Машҳур «Темир хотин» асари муаллифи Шароф Бошбеков вафот этди

Сақлаш
16:01 / 26.01.2022 1526 0

Ўзбек адабиёти, драматургияси оғир жудоликка учради. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати”ордени соҳиби, таниқли драматург, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шароф Бошбеков 2022 йилнинг 26 январь куни оламдан ўтди. Ушбу хабарни Ёзувчилар уюшмаси матбуот котиби Фозил Жабборов "Oyina.uz" мухбирига тасдиқлади.

 

Шароф Бошбеков 1951 йилнинг 4 январида Самарқанд вилояти Булунғур туманида туғилган. Санъат институти мусиқали актёрлик бўлимида таҳсил олди. Муқимий номли театрда, Сирдарё вилояти театрида актёр сифатида фаолият кўрсатди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида (1983–1985), Ўзбекистон Миллий давлат академик драма театрида (1986–1987) адабий ходим бўлиб хизмат қилган.

 

Дастлаб «Г» варианти» (1981), «Ғурур» (1982), «Жумбоқ» (1986) каби ҳикояларини эълон қилди. Шундан сўнг бирин-кетин «Тушов узган тулпорлар» (1983) драмаси, «Тақдир эшиги», «Эшик қоққан ким?» (1987), «Эски шаҳар гаврошлари» (1998), «Темир хотин» (1989) каби жиддий комедияларини яратди. «Темир хотин» комедияси нафақат республикамиз, балки бошқа мамлакатлар театрларида ҳам саҳнага қўйилди. Унда муаллиф фан-техника ривожи даврида инсон онги, дунёқараши, фаолиятида содир бўлаётган жиддий ўзгаришлар, жамиятдаги теран муаммоларни ҳажвий йўсинда очиб беради. Мазкур асар асосида тасвирга олинган бадиий фильм ҳам халқимизга манзур бўлди.

 

Ш. Бошбеков сценарийси асосида «Шариф ва Маъруф», «Юзсиз» (1993), «Тилла бола» (1994) каби фильмлар яратилди. У «Масхарабоз» (1996), «Фарҳод ва Ширин» фильмларида ҳам сценарий муаллифи, ҳам режиссёр сифатида қатнашди. Унинг сценарийси асосида «Чархпалак» телесериали дунёга келди. Бундан ташқари «Тентак фаришталар» (1995), «Зўрдан зўр чиқса» (1996) каби саҳна асарлари ҳам республика театрларида муваффақиятли намойиш этилган.

 

Шароф Бошбековнинг «Темир хотин» асари 1989 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Шайхзода номидаги йиллик мукофотига лойиқ топилган.

 

Мустақиллик йиллари «Ўйин» (2002), «Дока рўмолнинг қуриши» (2004) телефильм сценарийларини ёзди; «Сўқмоқ» (2003), «Меҳр ва маузер» (2007) киноқиссаларини яратди. «Фалакнинг гардиши» (2009), «Мусофир бўлмагунча» (2009), «Тентак фаришта» (ҳикоялар, мақолалар, сценарий, 2010) мажмуалари нашрдан чиқди.

 

Шароф Бошбеков 1990 йилда Давлат мукофотига, 1999 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» унвонига сазовор бўлди. Шунингдек, 2001 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси