Мучал нима? Туркий тақвим тарихи


Сақлаш
17:35 / 05.05.2023 10920 0

Фалакнинг чархига қаранг: мучал ҳисоби оммавий маданиятнинг бир бўлагига айланиб, яна ўзимизга қайтиб келди. Ўн икки ҳайвонли тақвим ҳақидаги маълумотларни русча, инглизча манбалардан топиб ўрганаяпмиз. Ачинарлиси, “замонавий” ўзбеклар четдан кириб келаётган ахборотни ютоқиб “истеъмол қилади”, таассурот ҳам шунга яраша: уларга қолса, аслида бобомерос – ўзимизнинг мучал Хитой ёки Япониянинг, нари борса, Шарқ халқларининг умумий тақвими.

 

Бир пайтлар Марказий Осиё халқлари фойдаланган мучал ҳисоби бугунга келиб ер юзининг барча минтақаларида катта қизиқиш уйғотган. Бу тақвим ҳатто башоратгўй бизнесменларнинг эътиборига ҳам тушди, мучал асосида йилига минг-минг тонналаб фол китоблари чоп этилаётир. Ҳар йили Янги йил арафасида бозорларни келгуси йил соҳиби бўлган ҳайвон кўринишидаги маҳсулотлар босиб кетади.

 

“Ҳой, билмаган ишингни қилма” дейдиган одам йўқ. Биринчиси, мучал милодий Янги йил – 1 январда эмас, балки умумтуркий Йилбоши – 21 мартда киради. Яъни 2023 йил 21 мартгача туғилган фарзандингизнинг мучали қуён эмас, йўлбарс бўлади. Башоратнома титкилашда адашманг, биз Наврўзгача йўлбарс йилида қоламиз.

 

Иккинчи англашилмовчилик бироз баҳсли ва кўпчиликни унча қизиқтирмайди. Бугун одамлар “узумини енг-у, боғини суриштирманг” қабилида кун кечирмоқда. Аксариятимиз интернет ёки турли-туман “фолчи” китоблардан янги йилнинг ўзимиз учун қандай келишини билиб олишга қизиқамиз. Аммо мучал ҳисобининг қаердан, қандай келиб чиққани билан унчалик ҳам ишимиз йўқ. Хўш, мучал қаерда пайдо бўлди ва бунга нима зарурат бор эди?

 

Наҳанг ва аждар олишуви

 

Мучал ҳисобининг келиб чиқиши борасида олимлар турли фаразларни билдирган. Бу тақвимга туркий халқлар ва хитойлар асосий даъвогар бўлиб турибди. Ўн икки ҳайвонли йил ҳисобининг қадим Чиндан тарқалгани ҳақидаги назарияни илгари сурган Луи Базен календар тимсолларидан бирининг лу (аждар) эканини бош далил этиб кўрсатади. Ҳаммамизга маълум, Хитойнинг рамзи – афсонавий аждар. Луи Базеннинг фикрига қарши Волфрам Эберҳард аждарнинг хун турклари даврида култ сифатида қабул қилинганини айтиб, мучал кашфиётчилари хунлардир деган илмий қарашни ўртага ташлади.

 

Мучалнинг мана шу бешинчи йили кўпгина баҳсларга сабаб бўлади. Кошғарий уни нек – тимсоҳ деса, халқимиз наҳанг, катта балиқ (кит) деб атайди. Баъзи халқларда ҳатто шиллиққурт деб ҳам номланади. Кўпгина туркий қавмларда бешинчи йилнинг номи – “улу”. Баъзилар бу сўз хитойча “аждар” маъносини ифодаловчи “лу”дан келиб чиққан дейди. Лекин “улу” туркийча “улуғ” сўзининг фонетик ўзгарган шакли экани кўриниб турибди. Қолаверса, Хитой тақвимида аждар йили “лу” эмас, “чен”, карисларда “чин”, ветнамларда “тхин”, японларда “татсу” дейилади.

