Йил йўқотишлари – 2022 йилда вафот этган таниқли ўзбекистонликлар


Сақлаш
16:01 / 26.12.2022 1198 0

 

Поёнига етаётган 2022 йилда Ўзбекистон сиёсий, фан, маданий ҳаётидаги таниқли инсонлардан айримларини йўқотдик. “Oyina.uz” ҳар йилги анъанасига содиқ қолган тарзда йил давомида вафот этган машҳур санъаткор, сиёсатчи, олим, давлат хизматчиларини ёдга олади.

 

ВИДEОНИ ТОМОША ҚИЛИШ

 

2022 йилнинг илк кунлариданоқ, аниқроғи 2 январь куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Рустам Обидов 72 ёшида вафот этди. У «Фан ва турмуш» журналида узоқ ва самарали меҳнат қилган. Журналист ўтган асрда Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш этилган «Оламга саёҳат» кўрсатуви орқали томошабинлар эътиборини қозонган.

 

 

Кимё-технология соҳасидаги йирик олим, Фанлар академияси академиги Сайдиаҳрол Тўхтаев 3 январь куни 79 ёшида вафот этди. Марҳум қарийб 60 йиллик илмий педагогик фаолияти давомида юртимизда ноорганик кимё соҳасининг ривожига, шу йўналишда юқори малакали кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшган. Академик вафотига Президент Шавкат Мирзиёев ҳам таъзия билдирди.

 

 

Ўзбекистон фан арбоби, академик, профессор Бахтиёр Назаров 77 ёшида оламдан ўтди. У 1986−1994 йилларда «Ўзбек тили ва адабиёти» журналининг бош муҳаррири, президент маслаҳатчиси, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаганди.

 

 

Январь ойининг охирида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор, театр режиссёри, педагог Жўра Маҳмудов вафот этди. У «Она», «Қиёмат қарз», «Инсонликка номзод», «Оғриқ тишлар», «Сохта оқсуяк», «Қаердасан, жон болам», «Қирол Лир» ва бошқа спектаклларни саҳналаштирган. Бундан ташқари кичик томошабинларга бағишланган бир нечта эртак-пьесалар муаллифи.

 

 

26 январда ўзбек адабиёти, драматургияси оғир жудоликка учради. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати”ордени соҳиби, таниқли драматург, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шароф Бошбеков оламдан ўтдиУ ёзган «Темир хотин» комедияси кириб бормаган ўзбек хонадони бўлмаса керак. Мазкур асар асосида тасвирга олинган бадиий фильм ҳам халқимизга манзур бўлган.

 

 

29 январь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Умарали Норматов 91 ёшида вафот этди.

 

 

Февраль ойида Ўзбекистон халқ артисти Вилоят Оқилова вафот этди. Вилоят Оқилова раққоса сифатидаги фаолияти давомида “Занг”, “Ларзон”, “Шодлик”, “Хоразм лазгиси”, “Помир рақси”, “Афғонча”, “Дилрабо”, “Шодиёна” каби кўплаб рақсларни маҳорат билан ижро этиб, мутахассислар ва халқимиз эътирофига сазовор бўлган. У балетмейстер сифатида бир қанча рақсларни саҳналаштириб, ўзига хос мактаб ярата олган санъат дарғаларидан бири эди. 

 

 

Тошкент тиббиёт академиясининг фахрий профессори, академик Турғунпўлат Даминов 81 ёшида вафот этди. Даминовнинг ўзбек тиббиёти ривожидаги хизматлари катта. У болаларда учрайдиган гепатитнинг давомли ва сурункали хиллари шаклланишини клиник-патогенетик нуқтаи назардан ўрганди. Болаларда учрайдиган В вирусли гепатитнинг давомли хилини самарали даволаш усулини ишлаб чиқди ва амалиётга татбиқ этди. Кўпинча чақалоқлар ўлимига сабаб бўладиган нафас йўллари касалликлари белгиларини аниқлаган.

 

 

Атоқли археолог олим, тарихчи, Фанлар академияси академиги Эдвард Ртвеладзе 80 ёшида вафот этди. Марҳум Ўрта Осиё, Кавказ, Кипр, Япония ва Францияда олиб борилган 80 дан ортиқ илмий археологик экспедициялар иштирокчиси ҳисобланади. Кўпгина археологик ёдгорликларни очган ва текширган. Эдвард Ртвеладзе раҳбарлигида Тоҳаристон экспедицияси томонидан Кампиртепада олиб борилган қазишлар натижасида археологик амалиётда биринчи марта Кушонлар даврига оид қадимий шаҳар харобаси тўлиқ очилган.

