Рассом Шавкат Музаффар вафот этди

Сақлаш
12:11 / 15.11.2022 1138 0

15 ноябрь куни Ўзбекистон рассомлар уюшмаси аъзоси, мусаввир Шавкат Музаффар (Шавкат Туропов) 54 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «Муштум» журнали хабар берди.

 

Унинг ўлими сабабига аниқлик киритилмаган. Маълумот учун, Шавкат Музаффар 1968 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1993 йилда Тошкент архитектура ва қурилиш институтининг архитектура факультетини тамомлаган.

 

1989−1993 йилларда «Ташгипрогор» ва «Узниипр» лойиҳалаш институтларида, 1993−2003 йилларда «Ўзсаноатқурилишбанк» тизимида, 2007−2010 йилларда «Муштум» ҳажвий журналида, 2015−2020 йилларда Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармасида ва Тошкент шаҳар маданият бошқармасида фаолият юритган. Бугунги кунгача у «Муштум» журнали ва Халқаро ислом академиясининг «Зиё» студиясида фаолият юритиб келган.

 

Шавкат Музаффарнинг бир қанча рангтасвир, графика, карикатура, шунингдек, хаттотлик асарлари АҚШ, Германия, Чехия, БАА, Франция, Жанубий Корея, Малайзия, Саудия Арабистони каби қатор мамлакатларнинг шахсий коллекцияларида, шу жумладан, АҚШ Конгресси кутубхонасининг Марказий Осиё фондида сақланади.

 

Рассом кўплаб халқаро танлов-конкурслар, кўргазмаларда фаол иштирок этган, бир қанча асарлари Европа ва Осиё мамлакатлари кўргазмаларининг каталогларидан жой олган. Хусусан, бир неча марта дунёнинг энг нуфузли World press cartoon танловида Ўзбекистон номидан қатнашган. 2007 йил «Олтин қалам» миллий мукофотига, 2016 йил «Мустақилликнинг 25 йиллиги» медалига сазовор бўлган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси