– Мавлуда опа, халқ шоирининг фарзанди бўлиш кишига фахр бўлиш билан бирга масъулият ҳам юклайди...
– Табиатан тортинчоқ бўлганим боис иложи борича мактабда, университетда отамнинг кимлигини билдирмасликка ҳаракат қилардим. Чунки Абдулла Ориповнинг қизи, дея имтиёзга эга бўлишни истамасдим. Мени ўз кучим, билимим билан танишсин, дердим доим. Бу икки нарса ҳаётимда аралашиб кетишини хоҳламаганман, очиғи.
Болалигим завқли ва бирмунча қийин ўтган. Саккиз йил аямнинг қистови билан Успенский номидаги мусиқа мактабида ўқиб, пианино чалдим. Соат 2-3 гача оддий фанлар ўқитилар, кечки 7-8 гача эса мусиқа дарслари ўтиларди. Тенгқур ўртоқларим мактабдан келиб, кўчада ўйнарди. Мен бўлсам уйда ўтириб, яна камида икки-уч соат репетиция қилишим керак эди. Шу нарса алам қилар, нега мен ҳам бошқалардек ўйнолмайман, дердим. Болалик ана шу – ўзимни мажбурлаб ўқишларим билан ҳам хотирамда қолган.
Мусиқа мен учун эмаслигини ич-ичимдан ҳис қилардим, аммо 8-синфдан кейингина аямга “музикант” бўлгим келмаяпти, дея олдим. Ота-онам вазиятни тўғри тушуниб, ўқишимни 64-мактабга ўтказишди. Дарслардан кейин бўш вақтим кўп эди, лекин энди кўчага чиқиб ўйнагим келмасди. Доимий машғулотларга ўрганиб қолганим учун инглиз тили курсларига қатнай бошладим. Репетиторим сен яхши ўзлаштиряпсан, ҳатто роман-герман факултетига кира оласан, деди. Шу гап мотивация бўлиб, ўқишга тайёрлана бошладим.
Тест тизимига ўтишнинг биринчи йили эди. Газетада чиққан саволларни кесиб олиб ечар, тинимсиз китоб ўқирдим. Кучли тайёргарлик билан ўтган ёз охирида талаба бўлдим. Дадам ўқишга топширганимни билмас, Ўзбекистон Миллий университетининг роман-герман филологияси факултетига шартнома асосида ўқишга қабул қилинганимни уяла-уяла айтганимда, бироз индамай туриб, “ўқитаман”, деганлари ёдимда.
– Лекин адашмасам, мутахассислигингиз филология эмас, бизнес йўналишини тамомлагансиз?
– Шундай. Биринчи курсни тугатганимизда, ўртоғим Техника университетида Малайзиянинг бизнес факултети очилганини айтиб қолди. Унинг тавсияси билан ўша ёққа ҳам ҳужжат топшириб кўрдим. Бахтни қарангки, ўқишга кирдим. У вақтлари бизнесни олиб-сотарлик деб тушунишарди. Энди “роман-герман”ни ташлаб, бозорчиликка ўқийсанми, ҳам дейишган менга. Шунинг учун уйимдагиларга айтишга чўчиганман. Лекин отам узоқни кўра оладиган одам бўлган эканки, бу гал ҳам қаршилик қилмаган. Янги ўқиш дунёқарашимни тубдан ўзгартириб юборди. Бизга карьерасини йўлга қўйиб олган аёл ўқитувчилар дарс берарди. Уларни кўриб, оиласи ва болалари бор аёллар ҳам катта университетларда ўқиса, ишласа бўларкан-ку, деган фикр уйғонган. Мен ҳам шулардай бўламан, деган мақсад туғилган кўнглимда.
– “Америка орзуси” бутун дунёга ёйилган. Аммо ҳамма ҳам унинг рўёбига эришавермайди. Сизда бу жараён қандай кечган? Умуман, Америкага кетиш ҳақида аввал бошдан ўйлаганмисиз?
– Турмушга чиққач, 2000 йили Туркияга кетдим. Мактабга ишга кириб, инглиз тилидан дарс бера бошладим. Ўқитувчиларнинг ҳурмати баланд эди, қийналмай ишлардим. Шунинг учун Қирғизистонга ишга таклиф қилишганида, турмуш ўртоғим бирданига кўниб қўйганига ҳайрон қолганман. Сабабини сўрасам, “Ўзинг билмайсан, лекин юртингни жуда соғингандинг, Ватанингга, оилангга яқинроқ бўлишинг, бориб-келиш сенга осонроқ бўлиши учун розилик бердим”, деганди кулиб.
