Якунига етиб бораётган 2023 йил Ўзбекистон илм, фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларининг кўплаб таниқли вакилларидан айрилдик, бир қатор сиёсат ва жамоат арбоблари вафот этди. Oyina.uz сайти анъанага мувофиқ уларни хотирлайди.
Санъат
Ўзбекистон халқ шоири, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари, шоира Энахон Сиддиқова 13 январь куни 68 ёшида вафот этди. Сҳоира вафотига қадар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари, «Қалб садоси» ҳафталик газетасининг бош муҳаррири вазифасида хизмат қилиб келаётганди. 2015 йилдан шу кунга қадар Олий Мажлис Сенати аъзоси эди.
Афсонавий цирк устаси Ҳаким Зарипов ҳам шу йилнинг 18-январь куни 99 ёшида вафот этди. У 80 йил давомида цирк манежида от устида томоша кўрсатиб келган. У турли йилларда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари, шунингдек, «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони билан тақдирланган.
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Ошиқ Эркин — Эркин Мадраҳимов 86 ёшида вафот этди. Шоирнинг 30 га яқин бадиий ва публицистик китоби нашр этилган бўлиб, унинг ижодий фаолияти мустақиллик йилларида юқори баҳоланиб, 1997 йилда «Шуҳрат» медали, 2003 йилда Қорақалпоғистон Жўқорғи кенгашининг қарорига биноан Қорақалпоғистон республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, 2012 йилда эса Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими унвони билан тақдирланган.
2023 йилнинг 5 мартга ўтар кечаси ижтимоий тармоқлар таъзия постларига тўлиб-тошди. Гап шундаки, MittiVine тахаллуси билан ижод қилиб келган таниқли вайнер ва блогер Фарҳод Маннопов 27 ёшида вафот этди. Вайнер сузиш чоғида бошидан жароҳат олган ҳамда операция қилинган, аммо у комага тушиб, ўзига келмаган.
Шундан сўнг, Манноповни операция қилган Стар Мед маркази текширувлар давом этаётгани сабабли фаолиятини вақтинча тўхтатди. Узоқ жараёндан сўнг 2 июнь куни бўлиб ўтган судда Стар Мед Cэнтер клиникасининг тиббий фаолият билан шуғулланиши учун берилган лицензияси бекор қилинган.
Яна 5 март, худди шу куни «Нуроний» газетаси бош муҳаррири Шуҳрат Деҳқонов ҳам 52 ёшида вафот этди. Журналистнинг ўлимга давомли қанд касаллиги сабаб бўлган. Деҳқонов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, турли жамоат ташкилотларида масъул лавозимларда фаолият юритган. Муҳриддин Холиқовнинг бир қанча машҳур қўшиқлари, жумладан, «Парирўй санамлар» шеъри муаллифидир.
Жорий йилнинг 8 март куни журналист ва шоир Акмал Тошев 37 ёшида вафот этди. Марҳум шу кунгача «Инсон ва қонун» газетаси ҳамда «Ҳуқуқ ва бурч» журнали бирлашган таҳририятида бош мутахассис вазифасида ишлаб келаётганди. Унинг «Моҳият лаҳзалари», «Фариштали кунлар» номли шеърий тўпламлари нашр этилган.
Апрель ойи таниқли журналист, сиёсий дастурлар муаллифи Соҳибжон Алижонов 55 ёшида вафоти билан бошланди. Фаолиятини «Ёшлар» телерадиоканали «Давр» ахборот дастурлари муҳарририятида оддий муҳаррирликдан бошлаган журналист 2019 йилдан вафотига қадар Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясини «Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази» давлат муассасасининг директори лавозимида ишлаб келаётган эди.
8 апрель куни Ўзбекистон аҳли яна бир катта йўқотишни бошдан кечирди. Ўзбекистон халқ артисти, актёр Мурод Ражабов узоқ давом этган қанд касаллигидан сўнг 74 ёшида вафот этди. «Оловли соҳил» фильмидаги кичик роли билан санъат оламига кириб келган актёр фаолияти давомида «Ажойиб хаёлпараст», «Тўйлар муборак», «Оловли йўллар», «Тангалик болалар», «Темир хотин», «Темир эркак», «Кичкина табиб», «Шайтанат», «Сарвиноз», «Улфатлар», «Супер келинчак», «Севгинатор» сингари юзлаб фильмларда суратга тушган. Шунингдек у Ражабов «Пари момо», «Улфатлар», «Анора», «Улфатлар-2», «Бир келиб кетинг қишлоғимизга», «Улфатлар-3 ёхуд улфатлар Таиландда» фильмларига режиссёрлик қилган.
