Жамият
2021 йил ўзбек санъати, фан, таълим, маданиятининг бир гуруҳ ёрқин шахслари вафот этди, ўтаётган йил йўқотишлар, жудоликлар кўп бўлди. “Oyina.uz” 2021 йилда вафот этган машҳур санъаткор, сиёсатчи, олим, давлат хизматчиларини ёдга олади.
17 январь куни ўзбек мумтоз қўшиқчилигининг йирик вакили, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист, «Лазги» ансамбли ва Хоразм санъатининг устунларидан бири, устоз санъаткор Раҳматжон Қурбонов (1959–2021) вафот этди. Санъаткор асл санъат дурдоналаридан «Чоргоҳ», «Талқини Рост», «Катта сувора», «Чапандози сувора», «Бозиргоний», «Қаро кўзим», «Насруллойи», «Махсус», «Феруз-1», «Феруз-II», «Оразибон» каби кўплаб мақом ҳамда мумтоз ашулаларни юксак маҳорат билан меъёрига етказиб ижро қилган. Раҳматжон Қурбонов ижодий фаолияти давомида қардош қорақалпоқ, озарбайжон, туркман, турк, тожик халқ қўшиқларини ҳам зўр иштиёқ билан куйлади ва кўпчиликнинг меҳрини қозонди.
15 январь куни шоира Гулчеҳра Нуруллаева (1938–2021) 83 ёшида оламдан ўтди. Ўтган асрнинг охирги чорагида ўзининг ўткир шеърияти билан адабиёт майдонида ном қозонган ушбу шоиранинг «Орзуларим қоқади қанот», «Ташнаман», «Иккинчи баҳор», «Лирика», «Бағишлов», «Пахта ҳиди», «Нурли нуқталар», «Муҳаббатнинг суврати» китоблари чоп этилган.
22 март куни эса ўзбек болалар адабиёти оғир жудоликка учради. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев (1932–2021) шу йил 88 ёшида вафот этди. Адиб «Сариқ девни миниб», «Сариқ девнинг ўлими», «Беш болали йигитча», «Қасоскорнинг олтин боши», «Йиллар ва йўллар», «Ширин қовунлар мамлакати» каби асарлари билан китобхонлар меҳрини қозонган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев вафоти муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев ҳам ҳамдардлик билдирган эди.
4 апрель куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, ҳайкалтарош Яков Шапиро (1937–2021) 83 ёшида вафот этди. Яков Шапиронинг ижод намуналари Ўзбекистон, Россия, АҚШ, Франция, Италия, Исроил, Япония ва бошқа давлатларда ўрнатилган. Тошкент метросининг бешта станцияси, жумладан, «Мустақиллик майдони» ва «Буюк ипак йўли» станциялари учун паннолар ушбу ҳайкалтарош томонидан тайёрланган. Бундан ташқари, ҳайкалтарош Тошкентдаги Шота Руставели, Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов, Лал Баҳадур Шастри, Ботир Зокиров, Бухородаги Хўжа Насриддин Афанди ҳайкаллари муаллифи ҳисобланади. Ижодкор яна бир қатор архитектура-ҳайкалтарошлик ансамбллари, жумладан, «Космонавтлар» метро станциясидаги Она замин, Икар, Улуғбек, Сиолковский, Королёв, Гагарин ҳамда космонавт Владимир Жонибеков фигураларидан иборат юлдузлар мавзусидаги композиция муаллифидир.
Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов (1963–2021) 16 апрель, жума куни 58 ёшида вафот этди. Марҳум актёрнинг кўплаб фильмлардаги роллари томошабинлар кўнглидан жой олган. Жумладан, “Кўнгил кўчалари” сериалида Санжар, “Остона” да майор Мўминов, “Имом Бухорий”да ҳабаш, “Гулхан атрофидагилар”да Хазрат Қораевич каби роллари орқали миллий сериалларимизда ҳамда “Муҳаббат синовлари” фильмида Азиз Мирзаевич, “Тубанлик”да Турғун ҳожи, “Марғиёна”да темирчи, “Мурувват”да Қодир, “Мухаббатимсан”да Шуҳратхўжа, “Гумроҳлар”да Мирза Маҳмудов, “Новда”да бош врач сингари 50 дан зиёд киноларда асосий ролларни ижро этиб, халқимиз меҳрини қозонган. Мирза Азизов вафоти муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев ҳамдардлик билдирган.