 

Баъзи олимлар “улу”ни туркийча “улу(ғ)” ва “улимоқ” сўзларининг маъновий уйғунлашуви деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, бу атама туркийларда бўри номининг табу қилиниши сабабли пайдо бўлган. Ўзбекларда ҳам яқин-яқингача “бўри” тилга олинмас эди, ўрнига “жондор”, “қашқир” сўзлари қўлланган. Яна халқимиз қари итларнинг тунда осмонга қараб увиллашини “Аждодлари бўлмиш бўриларнинг қони тортиб улияпти” дейди. Туркий маданиятнинг барча кўриниши – миф ва эртаклар, шеърий образлар, нақшу нигорларда намоён бўладиган “улу” аслида бўридир. Гарчи, асослар кўп бўлса-да, бешинчи йил номининг дастлаб “бўри” бўлганини исботлаш учун етарли эмас. Чунки, юқорида айтиб ўтилганидек, туркий қавмлар бу йилни асосан “балиқ” деб аташади.

 

Яна бир мулоҳаза: кўпчилик “балиқ йили” дейиш ўрнига “наҳанг йили” дейди. Наҳанг – катта (улуғ) балиқ ва бу сўзнинг Кошғарий тилга олган “нек” (тимсоҳ) билан фонетик яқинлиги бор. Баъзи манбаларда бу йил “неҳак” тарзида тилга олинган. Мазкур уч сўз орасида ўзаро боғлиқлик бордек: нек – неҳак – наҳанг. “Улу”нинг “улуғ”, “катта” маъносини ва халқимизнинг “наҳанг”ни “катта балиқ” деб тушунишини инобатга олсак, масала ойдинлашгандек бўлади. “Навоий асарлари луғати”да “наҳанг”нинг “тимсоҳ” маъноси ҳам мавжудлиги айтилган.

 

Бизнингча, мучалнинг бешинчи йилини “балиқ” (“наҳанг”) деб аташ тўғрироқ. Илон ва аждарнинг бирваракайига мучалга киритилишида бироз мантиқсизлик ҳам бордек. Чунки илоннинг каттаси аждар дейилади. Алқисса, аждар йили хитой тақвимида “лу” эмас, “чен” деб аталишининг ўзи ҳам Луи Базеннинг даъвосини йўққа чиқаради.

 

Атоқли хитойшунос олим Эдуар Шаванн “Le Cycle turc des Douze Animaux” асарида “кўпгина халқлар кенг қўллайдиган ўн икки ҳайвонли тақвим қадимги туркийларга оид йил ҳисоби бўлган, уни хитойлар турклардан ўзлаштирган” деган илмий хулосага келади. Олим тақвим устида изланиш олиб бораркан, унинг яратувчилари – туркийларнинг ибтидоий тафаккури билан боғлиқ кўплаб унсурларни санайди. Эдуар Шаваннинг аниқлашича, ўн икки ҳайвонли тақвим Хитой шимолидаги турк қабилалари орасида милоддан аввалги V асрда пайдо бўлган ва милоддан аввалги II-I асрларда Хитойга ёйилган.

 

 

Француз хитойшуносининг фикрини қадимги туркий битиктошларни тадқиқ этган Сергей Кляшторний ҳам қўллаб-қувватлайди. У “История Централной Азии и памятники рунического письма” китобида туркийларнинг вақт бирликлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтган: “Қадимги турк-рун битикларида ўн икки йиллик даврий тақвим нафақат тилга олинган, балки фаол қўлланган, воқеаларнинг юз берган ойи, ҳатто баъзан кунигача тўлиқ ёзилган. VI асрда ўн икки йиллик ҳайвонли цикл Турк хоқонлигининг расмий давлат тақвими эди. Ягона тақвимий ҳисоб-китоб – шамсий йил ўн икки қамарий ойга бўлинарди”. “Ёдгорликларда йил икки хил: халқ қаҳрамонлари яшаган давр бўйича ва ўн икки ҳайвонли цикл бўйича ҳисобланган. Иккинчи хоқонлик тарихидаги барча воқеалар фавқулодда аниқ ёзиб қолдирилган. Гарчи турклар мучални хитойлардан олган деган қараш бўлса-да, улар Чин тақвимини ишлатмаганлар”.