Ўзбек балет санъатининг етук истеъдод эгаларидан бири, Ўзбекистон халқ артисти Гули Ҳамраева 76 ёшда вафот этди. Барчага маълумки, у Ўзбекистон халқ артисти Раззоқ Ҳамроевнинг қизи. Балеринанинг «Бахчасарой фонтани», «Дон Кихот», «Эсмералда», «Дилором», «Амулет любви», «Спартак» ва бошқа кўплаб спектакллардаги етакчи партиялари миллий балет хазинасидан муносиб ўрин эгаллаган.
Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева 13 май куни 81 ёшида вафот этди. У фаолияти давомида «Шарқ юлдузи», «Саодат», «Гулхан» ҳамда «Саодат» журналларида турли лавозимларда ишлаган. Шоиранинг 20 га яқин ортиқ шеърий китоблари нашр қилинган. Ойдин Ҳожиева таниқли адабиётшунос, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров билан турмуш қурган.
Раққоса, ўзбек рақс санъатида ўз мактабини яратган Ўзбекистон халқ артисти Қизлархон Дўстмуҳаммедова 77 ёшида вафот этди. У «Ўзбекистон» театр-студияси солисти, Тошкент давлат маданият институти, «Халқ мусиқаси» кафедраси ўқитувчиси, халқаро «Олтин мерос» хайрия жамғармаси қошидаги миллий мумтоз рақс дастасининг бош бадиий раҳбари сифатида ишлаган.
«Ёшлар» телеканалининг «Янги давр» дастури бошловчиси, журналист Нозима Маҳмудова 26 май куни 31 ёшида вафот этди. Вафотига қадар қадар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги медиа маркази ва «Ёшлар» телеканалида фаолият олиб бораётган эди.
Ўзбекистон халқ артисти Толиб Каримов 19 июль куни 83 ёшида вафот этди. У театрда «Қутлуғ қон», «Бой ила хизматчи», «Шоҳ Эдип», «Мирзо Улуғбек», «Алишер Навоий», «Соҳибқирон Темур», «Етти фарёд», «Бир кошона сири» каби юзлаб спектаклларда турли даражадаги ролларни ижро этган.
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Луқмон Бўрихон 58 ёшида вафот этди. Ёзувчининг «Ялангоёқ», «Сирли муаллим», «Хизр кўрган йигит» сингари ҳикоя ва қиссалар тўпламлари нашр этилган. Шунингдек ёзувчи «Жазирамадаги одамлар» романини ҳам нашр этган. У «Шуҳрат» медали соҳиби саналади.
Ўзбекистон халқ артисти Нуриддин Ҳамроқулов 77 ёшида вафот этди. Санъаткорнинг репертуаридан «Самарқанд ушшоғи», «Тошкент ироғи» сингари кўплаб мумтоз қўшиқлардан тортиб, «Талқинроз», «Оққуш» сингари ўнлаб бастакорлик қўшиқлари ҳам ўрин олган. Айниқса, унинг «Оламни асранг», «Раъно», «Сой кўрдим», «Ширинлигинг», «Кулди баҳорим», «Турналар», «Ажаб сирлар» каби қўшиқлари халқимиз орасида машҳур.
