Саййидлар ким? Хўжа, хон, тўра, эшон тоифалари қандай белгиланади? – тадқиқот


Сақлаш
17:23 / 20.12.2021 13602 3

Саййидлар ким?

 

Ҳақиқатан ҳам улар Пайғамбар авлодларими? Шундай бўлса, улар қандай қилиб Марказий Осиёга келиб қолишган? Бу каби саволлар кўпчиликда қизиқиш уйғотиши табиий. “Саййид” арабча сўз бўлиб, жаноб, қабила бошлиғи, ўзининг шахсий сифатлари, мулки ёки келиб чиқишига кўра таниқли шахс маъноларини англатади. У ислом дини тарқалган мамлакатларда кенг ёйилган диний унвон белгиси. Илк ўрта асрлар Арабистонда йирик зодагонлар, аслзода қабила бошлиқларига шу ном билан мурожаат қилганлар.

 

Шарқшунос олим Е.Беляев фикрича, ҳар бир қабиланинг бошида (араб қабиласининг – К.К) кейинчалик унинг йўлбошчиси – саййид (жаноб маъносини беради) туради; кейинчалик уларни шайх деб атайдиган бўлдилар. Кўчманчиларнинг алоҳида сулолалари ва катта гуруҳлари ҳам ўзларининг сайидларига эга эдилар. Тинчлик вақтлари саййид кўчиш ишларини ташкиллаштирар, қочиш учун манзилгоҳ танлар, ўз қабиласининг вакили сифатида бошқа қабилалар билан музокаралар олиб борар, ўз қабиладошлари орасидаги баҳс ва тортишувларни ҳал этар (агар қабила ичида ҳакамлар бўлмаса), баъзан, аммо жуда ҳам кам ҳолатда, руҳоний хизматкор вазифаларини бажарарди. Босқин ва урушлар вақтида саййид ўз қабиладошларидан тузилган ҳарбий бўлинмани бошқарарди; бу вақтда у раис (бошлиқ) деб аталган. Ўрта асрлардаги Ўрта Шарқ мамлакатларида баъзан ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, маҳаллий зодагон ва аъёнларнинг вакилларига ҳам “саййид”лар деб мурожаат қилинган. Диний нуқтаи назардан талқин этилганда саййид – бу Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.) авлодларининг фахрий унвони.

 

Пайғамбаримиз (с.а.в.) авлодларига “аҳли байт” деб мурожаат қилинган. “Расули акрам (с.а.в.), Хадича бинти Ҳувайлид, Али ибн Абу Толиб, Биби Фотимаи Заҳро, имоми Ҳасан ва имоми Ҳусайн (разияллоҳу таоло анҳум ажмаъни) мусулмонлар қавми учун “аҳли байт” қутлуғ хонадон бўлиб, улардан тарқалган авлодлар саййидлар (саййид – арабча "жаноб") сифатида улуғланадилар. Ҳозирги кунда кўпгина араб давлатларида мартабали, масъулиятли даражадаги шахслар, давлат ва жамоат арбобларига ҳам “саййидий”, яъни “жаноб” деб мурожаат қилинади. Саййидлар ислом дунёси, хусусан, Марказий Осиёда ниҳоятда катта мавқе ва ҳурматга эга бўлган табақа ҳисобланган. Шу боис, саййидлар мурид (шогирд) тушиш, балки улар авлодига яқинлашиш учун турли даврларда ўзига хос саъй-ҳаракатлар ҳам бўлиб турган.

 

Саййидлар Марказий Осиё ҳудудида

 

Марказий Осиё, хусусан, бугунги Ўзбекистон ҳудудида Ҳусайний саййидлар ва Ҳасайний саййидлар истиқомат қилишади. Минтақада кўпчиликни ташкил этган Ҳусайний, яъни имом Ҳусайн авлодлари деярли мамлакатнинг ҳамма вилоятларига жойлашишган. Имом Ҳасан (баъзан Ҳасайн) авлодлари эса Марғилон, Нурота шаҳарларида, қисман Андижоннинг Балиқчи тумани ва Фарғона вилоятининг Бешариқ туманлари атрофларида истиқомат қилишади.

