбат бўлиши мумкин, деб ўйлайсан. Ака-сингилнинг ўртасида ҳам қандайдир масофа сақланиши керак-ку. Биз шундай миллат бўлганмиз: энг яқин одамлар ҳам бир-бири билан муносабатда одоб-ахлоқ чегарасидан чиқмаган. Энг яхши асарларимиз “Алпомиш” ва “Ўтган кунлар”ни олсак, инсонлар орасидаги нозик пардани кўришимиз мумкин, ҳозир ана шу парда йўқолган. Режиссёрлар буни билмайди ёки билсаям кераксиз деб ўйлайди. Улар танлаган мавзу, актёрлар, ечим, албатта, миллий эмас. Шунинг учун бизда миллий сериаллар яратилмаяпти, деб айта оламан.
Меҳринисо Қурбонова,
журналист:
– Ўзбек телеканалларида берилган биринчи миллий сериал “Кўнгил кўчалари” эди. Шундан бери қанчадан-қанчаси эфир юзини кўрди, имкон борича кузатиб бораман. Ўзи, миллий сериал нима дегани? Афсуски, буни режиссёр ва сценарийнавислар англаб етгани йўқ. Кўп қисмли фильмларнинг 98 фоизида биз ўрнак оладиган миллий қаҳрамонлар йўқ. Масалан, бошқа давлатлар ўз сериалларини миллий деб айтмайди, бироқ биз уларни томоша қилганимизда туркнинг, америкаликнинг, корейснинг кимлиги яққол кўриниб туради-ку?
Яна бир ҳолат кўп кузатиляпти: қамоқхона саҳналарида маҳкум аёлларнинг лаби ботекс, қоши татуаж, юзи таранг. Журналист сифатида қамоқхоналардаги ҳақиқий муҳитни кўрганмиз-ку. Бундан ташқари, сериалларимизда жамоа бўлиб ишлаш йўқ. Ўнта қисмини бир муаллиф, қолганини бошқа одам ёзади. Шунинг учун айрим образлар сериал ўртасида йўқолиб қолади. Келинининг овқатни шўр қилишини пойлаб, жавонини титадиган қайноналарни экранга олиб чиқиш шарт эмас, менимча.
Яқинда бир хусусий телеканалда кўрдим: қайнота келинининг ётоғига кириб келяпти. Майли, бошқа давлат сериалларида бордир бунақа эпизодлар. Аммо отахонларимизнинг орини пастга уришдан мақсад нима? Уч-тўртта шундай бўлмағур одамни деб бутун бошли ўзбек қайноталари юзини ерга қаратиш шартми?.. Асосий мақсад – эзгуликка чорлаш бўлиши шарт. Сценарий муаллифларига етарли даражада қалам ҳақи тўланмаётгани боис ҳам савиясиз асарлар тўлиб кетди. Бу ишга профессионалларни жалб этиш керак!
Обиджон Рўзибоев,
сценарийнавис:
– Мутахассис сўзим, ҳозирги сериалларда сон кўпайди-ю, сифат умуман қолмади. 80-90 фоизида сюжет линиялари хатоларга тўла, боши охирига етмайди ёки ўртасида янги персонаж пайдо бўлиб қолади ва бош қаҳрамон даражасига чиқиб кетади. Сериалларнинг ёмон ишланганини кўрмай туриб ҳам билиш мумкин. Масалан, номини санаб ўтсак: "Бокира", "Бепушт", "Туғмас"... Мен томошабин бўлсам, ота ёки онамга қараб: "Бокира"ни кўряпсизларми, қалай кино экан", дейишим ғалати. Ёки мактаб ёшидаги бола сериални кўриб, ота-онасидан бепушт нима деб сўраши мумкин-ку? Сериал ишлашнинг ҳам ўз қонун-қоидаси бор. Сюжетлар жуда жўн, қайтариқлар кўп, актёрлар жамоаси бир-бирига жуда ўхшаш, ранг-баранглик йўқ.
Сериалнинг бутун бошли бир қисми уч-тўрт эпизод билан ўтади. Тун ва кун масаласи ҳам тўғри эмас. Масалан, "Мардикор аёл"да кун билан тун воқеалари аралашиб кетган: уч-тўрт кун аввал кўзим тушди, бир вақтнинг ўзида бир эпизодда тун, нариги эпизодда кун бўлиб қолган. Сериалларимизда, шунингдек, жанрлар ранг-баранглиги етишмайди. Комедия йўналишида деярли ҳеч қандай сериалимиз йўқ. Турклардан сюжет ўғирлашлар кўп учрайди. Очиқ мавзулар сериалларда ҳам, кўрсатувларда ҳам кўпайиб кетди. "Қайнотам эрим бўлди", "Қайнакам тегажоғлик қилди", "Ўгай акам номусимга тегди"... буларни айтишга ҳам уяламан, аммо кўрсатувларгаям шу мавзулар олиб чиқиляпти, сериалларимизда кўрсатиляпти. Телеканаллардаги сериаллардан кўра "Ютуб" каналларидагиси тузукроқ бўлиб қолди.
