2024 йил Ўзбекистон илм, фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларининг кўплаб таниқли вакилларидан айрилдик, бир қатор сиёсат ва жамоат арбоблари вафот этди. Oyina.uz сайти анъанага мувофиқ 2023 йил каби 2024 йил ҳаётдан кўз юмган машҳурлар ва таниқли шахсларни эслади (Видео шаклида бу ерда кўринг).
Ислом Жасимов
2024 йил 16 январь. Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов 66 ёшида вафот этди. 1986−2017 йиллар давомида прокуратура органлари тизимида масъулиятли лавозимларда фаолият кўрсатиб келган.
1993 йилда “Ўзбекистон Республикаси фахрий ёрлиғи”, 2001 йилда “Шуҳрат” медали ва 2017 йилда “Дўстлик” ордени ҳамда 2020 йилда “МДҲ бош прокурорлари мувофиқлаштирувчи кенгашининг 25 йиллиги” медали билан тақдирланган.
Махамад Тошболтаев
Олим Махамад Тошболтаев 2024 йил 19 январда вафот этди.
У фаолияти давомида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази бош директорининг биринчи ўринбосари – Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва кимёлаштириш муаммоларини ҳал этиш кенгаши раиси сифатида фаолият юритган.
Турғун Азизов
Январь ойининг сўнгги кунларида Ўзбекистон халқ артисти, актёр ва режиссёр Турғун Азизов 90 ёшида вафот этди. У 33 ёшида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган. 1974 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонини олган. Шунингдек, у “Меҳнат шуҳрати” ордени (2001 йил) соҳиби ҳам ҳисобланади.
Режиссёр сифатида “Мирзо Улуғбек”, “Алишер Навоий”, “Меҳробдан чаён”, “Чимилдиқ”, “Машраб” каби спектаклларни саҳналаштирган.
Қаландар бахши
1 февраль куни Ўзбекистон халқ бахшиси Қаландар бахши (Рўзимбой Норматов) 73 ёшида вафот этди. Қаландар бахши “Авазхон” фольклор этнографик ансамбли бадиий раҳбари сифатида кўп йиллар фаолият юритган. “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Саётхон ва Ҳамро”, шунингдек, “Гўрўғли” туркумидан “Бозиргон”, “Авазхон”, “Хирмондали” каби достонларни юксак маҳорат билан куйлаган.
Рўзимбой Норматов 2001 йили “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвони билан тақдирланган.
Аброр Турсунов
8 февраль куни Актёр ва режиссёр Аброр Турсунов вафот этди. У “Чинор остидаги дуэл”, “Суюнчи”, “Абдуллажон”, “Ким жинни”, “Аёллар салтанати” каби кўплаб фильмларда рол ижро этган. Турсунов “Кулол ва хурмача” фильмидаги роли билан мухлисларга таниш.
Маълумотларга кўра, санъаткор инсульт билан бир неча йил давомида курашган.
Жасур Шаметов
Таниқли оператор, режиссёр, клипмейкер Жасур Шаметов 10 февраль куни 39 ёшида вафот этди.
У “Қалбим ўғриси”, “Аччиқ ҳаёт”, “Қалбаки дунё”, “Учрашув”, “Гуноҳ”, “Зарб”, “Оҳ, Салима, Салима”, “Маҳаллада нима гап?” каби бадиий фильмларда постановкачи оператор сифатида ишлаган. Шунингдек, “Учрашув” бадиий фильмининг сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёри.
Актёр сифатида “Суиқасд”, “Пойма-пой” фильмларида роллар ижро этган.
Клипмейкер сифатида Райҳон, Лола, Шоҳруҳхон, Муниса Ризаева, “Афруз” гуруҳи ва бошқа хонандалар билан ҳамкорлик қилган.
Раим Фарҳодий
Таниқли болалар шоири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Булоқча” журнали бош муҳаррири Раим Фарҳодий 4 апрель куни 82 ёшида вафот этди. Раим Фарҳодий болалар учун 50 дан ортиқ шеърий ва насрий китоблар ёзган. Ўзбек болалар шеърияти намуналарини, Навоий, Бобур ғазалларини рус тилига таржима қилган.
1989 йил “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, 1999 йил “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Машраб Кимсанов
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Машраб Кимсанов бир неча йилдан буён оғир хасталик билан курашиб келган. У ҳаёти давомида 4 маротаба инсультни бошдан кечирган ва гапириш ҳамда мустақил ҳаракатланиш имконияти чекланган эди.
Ижодкор 2 май куни 69 ёшида оламдан кўз юмди. Кимсанов “Водиллик келин”, “Оловли йўллар”, “Отамдан қолган далалар”, “Масхарабоз”, “Умид”, “Зебузар”, “Ҳаёт мамот”, “Ҳақиқий эркаклар ови”, “Сеҳрли қалпоқча”, “Онагинам орзуси” каби кўплаб фильмларда эсда қоларли ролларни ижро этган. Шунингдек, ижодкор “Тоғлик куёв” фильмининг постановкачи режиссёри ҳисобланади.