 

Илмий манбаларда имом Ҳасандан авлодлар тарқалгани тўғрисида маълумотлар учрамайди, саййидларнинг бир қанча вакиллари ўзларини шу зотга муқим боғлайдилар. Юқори мақомдаги оилалар келин олишда истаган тоифадаги оила билан қуда-андачилик қилиши мумкин, аммо қизлар қатъи равишда фахрий унвонли оила аъзосига узатилади. Чунки авлод мартабаси фақат эркак киши томонидан белгиланади.

 

Ҳукмдорлар, амирлар, агар, насаблари қуйи даражада бўлса, ўз авлодлари мавқеини кўтариш учун Пайғамбар (с.а.в.) авлодидан бўлган қавмнинг қизларига уйланишган. Шариат қонунлари асосида бунга жавоб ҳам топилган. Тожу тахт учун курашларда даъвогарлар кенг халқ оммасининг асосини ташкил этган шаҳар ҳунармандлари, дўкондорлар ҳамда “бозор аҳли ва савдогарлар”га ўз таъсирини ўтказа оладиган руҳонийларни ўзларини қўллаб-қувватлашда ҳамкорликка даъват қилганлар. Ҳамма даврларда ҳам “ўзини сақлаб қолиш” ёки мансаб ва мартабани кучайтириш мақсадида “оила”га аъзо бўлиш муҳим аҳамият касб этган, қариндош уруғчилик ришталари баъзан манфаатлар доирасида ўрнатилган. Аслида, ўзини Пайғамбар авлоди ҳисоблаган саййидларнинг қизларини нафақат оддий қатламдагилар, ҳатто хўжалар ҳам баъзида сўрашга журъат этолмаганлар.

 

Қўқон хонлигида саййидлар авлодига мансуб ҳукмдорларга тўралар деб мурожаат қилинган. Саййидлар авлодида тўралар олий сулукка мансубликни ифодалайди. Тўра қадимги туркий тилда қоида, расм-русум, қонун, интизом деган маъноларни англатади. Бухоро амирлигида амир ўғиллари, Туркистонда подшо маъмурлари номига ҳурмат юзасидан қўшиб айтилган. Масалан, Акромхон тўра, Мочалов тўра каби.

 

Тўра атамасини тушунтиришда ҳам бир-биридан фарқ қиладиган бир қанча фикр-қарашлар мавжуд. Жумладан, қозоқ тадқиқотчиси Зойир Садибеков “Тўра – бу Жўчихоннинг Ўрисхондан тарқалган авлодлари. Асли Чингизхон зотидан, ўзларини авом (оддий, қора) халқдан ажратиб туриш учун “тўра” деб номладилар”, – деб ёзади. Тадқиқотчи Жалолиддин Мирзаев эса “Термиз саййидлари” мақоласида “тўра” мусулмон оламида саййид атамасининг синоними сифатида ишлатилишини айтади. Шунингдек, айрим ҳолларда Муҳаммад алайҳиссаломнинг набиралари Ҳасан авлоди шариф, Ҳусайн авлоди саййид унвонлари билан алоҳида ажратилади.

 

Нурота шаҳрида олиб борилган суҳбатларимизда ўзларини Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.)нинг набиралари имом Ҳасан ва имом Ҳусайн авлодлари деб ҳисоблаган қавм кишиларига “эшонбова” (эшонбува) деб мурожаат қиладилар. Шунингдек, Сурхондарё ва Қашқадарёда истиқомат қилаётган Пайғамбар авлодлари билан ҳам “эшонбова” деб мулоқотга киришилади. Агар улар ўз оилавий муносабатларида “қуйи” тоифа ёки табақадаги кишилар билан никоҳ муносабатларида иштирок этмасалар, ҳамда авлод-аждодлари фақат эшонлар (саййидлар авлоди назарда тутилаяпти – К.К.) хонадонига мансуб бўлса, оддий халқ бу тоифадаги кишиларни “катта эшонлар” деб аташади.

