Жамиятда инсонларнинг осон ижтимоийлашуви ёки жамоатчиликдан ўзини тортишига қараб уларни экстраверт ва интровертга ажрата оламиз. Лекин яна шундай тоифа борки, улар юқоридаги икки шахсият турининг энг сара хусусиятларини ўзида акс эттиради. АҚШ Мэриленд университетининг Инсон психофизиологияси лабораторияси директори Барри Смитга кўра, ернинг 68% аҳолисини ташкил этувчи амбивертлар ўзи ким? Уларни қандай ажратиш мумкин? Амбивертлар қайси касбларда яхши натижалар кўрсатади? Қуйида шу ҳақда гаплашамиз.
Амбиверт ким?
Амби лотин тилидан “иккаласи” деган маънони англатиб, улар характерида икки ижтимоий турнинг асосий хусусиятларини бирлаштиради.
Масалан, типик амбиверт кун давомида юзлаб иш-масалаларни ҳал қилиши, режаларни пухта бажариб, ҳамкасбларининг диққат марказида бўлиши мумкин. Кечаси эса аксарият интровертлар каби, уйга “қамалиб” олганча тунни севимли китоби билан ўтказади. Амбивертнинг ўзгарувчан ҳолати унинг кайфияти ва вазиятига боғлиқ бўлади.
Амбиверсия яна экстравертдан интровертгача бўлган “градиент”даги олтин ўрталик, деб ҳам юритилади. Россиялик руҳшунос Татьяна Порицкая фикрича, амбивертлик кўпчиликка хос:
“Тўлақонли экстраверт ва интровертлар камдан-кам учраши шубҳасиз, шунинг учун ҳам бундай ажратиш шартли ҳисобланади. Амбивертлик эса хулқ-атворнинг аралаш тури сифатида кўпчилик одамларда учрайди. Шу сабабли ҳам одамларнинг қайси типга хослигини аниқловчи тестларда ҳар-хил натижалар пайдо бўлади. Бунга эса турли омиллар, масалан, ўша тестни ечиш вақтидаги кайфият, ҳаётий босқич, ва ҳатто, тест топшириш жойидаги муҳит ҳам таъсир қилади”.
Марти Лэйни “Интроверсия устунликлари” китобида экстраверсия ва интроверсияни ягона узлуксиз энергия ўқининг икки учи сифатида фикр юритади. Агар уларни ранглар градиенти шкаласида таққосласак, ўта интровертлик кўк рангга, экстраверсия эса қизил рангга бўялади. Бу иккисининг ўртасида сариқ ва яшил тусда амбиверсия намоён бўлади.
Тушунчанинг пайдо бўлиш тарихи
1920 йилларда швейцариялик олим Карл Густав Юнг илк бор одамларни экстраверт ва интровертга ажратиш таклифини беради. Бунда Юнг ҳаётий энергия йўналишини ушбу фарқларни аниқловчи асосий мезон сифатида олади. Масалан, экстравертларда энергия ташқи оламга йўналиб, улар жамият билан фаол муносабатга киришади, атрофдагиларнинг эътиборидан “қувват олади” ва имкон қадар одамлар орасида бўлишга интилади.
Интровертнинг ҳаётий энергияси аксинча, унинг ички дунёсига йўналади, у шахсий фикр-мулоҳазалари ва ҳис-туйғуларига эътибор қаратади. Интровертларга оммавий чиқишлар, шовқинли тантаналар ва жамоавий тадбирлар оғир келади.
Юнг амбиверсияни 1923 йилдаёқ шахсиятнинг учинчи тури сифатида тан олган бўлса-да, ҳеч қачон интро-экстравертлик типологиясига киритмаган.
Ушбу терминни “экстраверт ва интровертлик ўртасидаги қоришув – психологик норма”, деб ҳисоблаган америкалик руҳшунос Эдмунд Конклин таклиф қилган. Конклин икки турдан фарқли ўлароқ, амбиверт тури нисбатан мослашувчан ва самарадорроқ бўлишига ишонган. 2006 йилда америкалик психолог Майкл Кроу амбиверсия когнитив бузилиш хавфининг пастлиги билан боғлиқ эканини исботлаб, амбиверсия қариш даврида когнитив функцияларнинг сақланиб қолишига ижобий таъсир кўрсатиши тўғрисидаги гипотезани илгари суради.