1 сентябрь куни Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти, бебаҳо овоз соҳиби Шерали Жўраев ҳаётдан кўз юмди. У меҳнат фаолиятини 1972 йилда «Шодлик» ашула ва рақс ансамблида хонанда сифатида бошлаган. Санъаткор узоқ йиллар давомида турли филармонияларда фаолият юритган. Вафотига қадар эса «Ўзбекконсерт» давлат муассасаси хонандаси сифатида самарали ижод қилиб келган. Унинг «Ўзбегим», «Парижон», «Биринчи муҳаббатим», «Бандаман» каби қўшиқларини ёшу қари хиргойи қилади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, кинорежиссёр Хайрулла Жўраев 78 ёшида вафот этди. Ижодкор президент девонида масъул ходим, Давлат кинокомпаниясининг раиси, президентнинг давлат маслаҳатчиси, маданият ишлари вазири сифатида ҳам ишлаган. Хайрулла Жўраев «Аҳматовлар оиласи», «Абдуманнон Умаров», «Абдулла Қодирий», «Ҳамид Олимжон» каби қисқа метражли, «Фуқаро», «Барча фазилатлар сенда мужассам», «Афғонистон, 85 йил кузи», «Икки миллион таниш чеҳра» каби тўла метражли фильмлар яратган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, сухандон Ўткир Сиддиқов 20 ноябрь куни 78 ёшида вафот этди. Ижодкор фаолиятини 1968 йилда «Шодлик» ашула ва рақс ансамблидан бошлаган. Ўткир Сиддиков концерт дастурларида мумтоз адабиёт вакилларининг шеър ва ғазалларини, замондош шоирлар асарларидан намуналарни ижро этган.
21 ноябрь куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, аския санъати устаси Мамасидиқ Шераев оламдан ўтди. У Жиззах, Фарғона театрларида актёр, қизиқчи бўлиб хизмат қилган. Марғилонда аскиячилик мактаблари фаолиятини бошқарган. У 2020 йилдан ҳозирги вақтгача Марғилон шаҳрида мусиқали мақом театрининг олий тоифали драма артисти сифатида фаолият юритиб келаётганди.
Спорт
2023 йил 7 май куни таниқли ўзбек футболчиси ва мураббийи Виктор Жалилов 71 ёшида вафот этди. У футболчи сифатида «Пахтакор» ва Наманганнинг «Текстилчи» жамоаларида ўйнаган. У фаолияти давомида, Қашқадарёнинг «Машъал» ва Самарқанднинг «Динамо» клубларида ҳам ишлаган, 2015 йилда Ўзбекистон У-22 жамоасига бош мураббий этиб тайинланган. У 2 карра Ўзбекистон чемпиони, 3 карра кумуш, 4 карра бронза медали совриндори, 4 карра Ўзбекистон кубоги соҳиби ҳисобланади. 3 маротаба Ўзбекистонда йилнинг энг яхши мураббийи деб тан олинган.
23 май куни таниқли қиличбоз, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош ҳаками, халқаро тоифадаги ҳакам Аида Хасанова 39 ёшида вафот этди. Спортчи кўп карра Ўзбекистон ва Марказий Осиё чемпиони, 2005 йилда Англияда ўтказилган халқаро турнир олтин медали совриндори. 2014 йилда у уч турдаги қуроллардан фойдаланган ҳолда қиличбозлик бўйича Ўзбекистон тарихидаги биринчи халқаро ҳакам бўлган. У Халқаро қиличбозлик федерацияси (ФИE) ҳаками бўлиб ишлаган. 2015 йилда илк бор жаҳон ва Осиё чемпионатларининг финал босқичида ўзбекистонлик ҳакам сифатида иштирок этди. 2019 йилги Олимпиада ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон ва Марказий Осиёдан биринчи ҳакам этиб сайланди. Ушбу ўйинларда у Осиёни ҳимоя қиладиган ягона аёл қиличбозлик ҳаками эди.
Сиёсат
2023 йилнинг февраль ойида Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, сенатор Бахтиёр Сайфуллаев 72 ёшида вафот этди. Унинг амалдорлик даври 2005 йилдан бошланган. Шу йили Сайфуллаев Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган, 2012 йилдан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори лавозимида ишлай бошлаган, 2017 йил августида эса Маданият вазирлигига раҳбар бўлган. 2020 йил президент фармони билан сенатор этиб тайинланган ҳамда кейинчалик Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси сифатида иш бошлаган.
Наманган шаҳри Давлатобод тумани ҳокимнинг инновацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Абдурасул Қаюмов вафот этди. Маълум қилинишича, у нафас етишмовчилиги сабабли Республика кўп тармоқли шошилинч тиббий ёрдам маркази Наманган филиалида вафот этган.