 

Саййидлар авлодига мансуб кишиларга асосан Фарғона водийсида тўра, тўрахон, тўрамлар деб мурожаат қиладилар. Бошқа вилоятларда бундай мурожаат учрамайди. Фарғона водийсининг ўзида саййидларни улуғлаб, уларга “хожа” деб ҳам мурожаат қиладилар. Хожа форсча – улуғ, ҳукмдор, малик деган маъноларни англатади. Бу ерда саййидлар авлодига (шунингдек, “хўжа” унвонига мансуб бўлган оилаларга ҳам) “хон” нисбати исмга қўшиб айтилади. Бу нисбат нафақат аёлларга, балки эрларга ҳам мурожаатда тўлиқ қўлланилган. Масалан: Саййидаъламхон, Саййидаъзамхон, Муҳаммадхон, Акмалхон, Жўрахон.

 

“Хон” ёки “тўра” нисбатларининг ишлатилиши ҳурмат ёки эҳтиромни белгилаб қолмасдан, юксак ахлоқий маданият ва қадрият даражасига кўтарилган. Туркий халқлар ўртасида катта амал ва даражага эга бўлган хоқонлар авлодига “тўра” ва “хон” нисбатини қўллаш одати бўлган. Қ.Мамбетов “Қорақалпоқлар шажараси” китобида хон унвони ҳаммага ҳам берилавермаган, деб ёзади. Бундай “хон”ларнинг ота-боболари фақат Чингизхон авлодидан бўлиши лозим эди. Бу хон шажаралари катта шажара, ўрта шажара ҳамда кичик шажарага бўлинган. Катта шажарага Чингизхоннинг боболари ва набиралари кирган. Ўрта шажара унинг чевараларидан ташкил топган. Кичик шажара бўлса миллий хонлар – ўзбек, қозоқ, туркман, қирғиз ҳамда қорақалпоқ хонларидир.

 

Кейинчалик мазкур атамалар ислом таълимотини маҳаллий аҳоли ўртасида кенг ёйилишига хизмат қилган, маънавий раҳнамоларга нисбатан ишлатилган ва вақтлар ўтиб саййидлар хонадонининг турмуш тарзида ахлоқий-тарбиявий мазмун касб этганлиги эҳтимолдан холи эмас.

 

Саййидлар хонадонида оиланинг барча аъзолари бир-бирларига “сиз”лаб мурожаат қиладилар. Ўз навбатида, ички муҳит туфайли шакллантирилган тартиб интизомни ташқаридаги киши, гуруҳ ва қатламдагилар ҳам ҳурмат қилишга мажбур бўладилар. Юқори қатламга мансуб авлодларнинг оддий кишилар томонидан ҳали-ҳамон эъзозланиб келиниши сабаблардан бири – шу. Айниқса, саййидлар хонадонида авлоддан-авлодга ўтадиган ўзига хос соғлом турмуш тарзи, улар олдида турган мажбуриятлар ҳам амалий қўлланма вазифасини ўтайди.

 

Ҳар бир авлод ёки жамоанинг етакчиси бўлади. Мунозара ва муаммоли вазиятларда билдирган фикр ёки муносабат ҳал қилувчи ролларга эга. Табиийки, бунга масъулият ёши улуғ киши зиммасига тушади. Бу мансабга катта ҳаётий тажрибага эга бўлишдан ташқари илмли, зиёли, тадбиркор ва диний илмлардан ташқари, дунёвий билимлардан ҳам хабардор киши асосий талабгор сифатида қолади. Унга юклатилган вазифа албатта мураккаб, чунки у нафақат ўз авлодлари тўғрисида қайғуриши, балки ўз ихлосмандлари, мурид ва шогирдлари ҳақида ҳам ўйлаши керак. Авлоднинг бу каби етакчиларини турлича номлайдилар, масалан, “нақиб”, “садр”, “каттамиз”, “акамиз”, “оқсоқолимиз”, “етакчимиз” ва ҳоказо. Аслида бу сўзларнинг ҳаммаси “бошлиқ”, “раис” маъноларини ифодалайди. Амир Темур ўз тузукларида: “Равшан динга ривож беришда қўллаган биринчи тузугим шу бўлдики, саййидлар орасидан лаёқатли биттасини аҳли исломга садр этиб тайинладим”, – деб ёзган эди.

 

Саййидлар қавми Мовароуннаҳрга қандай келиб қолган?

