1. Брекет (инг. bracket) – одам тишларининг тўғри ўсиши ва текис бўлишига ёрдам берадиган тиббий жиҳоз.
2. Дедлайн (инг. deadline) – бирор вазифа, лойиҳа ёки ҳисоботнинг охирги муддати.
3. Криптовалюта (инг. cryptocurrency) – фақат интернетда мавжуд бўлган, марказлашмаган, ҳукумат ёки банклар назорат қилмайдиган рақамли (виртуал) валюта.
4. Пенaблок (лот. spūma) – цемент, қум, сув ва махсус кўпикли восита аралашмасидан тайёрланадиган ғишт кўринишидаги енгил, иссиқликни яхши сақлайдиган қурилиш материали.
5. Пеня (лот. poena) – молиявий мажбуриятлар ўз вақтида бажарилмагани учун қўлланадиган иқтисодий жазо.
6. Пробел (рус. белый) – матнда қаторлар, сўзлар ва ҳарфлар орасида қоладиган бўшлиқ.
7. Реванш (франц. revanche) – уруш ва ўйиндаги мағлубият учун олинажак ўч ёки қасос.
8. Реелс (инг. reel) – ижтимоий тармоқлардаги узунлиги олтмиш сониядан ошмайдиган видеолар.
9. Ҳостел (лот. hospes) – ошхона, ҳаммом ва хонаси умумий бўлган вақтинчалик арзон меҳмонхона (ётоқхона).
10. Эможи (япон. 絵, 文字) – электрон ёзишмаларда туйғу, ҳолат ва маънони ифодаловчи ҳиссиётли белгилар.
Филология фанлари номзоди, шоир Абдувоҳид ҲАЙИТ
Аввало бу мавзуда икки оғиз сўзим:
Глобаллашув даврида яшаяпмиз. Бу шундай даврки, ҳар томондан ҳар сонияда юзлаб ёт сўзлар суқилиб киришга ҳаракат қилади. Улар бегона ўтга ўхшайди, луғатимиздан жой олиш учун баъзан ўнлаб ўз сўзларимизни сиқиб чиқариб, тилимизда илдиз отади. Кимдир “нима қилибди, қанча кўп янги сўз қўшилса, нутқимиз шунча бой бўлади” дейиши мумкин. Албатта, тилдан тилга сўзларнинг ўтиши азалдан бор ҳодиса, уни инкор қилиб бўлмайди. Аммо бошқа тиллардан сўзларнинг кириб келишида ҳам муайян чегара, меъёр бўлиши шарт. Бу жараёнда меъёр бузилса, тил ямоқ тушган матога ўхшаб қолади, тилга эътиборсизлик қилсак, бу ямоқлар тилимизни бутунлай қоплаб, асл қиёфасини бузиб қўйиши ҳам мумкин. Шу боис бугун тил ҳимоясида қаттиқроқ туриш керак.
Тил қотиб қолган нарса эмас, у мингйилликлар давомида аждодларимиз томонидан яратилган. Айни пайтда эса бу жараён тезлашди, шунинг учун ҳар куни ёғилиб келаётган халқаро сўз ва тушунчаларни шунчаки қабул қилиш эмас, имкон қадар уларнинг муқобилларини яратишга ҳаракат қилмоғимиз зарур. Бу борада имкониятларимиз жуда кенг, фақат ундан фойдалана олсак бўлгани.
Ва тавсияларим:
1. Брекет – тасаввур қилинг, агар бу жиҳозга умуман ном берилмаган бўлса, ўзбекча сўзлар билан уни қандай тушунтирган бўлардик: “тишларни тортиб турадиган сим, мослама”. Турк қардошларимиз шу мантиқдан келиб чиққан шекилли, уни “diş teli”, яъни “тиш сими” дейишади. Лекин ҳозир бу жиҳознинг фақат сим эмас, шаффоф қолип ва бошқа хиллари ҳам бор. Яъни, “брекет” жиҳознинг ягона байналмилал номи эмас. Шундан келиб чиқиб, уни ўзбек тилида ҳам бир эмас, бир неча номлар билан аташ мумкин. Мисол учун “тишсим”, “ортодонтик боғич”, “тиш тўғрилаш мосламаси”, “шаффоф қолип” ва ҳоказо.
