“Мақсадим аниқ: Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимига халқаро сифат назорати тизимини жорий этиш...”


Сақлаш
17:56 / 27.11.2025 10 0

Доктор Даврон Маҳмудов – юқумли касалликлар ва сифат назорати бўйича эксперт. Ўзбекистон, Россия, Европа ва АҚШ давлатлари иш тажрибасига эга мутахассис. Бугунги кунда АҚШда сифат бўлими аналитиги сифатида дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги устида изланиш олиб бормоқда. Ҳозирда “Европа ва Америка сифат назорати стандартларини Ўзбекистондаги фармацевтика ва озиқ-овқат маҳсулотлари назорат тизимига интеграция қилиш: инновацион ёндашувлар ва глобал аҳамият” мавзусидаги докторлик диссертацияси устида изланмоқда.

 

Тушлар ҳақиқатга айланганда: оқ халатга элтган болалик парвози


...Ёдимда, чамаси 7 ёшлар эдим. Туш кўрдим. Тушимда оппоқ халатда кенгликлар, водийлар, катта сув тўлқинлари узра кенг қанот ёзиб учдим. Ҳа, айнан оппоқ халатда кенгликлар узра парвоз қилдим. Бу шундай ёқимли туйғу эдики, ҳали ҳануз ўша болаликда тушимда ҳис қилганларим кўзимни юмсам, кўз олдимда гавдаланади. Тушимнинг таъбири йиллар ўтиб ўз тасдиғини топди. Бугун мен айнан оппоқ халат киядиган касб эгаси – шифокор бўлдим. Мен қалбан ҳамон ўша 7 ёшли болакай Даврон бўлиб яшаяпман. Ҳозир 38 ёшдаман. Бироқ ўша 7 ёшимдаги ҳиссиёт ҳамиша мен билан бирга.

 

Мақсад сари шахдам қадам


...Болалигим Тошкент шаҳрида ўтди. Илк таҳсилни пойтахтдаги 242-мактабда олганман. Сўнг Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейида тиббиётга оид дастлабки билим ва кўникмани ўзлаштирдим. Сўнг Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Россиядаги Санкт-Петербург давлат педиатрия академиясида таҳсилни давом эттирдим. Мен педиатр шифокор сифатида болаларда С гепатити инфекциясини индивидуал тарзда даволаш йўналишида номзодлик диссертациямни муваффақиятли ҳимоя қилгач, мақсадим янада аниқлашди: ушбу тадқиқот илмий доираларда эътироф этилди ва болалар учун дифференциал терапия усулларини ривожлантиришга асос бўлганди. 


2012-2016 йиллар жуда самарали кечди. Тошкент педиатрия тиббиёт институтида халқаро лойиҳаларни мувофиқлаштириб, Европа билан ҳамкорликда соғлиқни сақлашга доир йирик лойиҳаларда фаолият юритиш шифокор сифатида мени чиниқтириб борди. Ушбу йиллар оралиғида ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилган илк илмий монографиямдан тиббиёт муассасаларида ўқув қўлланмаси сифатида фойдаланиб келинмоқда.


Кейинчалик иш фаолиятимда бурилиш юз берди. Ўзбекистонда сифатсиз ва баъзида хавфли импорт дориларининг кенг тарқалашини кўриб, сифат назоратининг халқаро тизимларига эътибор қаратдим. Яъни, мен ўзимни глобал сифат назорати соҳасида кўра бошладим. Чунки озиқ-овқат ва дори воситаларининг хавфсизлиги бутун дунё миқёсида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам ҳар доим ва ҳар қачон долзарб саналган. Аввалига Малтадаги озиқ-овқат корхоналарида Европа сифат стандартларини ўргандим, тажриба орттирдим. Олган билим ва кўникмаларимни EU-GMP талабларига жавоб берувчи фармацевтика компаниясида  янада ривожлантирдим.


Бугунги кунда АҚШда сифат бўлими аналитиги сифатида дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги устида изланиш олиб бораяпман. Ҳозирда “Европа ва Америка сифат назорати стандартларини Ўзбекистондаги фармацевтика ва озиқ-овқат маҳсулотлари назорат тизимига интеграция қилиш: инновацион ёндашувлар ва глобал аҳамият” мавзусидаги докторлик диссертацияси ишим айнан шу соҳага қаратилган. 


Мақсадим аниқ: Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимига халқаро сифат назорати тизимини жорий этишни истайман. FDA ва USP каби дунё бўйича тан олинган АҚШ регулятор тизимларининг энг илғор тажрибасини ўрганиб, Ватанимга олиб келиш, маҳаллий ходимларни ўқитиш ва замонавий сифат сиёсатини шакллантириш бўйича иш олиб бормоқдаман.