 

Профессор Ласло Рашонининг кузатишларига кўра, ўн икки ҳайвонли тақвимнинг асосида туркий йил ҳисоби турса-да, кейинчалик турклар хитойлар томонидан илмий мукаммаллаштирилган тақвимни қайта қабул қилган.  Тан олиш керак, қадимги Хитойда илму фан, хусусан, астрономия юксак ривожланган эди. Шундай қилиб, ўн икки ҳайвонли туркий тақвим – мучални ўзлаштирган хитойлар уни мукаммаллаштиради. Уларнинг яна бир ютуғи шундаки, Хитой ўтмиши йилномаларда мунтазам қайд этиб борилган, шу боис ҳам бу юрт манбаларга бой. Тарихимиздаги талотўплар туфайли мучал ҳақидаги маълумотлар ҳам бизгача узуқ-юлуқ етиб келган. Оқибатда замонавий цивилизация мучал ҳисобини Хитойдан олди ва бугунги кунда у дунёга хитойча тақвим сифатида тақдим этмоқда.

 

Туркий талқин

 

Ўн икки ҳайвонли турк тақвими мусулмон адабиётларида “таърихи туркий”, “таърихи Туркистон”, “соли туркон”, “аҳкоми соли туркон” сингари номлар билан тилга олинган.

 

 

Ўн икки ҳайвонли туркий тақвимнинг келиб чиқиши ҳақида гап борганда Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк” асаридаги талқин албатта эсланади. Султонмурод Олим “Байроқ, бурж, бурч” китобида ўша ривоятнинг ҳозирги адабий тилимиздаги табдилини шундай келтирган: 

 

“Туркийлар ўн икки хил ҳайвон исмини ўн икки йилга қўйганлар. Туғилиши, жанг таърихлари ва бошқаларни ана шу йиллар айланишидан ҳисоблайдилар. Бунинг келиб чиқиши шундай: турк хоқонларидан бири ўзидан бир неча йил олдин ўтган урушни ўрганмоқчи бўлган, шунда вақтни аниқлашда янглишган. Бу масала юзасидан (хоқон) қавми билан кенгашди ва айтди: “Биз бу таърихни (аниқлашда) қанчалик янглишган бўлсак, биздан кейин ҳам шундай янглишадилар. Шундай бўлгач, биз энди ўн икки ой ва осмондаги ўн икки буржга асосланиб, ўн икки йилга ном қўйишимиз керак, токи биздан кейин йил ҳисоби шу йилларнинг айланишига қараб олинсин ва бу нарса абадий бир ёдгорлик бўлиб қолсин”.

 

 

Хоқон овга чиқди ва одамларга ваҳший ҳайвонларни Ила дарёси томон қувишни буюрди, бу жуда катта сув. Одамлар ов қилиб, ҳайвонларни ҳайдай бошладилар, шунда ўн икки ҳайвон сувдан ўтди. Ўн икки йилни ана шу ўн икки ҳайвон исми билан атадилар. Энг олдин сувдан ўтган ҳайвон сичқон бўлди. Шунинг учун мучал боши унинг номи билан аталди, шу сўзга йил қўшиб, сичқон йили деб атадилар. Ундан кейин ўтганлари қуйидаги тартибда бўлди:

 

уд (сигир) йили;

барс (йўлбарс) йили;

товушқон (қуён) йили;

нек (тимсоҳ, ҳозир балиқ дейилади) йили;

йилон (илон) йили;

юнд (от) йили;

қўй йили;

бижин (маймун) йили;

тақағу (товуқ) йили;

ит йили;

тўнғиз йили.

 

Тўнғизга етгандан кейин ҳисоб яна сичқон йилидан бошланади”.

 

 

Халқ орасида тарқалган афсона бироз ҳазилга йўғрилган. Унга кўра ҳўкиз сувдан биринчи чиқдим, энди мучал мен билан бошланади деб хурсанд бўлиб турганида унинг шохидан сичқон тушиб келибди. Шундай қилиб, кучига ишонган ҳўкиз эмас, ақл билан иш тутган сичқон мучални бошлаб берадиган бўлибди.  Халқимизда ўн икки ҳайвон сафига қўшилолмай қолган туя ҳақида ҳам ривоят бор ва бу ривоят билан боғлиқ “Йилдан қолган туя” ибораси машҳур.

