ХХ асрда илм-фан, хусусан, бадиий адабиётга эътибор ортиши туфайли адабий-бадиий манбаларнинг архивлари ҳам ташкил топа бошлади. Ўзбекистон Фанлар академияси собиқ Қўлёзмалар институти, ҳозирги Алишер Навоий номидаги давлат Адабиёт музейида йиғилган қўлёзмалар фонди шулар жумласидан. Мазкур архивнинг ташкил топишида профессор Ҳамид Сулаймоннинг алоҳида ўрнини таъкидлаш зарур.
Архив материалларидан фойдаланиш доираси кенг бўлиб, тарих, криминология, социология, суд-ҳуқуқ илми (юриспруденция) билан чегараланмайди. Филологик тадқиқотлар ҳужжатларда яширин ҳақиқатни халққа тез ва таъсирли тарзда етказиб бериши, жамият маънавий эҳтиёжларини тўлиқроқ қондириши мумкин.
Лев Толстойнинг “Тирилиш” романи яратилишида бир суд иши ва унга оид фактлар, Фредерик Стендалнинг “Қизил ва қора” асари учун ҳам ўз вақтида Францияда шов-шув бўлган суд ва унинг материаллари асос бўлиб хизмат қилган эди (Жўрабоев О. Матннинг матности сирлари. Тошкент, “Tamaddun”, 2017. 162-бет). Ўзбек адабиётида бундай типдаги асарлар, асосан, собиқ Иттифоқ олиб борган қатағон сиёсати мавзуси доирасида амалга оширилган бўлса-да, мазкур жиноий ишларнинг “мутлақо махфий” сақланиши узоқ вақтлар уларни ўрганиш имконини чеклади. Архивлар тадқиқотчилар учун мустақиллик йилларида очилди. Шу тариқа компартиянинг манфур қилмишлари ҳақида, илмий ишлар билан бир қаторда бадиий асарлар ҳам дунёга кела бошлади.
Ёзувчи Набижон Боқийнинг “Қатлнома” қиссаси соф бадиий эмас, балки ҳужжатли асардир. Қисса адабий жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинди. Бинобарин, Абдулла Қодирий ва унга боғлиқ сир пардаси кўтарилиб, кўплаб таниқли кишилар ҳақида баҳслар юзага келди.
Н.Боқий ўрганган вақтда НКВД архиви материаллари махфийликдан чиқарилган эди. Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” романи эса “пахта иши” айни авж олган даврда ҳаракатдаги қатағон ҳақида ёзилган. Шу сабабли адибнинг махсус архивга кириб ишлаши мумкин эмасди. “Ана шу вақт қатағон авж олди... Ниҳоят... қама-қама авж олди. Ўзбек зиёлилари кишанбанд бўлди. Ўзбек зиёлилари маҳбус бўлди. Ўзбек зиёлилари кечалаб-кечалаб Москвага олиб кетилди. Сўроқ Москвада бўлди. Суд Москвада бўлди. Ҳукм Москвада ўқилди. Ана шунда полвонлик қоним қайнади!.. Бир оёғим институтда бўлди, бир оёғим судларда бўлди. Мен таниш-билиш йўли билан тергов матнларини сотиб олдим. Икки оғиз ахборот олиш учун яримталар қуйдим”, деб ёзади адибнинг ўзи (Murod T. Otamdan qolgan dalalar. Toshkent, “O‘zbekiston”, 2021. 356-bet).
Шу тариқа “ўзбек халқига ҳайкал қўяман” деб ният қилган адиб пахта иши билан ноҳақ айбланган халқ фарзандлари ҳақида “Отамдан қолган далалар” романини ёзди. Роман тергов материаллари асосида битилган бўлса-да, соф бадиий асар. У мустақиллик йиллари ўзбек адабиётида воқеа бўлди.
Бу даврда Наим Каримов, Шерали Турдиев, Бегали Қосимов, Бойбўта Дўсқораев, Сирожиддин Аҳмад сингари заҳматкаш олимлар яратган тадқиқотлар ўзбек маданияти тарихида катта из қолдирган жадидлар ҳаёти ва фаолиятини ибрат ўлароқ кашф этди, мустақиллик мафкурасини яратишда дастуруламал вазифасини ўтади. Бу иш яна шуниси билан қадрлики, биринчидан, архивларга кириш ниҳоятда қийин, рухсатнома олгунча бир қанча бюрократик тўсиқлардан ошиб ўтиш керак бўлади. Иккинчидан, архивда ишлаш машаққати ҳам бор. Ишнинг энг қийин қисми – бу ерда Марказий давлат архиви ёки бошқа архивларга ўхшаган алоҳида ўқиш заллари йўқлиги. Тўғри келган бўш хонада ишлайсиз. Ёнингизда эса сизни кузатишга бириктирилган ходим. Аслида, бу – ишнинг ташқи томони. Том маънодаги заҳмат ишни ўқиш жараёнида бошланади. Ҳужжатлар миллатимиз ойдинлари устидан очилган жиноят ишлари бўлгани боис содир этилган қабоҳатлар кишини руҳан эзади. Бунинг устига, ҳужжатлар жуда кўп ва қати бузилмаган. Бу эса уларнинг залварини янада орттиради. Айни чоқда бирламчи манбалар билан ишлаш завқини беради.