 

Расулуллоҳ вафотларидан сўнг унинг авлодлари мавжуд давлат тизимига асосий даъвогар ҳисобланадилар. Ҳокимият учун курашлар, айниқса, уммавийлар ҳукмронлиги (661–750 йиллар) даврида авж олади. Бу даврда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг қавму қариндошларининг ҳаёти хавф остида қола бошлайди. Шу боис улар Арабистон ярим оролидан Эрон ва Хуросон ерларига кўчиб ўта бошлайдилар.

 

Аббосийлар ҳукмронлиги (750–1258 йиллар) даврида эса саййид авлодларини қувғин қилиш яна-да авж олади. Улар ислом кенг тарқалган мамлакатларнинг яна ҳам ичкарироғига киришга мажбур бўладилар. Бу жойлар Мовароуннаҳр ва Туркистон ерлари эди. Мазкур минтақага биринчилардан бўлиб ташриф буюрган саййидзода – бу Ҳасан ул-Амир (Термиз саййидларининг биринчи вакили, шу ерда муқим яшаб қолгани учун жой номи кейинчалик унинг авлодларига нисбат қилиб берилган) исмли шахс эди. “... Мадина ноиби Жаъфар ул-Ҳужжат даврида, унинг Ҳасан исмли набираси, лақаби “ал-Амир” эди, ўзининг барча оила аъзолари ва Пайғамбар (с.а.в.)нинг айрим оила вакиллари билан 235 ҳижрий йилда нима учундир Самарқандга кўчиб келади. Ушбу шаҳар аҳли Ҳасан ал-Амирнинг ташрифидан ниҳоятда хурсанд бўладилар ва унга чексиз ҳурмат ва эҳтиромлар кўрсатадилар.

 

...Ҳасан ал-Амир Самарқандда ўн бир йил яшайди ва 236 ҳижрий йилда Балхга кўчиб ўтади. Бу ерда ҳам унга катта эҳтиром юзасидан, садоқат билан хизмат этиб ҳурматига сазовор бўлдилар”. Абу Тоҳирхожа “Самария” асарида Амир Темурнинг Ҳирот ва Машҳаддан Самарқандга олиб келган саййидларнинг суфаси борлигини, саййидларнинг кўпчилиги шу суфада кўмилганлигини ёзади. Суҳбатларимиз давомида саййидлар авлоди бу ерларга қандай келиб қолганликларини сўраганимизда, улар, асосан, Эрон, баъзилари Афғонистоннинг Бадахшон ерлари орқали мамлакатга кириб келганликларини айтадилар. Турк ҳукмдорлари ва айниқса, маҳаллий аҳолининг ҳурмати баланд бўлганлиги боис, улар катта обрў-эътиборга сазовор бўладилар.

 

Оилавий муносабатлар

 

Саййидлар авлодида оила муносабатлари анъанавий ёпиқ тизим асосида давом этади. Яъни, уларнинг хонадонлари “ташқи” ва “ички” ҳовлилардан иборат. Ташқи ҳовлида зиёратга ташриф буюрган кишилар ва меҳмон бўлиб келган эркаклар қабул қилинади. Яқин қариндошлар бундан мустасно. Ички ҳовлида хотин-қизлар бошларига рўмол ўраб, узун кўйлак-лозимда юрадилар, уй юмушлари билан банд бўлишдан ташқари илм (кўпинча, диний ва ахлоқ-одоб масалаларига доир билимлар асос қилиб олинади) билан шуғулланадилар ва фарзандлар тарбиясига масъул бўлиб қоладилар.

 

Саййидлар дунёқараши ва тафаккури фақат илм олиш ҳисобига эмас, балки бу ерга келган кишилар, хусусан, ихлосманд тоифа – “мурид”лар томонидан ҳам таъминланиши эҳтимолдан йироқ бўлмаса керак. Мурид ўз пири ёки ҳазрати ҳузурига келганида, фақат эҳсон ва назр олиб келмайди, балки дунёда нималар бўлаётгани, халқнинг турмуш тарзи, кайфияти, бу йилги ҳосил, кимда қандай ўзгариш бўлади, нечта фарзанд туғилди каби маълумотларни ҳам суҳбат асносида айтиб ўтади. Кейинги келган мухлислар фикрига ўз муносабатини билдирган муршид (устоз) улар назарида башоратчи авлиёга айланади.