 

Кун – ой – йил – мучал

 

Маҳмуд Кошғарий келтирган ривоят халқ оғзаки ижодига мансуб бўлгани учун масала жуда осон ҳал этилган. Аслида мучал ҳисоби замирида аждодларимизнинг чуқур илмий тафаккури, узоқ йиллик кузатиш ва ҳаётий тажрибалари ётибди. Қадим туркий қавмлар ерга яқин юлдузлар – етти сайёрани яхши билган. Дарвоқе, даштда яшайдиган халқлар учун юлдузлар йўлкўрсаткич вазифасини ўтарди. Юлдузларга қараб, осмон жисмларидан айримларининг турғун, бошқаларининг ҳаракатланишини, табиатдаги кўп ҳодисаларнинг такрорланиб туришини, қисқаси, вақтни англай бошлаганлар.

 

Бизнингча, ота-боболаримиз ўзлари учун кашф этган илк вақт ўлчовларидан бири “кун”. У қуёш (кун)нинг чиқиб ботгунига қадар бўлган муддатни ўз ичига олади. “Кун” сўзининг омонимлиги ҳам шундан (кун – вақт ўлчов бирлиги; кун – қуёш). Туркийларда “сутка” маъносида ҳам “кун” сўзи ишлатилади. Янги Ой кўрингандан эътиборан бошланган биринчи кун, яъни сутка эртаси кун қуёш ботгунича давом этади (Ой биринчи куни қуёш ботаётганда шафақда кўринади). Уфқда шафақ йўқолгач, ойнинг иккинчи куни бошланади. Суткани ҳисоблаш шу тахлит давом этади. Ҳозир ҳам қишлоқларимизда кексалар тушдан кейин – қуёш ғарбга оққач, кейинги кун кирганини айтишади. Масалан, пайшанба пешиндан кейин “жума кирди” дейилади.

 

Дастлаб ой (вақт ўлчов бирлиги) Ернинг табиий йўлдошига қараб аниқланган. Шунинг учун Ер табиий йўлдошининг номи ҳам “Ой”, унинг ҳилол ҳолида кўриниш берганидан иккинчи марта шу ҳолда чиққунича ўтган муддат ҳам “ой” дея аталади. Билга хоқон битигида шундай жумлалар бор: “Каним ит йил (734-йил) онунч ай алти отузка уча барди. Лагзин йил (735-йил) бишинч ай йити отузка ёг эртуртум” – “Отам хоқон ит йили ўнинчи ойининг йигирма олтисида вафот этди. Тўнғиз йили бешинчи ойининг йигирма еттисида жаноза маросимларини тамомладим”. Демак, VIII асрда турклар ойларга қўшимча ном бермай, тартиб сони билан бирга ишлатган. Бундай одат баъзи халқларда, хусусан, японларда ҳанузгача амалда.

 

 

Қадимги туркий манбаларда ҳафта кунлари тилга олинмаган. Маҳмуд Кошғарийнинг гувоҳлик беришича, ҳафта кунларини номлаш исломдан сўнг таомилга кирган. Яна бир қизиқ ҳолат: қадимги турклар санани “алти отузка” – “олти (йигирмадан) ўттизга (қараб)”, “йити егирмеке” – “етти (ўндан) йигирмага (қараб)” тарзида айтишган экан (биринчи ҳолатда “йигирма олтинчи”, иккинчи ҳолатда “ўн еттинчи” маъносини беради). Бу русларнинг соатни айтиш тартибига (“десять минут двенадцатого”, “семь минут седьмого”) ўхшайди...

 

Халқ ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлана боргани сайин узоқроқ муддатли вақт бирликларига эҳтиёж туғилиши табиий. Хуллас, кичик кашфиётлар анча мукаммал вақт ҳисоби – мучални ихтиро қилиш томон йўл бошлайди.

 

Туркийларнинг оламшумул ихтироси

 

Ўн икки ҳайвонли турк тақвими учта табиий кўрсаткичга: ой – Ойнинг Ер атрофида айланиши, йил – Ернинг Қуёш атрофида айланиши, мучал эса Муштарий (Юпитер)нинг Қуёш атрофида айланишига асосланади. Қадимда турк астрономлари Ерга яқин йирик юлдузлардан бири Муштарий планетасининг Қуёш атрофида тўлиқ айланиши тахминан ўн икки йилга тўғри келаётганини аниқлашган. Сатурн эса ўттиз йилда Қуёш атрофини бир марта айланиб чиқишидан ҳам яхши хабардор бўлишган. Қадимги турклар мана шу табиий даврларга асосланиб ўзларининг тақвимини яратишди.