2016 йилда Череповец шаҳри олимлари ИИБ ходимлари ўртасида сўров ўтказиб, амбивертлар экстраверт ва интровертларга нисбатан эмоционал жиҳатдан чидамлироқ эканини аниқлайди.
Амбивертлар қайси хусусиятлари билан ажралиб туради?
Амбивертлар ўз хатти-ҳаракатларини вазиятга қараб онгли ёки онгсиз равишда ўзгартиради. Уларнинг характер сифатини турли муҳитда кузатиш орқалигина аниқлаш мумкин. Эҳтимол, бу белгилар орасида сизга тегишли хусусиятлар ҳам бор бўлиши мумкин:
- Мослашувчанлик. Амбиверт вазият ва кўзланган натижага қараб экстравертликдан осонгина интровертликка ўтиши мумкин. У турли суҳбатдош ва шароитларга мослашувчан бўлади.
- Ижтимоий тажрибаларга очиқлик. Интровертлардан фарқли ўлароқ, амбивертлар янги танишувлардан қочмайди, янги алоқаларни осон ўрнатади ва муносабатларга қўрқувсиз киришади. У ўзи ўрганган жамоа, масалан, оила аъзолари, яқин дўстлар билангина чекланмайди. У ҳамкасблари билан, ва ҳатто, боғда ит етаклаган бегона сайёҳ билан ҳам алоқа ўрнатишга тайёр бўлади. Унинг экстравертлардан фарқи бўлса, улар бегона муҳитдан кўра таниш муҳитни афзал кўради.
- Жамоада ҳамда ёлғиз ишлаш қобилияти. Амбиверт – жамоада яхши “ўйинчи” бўлади. У ҳамкасбларини тинглашни, масъулиятни тенг тақсимлаш ва жамоа руҳини қўллаб-қувватлашни яхши уддасидан чиқади. Шу билан бирга, амбиверт вазифани тўлиқ ўз бўйнига олиши мумкин, чунки жараённи шу тариқа назорат қилиш унга осонроқ келади.
- Диққатли тингловчилар. Агар суҳбатдаги бирор масала амбивертга қизиқ бўлса, у бошқарувчиликдан осон тарзда диққатли ва миннатдор тингловчи ролига ўта олади.
- Ёлғизликдаги комфорт. Амбивертлар ёлғизликда дискомфорт ҳис қилмайди, аксинча, вақти-вақти билан бунга эҳтиёж сезади. Амбивертга ўз-ўзи билан бўлиш ҳеч қачон зерикарли эмас, у доим ўзи учун қизиқ машғулот топа олади ва бу ҳолатда ўзини кераксиз ҳис қилмайди.
- Ёпиқ шахсий муҳит. Амбивертлар шахсий ва оммавий масалаларни аниқ ажрата олади. Гарчи улар жамоада очиқ, суҳбатга киришувчан ва эмоционал бўлсада, шахсий масалаларни ўзида маҳкам сақлай олади.
- Амбиция йўқлиги. Амбивертлар 3 шахсият тури орасида нисбатан кам амбицияларга эга тур саналади. Экстраверт учун жамиятда ўзининг статусини сақлаб қолиш ва тингловчиларини ҳайратда қолдириш доим муҳим. Интроверт одатда, ўз мақсадларига интилувчан, чунки уларда “қувиш” ҳисси доимий мавжуд. Амбивертларга эса жорий мавқейида юриш қулай. Улар бирор иш устида амбиция ёки бирор нимани исботлаш учун эмас, фақат кучли қизиқиш ортидангина қаттиқ ишлаб, ўзини намоён қилиши мумкин.
- Кучли эмпатия. Турли ҳиссий ҳолатларни ўзи бошдан кечирадиган амбивертлар бошқалар нимани ҳис қилаётганини яхши тушунади. Шунинг учун ҳам улар одатда тушунувчан ва раҳмли одамлар бўлади.
