Таниқли олим Умарали Норматов вафот этди

Сақлаш
19:25 / 29.01.2022 1272 1

Бугун, 29 январь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Умарали Норматов 91 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати хабар қилди.

 

Умарали Норматов 1931 йилнинг 3 январь санасида Фарғона вилояти Бешариқ тумани Рапқон қишлоғида туғилган. Тошкент университетининг (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетини тугатган. 1952–2010 йиллар давомида Ўзбекистон Миллий университети ўзбек филологияси факультетида ишлаган. У иш фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаб, 1976 йилдан 2000 йилгача Ўзбек адабиёти кафедраси мудири лавозимида самарали иш олиб борган. 2011 йилгача мазкур факультетнинг профессори сифатида талабаларга сабоқ бериш билан бирга кўплаб илмий-тадқиқот ишларига раҳбарлик қилди.

 

Олим замонавий ўзбек адабиёти, хусусан, ўзбек романчилиги масалалари бўйича етук мутахассис сифатида танилган эди. Филология фанлари доктори, профессор Умарали Норматовни нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё давлатлари филологик йўналишидаги олий таълим муассасалари, илмий марказлари ҳам жонкуяр мураббий, таниқли адабиётшунос олим сифатида эътироф этар эди.

 

Умарали Норматов ўтган йиллар давомида миллий адабиётимизни янада  ривожлантириш, мамлакатимизда замонавий адабиётшунослик мактабини шакллантириш ишларига муносиб ҳисса қўшди. Унинг шу кунгача 500дан ортиқ мақоласи, 50га яқин адабий-танқидий асари, дарслик, ўқув қўлланмалари чоп этилди. Адабиётшунос олимнинг адабий-танқидий ишлари яхлит ҳолда замонавий адабий жараён ҳамда янги ўзбек адабиёти тарихи, тараққиёти масалаларига бағишланган бўлиб, унинг қаламига мансуб миллий адабиётимизнинг нодир асарлари таҳлили, янги ўзбек адабиётнинг ўзига хос хусусиятлари, тараққиёт тамойилларига оид илмий-назарий ишлар адабий жамоатчилик томонидан эътироф этилган.

 

Умарали Норматов 1981 йилда “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвони билан тақдирланган, 1989 йилда “Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати” бўлган, 2011 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.

 

Oyina.uz жамоаси марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

1 Изоҳ

Mansur Yunus

12:01 / 01.01.1970

Ustozning oxiratlari obod bo`lsin, makoni jannt bo'lsin. Haqga yetsinlar.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//