 

 

Собиқ мураббийи Рустам Акромов 73 ёшида вафот этди. У Ўзбекистон мустақилликка эришгач, мамлакат миллий терма жамоасини бошқарган илк мураббий, мамлакатимиз терма жамоасини Осиё ўйинларида чемпион қилган футбол профессори эди.

 

 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Жўрахон Пўлатов 88 ёшида вафот этди. Жўрахон Пўлатов халқона, самимий кулгига бой ҳар бир чиқиши орқали эл меҳрини қозонган, аския санъатининг дарғаларидан бири эди.

 

 

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими Иброҳим Файзуллаев 89 ёшида вафот этди. Файзуллаев раҳбарлик қилган хўжалик республикадаги илғор ва иқтисодий бақувват хўжаликлардан бири бўлиб, пахта, ғалла, пилла етиштиришда юқори кўрсаткичларга эришган.

 

 

Март ойида таниқли иммунолог, асли самарқандлик Раҳим Хаитов 78 ёшида Москвада вафот этди. У Россия Фанлар академияси, Россия Тиббиёт фанлари академияси академиги, тиббиёт фанлари доктори, профессор. Россия Иммунология институти директори. Рахим Хаитов Россия аллергологлар ва клиник иммунологлар уюшмаси президенти, ЖССТ иммунология бўйича эксперти эди. У ОИВга қарши рус вакцинасининг ишлаб чиқувчиларидан бири сифатида танилган.

 

 

15 март куни Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова вафот этди. Актриса кинода ва театрда самарали фаолият юритган. Айниқса Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғолони” комедиясидаги Сотти образи орқали ўзбек томошабинларининг меҳрини қозонган.

 

 

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри санъаткори, Ўзбекистон халқ артисти Марям Ихтиёрова 82 ёшида вафот этди. У ўзининг узоқ йиллик фаолияти давомида «Водиллик келин», «Бомба», «Дев билан пакана», «Келгинди куёв» каби кўплаб фильмларда ва спектаклларда роль ижро этган.

 

 

Ўзбекистон халқ артисти Лутфулла Саъдуллаев 10 апрель куни 81 ёшда вафот этди. У фаолияти давомида 200 га яқин спектаклларда бир-биридан эсда қоларли роллар ижро этди. Кино ва видеофильмлар, телевизион миниатюралар дастурида ижро этган роллари эса 500 дан ортиқдир.

 

 

Ангрен шаҳар ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётган Нуритдин Абдурахимов 11 май куни вафот этди. У Ангрен  шаҳар  ҳокими  лавозимига қадар Президент Администрациясининг масъул ходими сифатида фаолият юритиб келган.

 

 

Ўзбекистон халқ бахшиси, Шеробод достончилиги мактаби вакили Абдуназар Поёнов 73 ёшда вафот этди. Абдуназар бахши  репертуаридан “Алпомиш“, “Малика айёр“, “Шерали“ ва бошқа достонлар, дўмбира куйлари ҳамда Ватанга муҳаббат, садоқат, халқ ҳаёти мавзуларида ўзи ижод қилган термалар ўрин олган.

 

 

Ўзбекистон қаҳрамони, «Нурли обод» фермер хўжалиги раҳбари Лола Муротова вафот этди. Лола Муротова 1958 йил Олтиариқ туманида туғилган. Фаолияти давомида Фарғона вилоятидан Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб тайинланган.

 

 

Май ойининг сўнгги кунларида таниқли футбол шарҳловчиси, Ўзбекистон спорт журналистлари отахони Ахбор Имомхўжаев 86 ёшида оламдан ўтди. У умрининг 60 йилдан ошиқ қисмини ўзбек футбол ривожи ва ўзбек спорти журналистикасига бағишлаган. Ахбор Имомхўжаев ўзбек футболига оид қатор китоблар муаллифи ҳам ҳисобланади.

 

 

Июнь ойида Сирдарё вилояти Янгиер шаҳри ҳокими Илёр Хўжаев касалликдан сўнг вафот этди. Илёр Хўжаев 2016 йилдан бери ушбу лавозимда фаолият юритиб келаётган эди.

