Омади чопмай, туриш-турмушидан нолиб юрган кишилар ҳар қадамда учрайди. Ҳолбуки, бу ёруғ оламда умргузаронлик биз ўйлаганчалик қийин ва мураккаб эмас. Фақат одамларнинг ўзи қулай йўл туриб, эгрисидан юришни маъқул кўради, холос. Фикримча, одамнинг умр йўли унинг ниятлари билан муштарак. Кимдир тез бойишни кўзлаб ўғирлик қилади ва қамалиб кетади. Бошқаси қўлини совуқ сувга урмай, ўзганинг хайр-эҳсонига кўз тикиб ўтади. Яна бирови бирон каттага ёқиш учун пой-патак. Эл бошига иш тушганда фойдаланиб қоладиганлар ҳам оз эмас.
Шулар ҳақида ўйласам, Толиб поччамиз эсга тушади. Олтмиш ёшни қоралаб қолган, новча, қорачадан келган поччамиз бу очунда яшашнинг минг бир ҳадисини олган ўзиям. Ушлаган ерини тишламасдан қўймайдиганлар хилидан. Бир иш бошладими, эшакни тоға, итни ака деб бўлсаям албатта улоқни илиб кетади. Ҳозирча шаҳар марказида икки қаватли дўкони, давлатма-давлат кезиб пул топадиган беш-олтита фураси бор. Вилоят марказида ижарага берган квартираларидан ҳам унча-мунча пул томиб туради. Ҳар Янги йилда холамизнинг (онамнинг холаси) қўлидан тутиб, Париж ё Миланга жўнаб кетишига нима дейсиз? Ҳа, омадини берсин!
Бу куни бомдод маҳал ўша поччамиз телефон қилиб турибди. Аттанг, рақамини сақлаб қўймаган эканман. Йўқса, гўшакни кўтармасдим. Чунки поччамиз фақат иши тушса сим қоқади, бошқа пайт қорасини ҳам кўрсатмайди. Тўй-маъракаларда ҳам камдан-кам кўринади. Аниқроғи, одамига қараб келади. Биров қарз сўраб қолмасин деган хавотирда хешлардан қочиб юради. Момо-боболаримиз таъбирига кўра, поччамиз туғилганда танглайи пул билан босилган экан. Шундан дунёни пул билан ўлчайдиган бўлиб қолганмиш. Очиғи, бу хил кишилар билан ош-қатиқ бўлишга ҳушим йўқ. Яна, ўзбеклигимга бориб, орани шартта узиб юбориш ҳам қўлимдан келмайди. Боз устига ҳозиргина гўшакни кўтариб қўйдим.
– Эй, поччагинам, – дедим ўзимни сипо кўрсатиб салом-аликдан сўнг. – Бормисиз, омонмисиз? Ўйнаб-кулиб юрибсизми? Бизнеслар гуруллаяптими?
– Шукур, – деди поччамиз бойларга хос хотиржам ва босиқ овозда. – Эл қатори ризқни териб юрибмиз. Ўзинг яхшимисан?
– Тинчликми? – шартта мақсадга кўчдим. – Кутилмаганда эсингизга тушиб қолибман?
– Шу десанг, маслаҳатли иш бор, ука, – поччамиз ўзига яқин олиб гапирди (иши тушиб турибди-да). – Каталакдай бўлса ҳам пойтахтда бир ватан қилсам дегандим. Шунга бироз пуржам етмайроқ турибди. Уйлар ўйлаганимдан қиммат экан. Устига устак ҳозир ишларим ҳам аввалгидай эмас.
– Хўш, нима хизмат? – суҳбатни тезроқ якунлашни истардим. – Мен сизга қандай ёрдам беришим мумкин?
– Ҳозир уйлар субсидияга ҳам берилаётган экан, – поччамиз мақсадига кўчди. – Шу уйлардан бировини олсаммикан деб чопиб юрибман. Аммо субсидия ололмай ҳалакман. Аввалига отангга чоп, онангга чоп деб роса овора қилди. Сизга субсидия мумкинмас дейди. Орага таниш-билиш қўшмасак ишим битмайдиганга ўхшайди.