 


COVID-19: олд қатордаги хизмат


COVID-19 пандемияси даврида, Ўзбекистон ҳукумати чақириғига биноан, юртимизга қайтиб, инқирозни бошқаришга ёрдам бердим. 2020–2021 йилларда Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказида фаолият олиб бордим. Бу жараёнда 600 дан ортиқ беморни даволаб, антикоагулянт асосидаги янги протоколларни жорий қилдим, бу эса асоратларни 50% га ва сунъий нафас олдириш эҳтиёжини 25% га камайтирган.
Камтарона хизматларим эътироф этилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирландим. 

 

Шифокорликнинг мазмун-моҳияти битта: инсон ҳаёти учун жавобгарлик


Мендан кўп сўрашади: Ўзбекистондаги ва Америкадаги шифокорлик касби ўртасидаги асосий фарқ нимада деб? Менинг жавобим оддий: дунёнинг қайси нуқтасида бўлманг, шифокорликнинг мазмун-моҳияти битта: инсон ҳаёти учун жавобгарлик. Бўлди, бошқа жавоб йўқ. Тизим жиҳатидан эса ҳар иккала давлатнинг ўз иш принципи бор, албатта. Бунда Америкада беморларга хизмат кўрсатишда барча жараёнлар электронлашган, текширувлар аниқ, ёндошув ягона стандарт асосида олиб борилади. Бу борада Ўзбекистонда ҳам  катта ўзгаришлар бўлаётганини алоҳида эътироф этаман. Бу албатта, қувонарли ҳол. Лекин Ўзбекистоннинг АҚШ тажрибасидан ўрганадиган жиҳатлари талайгина. Буни ҳам алоҳида айтиб ўтишим керак. 

 

Ҳаракат қилган инсонга чегара йўқ


Америка ҳақида, ҳаёт тарзи, иқтисодиёти, таълим тизими, маданияти, умуман сеҳрли диёрда яшаш завқи ва машаққатлари ҳақида, Ўзбекистон ва Американинг таққосий жиҳатларини сўраб яқинлар ва танишлар кўп саволга тутишади. Мен уларга умумий тушунча ҳосил бўлиши учун бир гапни айтаман: Америка бой давлат. Ҳа, у сеҳрли диёр. Иқтисодиёти бўйича ҳам етакчи ўринларда туради. Ўзбекистон эса энди ривожланиб келаётган давлатлар сирасига мансуб. Шундай экан, бу икки давлатни таққослашнинг ўзи абсурд тушунча, аслида. Ягона ва ҳақиқатга анчагина яқин бўлган ўз хулосани айтаман: сиз қанчалик юқори томон одимласангиз, тасаввурингизга-да сиғмаган оламни кашф қилиб бораверасиз. Имкониятлар эшиги кенг очилаверади. Ҳар бир босилган шахдам қадам келгусидаги имкониятлар занжирининг навбатдаги бўғинини яратади. Энг муҳими, ҳаракат қила олган инсонга чегара йўқ. Демак қайси бир янги манзилни босиб ўтиш яна бир эртанги муваффақиятингиз пойдевори бўлиши мумкин. Асосийси, сиз ўзингиз учун энг яхшисини кўра олинг ва ўзлаштиринг!

 

 

Мақсадингиз аниқми, ўз йўлингизни топинг, чекинманг!


Хорижга келишдан аввал мен учун энг катта мақсад – бу ота-онамни рози қилиш бўлган. Ҳозир эса – инсонларни, атрофимдагиларни, ҳаммани, Ватанимни рози қилишни истайман. Яъни, мақсадим юксалган. 


Хорижга келиб таҳсил олишни, иш ўрганиб, тажриба орттиришни истаётган ҳар бир ука-синглимга албатта келинг, дунё кўринг, ҳаракатдан тўхтаманг, деган бўлардим. Мақсадингиз аниқми, ўз йўлингизни топинг, чекинманг. Қийинчиликлар, тўсиқлар дунёнинг ҳар бир нуқтаси, ҳар бир чеккасида мавжуд. Муҳими, ҳамма гап, сиз ана шу тўсиқдан ёриб ўтиб, ўз чегарангизни кенгайтира олишингизда. Сиз биринчи қадамни қўя олдингизми, билинг-ки, кейингилари ўз-ўзидан давом этаверади: иккинчи, учинчи, тўртинчи ва.... ҳоказо.

 

Нигора НИШОНБОЕВА суҳбатлашди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 24215
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//