Олти йилча Қирғизистоннинг Талас шаҳрида яшадик. Болаларни, касбимни яхши кўриб қолгандим. Шунинг учун у қадар яхши ривожланмаган шаҳарда ҳам республика миқёсидаги катта лойиҳаларни бошлагандик. Кўп ўтмай, ўқувчиларимиз яхши натижалар кўрсата бошлади. Лавозимим кўтарилди. 2008 йили эса Америкага мигрантларга инглиз тилини ўргатиш учун ишга чақиришди.
2008–2018 йиллари мактабларда директор ўринбосари лавозимида фаолият юритдим. 2018 йилдан буён Техас штатида 72 та мактаблик тизимда олий ўқув юртлари ва касб ҳунарга тайёрлаш йўналиши раҳбариман (Harmony Public Schools, Director of College and Career Counseling). Бу ўқув ишларини, ўқитувчилар фаолиятини бошқариш, тест системасини, умуман, таълим йўналишида нимаики талаб қилинса, барчасини назорат қилишга масъул бўлиш дегани. Болаларни университетга, касб-ҳунарга тайёрлаш ишларига жавобгарлик ҳам менинг зиммамда. Педагог кадрларга тренинг ўтишни ташкиллаштириб, бунинг ўқитиш самарадорлигига қандай нафи тегаётганини текшираман.
– Иш жараёнингизда тизимга ўзингиз ҳам бирор янгилик киритдингизми?
– Америкадаги илк йилларимда илгари сурган ташаббусим бугун бутун штат учун долзарб масалага айланди. “Мисс Орипова, сиз қилган янгилик бизга энди етиб келди”, дейишади ҳамкасбларим ҳазиллашиб. Гап шундаки, штат таълим вазирлиги ўқувчилар учун барча имконият, имтиёзларни беради. 12-синфни якунлаган ўғил-қизлар университетда 2-курсдан ўқишни давом эттириши мумкин. Бунинг учун ўқувчи мактабдаёқ университетда ўтиладиган дарсларни ўқийди. Бироқ болаларда фанларни тўғри танлолмаслик, имкониятларини чамалай олмаслик кўп кузатилади. Натижада фанлар оғирлик қилади, мактаб ва университетдаги баҳолар тушиб кетади. Кўпчилик олий таълимни битира олмайди ҳатто.
АҚШда яна 20 йилдан кейин кадрлар етишмовчилиги бошланиши прогноз қилиниб, ҳозирданоқ таҳлика бошланган. Масалан, айтишниклар, математиклар, инженерлар танқислиги кузатилиши мумкин. Чунки, айтганимдек, бу фанларни ўзлаштириб, ўқишни тамомлаб, диплом олиш сезиларли камайиб кетган. Сабаб айни шу – ўқувчининг иқтидорига кўра мактаб давридаёқ олий таълимга мослаштирилмагани ва нотўғри танланган фанлар, касблар...
Ишни мактабдан бошлаш керак, деган тўхтамга келинди. Ҳолбуки, мен буни 10 йил аввал ўз тажрибамда исботлаб бергандим. Ўқувчиларим билан суҳбатлашар, иқтидори, қизиқишларидан келиб чиқиб фан, йўналиш танлардик. Натижада уларнинг ўзлаштириши тушиб кетмас, университетни бемалол тугатиб, яхши кадрга айланишарди. Докторантура босқичида худди шу системанинг афзал томонларини тажрибаларим мисолида исботлаб диссертация ёқладим. Бугун штатда бу тизим деярли мажбурийга айлантирилди.
– Ўзбекистон мактабларида ўқиган ва бугун хорижда шу тизимда ишлаётган ходим сифатида таълимдаги фарқларни нималарда кўрасиз?
– Бугун Ўзбекистон халқ таълими тизимида ихтисослашган мактаблар пайдо бўлганидан қувондим. Бу жуда яхши силжиш. Агар ўқувчига йўналтирилган билим берилса, келажакда кучли кадрга айланади. Лекин бу табақаланишга олиб келмаслиги керак.
Ўқитувчилар фаолиятини баҳолаш тизими икки мамлакатда турлича. Америкада муаллимлар ишининг самарадорлиги ўқувчиларининг билимига кўра аниқланади. Ўзбекистонда эса педагогларнинг ўзлари аттестациядан ўтказилади. Яъни, ўқитувчи имтиҳонга тайёрланиш учун бор эътиборини ўзини ривожлантиришга қаратади. Натижада болага етарлича билим, эътибор берилмайди. Шу тизим хатодек, ахир ўқитувчи ўта ақлли бўлгани, имтиҳондан юқори балл олгани билан ўқувчига еткизиб беролмаса, бундай илм нимага керак?
