Яқинда “Шажарайи турк” асарининг Гурлан нусхаси топилгани ҳақида Oyina.uz портали хабар қилганди. Хоразм аҳли бисотида ноёб қўлёзмалар ҳамон бисёрлигига қайта-қайта гувоҳ бўлмоқдамиз. Бунинг яна бир исботи сифатида Хива шаҳар ички ишлар бўлими тўққизта нодир китобни Хоразм Маъмун академияси тасарруфига топширганини келтириш мумкин.
Қувонарлиси, тарихий хазина орасида Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” асари туркий таржимаси ҳам борлиги, айниқса, уни Муҳаммадризо Огаҳий шахсан ўз қўли билан ёзгани аниқланиши ўзбек манбашунослигида катта янгилик бўлди. Тадқиқот асносида эса бизни янада муҳим илмий кашфиёт кутиб турганини ҳали билмас эдик.
Шоир, муаррих ва мутаржим Муҳаммадризо Огаҳий соҳиби иқтидор ва ижод кўлами нуқтаи назаридан мумтоз адабиётимизда ҳақли равишда Алишер Навоийдан кейин иккинчи ўринга қўйилади. Ундан битта девон, олтита тарихий ва ўн тўққизта таржима асар мерос бўлиб қолган. Шеърий ва тарихий китобларининг қўлёзмалари бизгача тўлиқ етиб келган, таржималари эса ҳали яхлит тадқиқ этилмаган.
Хива хонлигида бадиий ижоднинг таржимонлик йўналиши ҳам ривожланган эди. Ким қайси касб эгаси бўлганидан қатъи назар, қаламга алоқадорлиги борми, албатта, таржима ишига жалб этиларди. Бу даврда бир асарнинг ҳатто беш хил таржимасини учратиш мумкин. Мутаржим маҳоратига эса саройда хон бошчилигидаги анжуманларда баҳо бериларди, энг яхши ишлар пул мукофоти ва совғалар билан тақдирланарди. Таржимонларнинг пешқадамларидан бири эса Муҳаммадризо Огаҳий мироб эди.
Огаҳий ижодининг илк йилларида форс тилидан тарихий асарларни таржима қилишга тутинган. Маҳорати ошиб боргани сари бадиий асарларни назмдан назмга ўгира бошлаган. Унинг таржимонлиги хусусида илк маълумот Арминий Вамбери (1832–1913) китобида келтирилган.
Венгриялик сайёҳ-олим Хоразмда шеъриятга қизиқиш кучлилиги тўғрисида сўз юрита туриб, шундай ёзади: “Хивада икки ака‑ука билан танишдим. Бири Мунис бўлиб, ажойиб шеърлар битади; айримларини кейинчалик нашр қилдирмоқчиман. Иккинчиси Мироб. Улкан сабр билан Мирхонднинг катта тарихий асарини фарзанди учун, гарчи ўғлининг ўзи ҳам форс тилидан хабардор бўлса‑да, ўзбек‑туркий лаҳжасига ўгирмоқда. Бу иш йигирма йил давом этган, лекин бирор кимса олдида эътироф этишдан уяларди. Зеро, диний илмлардан бошқаси билан шуғулланиш юзакичилик ҳисобланади”.
Огаҳий форс тилидан ўн саккизта ва усмоний туркчасидан битта асар таржима қилган. Йирик олим Юрий Брегел (1925–2016) адибнинг таржима асарлари рўйхатини йиллар кетма-кетлигида тузишга қийналган. Аммо огаҳийшунос олим Нурёғди Тошев худди шундай хронологияни шоирнинг ўзи девонида берганини аниқлаган.
Фатҳулла Ғанихўжаев тузган Огаҳий асарларининг фиҳристида 72 та қўлёзма саналган. Кейинги тадқиқотларга кўра саноқ 78 тага етди ва қуйидаги жадвалларда ўз аксини топди.
Жадвалда кўриниб турибдики, “Зафарнома”, “Саломон ва Абсол”, “Баҳористон”, “Ҳашт беҳишт”нинг таржималари қўлёзмаси ҳанузгача топилмаган.
Мақола аввалида ёзганимиздек, яқинда Хоразм Маъмун академиясига топширилган нодир китоблар орасида “Гулистон”нинг туркий таржимаси ҳам бўлиб, айнан ўша жилдга бугунги ўзбек манбашунослиги учун ниҳоятда муҳим топилма – “Баҳористон”нинг туркий таржимаси ҳам киритилгани аниқланди.
Икки дидактик мазмундаги асар ягона муқова ичига бириктирилгани бежиз эмас, албатта. Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон”и (1487) Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”и (1256) таъсирида битилган. Муаллиф асарни ўн яшар ўғли Зиёвуддин Юсуф учун дарслик-қўлланма сифатида яратган.