– Бундай ишларни битирадиган танишим йўқ, – таклифини кескин рад қилдим. – Мен журналда оддий мухбир бўлсам. Ён-атрофимда ҳам қаламкашлар. Уларнинг қўлидан ёзиш-чизишдан бўлак бир иш келмайди.
– Гапни айлантирма, ука, – поччамиз ўз билганидан қолмади. – Биламан, пойтахтда таниш-билишларинг кўп. Яхшилаб сўраб-суриштирсанг бирор танка чиқиб қолар.
– Инсофингиз борми, почча?! – кўнглимга келган гапни дангал айтдим. – Субсидия бева-бечораларга, етим-есирларга, яна камбағал оилаларга берилади. Кунингиз келиб-келиб шуларнинг ҳаққига кўз олайтиришга қолдими? Қўшша-қўшша уйингиз, машинангиз бор, уялмайсизми?
– Ҳовлиқма, ука! – поччамиз жуда сокин гапирди. – Субсидия ҳаммага етади. Субсидияни қўлимда ишлайдиган бир шогирдимнинг номига оламиз. Унинг ҳужжатлари топ-тоза. Номида ҳатто битта велосипеди ҳам йўқ. Қоғозда қип-қизил камбағал!
– Менга қаранг, почча, – бақириб юборишдан ўзимни зўрға тийиб, зарда қилдим. – Ҳозир тилим қичиб, кўнглингизни оғритадиган гап айтиб қўяман. Келинг, яхшиликча хайрлашайлик.
– Менга қара...
Хайр-хўшни насия қилиб, поччамизнинг гапини охиригача эшитмай гўшакни қўйдим. Асабдан оёқ-қўлим билинар-билинмас титраб, бошимда оғриқ турди. Қулоқларим чиппа битди. Ё тавба! Поччамизни бу қадар назари паст деб ўйламасдим. Эл орасидаги “Еб тўймаган ялаб тўймайди” деган гапнинг чинлигига яна бир бор амин бўлдим. Йўқса, бола-чақадан тинган, унча-бунча кишининг ҳаваси келадиган бизнесга эга одам шунчалик паст кетадими? Бунақада эртага субсидияга олинган уйнинг пулини ҳам ўша шогирдига тўлатмаслигига кўзим етмайди. Хаёлимга келган бу фикрлардан поччамизга гап уқтириш фойдасиз эканини тушундим. Бундай кимсаларга гап кор қилмайди.
Ўша поччамиз сабабми ёки ёшим қирқдан оғиб, майда феъл бўлиб қолдимми, сўнгги вақтларда замондошларни зимдан кузатиб, давраларда уларнинг феъл-атворидан гап очадиган бўлиб қолдим. Ўҳ-ҳу, одамларнинг оласи ичида бўларкан. Айрим кимсалар қилмишини эшитиб, ҳайратдан ёқа ушлайди киши. Баъзилар тирикчилик, бир-икки сўм пул топиш дардида ўзини минг кўйга солиб, ҳатто тушга ҳам кирмайдиган ҳийлаларни ўйлаб топишга уста бўлиб кетибди. Бир даврада воҳалик акамиз шундай гурунг бериб қолди.
– Икки йилча бурун момомизни кўпга қўшдик, – деб гап бошлади у. – Салкам бир аср яшаган момомиз меҳнаткаш, саришта, яна жуда ширинсўз аёл эди. Уни катта-кичик бирдай яхши кўрардик. Етимликда ўсгани боис дабдаба ва исрофга тоқати йўқроқ эди. Ҳар хил сохтагарчиликларни жини суймай ўтди. Ҳақнинг ҳузурига кетадиган куни ҳам кенжа тоғамизга васият қилибди:
– Паймонам тўлганга ўхшайди, болам. Шукур, кўзим орқамда қолмаяпти. Орзу-ҳавасимнинг барига етдим. Яратганнинг ҳузурига қариб-қартайиб бораяпман. Шунинг учун кўп аза тутиб юрманглар. Меники тўйдай гап. Ҳеч қандай маърака-парака керак эмас. Ҳар эслаганларингда Қуръондан икки сура тиловатнинг ўзи етарли.