Масаланинг яна бир нозик томони бор. Бу – нашр масаласи. Минг машаққат билан ёзилган ишни чоп этадиган жасур ноширлар етарли эмас. Узоқ вақт қўрқув салтанатида яшаганимиз халқимиз кўнглига панада қолиш кайфиятини сингдирган, шунинг учун ҳам қалтис мавзуларда ёзилган ишларни ҳамма ноширлар ҳам чоп этавермайди.
Ушбу сатрлар муаллифи ҳам 2019 йил апрель–июнь ойларида Давлат хавфсизлиги хизмати архивида сақланаётган Абдураҳмон Алимуҳаммедов, Ҳамид Сулаймон, Наби Алимуҳаммедов, Мирзакалон Исмоилий, Шуҳрат, Шукрулло, Маҳмуд Муродов, Мели Жўраевларнинг 726-сонли жиноят иши материаллари билан танишиб чиқди. Уларга умумий “дело” очилган, жиноий ишнинг ҳажми 16 жилддан иборат. Бундан ташқари, ҳар бир айбланувчининг “шахсий иши” мавжуд. Ҳаммасини қўшиб ҳисоблаганда, 24 жилдли айбнома. Материаллар билан танишиб, айрим ҳужжатлардан нусха олишга ҳам муваффақ бўлдик.
Иш А.Алимуҳаммедов ва бошқа айбланувчилар ҳақида Ҳомил Ёқубовнинг “Қизил Ўзбекистон” газетасида (1949 йил 16 май) чоп қилинган “Адабиётимизда эстет-космополитларни охиригача фош қилайлик” сарлавҳали қораловчи мақоласидан бошланган. Кейин бошқа ҳужжатлар қуйидаги тартибда тикилган: айбланувчиларни ҳибсга олишга асос бўлган, иш жойлари ёки таниш-билишларидан олинган уларнинг “халқ душмани” эканини тасдиқловчи хулосалар; А.Алимуҳаммедов, сўнг
Ҳ.Сулаймон ва бошқаларнинг тергов баённомалари, гувоҳларнинг иқрорлари, гувоҳлар ва бошқа айбланувчилар билан юзлаштиришлар.
Ўша вақтда суҳбатлашганимиз архив масъул ходимининг айтишича, мазкур жиноий иш – КГБга Лаврентий Берия раҳбарлик қилган йилларнинг маҳсули. Бу даврда иш ҳужжатлари қатъий тартиб билан олиб борилган.
Жиноий ишнинг 1–5-жилдларида тергов, 6–8-жилдларида эса суд материаллари берилган. 9-жилддан М.Исмоилийнинг суддан кейинги тергови ҳамда қамоқхонада ёзган икки жилдли “Фарғона тонг отгунча” романи ва “Виждон тавбаси” эссеси ўрин олган.
Жаҳон тарихида қамоқхонада ёзилган асарлар кўп. Масалан, Имом Аҳмаднинг фиқҳий асари, турк шоири Нозим Ҳикмат шеърлари, чех ёзувчиси Юлиус Фучикнинг “Дор остидаги сўз” қиссаси. Мирзакалон Исмоилийнинг “Виждон тавбаси” асари, булардан фарқли равишда, маҳбуснинг кўнгил дардлари сифатида қоғозга туширилган. Тўғри, қамоқхонадаги ҳаётини эссе шаклида ёки қаҳрамонлар исмини ўзгартириб, соф бадиий асар тарзида ёритган ижодкорлар ҳам бор. Александр Солженициннинг “Иван Денисовичнинг бир куни” қиссаси, Шуҳратнинг “Олтин зангламас”, Шукруллонинг “Кафансиз кўмилганлар” романлари, Саид Аҳмаднинг “Борса келмас дарвозаси”, “Сароб”, “Офтобойим” ҳикоялари шулар жумласидан. Аммо бу дардни қамоқхонанинг ўзида ёзиб, виждони билан савол-жавоб қилганлар жуда кам. М. Исмоилийнинг “Виждон тавбаси” эссеси ана шундай кам сонли асарлар сирасига киради. У кирилл ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бинафша рангли сиёҳ билан қўлда битилган. Умумий ҳажми – 265 варақ. Муаллиф эссени қизига мурожаат тарзида ёзган. Қўлёзмадан нусха сўраганимизда, ёзувчининг авлодларидан розилик хати олиб келишимиз талаб қилинди. Суриштириб, муаллифнинг фарзандлари дунёдан ўтгани, розилик хатини невараларидан олишимиз мумкинлигини билдик. Аммо муайян сабабларга кўра бу иш охирига етказилмади.
“Виждон тавбаси” асари туғилган, аммо ҳали ўқилмаган. Келажакда асар ўз китобхонини топадими-йўқми, буни вақт кўрсатади.
Аён бўляптики, архив ҳужжатлари қатига яширинган ҳақиқатларни очиш адабий жамоатчилик олдидаги муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Меҳрибон ЁДГОРОВА,
филология фанлари бўйича
фалсафа доктори
“Тафаккур” журнали, 2026 йил 1-сон.
“Қамоқхонада туғилган “Виждон тавбаси” мақоласи
Тил
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