Янги топилган тўққиз қўлёзмадан бири “Гулистон”нинг туркий таржимаси ва Огаҳийнинг дастхати экани тўғрисида олимлар Комилжон Худойберганов, Абдулла Ўрозбоев хулоса берган. Нодир манбанинг фото нусхаси мақола муаллифига юборилгач, мазкур фикр яна бир бор тасдиғини топди.
Қўлёзма 220 варақдан иборат бўлиб, шарқ қоғозига кўчирилган, ҳошияда тузатиш ва қўшимчалар бор. Асосан шеър таржималарининг қўшимчалари ҳошияда берилган. Қўлёзмада колофон йўқ, бу ҳам унинг дастхат нусха эканига бир далил. Ҳижрий 1279/1862-1863 йиллар санаси кўрсатилган.
Қўлёзма ҳали кодикологик жиҳатдан тавсифланмаган ва саҳифаларига рақамлар қўйилмаган. Тахминан 5–126-бетларида “Гулистон” таржимаси жойлашган. Сўнгги варағини синчиклаб қараганимизда ушбу асарнинг якунига ўхшамасди. Устига устак, китоб 220 саҳифадан ошиқроқлиги ҳам жилдда иккита асар бўлиши мумкин, деган тахминни кучайтирди.
Огаҳийнинг таржима китоблари рўйхатида “Гулистон”дан кейин “Баҳористон” келтирилган, лекин ҳалигача бирорта нусхаси топилмаган. Демак, бу асарнинг Шоислом Шомуҳаммедов томонидан ҳозирги ўзбек адабий тилига ўгирилган вариантини қўлёзманинг сўнгги варағи билан солиштириш керак бўлади.
Икки таржимани бир асрлик катта давр ажратиб турса-да, матннинг бир-бирига жуда ўхшашлиги чиндан ҳам ҳайратланарли эди. Абдураҳмон Жомий қаламига мансуб “Баҳористон” асаридан Муҳаммадризо Огоҳий амалга оширган туркий таржиманинг ҳозирча дунёда ягона нусхаси шу тариқа кашф этилди.
Огаҳийнинг шахсий дастхатини аниқлаш услублари бугунги кунда мутахассисларга яхши маълум. Авваламбор, дастхат нусхаларининг колофонида котиб исми кўрсатилмайди. Қолаверса, шоирнинг қўл ёзуви осонлик билан таниб олиш мумкин бўлган хусусиятларга эга: «Ҳойи хутти» – ح, «нун» – ن, «син» – س каби ҳарфларнинг битилиши, ҳамза – ء белгисидан фойдаланишдаги ўзига хосликлар.
Дастхат қўлёзмасида Марказий Осиё минтақасига хос ва Огаҳийда ҳам учрайдиган имловий фарқларни кўрамиз.
Яна бир қийматли тарафи, мазкур қўлёзма нафақат дастхат, балки қоралама нусха ҳамдир. Яъни тўлдириш ва ўчиришлар билан кўчирилган. Бу эса адибнинг ижодий лабораториясини ичкаридан ўрганиш, таржимонлик маҳорати ва сўз қўллаш усулларини аниқ мисоллар асосида тадқиқ этишга бой материал беради.
Қўлёзманинг айрим саҳифалари фото нусхаси билан танишиш асносида тўлиқ вариантини ҳам кўришга эҳтиёж сезилди. Бунда Хоразм Маъмун академияси катта илмий ходими Дилмурод Бобожонов яқиндан кўмак берди. Шу ўринда Тошкент давлат шарқшунослик университети қошидаги Халқаро огаҳийшунослар кенгаши номидан Хоразм Маъмун академияси директори, биология фанлари доктори, профессор Икром Абдуллаевга ҳам ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирамиз. Умум туркий мумтоз адабиётимиз яна бир таржима асар билан бойиди ва бу оламшумул янгилик билан илм аҳлини қутлаймиз.
Ҳилола НАЗИРОВА,
ЎзР ФА Шарқшунослик институти катта илмий ходими,
ТДШУ қошидаги Халқаро огаҳийшунослар кенгаши илмий котиби,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Мадрахим Сафарбоев
12:01 / 01.01.1970
Огахийшуносликда яна бир улкан янгилик. Буни хакикий топилма деса булади, Хилола! Насиб килса колган учта таржимани хам Хоразмдан топса булади. Хали одамларнинг кулида авлоддан-авлодга утиб келаётган кулёзмалар куп. Репрессия йиллари кабрларга кумилган китоблар хам бор. Уламо кишиларнинг кавмгохидаги кабрлардан янги китоблар топилиши мумкин. Буни вакт курсатади. Хизматларингизнинг ажрини Аллох зиёда килсин. Сафар баракали булибди, рахмат.