Атоқли давлат ва жамоат арбоби, Олий Мажлис Сенатининг аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Нормуродов (1939–2021) 2021 йил 24 апрель куни 82 ёшида вафот этди. У “Дўстлик”, “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари, “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган юксак унвон билан мукофотланган. Ҳасан Нормуродов узоқ йиллар халқ таълими тизимида ишлаган. Кейинчалик «Нуроний» жамғармасининг Самарқанд вилояти бўлими раиси сифатида меҳнат фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш ишларига катта ҳисса қўшган. Ҳаётининг сўнгги кунларида Самарқанд вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари вазифасида ишлаб келаётганди. Шавкат Мирзиёев Ҳасан Нормуродов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирган эди.
Ўтаётган йил ўзбек илм-фани учун ҳам йўқотишларга бой бўлди. Жумладан, академик Ўткир Расулев (1939–2021) 4 май куни 82 ёшида вафот этди. Ўткир Расулев Ўзбекистон Фанлар Академияси Президиуми аъзоси, давлат мукофотлари совриндори эди.
Ўзбекистон Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Халқаро ислом академияси ректори Рустам Қосимов (1956–2021) 7 май куни 64 ёшида вафот этди. Рустам Қосимов кўп йиллар олий таълим соҳасида турли вазифаларда ишлаган. 2004–2009 йилларда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари сифатида фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳалар ривожига ҳисса қўшган. Марҳум вафотидан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев таъзияли хонадонга ташриф буюриб, марҳумнинг фарзандлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган.
11 май куни устазода санъаткор, таниқли созанда ва бастакор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, профессор Шавкат Мирзаев (1942–2021) вафот этди. У 1978 йилдан бошлаб таниқли санъаткор ўзбек мумтоз ашулалар моҳир ижрочиси Муножот Йўлчиевага устозлик қилган.
Миллий театр санъатимиз ва маданиятимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ва бетакрор истеъдод соҳиби, атоқли режиссёр, устоз санъаткор, Ўзбекистон санъат арбоби, Халқ артисти Баҳодир Йўлдошев (1945–2021) 2021 йил 16 май куни 76 ёшида вафот этди. Баҳодир Йўлдошев томонидан саҳналаштирилган «Абу Райҳон Беруний», «Ибн Сино», «Искандар», «Нодирабегим», «Юлдузли тунлар», «Қора камар», «Фармонбиби аразлади», «Келинлар қўзғолони», «Майсаранинг иши», «Чеча», «Аршин мололон» каби ўнлаб драматик асарлар миллионлаб санъат мухлисларининг қалбидан чуқур жой олган. Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев вафоти муносабати билан мамлакат раҳбари ҳам ҳамдардлик билдирди.
Таниқли журналист, «Ўзбекистон овози» газетаси бош муҳаррири, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Сафар Остонов (1948–2021) 9 июнь куни 73 ёшида вафот этди. У «Спорт» ва «Ўзбекистон футболи» газеталарида бош муҳаррир бўлган, кейинроқ Ўзбекистон президенти аппаратида маслаҳатчи сифатида ишлаган, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист давлат мукофоти билан тақдирланган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиб Дадахон Нурий (1943–2021) вафот этди. Адиб сўнгги йилларда «Ниқобсиз Америка ва бошқа манзилгоҳлар», «Олисдаги дала боғ», «Изтироб», «Виждон ҳайқириқлари» каби китобларни ёзган. Унинг асарлари ҳинд, урду, инглиз, қозоқ, корейс, турк ва рус тилларига таржима қилинган.
14 июлда Ўзбекистон халқ ўқитувчиси, «Қоракўл мактаби» асосчиси Тўхтамурод Жумаев (1945–2021) 76 ёшида вафот этди. У ташкил қилган Қоракўл мактабида ўзига хос таълим олиш тизими жорий қилинган. Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил сентябрь ойида Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган маросимдаги нутқида Тўхтамурод Жумаевнинг хизматларини эътироф этган эди.
18 июль куни Олмазор тумани ҳокими Абдумажид Муллажонов (1970–2021) 51 ёшида вафот этди. У узоқ йиллар давомида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган. Подполковник Абдумажид Муллажонов 2019 йилда «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган.
Орадан бир кун ўтиб, 19 июль куни собиқ MMA жангчиси Мурод Хонтўраев (1987–2021) автоҳалокатга учраб вафот этди. «Осиё айиғи» лақаби билан машҳур бўлган Хонтўраев MMAдаги профессионал фаолиятини 2013 йилда бошлаган. У жами 15 та жанг ўтказиб, уларнинг 12 тасида ғалаба қозонган, учта жангда мағлуб бўлган, яна битта жанг натижаси бекор қилинган.
