Наманган шаҳридаги қадимий меъморий ёдгорликлар орасида Атоуллохон тўра масжиди алоҳида ўрин тутади. Халқ орасида “Ота Валихон тўра” номи билан ҳам аталадиган ушбу иншоот Сумалак гузар маҳалласи марказида, Уйчи кўчасида жойлашган бўлиб, ўзининг нафис меъморий қиёфаси ва бой тарихи билан ажралиб туради.
Масжид XVIII аср охири – XIX асрнинг биринчи ярмида яшаган, зуллисонайн шоир ва нақшбандия тариқатининг таниқли халифаларидан бири Мажзуб Намангоний қурдирган илк масжид ўрнида барпо этилган. Мажзуб аввало Дегрезлик даҳасида масжид ва мадраса қурдирган бўлиб, улар халифа Муҳаммад Азиз мадрасаси номи билан ХХ аср бошларигача фаолият кўрсатган. 1914 йили содир бўлган зилзила ва тасодифий ёнғин натижасида мазкур бинолар вайрон бўлгач, уламолар уларни қайтадан тиклаш ташаббуси билан чиққанлар. Бу ишга ҳомийликни Мажзубнинг набираси Имом Атоуллохон тўра ўз зиммасига олган.
Қурилиш ишлари учун водийнинг машҳур усталари жалб қилинган, аммо бундай улкан гумбазли иншоотни қуриш осон бўлмагани боис кўпчилик бу масъулиятни зиммасига олишга ботина олмаган. Ниҳоят, уста Мулла Қирғиз вазифани қабул қилиб, 1915 йил баҳорида қурилишни бошлаган. У билан бирга унинг шогирдлари уста Фозил Намангоний, Соқов ҳожи ва бошқалар ҳам меҳнат қилганлар. Мулла Қирғиз пойдеворни мустаҳкам шиббалаш усулида қурган ва ҳар бир қатламни аниқ ҳисоб-китоб билан мустаҳкамлаган. Масжиднинг умумий ўлчами 27×19,6 метр бўлиб, тарҳи тўғри бурчакли ва симметрик тузилишда барпо этилган.
Қурилиш 1917 йили якунланган. Ёши улуғ отахонларнинг маълумотларига кўра, масжид ер участкаси 100×80 метр майдонни ташкил этган. Унинг жанубий-шарқий қисмида асосий бино, шимолий-шарқий қисмида эса “П” ҳарфи шаклида ҳужралар жойлашган, марказда катта ҳовуз бўлган. Илгариги ёғочдан қурилган Азиз Халил эшон масжиди ва Шоҳ Сўфи масжиди зилзила натижасида вайрон бўлганидан сўнг, ана шу жойда янги масжид барпо этилган.
Масжиднинг шимоли-шарқий пештоқи.
1983 йилдаги кўриниш.
Атоуллохон тўра масжиди ўз меъморий ечимлари билан Фарғона водийси, шунингдек, бутун Марказий Осиё миқёсида ҳам ноёб намуналардан ҳисобланади. Унинг гумбази катталиги жиҳатидан XVI асрдан кейин қурилган бинолар ичида ягона бўлиб, диаметри жиҳатидан Хожа Аҳмад Яссавий, Султон Санжар, Бибихоним ва Гўри Амир мақбаралари гумбазларидан каттадир. Гумбаз айланаси бўйлаб куфий хатда “калимат таййиба” битилган бўлиб, бу устанинг беназир санъаткорлигини намоён этади.
Масжиднинг 1938 йилдаги ички кўриниши.
Масжиднинг ички қисмидаги устунлар ғиштдан терилган, улар турли рангдаги сирли қопламалар билан безатилган. Ҳар бир устуннинг юқори қисмида куфий хати билан “Аллоҳ” ва унинг сифати ёзилган. Иккинчи қаватга чиқиш учун эшикнинг икки ёнида 10 метрга яқин баландликдаги бурама зинапоялар қурилган. Бу меъморий ечимлар Наманган усталари маҳоратининг ёрқин исботидир.
Масжиднинг ғарб томондан кўриниши. 1938 йил.
Масжид қурилиши Атоуллохон тўра ва уста Мулла Қирғиз ўртасидаги келишмовчилик сабабли 1918 йилдан 1922 йилгача тўхтаб қолган. Кейин ҳашар йўли билан ишлар якунланиб, бинога ҳаёт кирган. Масжид очилишида аҳолининг эҳсон сифатида тўқиб келган гиламлари билан тўшалган, шу ерда кутубхона ва қорихона ташкил этилган. Бу муассасаларда Қуръон илмининг билимдонлари Исмоил Маҳдум Соттиев, Муҳаммадхон қори Хожи Убайдуллоҳ ўғли ва бошқалар таълим берганлар. Улардан Фарғона водийси ва ҳатто Хитойдан келган талабалар ҳам таълим олган.
Масжид ичидаги меҳроби.
1948 йилдаги кўриниш.
Бироқ 1920 йиллар охирига келиб, совет ҳокимиятининг динга қарши сиёсати Атоуллохон тўра масжиди фаолиятини бутунлай чеклаб қўйди. Масжид 1929 йили ёпилиб, аввал омборхона, 1933 йили масжид хотин-қизлар клубига айлантирилган, ҳужралар бузиб ташланган.
1935 йили эса Хотин-қизлар клуби ўша пайтдаги Охунбобоев номли колхознинг ошхонасига кўчирилган ҳамда Наманган шаҳар ижроия комитетининг масжид биноларини “вино заводи ташкил қилиш учун” ажратиш ҳақида қарорига кўра, бу масжид вино заводига айлантирилган ва 1980-йиллар охиригача вино ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бу ҳолат сталинчилик сиёсатининг диний ва маданий меросга нисбатан шафқатсиз муносабатини, моддий ёдгорликларни ҳам мафкуравий қурбонга айлантириш жараёнини яққол намоён этади.
1986–1987 йиллари ёдгорлик Давлат инспекцияси томонидан таъмирланиб, икки йил давомида вилоят рассомлари кўргазмаси сифатида фойдаланилган. 1989 йили эса масжид яна диний идора ихтиёрига қайтарилган.
Масжиднинг шарқий девор қисми.
1983 йилдаги кўриниш.
Атоуллохон тўра масжиди бугунги кунда Наманган шаҳри марказида сақланиб қолган энг муҳим меъморий ёдгорликлардан бири бўлиб, у меъморий гўзаллик намунаси, шунингдек, қатағон сиёсатининг “тирик шоҳиди”, маънавий муқаддас маконнинг давлат мафкураси йўлида қандай таҳқирланганини ёдга солувчи тарихий далилдир. Шунинг учун уни муҳофаза этиш, илмий ўрганиш, ёшлар ва сайёҳлар учун мазкур иншоотни илмий-маърифий марказ сифатида фаол ишлатиш, уни замонавий талаблар асосида тарғиб қилиш долзарб вазифадир.
Фойдаланилган манбалар:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи жорий архиви.
2. Бахтиёр Рўзинов ва бошқалар. Наманган вилояти маданий мероси. – Наманган. 2013. – 60–63-бетлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги идоравий архиви. 5215/Ю 91-жамғарма. 1983.
Машҳурахон ДАРМОНОВА,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), катта илмий ходим
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Тил
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