Америкада ҳар чорак якунида ўқувчиларнинг билими имтиҳондан ўтказилади ва улар олган натижаларга кўра устоз баҳоланади. Шунинг учун ўқитувчи бор кучи билан мавзуни болаларга тушунтиришга, яхши дарс ўтишга ҳаракат қилади. Муаллимнинг ўзигина билгани ҳеч нарсани ўзгартирмайди, у ўқувчини ҳам ўзгартириши, ўстириши керак.
– Ўзбекистонда жуда кўп муаммолар илдизи таълим сифатининг пастлиги, яхши кадрлар етишмаслиги билан боғланади. Агар сизга имкон берилса, миллий таълим тизимимизда нималарни ўзгартирган, нималар қилган бўлардингиз?
– Ўрганганларимни Ўзбекистонда амалга татбиқ қилишни жуда истайман. Америкадаги бирор дастурни ўзимизда ҳам қўлласа бўларкан, деган ўйлар кечади доим хаёлимдан. Агар имкон берилса, халқаро миқёсда синовдан ўтган тайёр дастурларни аввал битта яхши натижали ва битта ўзлаштириши паст, бошқариш қийин мактабда синаб кўрардим. Чунки ҳозир ниманидир янгидан яратишдан кўра, фойдаси исботланган дастурлардан фойдаланиш тўғрироқ бўлади. Бу вақт ва натижага ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Самараси, ўзгартириш керак бўлган жиҳатлари бир-икки йилда билинади. Шундан сўнг республика бўйлаб оммавий татбиқ қилиш мумкин бўлади, назаримда. Чунки ҳар қандай дастурни синамасдан, мослаштирмасдан бирваракайига умумий жорий этиб бўлмайди. Бу акс таъсир қилиши мумкин.
Америкада таълимга бирор янгиликни киритиш олдидан энг аввал ўқитувчилар фикри ўрганилади. Ташаббусни ёқлаган директор ва педагогларнинг мактабида дастурни синовдан ўтказишни бошлаймиз. Чунки ҳар қандай инновация жуда кўп ўзгаришларни бошлаб келади. Кўпгина ўқитувчилар эса доимий қулай муҳитидан чиқишни исташмайди, уларнинг йиллар давомида кўниккан қоидалари, амаллари бор. Шунча йиллик тажрибасини бир четга суриб қўйиб, умуман бошқа янгиликни киритсангиз, ўзларида босим, зўриқиш сезадилар. Натижада бу ўқитиш сифатига таъсир қилмай қолмайди. Ўзгаришларга ўқувчилар тез ўрганади, лекин устозлар қийналади. Ҳар бир тизимда бўлгани каби таълимда ҳам инновацияни амалиётга жорий этадиган одамларни ўзгартириш қийин. Ва яна, янгиликни амалга ошириш учун ҳамма ресурсларни беришингиз керак. Бўлмаса, қуруқ гап билан ҳеч нарсага эриша олмайсиз.
– Ғарбда 16-18 ёшдаёқ фарзанд мустақил бўлади ва олий таълим ҳақида унинг ўзи ва ўзигина қайғуради. Бу ҳол ўша мамлакатларни тараққиётдан тўсмади, аксинча, энг яхши олимлар, энг кучли кадрлар етишиб чиқишига хизмат қиляпти. Бизда эса яратилаётган имкониятлар, берилаётган имтиёзларга қарамай, бугун мутахассислар тақчиллиги бор. Келажагини хорижда кўраётган ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади, афсуски. Икки манзарани солиштириб, ўзи ёшларга имтиёзлар берилиши керакмикан, деган савол туғилади.
– Ўқувчиларнинг тўғридан-тўғри, ҳеч қандай имтиҳонсиз ўқишга киришлари нотўғри, буни ёқламаган бўлардим. Америкада ҳам имтиёзлар бор, фақат бу имтиҳонсиз талаба бўлиш имконини бермайди. Олий таълим муассасаларида икки босқичда синов ўтказилади. Дастлаб тест синовларида номзодлар бирламчи сараланади. Кейин иншо (эссе) ёздирилади, бунда кўпроқ абитуриентнинг характерига эътибор қаратилади.
Ҳозир Америка университетларида иншо ўқишга қабул қилишда асосий аргументга айланган. Агар боланинг мактабдаги баҳолари зўр бўлиб, тестдан ҳам яхши ўтса-ю, иншосида шуни акс эттиролмаса, ўқишга киролмайди. Чунки унинг ички мотивацияси, шахсий истаги йўқ. Нега шу ишни қилганини билмайди. Нега инженер ё шифокор бўлмоқчисан, деган саволга жавоб беролмайди.