Чори бахши Умиров
4 май куни Ўзбекистон халқ бахшиси Чори бахши Умиров 86 ёшда ҳаётдан кўз юмди. Чори бахши ярим асрдан зиёд ўзининг сеҳрли овози ва сози билан эл олқишига сазовор бўлган бахши сифатида Шеробод достончилик мактабига мансуб ёш бахшиларга ўз ижодидаги достонларни ўргатиб, устозлик қилиб келмоқда эди.
Халқимизнинг анъанавий бахшичилик санъатини қайта тиклаш ва кенг тарғиб этиш, ўсиб келаётган ёш авлодга ушбу ноёб санъат сирларини ўргатишда, халқимиз, келажак авлодларга ўзининг яратган достонларини мерос қолдириш юзасидан олиб борган хизматлари учун 2017 йилда давлатимиз томонидан Чори бахши Умировга “Ўзбекистон Халқ бахшиси” унвони берилган.
Абдурауф Қоржовов
7 июнь куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдурауф Қоржовов 68 ёшда вафот этди. У МТРК тизимида 27 йил давомида ишлаган, шунингдек, сўнгги йилларда “Янги Ўзбекистон” газетасида фаолият кўрсатиб келаётганди.
У 1994 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист унвонини олган. Шунингдек, фаолияти давомида “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Рамиз Асқар
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фахрий аъзоси, турколог ва таржимон Рамиз Асқар 22 июнь куни 70 ёшида вафот этди.
Рамиз Асқар 2004 йилда “Қутадғу билиг” асарининг тил хусусиятлари мавзусида номзодлик диссертациясини, 2009 йилда “Девону луғотит-турк” асарининг тил хусусиятлари мавзусида докторлик диссертациясини ёқлаган. У 150 дан ортиқ илмий мақола, 70 дан зиёд китоб чоп эттирган, шуларнинг 54 таси таржима саналади. У 2020 йил февраль ойида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига фахрий аъзо этиб қабул қилинган. Ўзбек адабиётини тарғиб этишдаги хизматлари, ўзбек ва озарбойжон адабий алоқаларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун 2022 йилда “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.
Малика Қаюмова
14 июнь куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Малика Қаюмова 70 ёшда оламдан ўтди. Малика Қаюмова ўз ижодий фаолияти давомида театрда саҳналаштирилган 30 дан ортиқ спектаклларда бош қаҳрамон роллари ва турли образларни ижро этган.
Жумладан, “Тақдир”да амма, “Девона”да она, “Фотима ва Зуҳра”да она, “Алпомиш”да Кунтуғмиш, “Пари қишлоқ”да она, “Ўлдинг, азиз бўлдинг”да она, “Хонума”да Текле, “Тошкентнинг нозанин маликаси”да Хайри, “Суперқайнона-2”да Ҳожар, “Ой онам-қайнонам”да Қумри, “Қизи борнинг – нози бор”да қуда каби образлари мутахассислар томонидан юқори баҳоланган.
Назиржон Саидов
Андижон вилояти Олтинкўл тумани собиқ ҳокими, журналист Назиржон Саидов 28 июнь куни 76 ёшида вафот этди. Журналист турли йилларда мухбир, бўлим мудири ва муҳаррир ўринбосари сифатида ишлаган.
У шунингдек, 1993−1999 йилларда Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, котибият мудири бўлиб ишлаган. 2008−2021 йилларда Журналистлар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари бўлган. Саидов 2001 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, 2019 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган, Олий Мажлис депутати бўлган.
Турсунали Мамажонов
28 июль куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Турсунали Мамажонов 75 ёшида вафот этди.
Турсунали Мамажонов “Водил чинори” халқ дорбозлик жамоаси бадиий раҳбари, Фарғона вилояти ҳайвонот боғи ташаббускори, фахрий эколог бўлган.
Сайфиддин Эрматов
Равшан Эрматовнинг отаси, Ўзбекистон спорти фахрийси Сайфиддин Эрматов 71 ёшида 14 август куни вафот этди.
Сайфиддин Эрматов фаолияти давомида кўплаб истеъдодли ёш ҳакамларни тарбиялади. Шогирдлари орасида ФИФА рефериси, футбол мундиалларини бошқариш бўйича жаҳоннинг мутлақ рекордчиси Равшан Эрматов, шунингдек, Абдуҳамидулло Расулов каби таниқли ҳакамларни учратиш мумкин. Шунингдек, таркибида Сервер Жепаров, Шуҳрат Мирхолдиршоев, Ярослав Крушелниский, Юрий Никитов каби иқтидорларни жамлаган 1982 йилда туғилган футболчилардан иборат Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи бўлган.
Машкура Сафаева
Суд фахрийси Машкура Сафаева узоқ давом этган хасталик оқибатида 21 август куни 74 ёшида вафот этди.