26 июлда Республика олий таълим кенгаши раиси, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори, иқтисод фанлари доктори, профессор Ўктам Умурзоқов (1952–2021) 68 ёшида вафот этди. У бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг отаси.
27 июлда атоқли олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Нусрат Парпиев (1931–2021) 90 ёшида вафот этди. У мамлакатда ноорганик кимё соҳасидаги долзарб масалаларни тадқиқ этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшган. Нусрат Парпиев раҳбарлигида 50 дан ортиқ фан номзодлари ва фан докторлари тайёрланган.
Бир кун ўтиб, 28 июль таниқли олим, публицист, филология фанлари номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, «Олтин қалам» миллий мукофоти совриндори Бойбўта Дўстқораев (1942–2021) 79 ёшида вафот этди. Машҳур олим, кўпчилик ўзбек журналистларининг устози Бойбўта Дўстқораев қарийб ярим асрлик умрини ўқитувчи сифатида шу соҳада журналист кадрлар тайёрлашга ҳамда миллий матбуот тарихини изчил ўрганишга бағишлаган.
Андижон вилояти Бўстон (собиқ Бўз) тумани ҳокими Садбархон Мамитова (1966–2021) 31 июль куни оғир хасталикдан вафот этди. У узоқ йиллар Жалақудуқ туманида турли лавозимларда меҳнат қилган. Туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, туман Бандликка кўмаклашиш маркази директори лавозимларида ишлаган. 2019 йилдан «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлимига раҳбарлик қилган. 2020 йилнинг 4 мартидан буён Бўстон тумани ҳокими вазифасида ишлаб келаётган эди.
Жорий йилнинг 11 августида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, «Дўстлик» ордени соҳиби Муҳаммад Рафиқов (1940–2021) 81 ёшида пневмония касаллиги билан вафот этди. Муҳаммад Рафиқов «Бобур» телефильмида Шайбонийхон, «Амир Музаффархон»да Музаффархон, «Ҳаким ва ажал» видеофильмида Ибн Сино, «Имом ал-Бухорий» сериалида ал-Бухорий, «Соҳибқирон» сериалида Амир Темур, «Шайтанат» сериалида Абдураҳмон табиб, «Қўқон шамоли» фильмида Шайх ул-ислом каби ролларни маҳорат билан ижро этган.
15 августда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов (1950–2021) 71 ёшида вафот этди. Усмонхон Алимов 2012 йилда Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутундунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайланган. Иорданиянинг Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан эълон қилинадиган «Жаҳоннинг энг нуфузли 500 мусулмони» рўйхатидан ўрин эгаллаган. Шавкат Мирзиёев Усмонхон Алимов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирган.
Олий Мажлис Сенати аъзоси, Фарғона вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг Кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ўринбосари Топиболди Холдоров (1942–2021) 22 август куни 79 ёшида вафот этди. У сурункали юрак ва буйрак етишмовчилигидан вафот этган. Топиболди Холдоров 60 йиллик меҳнат фаолияти даврида жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фаол иштирок этиб келган.
Ёзувчи ва таржимон Олим Отахон (1951–2021) 17 сентябрь куни 70 ёшида вафот этди. Ёзувчининг «Оқшом хаёллари», «Озод қушлар ҳақида қисса», «Адоқсиз кўчалар» каби насрий асарлари нашр этилган. Унинг Фёдор Достоевскийнинг «Маъсума», «Ғаройиб олам», Жек Лондоннинг «Оқ сўйлоқ» қиссаларини, Хулио Кортасарнинг «Ўйиннинг тугаши», «Биз Глендани шундай севамиз», Ясунари Кавабатанинг «Оқ гуллар», Фёдор Достоевскийнинг «Ўлик уйдан мактублар» каби гўзал таржималари ҳали ҳамон адабиёт мухлисларининг севиб ўқийдиган асарлари қаторида туради.
12 ноябрда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Нью-Йорк академиясининг ҳақиқий аъзоси, профессор Шабат Хўжаев (1924–2021) 98 ёшида оламдан ўтди. Шабат Хўжаев 1967 йилда Ўрта Осиёда илк бор 1-клиник юқумли касалликлар шифохонасида вирусология лабораториясини яратган ва Ўзбекистонда биринчи марта грипп ва бошқа ўткир респиратор касалликлар диагностикаси учун иммунофлуорессенсия реакциясини жорий қилган. У Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология институтига асос солиб, унга 2004 йилгача раҳбарлик қилган.