Абдумажид Азим,
шоир:
– Бугунги кунда суратга олинаётган аксарият сериалларга кейинги йилларда ишланган ва бир марта ҳам кўришга арзимайдиган айрим бадиий фильмларда кўтарилган бачкана, маиший мавзулар: қашшоқ йигит бойнинг қизини севиб қолиши ёки бойваччанинг етим қизга ишқи тушиши, шунингдек, қайнона-келин, овсинлар можаролари, фарзандсизлик, ака-уканинг мерос талашиб, бир-бири билан қирпичоқ бўлиши каби сийқа мавзулар кўпиртирилган, бўрттирилган ҳолда олиб кирилмоқда.
Аксарият сериал қаҳрамонлари воқеалар жараёнида бирор тайинли иш билан шуғулланмайди. Қайнона-келинлар эса бекорчиликдан жанжаллашаётгандек. Энг ёмони, сериаллардаги фирибгар, ёлғончи, ҳатто дўстининг аёлини ҳам йўлдан ураётган олчоқларни кўриб, қандай замонга тушиб қолдим, дея бошингизни чангаллашингиз турган гап. Бир сўз билан айтганда, бу сериаллар инсон маънавиятини юксалтириш, унга ҳаётий мотивация беришга хизмат қилмаяпти. Аксинча, уни кўрганингиздан кейин ҳаёт фақат негативдан иборат, инсонлар бир-бирига ёв, ҳеч кимга ишонмаслик керак, деган хулоса пайдо бўлади. Дарвоқе, ушбу сериалларни асло оила даврасида томоша қила кўрманг, акс ҳолда, уятдан ерга кириб кетишингиз ҳеч гап эмас.
Сериалларимизнинг кўзга ташланадиган яна бир қусури – реал ҳаётдан мутлақо узоқлик ёки ҳаётга бир томонлама қарашдан иборат. Шу маънода сериалларни яратишга профессионал адиб ва драматургларни жалб этишни жиддий ўйлаб кўришимиз лозим. Маҳоратли муаллиф ўрта мактабда виждонан сабоқ бераётган оддий ўқитувчи ёки бемор ҳаётини жонфидолик билан асраб қолаётган шифокор-жарроҳнинг ҳаётини ҳам мароқли қилиб тасвирлашига шубҳа йўқ. Яна бир илтимосим, режиссёрлар реал воқеаларни ҳам уйдирмага айлантириб юбормасин. Қимматбаҳо кошонада нимадандир норози, қийналиб яшаётган қайнонаю келин, тагида "Малибу" бўлса-да, бўйнигача қарзга ботган персонажларни кўриб, мантиқсизлик, шакл ва мазмун номутаносиблигидан энсамиз қотмасин.
Анвар Намозов,
ёзувчи:
– Телесериал. Нима учундир бу муаммоли мавзу бизда. Ҳамма гап оила даврасида кўришга бориб тақалади. Ваҳоланки, телесериал намойишида +12, +16, +18 белгилари туради. Оила даврасида томоша қилишни истасангиз, бошқа нимадир кўринг. Ахир, теледастурлар кўп-ку! Очиғи, бугун "қизил" гаплар, "соф" туйғулар, жимжимадор иборалар билан томошабинни жалб қилиб бўлмайди. Томошабин зерикдими, меҳнатингиз чиқитга чиқди, деяверинг. Шартта бошқа каналга ўтиб кетади. Томошабинсиз сериалнинг эса кераги йўқ! Қолаверса, ТВда рейтинг тушса, канални бўшатиб қўйишга тўғри келади.
Минг афсуски, ҳозирги манзара шундай! Томошабинни орқамдан эргаштираман, деб ҳам ўйламанг. Тўғри, буни уддалаш мумкин. Аммо томошабиннинг йўриғига юриб, қандайдир келин-қайнонани ва яна чиркин воқеаларни албатта киритишингиз керак. Одамлар сериаллар олди-қочди бўлиб кетди, дейиши мумкин, бироқ айнан шу мавзуни томоша қилаверади. Ҳомий, продюсерларга, айниқса, режиссёрга қанчалик қийинлигини англаяпсизми?