– Эл нима дейди? – сўрабди тоғамиз. – Оқ ювиб, оқ тараган энасига битта маъракани кўп кўрди деб гап қилмайдими?
– Элнинг оғзига элак тутиб бўлармиди? – дебди момомиз қатъий. – Одамларнинг оғзи бекор. Тилим бор деб ҳар нени гапиради. Яхшиси, сен мен айтганимни қил. Кам бўлмайсан.
Она-боланинг суҳбати ҳақида кенжа тоғамиз ҳеч кимга чурқ этмаган. Фақат эртага момомизнинг худойисини ўтказамиз деган куни бу гурунгнинг учи чиқди. Турган гапки, момомизнинг васияти кўпчиликка маъқул келмади. Оқибатда кенжа тоғамиз бир томон, акалари-ю опалари бир томон бўлиб, маърака қилиш-қилмаслик баҳси бошланди. Бир фикрга келишолмай турган маҳал ўртанча холамиз гапга аралашди.
– Жаннатим – онажоним бир келди-ю кетди, – деб кўзига ёш олди. – Маъракасини ўтказсак, айтинглар, нимаси ёмон? Ана, бошқа одамлар ҳар ҳафта ис чиқаради. Онамизга ҳар куни бир қўй сўйиб, элга худойи берсак ҳам кам. Тунов куни қўшнимиз – мулла Худойбердининг хотини бир гап айтиб қолди. Ҳозир одамлар майитнинг ҳар маъракасида битта қўй сўяркан. Кейин ўша қўйнинг калласига қараб мулла Худойберди хатм қиларкан.
Очиғи, холамизнинг гапи ўринсиз ва кулгили чиқди. Ўзимни аранг тийдим. Афтидан, даврада ўтирганлар ҳам тилини тишлаб ўтирарди. Шу боис орага бир муддат сукунат чўкди. Шайтон барибир ўз ишини қилди. Ҳаммамиз бирдай кулиб юбордик. Четдан кузатиб турган киши буларнинг момоси ўлиб, ҳаммаси хурсанд бўлиб қолибди деб ўйлаши аниқ эди.
– Холамизнинг гапларини омилик, хурофот деб ўйлайман, – воҳалик ака сўзига якун ясади. – Мулла Худойбердининг ҳам қўй калласига қараб хатми Қуръон қилишига ишонгим келмайди. Хотини ўйлаб топган бўлса ажабмас. Лекин шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди деган гап ҳам бор. Беш қўл баробар эмас. Эл ичидан ҳар хил одам чиқади. Янаям ҳамманинг ўзи билади.
– Одамларда на дин, на диёнат қолди, – суҳбатимизга қўшилди водийдан меҳмонга келган дўстимиз. – Фойдани кўзлаб ҳеч қайси ишдан тап тортмайдиган бўлиб кетдик. Ўтган йили арафа куни қурбонликка бир жонлиқ олиш учун молбозор ораладик. Афсуски, тарвузимиз қўлтиқдан тушиб қайтдик. Ҳеч савдомиз пишмади. Бозорда мол борки, нархи одатдагидан икки-уч баробар қиммат.
– Почин қилдингизми? – деб сўрадим бир четдаги қўлбола қўтонда йигирма чоғли қўчқор қамаб ўтирган йигитдан. Кайфияти йўқ, бозори юришмаётганга ўхшарди. – Қўчқорлар қанчадан бўлди?
– Келинг, ака, – йигит жилмайган кўйи қўлини кўксига қўйиб, ширин гапирди. – Қайси бирини танладингиз?
– Ҳов, ўртада турган қора қўчқорга қанча сўраяпсиз?
– Эл қатори бераверсиз-да, ака. Ушлаб чиқайми?
– Йўқ, аввал нархини айтинг!