Иншода абитуриент ўзи танлаган йўналиш бўйича илгари бажарган амалий ишларини кўпроқ баён этса, унга шунча юқори баҳо қўйилади. Чунки фақат билим олмай, келажак учун нималардир қилган. Имтиёз масаласига келсак, айтайлик, фанлар олимпиадасида ғолиб бўлиш имтиёз саналса-да, иншодаги битта плюс, холос. Университет буни истаса қабул қилади, истамаса йўқ. Сабаби, олий таълим даргоҳлари бу – академик билим маркази дегани. Билим олиш учун билим билан кириш керак, имтиёз билан эмас.
Ўзбекистонда имтиёзларнинг кўплиги ўқувчини асосий иши – билим олишдан чалғитиб қўяди. Тўғри, имтиёзга эга бўлиш учун ҳам ҳаракат қилинади, лекин билим олинадими-йўқми – сўроқ остида қолади барибир. Бу нафақат ўша соҳа, балки жамиятнинг келажаги ва ўқувчининг ўз тақдири учун ҳам хатарли.
– АҚШда битирувчи талабаларнинг ишга кириш жараёни қандай, бу борада қийналишмайдими?
– Қўшма штатларда университетларнинг асосий рейтинги битирувчиларга иш топиб бериши билан ўлчанади. Шу боис ҳам ўқишга қабул қилишда ҳеч қандай коррупцияга йўл қўймасликка ҳаракат қилинади. Чунки билимсиз талабанинг битириши ва ишга жойлашиши қийин бўлади, натижада университет рейтинги тушиб кетади. Америкада университетлар билимли талаба учун талашади. Ўқувчилар бир вақтда бир нечта университетга ҳужжат топширади ва энг кўп пул таклиф қилганини танлай олади. Ўқишга кириш вақтида билимли абитуриент эмас, университетлар қийналади.
Феруза ХАЙРУЛЛАЕВА
Oyina.uz
Мафкура
Тарих
Мафкура
Тил
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Ватандош
Тарих
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
5 Изоҳлар
Халмуратов Н.
14:01 / 12.01.2024
Раҳмат сизга сингил! Мактабда ишлаб кейин таълимни бошқарадиган ташкилотда раҳбар лавозимга ўтибдилар, бизда эса таълим вазирлигига умрида мактабда бўлмаган шахслар раҳбар этиб тайинлаанади. Оқибати эса ҳаммамизга маълум.
Эргашев Рустам Нажимович
22:01 / 06.01.2024
Ажойиб фикр ва мулоҳазалари учун буюк халқ шоири Абдулла Ориповнинг қизи Мавлудахонга катта раҳмат. Америка таълим тизимидаги ижобий жиҳатлар ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлдим. Таълим муассасасида улар асосий эътиборни нималар (натижа)га қаратиш ва унга қандай эришиш кераклигини яхши билишар экан. Мамлакатимизда узлуксиз таълим тизими фаолиятини аниқ мезонлар асосида бошқариш, унинг сифат ва самарадолигини таъминлаш масалаларини қайта кўриб чиқиш вақти етиб келди, шекилли. Бугунги кунда узлуксиз таълимнинг барча турлари (мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта ва профессионал таълим, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш)да сон кейтидан қувиш эмас, балки сифатли таълимга ўтиш зарур. Айниқса олий таълим тизимида сифатсиз кадрлар тайёрлаш, соҳта илмий даражага эга бўлган педагог кадарларни етиштириш натижасида нимага эришамиз. Улар эртанги авлодлар таълими ва тарбиясига қандай таъсир этишини тасаввур этиш қийин эмас. Олмани тагига олма, шаптолини тагига шаптоли тушади.
Иноят
12:09 / 08.09.2023
Узбек ватандошларимизнинг хорижда эришаётган ютуклари тахсинга лойик, фахрланишга арзийди. Лекин, улар уз ватани тараккиётига хизмат килиши керак эмасми ?
Аъло
06:01 / 01.01.1970
Фикримча жудаям мазмунли ва фойдали сухбат! Шунака маънили инсонлар билан шунака мазмунли сухбатларни копайтирилар!
Жуиаева Фотима
06:01 / 01.01.1970
Укиб шунчалик буюк инсон Узбекистон халк кахрамони А Ориповнинг буюк тарбияси деб билдим .кишини кунглини ёритадиган камтарингина сухбат .Укитувчиман марузаларини укиган хар кандай киши узига хулоса чикара олади деб уйлайман .жуда хам ажойиб сухбат деб билдим.