Дангал гап: халқимизнинг савияси тушиб кетяпти, ўсмаяпти. Китоб ўқилмагач, бошқа нимаям бўлсин, ахир?.. Аммо телесериалларни кўрмай туриб баҳо беришимиз ҳам инсофдан эмас. Бирорта қисмини томоша қилмай, "Ўзбек сериаллари бир тийинга қиммат", деймиз. Холис бўлайлик, хато-камчиликларни келтириб ўтайлик, аммо бундай кескин хулоса чиқармайлик.
Аслида ўзбек томошабини инжиқ. Турк сериаллари бўлмағур, ўзимизникини қўйинглар, дейди. Ўзимизнинг сериаллар намойиш этилса, тескарисини гапиради. Энг аввало, томошабинда тутуриқ, дид-фаросат бўлиши керак-да! Диди нозик бўлса, савия сайқаллашиб борса, сериаллар мазмун-мундарижасида ҳам ўсиш кузатилади.
Нодира ИБРОҲИМОВА,
Oyina.uz
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
5 Изоҳлар
Гулнозхон
12:01 / 01.01.1970
Ассалому алайкум! Юкоридаги юртдошларимиз фикларини кузатиб,гапларида жон бор делим. Миллий сериалларимизни аксарияти миллатимизга ,узбекчилигимизга уммуман тугри келмаслигини нахотки худсовет бемалол утказворяпти,ёки хозир бадий кенгаш йук бб кетганми. Сериалларни аксарияти сюжети бир хил, Киз бошка билан гаплашиб юриб бошкага турмушга чикади,ва Яна турмуши давомтдаям уша олдинги йигит бн хуфёна учрашиб юради. Ва Яна бошка ахлоксиз гаплар хам куп бу сериалларда.А Энди сузлашувни гапирмасаям булавера,вотти,воттидан нарига утишмайди. Давлат тили каерга кетти,тушунмайман.Бу нарсаларни назорат киладиган ташкилот йукми, бизда? Энди пул ишлаш деб савиясиз,томошабинни эзгуллика эма,евузликка етакловчи омиллар мужасам булган сериалларни нима кераги бор. Укититувчилигим боисидан укувчилар БН сухбатлпшганимда,куйи синф укувчилар хам шу бехаё сериалларни куришини айтади, юкори синфдагиларни гапирмаса хам булади.Бундай сериаллардан кейин келажак авлоддан нимани кутиш мумкин. Манимча хозир Ота - оналарни купи тарбияга мухтож,айникса оналар.Чунки уша сериаллар бошланганда зарур ишиниям ташлаб,сериалим бошланди деб шошиб колишади,яна камига угил кизиям бирга томоша килади.Эскиларни гапи бор "Арзонни шурваси татимас" деган. Сериалларда актермас кучадаги одамлар телевизор чикиб колиш максадида трекинга,огзига нима келса гапириб ойнаб беряпти.Сериалчига яхшида Камил пул сарифлайди.Профиларни жалб киладиган булса,уларга катта пул тулаш керак. Канча канча санатни битирган ешлар бор,ушарарни хатто чакиришмайди,вахоланки "чумчук суйсаям,кассоб суйсин" деган наклга амал килишни хохлашмайди. Аслида битта чиройли псарни яратишда ойда йиллаб ишланар эди олдин.Актерлар кечасию кундузи кулидаги родинки кузов олдида репетиция килинарди, Ана шу санат менимча. Шу хакди жуда куп уйлардим,нега шунака бб кетти экан деб,жуда хурсандман , юкорида санатшунос олимлар фикрига юз фоиз кушиламан. Биз келажак авлод тарбиячиларимиз,уларни манавиятли ,Гузал ахлокли килиб тарбиялашда телевидение ни роли жуда катта.Менимча тарбияли инсонлар ёмонли чикмади.Уйлайманки максадимиз бир. Бундай танкидлардан "сериалчи"ларимиз ва худсовет Яна Бир бу масала юзасида уйлаб куришади. Рахмат коттакон!!!