 

Ўн икки ҳайвонли туркий тақвим йил ва мучал ҳисоби бўйича шамсий календар саналади. Лекин ойлар қамарий ҳисоб билан юритилади, яъни бир ой 29-30 кунга тенг. Бир мучалда эса 148-149 қамарий ой бор. 12 қамарий ой 354 кун бўлиб, шамсий йилдан 11 кун кам. Шу боис ҳар уч йилдан сўнг ўн учинчи ой ҳам қўшилган. Демак, мучал ҳисоби қамарий-шамсий тақвимлар сирасига киради. Манбаларда ёзилишича, Кўктурклар давридан бошлаб (VIII аср) тўлиқ шамсий йил ҳисобига ўтилган. 

 

Шундай қилиб, 12 ой – бир йил, 12 йил – бир мучал, 5 мучал эса бир давр(яъни Сатурннинг икки айланиши)га тенг келарди. Мучал сўзининг маъносини шу ўринда англаш мумкин, яъни муча – қисмдир: 60 йилнинг бешдан бир қисми. Бир даврнинг 100 йил эмас, айнан 60 йил қилиб олинишида ҳам ҳикмат бор. Чунки, одатда, бир инсон умри тахминан 60 йилга тенг ва бу “Инсон асри” ҳам деб юритилади.

 

Мучал замиридаги ҳикмат

 

Тақвим фақатгина вақт ўлчов бирлиги эмас, балки унда халқнинг фалсафий қарашлари, диний эътиқоди, тарихий турмуш тарзи, бадиий тафаккури ҳам мужассамлашади. Масалан, одам бир мучал ёшигача – бола, иккинчи мучал пайти (13–24 ёш) – ўсмир, учинчи мучалда (25-36 ёш) йигит ва тўртинчи мучалда (37–48 ёш) ўрта яшар, бешинчи мучал – 49-60 ёшда эса кекса бўлади.

 

Мутахассисларнинг фикрича, ҳар бир мучал ёшида одам организми муайян ўзгаришларга дуч келади. Мучалдан мучалга ўтиш йили инсон умрининг қалтис даври саналади. Бу вақтда одам турли хасталиклардан кам ҳимояланган бўлади. Танадаги яширин касалликлар қўзғалиши, заиф мучалар панд бериб қўйиши мумкин.

 

Мучал ёшлари замонавий медицинада одам организми гормон тизимининг “қайта қуриш” даври ҳисобланади. 12 ёш – жинсий етуклик даврининг бошланиши бўлса, 24-25 ёшда бўй ўсишдан, 48 ёшда эса организм репродуктив фаолиятдан тўхтайди. Мифологик қарашларга кўра, мучал ёшларида ўлим ва туғилиш – янгиланиш кучлари тўқнашаркан. Демак, кексаларимиз баъзан ҳазил аралаш “Олтмишдан ўтиб олсам, узоққа кетаман. Олтмиш ёмон-да!” деб қўйишлари ҳам бежиз эмас.

 

Мучалдан мучалга ўтиш туркий халқларда миллий анъаналар билан боғлиқ ҳолда кечган. Ҳар мучалда одам янги мақомга кўтарилган, ижтимоий роли ошган, жамиятдаги муносабатларда ҳам унга нисбатан муомала ўзгарган. Масалан, қардош халқларда эр киши учинчи мучалга ўтганда “қорасоқол”, тўртинчи мучалга ўтганда “кўксоқол”, бешинчи мучалга ўтганда “оқсоқол” деб аталган.

 

Башорат ва ҳақиқат

 

Марказий Осиёнинг табиий шароити мучал ҳисобини яратишга сабаб бўлган. Кўчманчи халқларнинг турмуш тарзи чорвачилик билан боғлиқлиги учун ушбу соҳанинг истиқболини белгилаш, кескин континентал иқлим шароитида узоқ муддатли обиҳаво прогнозларини ишлаб чиқиш зарурати бунда асосий омил бўлган.