Ҳай-ҳайлашимга қарамай йигит илдамлик билан камина кўрсатган қўчқорнинг орқа оёғидан тутиб, судраб келтирди.
– Ширвоз. Гўштини еган одам барака топади. Юмшоқ бўлади.
– Кўп мақтамай нархини айтинг, ука. Савдомиз пишмай қолса, яна бозор оралашимга тўғри келади. Вақтим тиғизроқ.
– Беш ярим-олти миллиондан сотаяпман. Сизга теппа-текис беш миллион қилиб бераман.
– Эй, бу гапингизни қўйсангиз-чи, ука. Бир ҳўкизнинг пулини сўраяпсиз. Салгина инсоф қилинг. Олган ҳам, сотган ҳам барака топсин.
– Бугуннинг нарх-навоси шундай. Истанг, бозор айланиб чиқинг. Арзон топсангиз, пулингизни қайтиб бераман.
– Бозор айланиб нима қилдим? Яхшиси, ўзингиз қўчқор нархини сал келиштиринг.
– Бўладигани шу. Бошқа ўтиб беролмайман. Тўғри тушунинг, биз ҳам тирикчилик деб уззукун офтоб тиғида ўтирамиз.
– Ҳеч ким пулни супуриб олаётгани йўқ, ука. Сиз ҳам инсоф сари сўранг-да. Ўтган бозор сиз айтган нархда бунақа қўчқорнинг иккитасини олса бўларди.
– Нархни осмондан олиб қўймаймиз. Шу сафар ўзимиз ҳам қимматга олдик. Бу гапларни чорвадорларга бориб айтинг. Яна ҳар бир қўйга алоҳида-алоҳида патта тўлаймиз. Ем-хашак, сув сотиб олиб берамиз. Яна бошқа майда-чуйда харажатлариям бор. Одамлар буни кўрмайди. Фақат қиммат деб нолигани нолиган.
– Гапни қуруқ олиб қочманг. Нима, илгари патта олмаганмисизлар? Ё қўчқорлар рўза тутармиди?
Гапим сотувчига ёқмади. Жаҳл қилиб, ушлаб турган қўчқорини қўйиб юборди. Икки кафтини бир-бирига уриб, қўл чангини қоқди. Шу қилиғи оғир ботди. Қулоқ-чаккасига шапалоқ тортиб юбормоқчи бўлдим-у, байрам кунлари дея шайтонга ҳай бердим.
Гапнинг сираси, яна бозор оралаб кетдик. Уч-тўрт савдогарнинг гапини олдик. Нарх-наво ўша-ўша. Ўйлаб-ўйлаб, бозордан олиш фикридан қайтдик. Шаҳардаги кушхоналар, катта йўл бўйида олис вилоятлардан келтириб сотилаётган қўй-қўзилар нархини суриштирдик. Фойдаси йўқ. Ҳамма ерда хўроз бир хил қичқираяпти. Кўпга келган тўй. Ноилож, қиммат бўлса ҳам битта қўй сотиб олдик.
Бу гап тугаб-тугамай, гурунг кенгайди. Ўша куни тун ярмидан оғгунча сўз тугамади. Бир-биридан ўтиб тушадиган воқеаларни тинглаб, гоҳ ҳайратдан ёқа ушладик, гоҳ кулдик.
Бир киши оз вақтда яхшигина бойлик тўплабди. Отасидан қолган эски уйни бузиб, ўрнига икки қаватли қурибди. Қиммат машина олибди. Унча-мунча бадавлатнинг ҳаваси келадиган дабдабали тўй-томоша билан ўғил уйлабди.
Кўп ўтмай эл орасида миш-мишлар ўрмалабди. Биров лотереясига ютуқ чиқибди деса, бошқаси отасидан бир хум тилла қолган экан дегандай. Аслида ҳалиги йигит олибсотарлик қиларкан. Боғбонлардан узумни кўтара олиб, шаҳарга обориб сотаркан.