Эргашева Лола Фарходовна
12:01 / 01.01.1970
Ассалому алейкум юқорида айтилган барча фикрларга қўшиламан. Намойиш қилинаётган сериаллар томошабин учун тарбиявий ва мафкуравий қарашга эга бўлиши лозим. Мазкур мақола бугунги айни ҳақиқатни яъни сериаллардаги жараёнлар инсор кайфияти ва маънавий таёсир кўрсатувчи эпизодларни намоён қилмоқда. Биргина Алҳазар сериалини оладиган бўлсак, қайси замонда инсон гўштини инсон истеъмол қилган. Ёшгина қиз томонидан оиладаги маълум бир мунособат ёки келишмовчиликлар сабаб ўз тоғасини хотини ўлдириб гўштини ейиши ва бундан роҳатланиши эпизоди, ёки ташқи қиёфаси гўзал бўлган, ўзини ҳаёли иболи қилиб кўрсатиб оила қуриб қайнонанинг инжиқликлари сабаб ўлдириб гўштини истемол қилиш ҳолати ҳар бир томошобин учун маълум бир янчли ҳолатни ҳис қилишга сабаб бўлади. Ҳаттоки детектив ёки қўрқинчли киноларда ҳам буни кузатиш амри маҳол. Бугунги ёшлар тарбиясига қандай таъсир кўрсатишини наҳотки уйламади сериял режжисёри? Ҳар бир эфирга узатилаётган ҳолатни аввал қандай таъсир ҳолатини таҳлил қилиб, миллийлигимизни тарғиб қилувчи, ватанпарварлик, эрксеварлик, меҳр оқибатни мустаҳкамлашга ундовчи сериаллар ҳам ишланса.
Dilorom
12:01 / 01.01.1970
Yuqoridagi barcha fikrlarga qo'shilaman. Qancha vaqt o'tishiga qaramasdan hozirgacha TVda berilsa qayta qayta ko'rilaveradigan yaxshi film va seriallar borligi quvontiradi odamni. Kino san'ati to'g'risida ko'p bilimga ega emasman ammo hozirgi ko'pchilik kino va seriallarda birinchi odamni me'dasiga tegadigan narsa qahramonlarning deyarli bir biri bilan umuman to'g'ri gaplashishmasligi buni hatto gaplashish deb ham bo'lmaydi nazarimda. Suhbatlar e'tiborsiz, o'rinsiz, takroriy, tushunarsizdek tuyiladi. Bir daqiqaga ham bormaydi nima ekan deb qiziqqaningiz. Darrov boshqa kanalga o'tib biror boshqa narsa tomosha qila qolasiz.
Kichik shahzoda
12:01 / 01.01.1970
Inson qayerda to'xtashni bilishi ham kerak deb o'ylayman. Kino ijodkor bo'ladimi, qo'shiqchi bo'ladimi buning aloqasi yo'q. Humimi u inson. Shunday ekan u ham qayerda to'xtashni bilishi kerak. Seriallarni to'xtatish kerak. Yoki jiddiy senzura qo'yish kerak. Xalqni yomon o'rgatib bo'ldi. Saviyasi past rejissorlar va umrida yaxshi bir adabiyot o'qimagan ssenaristlar ko'payib ketdi. Kino san'atini, sanoatga aylantirish yaxshi, lekin bu yusinda emas. Bizda bitta yo'l bor. Kino olamidagilar bu bemaza serialchilarni, (navellachilarni) bazi badiiy film ijodkorlarni to'xtatishgan qubri yetmas ekan, xalq tanlov qabul qilish kerak. Televideniyadan bu kabi filmlarni olib tashlash uchun, o'zlari xarakat qilish zarur. Qaysi kerak, qaysi kerakmas deb saralaydigan payt keldi
Temur Kubayev
12:01 / 01.01.1970
Assalomu alaykum ziyolilarimizni fikrini oʻqib chiqdim va qoʻshilaman. Mutahasisligim aktyorlik. Kino serial va hkz mavzularida baxs munozaralar,fikrlar boʻlsa befarq boʻlmayman. Kinoga no professionallar aralashib inqirozga opkelishdi hozir huddi shu ish seriallar bilan sodir boʻlmoqda. Hususiy kanallardagi seriallarni chet el tomoshabini koʻrishidan qoʻrqaman va uyalaman. Yaxshi boʻpqolar hali tajribasi kam desak borgan sayin sifat tushib ketmoqda. Oʻzbektelefilm seriallarini mahtashadi, milliylik nuqtai nazaridan yaxshi. Lekin dinamika, tomoshabinni jalb qiluvchi manbalar kam yoki yoʻq. Hammasini boshida pul turibti. Yaxshi pul tikilsa nisbatan yaxshi ish boʻladi. Halollik bilan boshlanmagan ishda baraka boʻmidi. Niyatini halol yaxshi qilish kere. “Yaxshi serial efirga beraman tomoshabinni vaqtini behudaga oʻgʻirlamasdan, mani serialimni koʻrib foyda, saboq, motivatsiya oladi”,kabi fikrlarni maqsad qisa yaxshi boʻladi In Sha Alloh.