 

“Девону луғотит-турк”да ёзилишича, туркийлар мучал йилларининг ҳар бирида недир ҳикмат бор деб ўйлаганлар. Масалан, сигир йилида уруш кўпаярмиш, чунки ҳўкизлар бир-бири билан кўп шохлашади. Бу йилда ёмғир-қор кўп ёғади. Қиш узун келади. Товуқ йилида овқат кўп бўлади. Чунки товуқнинг емиши дондир, товуқ донни топиш учун ер титади. Тимсоҳ (наҳанг) йили кирганида кўп ёмғир ёғади. Чунки тимсоҳ сувда яшайди.

 

 

Кейинчалик, айниқса ҳозирги кунда мучалнинг мана шу башоратчилик билан боғлиқ хусусияти кўпчиликка ёқиб қолди. Бугуннинг одами мучал деганда, одатда, йиллик башоратларни тушунади. Бу эса азалдан дин намояндаларининг ҳақли эътирозига сабаб бўлган ва мучалнинг хурофот дея изоҳланиб, тақиқланишига сабаб бўлган. Аслида ўн икки ҳайвонли турк тақвимининг фол кўриш билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Мазкур иримлар асло фолбинлик эмас, балки халқнинг асрий тажрибаларини ўзида мужассамлаштирган фалсафий тафаккуридир.

 

Инсон табиатнинг бир бўлаги, табиатдаги ўзгаришлар бизга таъсир этмай қолмайди. Шундай экан, “фалон йил ундай келади, пистон йил бундай келади” каби башоратнамо гаплар аслида узоқ кузатувлар хулосаси, илмий прогнозлардир. Башоратлар айнан йил соҳиби бўлмиш ҳайвоннинг муҳим хислати билан боғлиқ экани эса мучал йилларини номлашда етти ўлчаб, бир кесилганидан дарак.

 

Мучал ҳисоби бошқа маданиятларга ўтиши билан баъзи ўзгаришларга учраган. Муайян маданиятнинг ўзига хос ижтимоий-тарихий ва табиий-географик шароитидан келиб чиқиб, йилларнинг хислатлари ҳам бир-биридан фарқланади. Масалан, Олтой қозоқлари сигир йили мўътадил келишига, қорачойлар эса ёмон йил бўлишига ишонади.

 

Йўлбарс эмас, тулки йили

 

Ҳар бир маданият ўн икки ҳайвонли турк тақвимини ўзига мослаб қабул қилади. Қайси ҳайвон кўпроқ ардоқланса, унинг номи мучалга киритилган. Туркийлардаги қуён хитойларда мушукка, сичқон эса каламушга, балиқ афсонавий аждаҳога айланади. Мисрда сичқон ўрнини мушук, от ўрнини эшак эгаллайди. Ҳакасларда йўлбарс эмас, тулки йили, балиқ эмас, калтакесак йили, маймун эмас, одам йили; черкасларда сичқон эмас, ўргимчак йили ишлатилади. Мўғуллар мучални қоплон (йўлбарс) билан бошлайди, тибетликлар эса қуёндан. 

 

Мучал ҳисоби олимлар ўйлагандан анча илгари ихтиро қилинган кўринади. Чунки Американинг туб аҳолиси – ацтеклар ҳам ўн икки ҳайвонли тақвимга ўхшаш йил ҳисобидан фойдаланган экан. Маялар календари бизни яна ҳам ҳайратга солади, улар кунни (ҳар икки маъносида) “кин” дейишаркан. Ой номларидан бири “яшкин” – “янги қуёш (ёш кун)” деб аталади. Яна бу қабила тақвимида ит, қоплон, аждарҳо, сичқон, буғу каби ҳайвон номлари ҳам учрайди.

 

Хуллас, ўн икки ҳайвонли туркий тақвим ўрта асрлардаёқ бутун Шарқ халқларига тарқалди ва фаол қўллана бошлади. Бугунги глобаллашув даврига келиб эса ўзимизнинг мучал бизнинг мучалга айланди.

 

Фаррух ЖАББОРОВ,

ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва

фольклори институти тадқиқотчиси

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023 йил 1-сон. 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 63
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10921
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//