Ҳозирги замонда олибсотарларнинг пичоғи мой устида. Улар ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир. Пайти келса, деҳқон ё боғбон бир йилда топадиган маблағни бир кунда топиши мумкин. Аммо олибсотарлик билан кўз очиб юмгунча эл оғзига тушган бойвачча бўлиш амримаҳол. Бир балоси бўлмаса шудгорда қуйруқ не қилур?
Ойни этак билан ёпиб бўлмаганидай, ҳар қандай сирнинг вақти келиб миси чиқади. Ҳалиги бойнинг ҳам қилмиши аён бўлибди. Уччига чиққан қаллоб экан, номард. Узум солинадиган ёғоч қутиларни обдон сувга бўктириб, харидорлар ҳақига хаёнат қиларкан. Худо билади, унинг кимса билмас яна қандай ҳунарлари бор?
Одатда, бунақа ишлар иймони суст кишиларга хос. Аммо ўлганнинг устига тепгандай, дину диёнатдан хабари бордай баъзи кимсалар ҳам авло эмас. Ўзига ярашмайдиган қилиқлари билан миллат юзини ерга қаратмоқда. Ишонмасангиз, ижтимоий тармоқларга бош суқиб кўринг. У ерда буни исботлайдиган кўплаб фото ва видео хабарларга дуч келасиз. Бир мисол. Яқинда умрага борган ва дарахтнинг устига маймундай тирмашиб чиққан юртдошимизни кўпчилик кўрди ё эшитди. Инсонлар тавба қилишга борадиган табаррук масканда ўша юртдошимиз нега бу ишга қўл урди деб ўйлайсиз? Сабаби ўта кулгили. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ёзишича, ўша одам ҳамроҳлари билан гаров ўйнаган. Арзимаган пул учун ўзини ҳам, бирга борган юртдошларимизни ҳам шарманда қилиб дарахтга тирмашган. Бирники мингга, мингники туманга. Унинг мақсади пул топиш экан, овора бўлиб зиёратга нега борди? Калтабинлик, фаросатсизликнинг ҳам чегараси бўлмас экан-да. Шундай эмасми?
Йилдан йилга одамлар майда-чуйда мақсадлар атрофида ўралашиб қолаётгандай туюлади. Афсуски, ор, номус, ғужур, уят деб аталмиш туйғулар унутиб юборилмоқда. Масалан, замонавий мобил телефон эгасига айланиш учун ҳар қандай ишга, ҳатто хайр-эҳсон сўрашга ҳам тайёрмиз. Автомашина олиш пайида ижтимоий тармоқларда уйимиз ёниб кетди деб кўз ёши тўкиб, фарёд кўтаришдан ийманмай қўйдик. Салгина кўпроқ фойда кўришни ўйлаб, қутилар тагига гилоснинг яроқсизини солишдан уялмаймиз.
Миллатнинг келажагини тарбиялашга масъул оналар дарди эса келин томондан келадиган тоғораларда. Бугун ўттиз тўққизта тоғора келибди, эртага қирқта бўлармикан деган хавотирда тонг оттиради. Етмаганига худди тоғни талқон қилгандай ижтимоий тармоқларда мақтаниб чиқади. Гўё фарзандларимиз келажаги шу тоғораларга боғлиқдай.
Сўзимиз аввалида бу дунёда яшаш биз ўйлаганчалик қийин эмас, бу ҳар бир одамнинг ниятига боғлиқ экани ҳақида айтгандик. Дарҳақиқат, шундай! Мақсадни тўғри ва аниқ қўйган одам ҳаётда қийналмай яшайди. Кўпинча ўзимиз майда-чуйда ҳавасларга берилиб, дабдаба-ю асъасанинг изидан қувиб ҳаётни мураккаблаштириб, чигаллаштириб юборамиз, сўнг калаванинг учини йўқотиб қўямиз. Моҳиятан ҳаёт ҳалолликни, соддаликни, маърифатни, меъёрни яхши кўради. Зеро, Оллоҳнинг амри ҳам шу-ку.
Азим РЎЗИЕВ
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2026 йил 1-сон.
“Калаванинг учи қаерда?” мақоласи
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Маънавият
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