 

Фарғона водийсидаги саййидлар ўзларининг хушмуомалалиги, зиёлилиги билан алоҳида ажралиб турадилар. Саййидзодаларни улуғлаб, улар отага – хондада, онага – пошша она, қизга – пошша хон, келинга, холага, аммага – офтоб деб мурожаат қиладилар. Келин офтоб, хола офтоб, амма офтоб, катта опага нисбатан ова, поччага акатўра, куёвга куёвтўра, ўғилга тўрахон, тақсир, атрофдагилар, қўни-қўшниларнинг ўзидан ёши кичикроқ тенгқур уй бекасига пошша офтоб, ёши ўзидан катта аёлларга офтоб ойим, эр кишига тўрам, тўрамлар, ҳазрат каби сўзлар билан мурожаат қиладилар. Бу саййидлар хонадони ва улар билан мулоқотга киришувчи одамлар ўртасидаги оддий кундалик муомаланинг бир кўриниши. Улар беихтиёр севимли ёзувчимиз Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарида тасвирланган маданиятли, эстетик дидли оилалар турмушини ёдга солади. Ёзувчи ўз қаҳрамонларини ана шундай саййидлар хонадонидан танлаб олган бўлса керак, дегинг келади. Бу ердаги саййидлар хонадонида оилавий муносабатлар яна ҳам аниқроқ кўринади. Ўзаро ҳурмат нутқда “лар” қўшимчасига урғу бериб ишлатишда ҳам кўринади. Масалан: Тақсирим чойларини олиб қўйсинлар (хотиннинг ўз турмуш ўртоғига чой қуйиб бериш одоби), шупургилари ҳавлида туриб қолибди (бу ерда иккита ҳолатга изоҳ бериш мумкин: асосан аёллар фойдаланадиган буюм ҳисобланган супургини турмуш ўртоғининг ҳурмати юзасидан кўплик маъносида аташ; иккинчидан, саранжомлик бузилгани учун аёлига танбеҳ бериш). Саййид Яҳёхон уй вазифаларини бажариб қўйсинлар (фарзандга дарс сабоқларини бажариш учун буйруқ бериш).

 

Кузатиш ва суҳбатларимиз асносида имкон қадар дағал овоз ёки қўпол муносабатларга йўл қўймасликка бўлган ҳаракатлар хонадоннинг барча аъзоларида сезилади. Болалар тарбияси юксак педагогик маҳорат билан амалга оширилган. Уларга катта эркинликлар бўлғуси мажбуриятларни ҳис қилиш ҳисобига берилади. Фарзандлар нафақат диний, балки дунёвий илмларни ҳам баробар эгаллаб боришади. Уларга нисбатан ҳеч қачон жисмоний жазо чоралари ва ҳақоратли сўзлар ишлатилмайди. Фарзандларга нисбатан улуғ киши ва авлиё шахслар исмининг берилиши уларга зўрлик қилишга чек қўяди, негаки болага нисбатан қўполлик унинг исмига тегишли зотларга ҳам ҳурматсизлик саналади. Асосий талаб – тарбия, ўзаро ҳурмат, камтарлик, нотиқлик (латиф сўзлашиш), озода кийиниш, катталар олдида ҳурмат сақлашлик, бошқаларни кузатиш асосида хулоса чиқаришга қаратилади.

 

Эшонлар

 

Катта обрў ва нуфузга эга бўлган мақомлардан яна бири – эшонлардир. Эшон (халқ) “кимсан” деган маънони англатади. Аслида “эшонон” форсчада “кўпчилик”ни англатади. Бу халқни бошқарувчи сўзига уйғун бўлиб, ислом оламига диний маънавиятни олиб кирган кишиларга нисбатан қўлланилган. Форсийда учинчи шахс кўпликдаги улар сўзи ҳам эшон деб аталади. Бундай номлаш мусулмонларнинг бир қисмини эшонларга бўлган ҳурмати юзасидан, бошқа бир бўлак кишиларнинг эса мусулмончилик урф-одатларига кўра ҳурматли шахсларнинг исмини кўзига тик қараб айтишгина эмас, ортидан ҳам номини айтмаслик сабабларига кўра вужудга келган. Улар – эшон олмошини ерлик аҳоли, одатда, умумий ном билан ҳазрат, деб атайди. Бу атамани хушмуомалалик учунгина эмас, балки диний одоб юзасидан қўллайдилар.