 

 

Шу ойда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, МТРК раисининг биринчи ўринбосари Фарҳод Маҳмудов ҳам оламдан ўтди. У 1995 йилдан буён Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида турли лавозимларда фаолият кўрсатган.

 

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Ҳаққул 28 июнь куни 73 ёшида вафот этди. Олимнинг “Ўзбек адабиётида рубоий”, “Увайсий шеърияти”, “Бадиий сўз шукуҳи”, “Занжирбанд шер қошида”, “Шеърият – руҳий муносабат”, “Абадият фарзандлари”, “Тасаввуф ва шеърият”, “Камол эт касбким...”, “Ғазал соғинчи” каби 20дан ортиқ китоблари нашр этилган.

 

 

Августда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоира Фароғат Камол вафот этди. Унинг 1985 йилда дастлабки шеърий тўплами – “Осмон парчаси” кейинроқ “Узоқ сафарлар”, “Баргизуб”, “Ҳолатлар китоби” каби шеърий тўпламлари нашр қилинган.

 

 

Сентябрда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хонанда Равшан Намозов вафот этди. Хонанда ўз фаолиятини 1989 йили ташкил этилган «Қарс» гуруҳида бошлаган. 1991 йилдан буён яккахон ижод қилган хонанда 1993 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган.

 

 

Ўзбекистон халқ шоири, таниқли таржимон Жамол Камол 84 ёшида вафот этди. У таржимон сифатида Уильям Шекспирнинг “Ҳамлет”, “Отелло”, “Антоний ва Клеопатра”, “Қиш эртаги”, “Венеция савдогари”, “Қирол Генрих IV”, “Макбет” каби ўндан ортиқ драмаларини бевосита инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилди. Жамол Камол шеърлари рус, инглиз, француз, поляк, украин, турк, озарбайжон, тожик ва бошқа кўплаб тилларга таржима қилинган.

 

 

Афсонавий ўзбек рок-поп қўшиқчиси Даврон Ғоипов 61 ёшида вафот этди. 17 ёшидан гитарада қўшиқ ижро этишни бошлаган. 1980 йилгача «Ялла» гуруҳида гитарист сифатида ижод қилган. 1981 йилда «Оригинал» гуруҳига асос солган ва тез орада машҳурликка эришган. У «Керак эмас шаҳло кўзларинг», «Қайдасан», «Бу нима бу?», «Шошмагин», «Откритое окно» сингари юзлаб ҳит қўшиқлар яратган.

 

 

14 ноябрь куни собиқ «Уммон» гуруҳининг хонандаси Жасур Рафиқов вафот этди. У бир неча йиллардан буён саратон касаллиги билан курашиб келган. «Уммон» гуруҳи 2007 йилда Зоҳид Рихсиев, Жасур Рафиқов ва Шоҳруҳ Исамуҳаммедов томонидан ташкил этилган ва ёшлар орасида жуда катта машҳурликка эришган. 2019 йилда гуруҳ парчаланиб кетган эди.

 

 

15 ноябрь куни Ўзбекистон рассомлар уюшмаси аъзоси, мусаввир Шавкат Музаффар (Шавкат Туропов) 54 ёшида вафот этди. Шавкат Музаффарнинг бир қанча рангтасвир, графика, карикатура ва шунингдек хаттотлик асарлари АҚШ, Германия, Чехия, БАА, Франция, Жанубий Корея, Малайзия, Саудия Арабистони каби қатор мамлакатларнинг шахсий коллекцияларида, шу жумладан, АҚШ Конгресси кутубхонасининг Марказий Осиё фондида сақланади.

 

 

Декабрь ойида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, академик Абдумавлон Абдуллаев 92 ёшида вафот этди. Шавкат Мирзиёев унинг яқинларига ҳамдардлик билдирди. Абдумавлон Абдуллаев ғўза генетикасининг фундаментал асосларини ривожлантиришга ҳисса қўшган эди.

 

 

18 декабрда истеъдодли ўзбек адиби Собир Ўнар 58 ёшида вафот этди. Адибнинг илк ҳикояси — «Кунсулувнинг хатлари». Шундан сўнг ёзувчининг «Орзуга тўла қишлоқ», «Овлоқ адирлар бағрида», «Чашма» ҳикоялар тўпламлари нашр этилган. «Чамбилбелнинг ойдаласи» асари муаллифи.

 

 

Ўхшаш мақолалар: 2021 йил йўқотишлари

 

Инобат АҲАТОВА,

Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 13487
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//