- Кучли сезиш қобилияти (интуиция). Бошқаларни тушуниш, аввалдан билиш қобилияти, одамларнинг самимиятига ишониш мумкин ёки мумкин эмаслигини тўғри баҳолашга ёрдам беради.
- Дивергент фикрлаш. Амбиверт ходимлар масалани ҳал қилишда ижодкорона ва ноанъанавий ёндашуви билан фарқ қилади. Улар воқеа ривожи бўйича бир қанча тасаввурга эга бўлиб, қийин вазиятлардан осон чиқиш бўйича ностандарт ва тезкор ечимлар ўйлаб топиш қобилиятига эга бўлади.
Психологик нуқтаи назардан амбивертлар…
Руҳшунос Юлия Каминскаяга кўра, аслида, барча амбиверт бўлиб туғилиб, ҳаётий тажрибалар, оилавий анъаналар, маданий атроф-муҳит, турли инқирозли ҳолат ва бошқа ҳаётий вазиятлар асосида экстра ёки интроверт бўлиб шаклланади. Бу факторлар инсонга психологик типни ташкил этувчи маълум характер хусусиятларини ривожлантириш имконини беради. Бироқ шуни англаш муҳимки, экстраверсия ва интроверсия қарама қарши нуқталар эмас, балки маълум кордината ўқи каби шкаладир. Инсон бу шкала бўйлаб ўзига керак бўлган сифатларни ривожлантириши ва натижаларни қайд этиши орқали босқичма-босқич ҳаракатланиши мумкин.
Амбиверсияга яқинлашиш учун эса экстравертларга ўз энергиясини назорат қила олиш ҳамда эмпатияни ривожлантириш, интровертларга бўлса мулоқот қобилияти ва очиқлик устида ишлаш тавсия этилади. Лекин ҳаммасидан олдин ўз мотивацияларини тушуниш, тўғри баҳолаш муҳим саналади.
Амбивертлардан яхши бошқарувчи чиқадими?
Сўзсиз, энг яхши лидер бу амбивертдир.
Яхши бошқарувчи – қўл остидагиларни руҳлантирувчи, олдинга тортувчи ва бунга бор энергиясини сарфлашга тайёр экстраверт бўлиши керакдек туюлиши мумкин. Бироқ тадқиқотчилар лидерлик позициясида кўпроқ интровертлар муваффақият қозонишини исботлаган. Улар барча масала ва уни ҳал қилиш йўлини диққат билан ўйлаб, тезкор ва ўйланмаган қарорлар қилмайди. Улар тинглашни билади в инқирозли вазиятларда стрессга чидамли. Бироқ умуман олганда, олтин оралиқ ҳар доимгидек, энг оптимал ечим саналади. Бу борадаги ўрталик бўлса амбивертлар саналади.
Лидерлик бўйича мутахассислар раҳбарнинг энг муҳим кўникмаларидан бири бу – мослашувчанлик қобилияти эканини таъкидлайди. Бошқарувчи кутилган натижага эришиши учун унда турли одам ва вазиятларга кўникувчанлик ҳамда икки психотип хусусиятларни вақтида “ўчириб ёқиш” қобилияти жуда муҳимдир.
Амбиверт ўзининг универсаллиги билан исталган ишнинг уддасидан чиқиши мумкин. Лекин бир қанча касбларда амбиверсиянинг бошқалардан устунлик қилувчи хусусиятлари, масалан, бир вақтнинг ўзида тиришқоқ ва ташаббускор, яхши оратор ва диққатли тингловчи, ташкилотчи ва бажарувчи бўла олиши муҳим.
Ушбу хусусиятлар, айниқса, журналист, сотувчи, шифокор, ижтимоий ишчи, ташкилотчи ёки тадбир бошловчиси, дипломат ва сиёсатчилар учун қўл келиб, амбивертлар мазкур фаолиятида юқори самарадорлик кўрсатади.
Тарих
Ватандош
Тарих
Ватандош
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