Туркистон минтақасида жадидчилик ғоялари ХИХ асрнинг 90 йилларидан ёйила бошлади. Бу ҳаракатнинг етакчилари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхон ўғли, Абдулла Авлоний, Исъҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат кабилар эди. Улар совет ҳокимиятининг қатағон сиёсатига қадар ўлка ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётида муҳим роль ўйнади. Ўзининг бир қатор ислоҳотлари билан жамиятда ўзгаришлар ясай олди.
Жадидлар кўтарган масалалар ўзининг ижтимоий жиҳатдан анча бой ва серқирралиги билан ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Улар таълим-тарбия, миллат ва ватан тушунчаларидан ташқари, динни тўғри англашга ҳам катта эътибор берган. Чунки мустамлакачилик таъсири ва асрлар мобайнида ислом дини атрофида қоришиб кетган бидатлар туфайли динни ёт унсурлардан тозалаш зарурати мавжуд эди.
Тараққийпарварлар ислом динини яхши билган кишилар эди. Уларнинг номларига муфтий, қори, мулла, шайх каби мартабаларнинг қўшиб айтилиши ҳам бунга далилдир. Жадидлар ислоҳотлар жараёнида диннинг аҳамиятига катта эътибор берган ҳолда халқнинг онгига ислом моҳиятини тушунтириб борган. Мақолаларида бидат, хурофотларни танқид қилган.
Янги усул мактабларида Қуръон ва ҳадислардан ёшларнинг тарбияси йўлида кенг фойдаланилган.
Мисол учун 1901 йил Тошкентда Мунавварқори Абдурашидхон ўғли томонидан очилган янги усул мактабидаги фанлар дастурига эътибор берсак, бир ҳафталик дарс 24 соатга бўлинган. Ушбу дастурда 12 соат туркча, 5 соат ҳисоб, 2 соат жуғрофия дарслари билан бирга 5 соат диний дарслар ҳам мавжуд бўлган. Дин дарслари уларга ислом динининг моҳиятини тушуниш билан бирга, араб тилини ўрганиш имконини берган.
Янги усул мактабларидаги дарсликларга эътибор берилса, унда келтирилган мисоллар ҳам илмий, ҳам диний асосга эга эканлигини кўриш мумкин. Шунингдек, мактаблардаги диний дарслар учун жадидлар ўзи дарслик тузган. Хусусан, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Амалиёти ислом», «Тарихи ислом», Абдулла Авлонийнинг «Мухтасар тарихи анбиё ва тарихи ислом», Абдурауф Фитратнинг «Раҳбари нажот» («Нажот йўли»), «Мавлуди шариф ёки Муръоти хайр улбашар» каби китоблари шулар жумласидан.
Жадидлар ёшлар яхши таълим ва тарбия олиши, унга амал қилиши учун она тилида китоблар яратади. Абдулла Авлоний айтганидек: «Бизим Туркистон макотиби исломиясинда аввалдан охирина қадар таълим ўлинажак китоблар: «Чор китоб», «Саботул ожизин», «Фузулий», «Навоий», «Хожа Ҳофиз» «Бедил», «Маслак ул муттақинлар»лар каби шеърий китоблари ўлдиғи жумланинг маълумидир. Бу китобларнинг баъзилари эътиқод ва амалиёти исломга тааллуқ мушкул масалалардан иборат ўлғонларидин ҳамда аксарлари форсий тилда ёзилғонлари учун ёш болаларнинг онлардан истифодалари, бир нарса англамоқлари имкон хорижинда эди».
Юқорида қайд этилган китоблар янги усул мактабларида ўтилган. Бироқ улар энди боланинг ёши ва зеҳнидан келиб чиққан ҳолда ўтилган. Дарсликларни тузиш ва дастурлар яратиш учун муаллимлар ўзаро давра суҳбатлари, чойхона ва «гап» йиғинлари ўтказган. Бу ҳақида тошкентлик Мўминжон Муҳаммаджон ўғлининг фикрлари ўринли: «... Девонабўрқ самоварида тўпланиб, Мунавварқорининг кенгаши билан бурунғи прўғрамларини бошқа қилмоқ, ўзгартирмак бўлдилар. Бошланғич мактабларнинг 3-синфида ўқуладирған (фавзуни нажот) китобини прўғрамдан чиқариш-чиқармаслиқ тўғрисида анчагина тортишув бўлди. Мен уни чиқариб, ўрниға Сўфи Оллоёр тўранинг – Саботул-ожизин китобини киргизиш ёғида бўлдим».
Жадид намояндалари ҳар бир китобда асос учун «Қуъон» ва ҳадисдан мисоллар келтиради. Масалан, мурратаби жадид маърифатпарварларидан бўлган Мўминжон Муҳаммаджон ўғлининг «Насиҳат ал атфол» номли дарслик китобида ёзилган бир қатор насиҳатлар бола тарбиясига қаратилган. Унда ҳар бир неъматнинг қадр-қиммати ва аҳамияти маълум бир ривоят ёки ҳикоя шаклидаги насиҳатлар билан кўрсатиб берилган. Улар ҳаётий мисоллар билан акс эттирилиб, асослари ҳадис ва Қуръондан олинган. Китобнинг «Сабоқ» қисмида келтирилган ақл, ҳаё ва дин ҳақидаги кичик ривоятда, ҳар уч хислатнинг ўрни кўрсатиб берилади.
«Поклик ва озодалик» мавзусида сўз борар экан «Ислом дини ҳам пок ва тозаликни ниҳоятда риоя қиладир», деб ёзилиб пайғамбарнинг сўзларидан келтирилади: «Оллоҳ Таъоло пайғамбар Алайҳисаломга: «Кийимларингни жуда яхшилаб поклагил!» демиш, пайғамбар Алайҳисалом ҳам: «поклик иймоннинг бир парчаси ёйинки ярмидир» демишлар».
Асарда ота-онани ҳурмат қилиш ҳақида ўқувчиларга панд-насиҳат қилинар экан Қуръондан мисол олиниб: «Жаноб Ҳақ Қуръонда: «Одам боласига васият қилдим, ота-онасига яхшилик қилмак ила» деди», деб ёзилади.
Ватан масаласида эса «Ватанни суймак» сарлавҳаси остида насиҳат қилиниб: «Ҳар кимнинг туғулиб ўсган ери ўз ватани бўлур. Ҳар ким ўз туғилиб ўсган ерини албатта суяр: сиз ва биз ҳам Туркистонимизни жондан ортиқ яхши кўрармиз. Араблар; Арабистоннинг қайноқ қумларини, эскимослар шимолнинг яхлик ува (тоғ устида бўлган текислик)ларини ҳар жойдан ортуқроқ суядурлар. Агар суймасалар эди, ул ерларда ўтурмас эдилар. Шунинг учун: «Ватанни севмак иймондандир» демишлар», дея баён қилинади.
Хулоса қилиб айтганда, жадидлар ислоҳотчилик ҳаракатида дин ҳам ўзига хос ўринга эга бўлган. Тараққийпарварлар исломнинг моҳиятини тўғри тушунтириш орқали ортиқча бидат ва хурофотларни йўқотишга уринди. Уларнинг асарларида ҳам ушбу масалалар акс этди.
Йўлдашев Абдували
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Тарих
Жараён
Жараён
Тарих
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