2. Дедлайн – сўнгмуҳлат.
3. Криптовалюта – ҳозир инглизча “digital” ёки русча “цифровой” сўзи ўрнида бизда “рақамли” сўзи ишлатилаяпти. Шунга кўра бу сўзни ўзбек тилида “рақамли пул бирлиги”, “рақамли пул” дейиш тўғри деб ўйлайман. Агар “рақам” ўрнида “сон” сўзи ишлатилиб, “сонли пул” дейилса, яна ҳам ўзбекчароқ бўларди (туркчада “виртуал” маъносида “sanal” сўзи ишлатилади), аммо ўзбек тилида “рақамли”га кўникилди.
4. Пеноблок – ўзбек тилида “ғовак”, “ғалвирак” каби ажойиб сўзларимиз бор. “Ғовак ёғоч”, “ғовак тош”, “ғовак ер”... Шу боис русча “пеноблок”ни ўзбек тилида бемалол “ғовакғишт” дейишимиз мумкин.
5. Пеня – “молиявий жарима”, қандай жарималиги тагматндан англашилса, шунчаки “жарима” деб қўллаш ҳам мумкин менимча.
6. Пробел – ўзбек тилида “бўш жой”, “бўшлиқ” деган маъқул, чунки кўпгина тиллар, мисол учун инглиз (space), француз (espase ) тилларида ҳам шу тарзда ишлатилади.
7. Реванш – французча revanche сўзи “ўч”, “қасос” маъноларини билдиради. Аммо бошқа тилларда сиёсат ва спортга оид атама сифатида ишлатилгани учун унга муқобил сифатида биздаги “ўч”, “қасос” сўзларини қўллаб бўлмайди. Атама сифатида у XIX асрнинг етмишинчи йилларида Францияда реваншизм сиёсий ҳаракатининг пайдо бўлиши билан шакллана бошлаган. Бу сиёсий ҳаракатнинг мақсади Франция – Пруссия урушида Олмонияга ўтиб қолган Франция ерларини қайтариб олиш бўлган. Кейинчалик реваншизм бошқа минтақаларга ҳам кўчган ва кўпинча босқинчилик маъносини ифодалаган.
Менимча, ўзбек тилида “реванш” сўзи маъноларини тўла ифодалайдиган яхлит атама шаклидаги муқобилни топиш қийин. Ўйлайманки, уни “мажбуран” тилимизга киритишга ҳам ҳожат йўқ. Шу боис ўзбек тилида жумладаги маънодан келиб чиқиб “реванш” ўрнида “қайта беллашув”, “қайтариб олиш”, “қасос”, “ўч” каби турли сўз ва иборалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
8. Реелс – менимча, “Тик-Ток” каби бу сўзни ҳам таржимасиз қабул қилишга тўғри келади.
9. Ҳостел – илгари меҳмон қабул қилинадиган хона ва махсус бинолар “қўноқхона” дейилган. Ҳозир меҳмонхона деганда муҳташам биноларни кўз олдимизга келтирамиз, қўноқхона эса нисбатан кичикроқ ҳостел ёки мотелга маъно жиҳатидан мос келади. Келажакда Ўзбекистонда саёҳатчилар оқими ортгани сари, ўйлайманки, бу каби кичик қўнимгоҳлар ҳам кўпайиб боради. Агар уларни “қўноқхона” ёки “қўноқуй” десак, бу билан унут бўлаётган сўзимизни истеъмолга қайтарган бўлардик.
10. Эможи – эможи.
Байрам АЛИ тайёрлади.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2026 йил 1-сон.
“Эшиклар очиқ, лекин...” мақоласи
Маънавият
Адабиёт
Адабиёт
Маънавият
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