Марказий Осиё: ҳуқуқий бирдамлик ва ягона стандартлар зарур


Сақлаш
11:18 / 14.11.2025 22 0

Кейинги йилларда Марказий Осиё ҳаётида чуқур ўзгаришлар юз бериб, давлатлар ўртасида янги сиёсий маданият шаклланмоқда, ўзаро ишонч ва яқин ҳамкорлик муҳити яратилмоқда. Тошкентда минтақа давлатлари раҳбарларининг 7-Маслаҳат учрашуви олдидан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг муҳим дастурий мақоласи эълон қилинди.

 

Йиллар давомида турли сабабларга кўра заифлашиб қолган минтақавий алоқалар эндиликда сифат жиҳатдан бутунлай янги босқичга кўтарилмоқда. Бу жараённи ҳаракатга келтирган омиллар – очиқлик сиёсати, тенглик тамойили, қўшничиликни қадрлаш, умумий манфаатларга таянадиган прагматик ёндашув ва энг муҳими, халқларнинг ўзаро яқинлашишга бўлган табиий интилишидир. Президентимизнинг мазкур мақоласи ана шу жараёнларнинг мазмун-моҳиятини ёритиш, минтақавий интеграциянинг истиқболи ва стратегик вазифаларини белгилаш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этади.

 

Мақолада Марказий Осиё давлатлари минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқаётгани, эски чегаравий ва ишончсизлик элементларидан воз кечиб, транспорт, энергетика, сув-ресурслари ва гуманитар алоқалар орқали бирлашишга ҳаракат қилаётгани таъкидланади. Жумладан, шундай дейилади: «Марказий Осиё ўз тараққиётининг янги, тарихий аҳамиятга молик босқичига қадам қўймоқда. Бугун биз чинакам бирдамлик босқичига ўтяпмиз».

 

Мақолада бир неча муҳим жиҳатларга эътибор қаратилган. Аввало, ишонч ва қўшничилик муҳити. Ярим асрлик совуқчилик давридан кейин давлатлар ўзаро ишонч ва ҳамкорликка тайёр бўлмоқда. Чегара масалалари ҳуқуқий жиҳатдан ҳал этилиб, минтақавий формат ва механизмлар сайқал топмоқда. Автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик, чегараолди савдо зоналари каби соҳаларда минтақавий кооперация кучайиб боряпти. Ёшлар платформалари, маданият алмашуви, саёҳат ва ички туризмнинг ривожланишига эътибор қаратиляпти. Иқлим ўзгариши, озиқ-овқат ва энергия хавфсизлиги каби масалаларда бирлашиш зарурати кундек равшан.

 

Энг муҳими, Марказий Осиё геостратегик жиҳатдан минтақавий субъект сифатида кучаймоқда. Минтақа давлатлари мустақил ва якдил сиёсий позицияга эга бўлмоқда. Агар амалий натижалар кўзланган ҳолда изчиллик билан ҳаракат қилинса, барқарорлик, фаровонлик ва минтақавий бирдамлик йўлида муҳим қадамлар қўйилиши шубҳасиз. Фақат декларатив гаплар эмас, реал лойиҳалар, аниқ саналар, мониторинг ва натижаларни баҳолаш механизмларига эътибор керак бўлади. Ҳамкорлик ҳамкорлик учун эмас, фуқаролар ҳаётини яхшилашга хизмат қилиши зарурлиги таъкидланади.

 

Жараёнда, айниқса, ҳуқуқий-институционал базанинг мустаҳкамланиши ниҳоятда муҳим. Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамкорлигида сўнгги йилларда энг муҳим ўзгаришлардан бири ҳуқуқий-институционал асосларнинг сифат жиҳатидан янгиланиши ва мустаҳкамланишидир. Аввалги даврларда мавжуд бўлган чегаравий келишмовчиликлар, сув-энергетика ресурсларидан фойдаланишдаги ноаниқликлар, иқтисодий алоқалар бўйича тўсиқлар ўз вақтида ҳуқуқий ечим топмай, кўп томонлама интеграция жараёнини секинлаштирган эди. Бугунги кунга келиб эса минтақа давлатлари бу масалаларда ён берувчи эмас, балки ўзаро манфаатли ҳуқуқий ҳал қилувчи механизмларини ишлаб чиқиш босқичига ўтди.

 

Мақолада келтирилганидек, чегара масалаларининг ҳуқуқий ҳал этилиши, қўшма декларациялар, битимлар, Минтақавий маслаҳат учрашувлари ва «Марказий Осиё +» форматлари жараённинг асосий таянч пойдеворидир. Бироқ ҳуқуқий нуқтаи назардан қаралганда, бу жараённи янада изчил давом эттириш учун бир нечта мувофиқлаштирилган институционал механизмларни шакллантириш лозим.