17 март куни Хоразм вилояти Гурлан тумани ҳокими ўринбосари Умиджон Жумагалдиев бахтсиз воқеа оқибатида вафот этди. Маълум бўлишича, у туман инвестициялар, саноат ва савдо бўлими бошлиғи сифатида фаолият юритиб келган. Жумагалдиев вафотига йўл-транспорт ҳодисасига учрагани сабаб бўлган. У 2021 йилда туман ҳокими ўринбосари этиб тайинланган.
Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси Ҳарбий-илмий ва амалий ривожлантириш маркази катта илмий ходими, истеъфодаги генерал-майор, ҳарбий фанлар номзоди, профессор Александр Шишлянников оғир касалликдан кейин 15-центабр куни 73 ёшида вафот этди. У фаолияти давомида Чехословакиядаги Марказий ҳарбий қўмондонлик ва Германиядаги Ғарбий ҳарбий қўмондонлик бўлинмаларида хизмат қилган. 1993−1995 йилларда Тожикистон мудофаа вазири лавозимида ишлаган.
Давлат ва жамоат арбоби, Наманган вилоятининг собиқ ҳокими Тўлқин Жабборов оғир хасталикдан сўнг 73 ёшида вафот этди. 1996−2004 йилларда Наманган вилояти ҳокими лавозимида иш юритган. 2000−2005 йилларда Олий Мажлис депутати бўлган.
Давлат ва жамоат арбоби Назир Ражабов 84 ёшида вафот этди. У 1978−1984 йилларда Ўзбекистон ССР қурилиш вазири лавозимида ишлаган. 1984−1987 йилларда Наманган вилоятини, 1987−1988 йилларда эса Самарқанд вилоятини бошқарган.
20 октабрь куни Олмалиқ кон-металлургия комбинати конларидан бирининг экскаватор машинисти, меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Қаҳрамони Жонсаид Турдиев 69 ёшида вафот этди. У қарийб ўттиз йил мобайнида «Қолмақир» конида хизмат қилган, кўплаб шогирдлар тайёрлаб, тоғ-кон саноати ривожи йўлида ишлаган. 1998 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» олий унвони ҳамда «Олтин юлдуз» медали билан мукофотланган.
Фан
Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ҳабибулла Акбаров 8 апрель куни 87 ёшида вафот этди. Ҳабибулла Акбаров фан арбоби, геология соҳасида йирик олим ҳисобланади.
Тарих фанлари доктори, фахрий журналист Қудрат Ирназаров 73 ёшида вафот этди. Турли йилларда газета мухбири, тарих кафедраси ўқитувчиси, мудири, Миллий университетда декан каби лавозимларда фаолият юритган. 2019 йилдан буён Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Ижтимоий ва гуманитар фанлар кафедраси профессори, кейинроқ Жамоатчилик билан алоқалар ва реклама кафедраси профессори сифатида ишлаб келаётганди.
17-центабр куни адабиётшунос олим ва академик Наим Каримов вафот этди. У илмий изланишлари, асосан, ХХ аср ўзбек адабиётини ўрганиш, жадид адиблари — Чўлпон, Фитрат, Ҳамза ижоди билан боғлиқ. 1999 йилда Наим Каримов қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича жамоат комиссиясига раҳбарлик қилган. Олим Ўзбекистон миллий энциклопедияси бош таҳририяти аъзоси ҳисобланади. Наим Каримов 1996 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби фахрий унвони, «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.
3-октабр куни физикавий электроника соҳасидаги йирик олим, физика-математика фанлари доктори, профессор, Фанлар академияси академиги Назар Тўраев 85 ёшида вафот этди. Шунингдек, Назар Тўраев жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этган. 1990−1995 йилларда мамлакат парламенти депутати бўлган.
Инобат АҲАТОВА,
Oyina.uz
Ўхшаш мақолалар:
Йил йўқотишлари – 2022 йилда вафот этган таниқли ўзбекистонликлар
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Халмуратов Н.
19:01 / 12.01.2024
Олимлар, санъати арбоблари тушунарли, шубҳали репутуцияга эга бўлган амалдорларни тиқиштириш керак эмас эди менимча