21 ноябрда Ўзбекистон халқ артисти, «Меҳнат шуҳрати», «Эл-юрт ҳурмати» орденлари ҳамда «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони соҳиби Бахтиёр Ихтиёров (1940–2021) 81 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бахтиёр Ихтиёров сермаҳсул ижоди давомида «Ёр-ёр», «Ажойиб хаёлпараст», «Ўтган кунлар», «Нодирабегим», «Еттинчи жин», «Абу Райҳон Беруний», «Еттинчи ўқ», «Шум бола» каби жуда кўплаб фильмларда ажойиб ролларни ижро этиши билан бир қаторда ўзбек театр санъати ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшган.
Ўзбек дубляж соҳасида сермаҳсул ижод қилган Санжар Саъдуллаев (1954–2021) 4 декабрь куни 67ёшида вафот этди. У бугунга қадар 1000 дан ортиқ фильмларга овоз берган. Жумладан «Қашқирлар макони» (Пўлат Аламдар), «Қиш сонатаси» (Жунсанг), «Ичкарида» (Комиссар Юсуф, Сарп, Ҳасан қизил яноқ), «Севги изтироби» (Камол), «Сўйла, Қораденгиз» (Ведад) каби юзлаб сериаллар ва бадиий фильмлардаги бош қаҳрамонлар образини гавдалантирган. Қолаверса, у ҳинд фильмларида Болливуд қироли актёр Шоҳруҳхонга доимий равишда овоз бериб келган.
«Бунёдкор» футболчиси Диёр Раҳимқулов (2002–2021) 11 декабрь куни автоҳалокат оқибатида вафот этди. 19 ёшли Диёр Раҳимқулов 2021 йилги мавсумда «Андижон» клубида ижара асосида тўп сурганди. Футболчи андижонликлар сафида 24 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига битта гол ёздириб қўйган.
Атоқли физик олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Темурбек Усмонов (1942–2021) 2021 йилнинг 22 декабрь куни 79 ёшида вафот этди. Академик Т.Усмонов ўз соҳаси бўйича янги илмий йўналишга асос солиб, дунёда илк бор қувватли лазер нурланишларининг энг катта самарадорликдаги гармоникалари ва ёруғликнинг энг юқори даражадаги параметрик генерацияларини олишга эришди. Унинг тадқиқотлари асосида ишлаб чиқилган лазер комплекслари бугунги кунда амалиётда кенг қўлланмоқда. Таниқли олим “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланган эди. Академик Темурбек Усмонов вафоти муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев ҳам таъзия билдирган.
23 декабрь куни Ўзбекистон ёшлар мукофоти, «Соғлом авлод учун» ордени соҳиби, Ўзбекистон халқ артисти, таниқли композитор ва дирижёр Шермат Ёрматов (1939–2021) 82 ёшида вафот этди. У «Ўзтелерадио»да хор жамоаси дирижёри, «Булбулча» болалар хорининг бадиий раҳбари ва бош дирижёри сифатида ишлаган. Шермат Ёрматов ўзбек болалар хорининг фаол тарғиботчиси, «Қўшиғим, жон қўшиғим», «Биргаликда куйлаймиз», «До, ре, ми, фа, соль», «Санъат ғунчалари» каби қатор кўрсатувлар орқали бутун республика болаларига мусиқадан таҳсил берган муаллим сифатида танилган.
“Oyina.uz” жамоаси якунига етиб бораётган 2021 йилда вафот этган машҳур, фидойи инсонларнинг яқинларига яна бир бор ҳамдардлик билдиради. Марҳумларнинг охирати обод бўлсин!
Матн: Инобат Аҳатова
Видео: Муҳаммадхон Юсупов
Сиёсат
Жаҳон
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
3 Изоҳлар
Maya Özbek
12:01 / 01.01.1970
Аллохнинг иродасига исён этмаймиз. Охиратлари обод, маконлари фирдавси жаннат булсин илохим. Мурод Хонтураев ва Санжар Саъдуллаев улими энг куп кунглимни оғритди. Инна лиллахи ва Инна илайхи рожиъун
Фатима Маматовна
12:01 / 01.01.1970
Утганларнинг жойлари Жаннатда булсин. Омин.
Gulnoraxon Toshmatova
12:01 / 01.01.1970
Olamdan oʻtgan aziz yurtdoshlarimizni oxiratlari obod , joylari jannatda boʻlsin . Bizga qoldirgan buyuk meroslarini qadrlaymiz va ular bizni qalbimizda mangu yashaydi. "Oyina. uz" jamoasiga katta rahmat , berilayotgan ma'lumotlar uchun .