 

Минтақа давлатлари ўртасида тузилаётган битимлар, меморандумлар ва йўл хариталари юзасидан мунтазам мониторинг юритадиган ягона Марказий Осиё Ҳуқуқий Координация платформасини ташкил этиш зарурати пайдо бўлди. Унинг вазифалари амалдаги битимлар бажарилишини баҳолаш; низоли ҳуқуқий ҳолатларни эрта аниқлаш; янги ҳуқуқий ташаббусларни мувофиқлаштириш; халқаро ҳуқуқ нормаларига мосликни таҳлил қилишдан иборат бўлиши лозим. Бу, айниқса, сув тақсимоти, экологик сиёсат, транспорт коридорлари, божхона тартиблари ва меҳнат миграцияси масалаларида муҳим аҳамият касб этади.

 

Ҳозирча чегараолди низолари кўпинча икки томонлама музокаралар орқали ҳал қилинади. Ҳуқуқий жиҳатдан эса қўшма арбитраж кенгашлари, тезкор ҳуқуқий экспертиза гуруҳлари, бирлаштирилган харита-ҳуқуқий реестрлари тузилиши талаб қилинади. Чегаравий ҳуқуқий масалаларни кўриб чиқадиган қўшма арбитраж амалиётини йўлга қўйиш келажакда ҳуқуқий баҳсларни сиёсий босимларсиз, тинч протокол асосида ҳал қилиш имконини беради.

 

Сув ресурслари минтақанинг энг нозик ва асосий бойлигидир. Ҳар бир давлатнинг ички қонунчилиги мавжуд бўлсада, минтақа миқёсида уйғунлашган ёндашув етишмайди. Ўзаро тан олинган сув ҳисоботи стандартлари; экологик меъёрлар бўйича ягона платформа; сув танқислиги шароитида фавқулодда ҳамкорлик протоколлари; сув иншоотлари бўйича ҳуқуқий кафолатлар тизимига зарурат сезилмоқда. «Марказий Осиё сув ҳуқуқи кодекси» концепциясини ишлаб чиқиш кўпгина масалаларга ҳуқуқий ечим бўлиши мумкин. Бу нафақат хавфсизликни, балки барқарор ривожланиш ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди.

 

Бугунги иқтисодий интеграция шароитида сармоядорнинг ҳуқуқий кафолатлари жуда муҳим. Минтақа давлатларининг инвестиция қонунчилигида фарқлар мавжуд бўлгани учун ягона «Марказий Осиё инвесторлари ҳуқуқларини ҳимоя протоколи»; қўшма сармоя лойиҳаларида давлат кафолатлари; инвестор низоларини кўриб чиқиш бўйича қўшма трибунал каби механизмларни яратишга эҳтиёж мавжуд. Минтақавий инвестициявий ҳимоя битими ишлаб чиқилиши натижасида минтақанинг Евросиё бозорида рақобатбардошлиги ошади.

 

Транспорт, божхона ва савдода ягона ҳуқуқий стандартлар ҳам кун тартибига чиқмоқда. Электрон божхона интеграцияси, транспорт юк реестрлари, логистика коридорларида ягона қоидалар ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши минтақавий савдо тўсиқларини бартараф этишга хизмат қилади. Бу йўлдаги саъй-ҳаракатлар аллақачон бошланган, аммо етарли даражада эмас. Ягона стандарт ҳамкорликни тезлаштиради.

 

«Марказий Осиё ҳуқуқшунослар форуми» йўлга қўйилса, минтақа бўйича етакчи олимлар, судьялар, халқаро арбитрлар иштирокида қонунчиликни уйғунлаштириш ва такомиллаштириш бўйича изчил иш олиб бориш имкони пайдо бўлади. Форум ташкил этиш сиёсатдан мустақил ҳуқуқий фикрнинг шаклланиши, долзарб минтақавий масалалар бўйича эксперт хулосалари ишлаб чиқилиши, давлатлар ўртасида институционал ишончнинг мустаҳкамланиши учун хизмат қилади.

 

Марказий Осиё бугун нафақат иқтисодий, балки ҳуқуқий бирлик сари яқинлашаётган минтақа сифатида шаклланмоқда. Аммо барқарор ҳамкорлик фақат сиёсий иродага эмас, мустаҳкам, изчил ва прогнозли ҳуқуқий асосга таяниши зарур. Ягона стандартлар, самарали институтлар ва умумий қоидалардан иборат ҳуқуқий архитектура минтақанинг келажакдаги барқарорлигини белгилайди. Шу маънода бугунги ҳамкорлик жараёнларида ҳуқуқий интеграция сиёсий интеграциядан илгари бориши лозим.

 

Азизбек МАҲКАМОВ,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 23544
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//