 

Шунингдек, эшонларга уларнинг шогирдлари – муридлар пир, пирим – устоз деб ҳам мурожаат қилганлар. Пир – бу йўлланма берувчи, йўл кўрсатувчи маъносини беради. Аслида эшон – бу унвон. Эшонлик насаб, авлод орқали берилмайди, балки тариқатлар, сулуклар орқали келади. Пиру муршидлар ўз мурид ва мухлисларига Ислом дини, амри маъруф йўлида қўл бериб, сабоқ ўтказар эканлар эшонлик даражасига эришганлар, авлодлар шажараси каби хатти иршод орқали тасдиқланадилар. Эшонлар саййидзодалардан ҳам, бошқа чуқур илмга эга шахслардан ҳам чиқиши мумкин.

 

Эшонлик бу ҳақиқатан эгалланадиган мақом ёки унвон. Бироқ вақтлар ўтиши билан у авлоддан-авлодга ўтадиган мавқе даражасига эга бўлиб улгурган. Масалан, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё вилоятларида эшонлар, эшонбовалар номи билан таниқли бўлган авлодлар истиқомат қилишади. Улар ўзларини Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.)нинг яқин сафдошларидан бўлган халифа Абу Бакрнинг авлодлари деб ҳисоблашади. Аҳоли орасида эшонларнинг авлодларини эшонзодалар – эшон болалари дейишади. Эшонларга мансуб бўлмаган киши ҳам юксак диний билим орқали эшон даражасига кўтарилиши мумкин.

 

“Маноқиби Дукчи Эшон”да шундай сатрлар бор: “Эҳтиёт бўлинглар, шу кунларда ўзларидаги эшонлик унвонини мерос сифатида олган эшонлар кўпайиб қолди. Агарда бир нодон киши уларнинг олдига келиб, от совға қилса, бу кимсалар ушбу нодонни тезда ўзларининг вориси деб эълон қиладилар. Яратганнинг ҳеч қандай марҳаматига эга бўлмаган ва руҳоний (шайх)лардан илтифот кўрмаган ҳамда ҳеч қандай кўрсатмалар олмаган, бундайин ўзига ишонган ёлғончилардан қочмоқлик керак. Жаноб Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганларидек: “Ким аҳли жамоа томонидан қадрланса, демак, у ўшалардан бўлади”. Ижтимоий-диний қатламда “эгалланадиган мақом” сирасига кирган эшоннинг илми ва тафаккурини одамлар синаб ҳам кўрганлар, унинг авлиёлик сифатларига ишонган, илмидан қониқиш ҳосил қилганлар унга мурид (шогирд) тушишган.

 

Одамлар эътиқод қилган пирларидан ўзларини ҳар доим қўллаб-қувватлаш учун мадад сўраганлар. Масалан, “Ё Баҳовуддин пирим, буваларим, ўзингиз қўлланг!” кабилар. Эшон бўлиш учун, албатта, Пайғамбарга авлод бўлиш шарт эмас. Бунинг учун киши руҳий ва маънавий жиҳатдан етук бўлиши лозим.

 

Комил КАЛОНОВ

 

“Жаннатмакон” журнали, 2007 йил, ноябрь сони.

“Аслинг – наслинг”, иккинчи мақола

3 Изоҳлар

Анвар Бўронов

00:07 / 06.07.2023

Комил Калонов бу фикрлар талабанинг фикрига ўхшаб қолибди. Эшонларнинг аниқ таснифи йўқ. Тавсиф йўқ. Тўра, эшон, хўжа, саййидларнинг фарқлари келтирилмаган.

yusuf

12:01 / 01.01.1970

hmm chunarli lekin haqiyqiy hojani yoki saidni qanday ajratish mumkin

Хуршид

12:01 / 01.01.1970

Салом хамма нарсани узиз билгандек ёзовурманг эшон авлодиям бир уругга киради, пайгамбарлар авлодидан болганини рад этманг узини узи овутиб юрадиганлани гапи хаммаси бу сиз ёзган нарсала.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10333
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//