Озод шоир – “Партия, “улуғ оға” ҳақида бирон нарсаси йўқ Тилак Жўра ҳаёти


Сақлаш
18:02 / 25.05.2026 11 0

Шоир Жонтемир фейсбук тармоғида муҳокамага шундай савол қўйди: Бугун ҳамма атрофида йиғиладиган ғоя сизнингча нима? Саволни ўқиб ёдимга биринчи Тилак Жўра келди. У 1987 йилда “Аср овози: Озод инсон ҳақида қўшиқ” бир нечта мамлакат ижодкорларининг муштарак ғоялари антологиясини чоп қилади (“Адабиёт ва санъат” нашриёти). Машаққатли ишнинг бошида ўзбекнинг энг эркпарвар шоирлари Тилак Жўра ҳамда Рауф Парфи турган. Ошиқ Вейсал сўзи, Тилак Жўра таржимаси: “Ҳаммамиз бир юртнинг авлодлари” деган хитоб бутун дунёга чақириқ мисоли эълон қилинади. Жамланманинг сўнгги саҳифасида изоҳ ёзилган: Бу мажмуа шу кунгача ХХ аср Европа, Осиё, Африка ва Америка прогрессив шеъриятидан ўзбекчага таржима қилинган озодлик, тинчлик, ижтимоий тенглик, инсонпарварлик каби ўлмас ғояларни тараннум этувчи асарларнинг энг яхши намуналаридан иборатдир.

 

Прогрессивлик талаб қилган замонанинг прогрессив шоирларидан таржималар жамланган антология Иккинчи жаҳон уруши жароҳатлари ҳамда бутун дунёни иккига ажратиб ваҳшат солаётган нацизм ва социализм ғояларининг қурбонига айланаётган, эрки тобора ўз қўлидан кетаётган халқларнинг нола-ю фарёдларининг ёзма шакли эди.

 

Ўзбек таржима мактабини бир поғона кўтарган шоир, таржимон, адабиётшунос олим Тилак Жўра биб китобда озодлик ғояси орқали тўрт қитъани бирлаштирди. Шоирнинг бадиий-эстетик маҳоратини тан олган ҳолда таржима адабиётига қўшган ҳиссасини эътироф этиш лозим. У ўзбек адабиётига турк, озарбойжон, француз, қорақалпоқ, қирим-татар, тожик шеърияти намуналарини туҳфа этди. Айниқса, буюк шоир Нозим Ҳикматни ўзбек китобхонига таништириб, “Ҳозирги турк шеърияти”, “Нозим Ҳикмат ва ўзбек шеърияти” ҳақида илмий тадқиқотлар олиб борди, мақолалар эълон қилди. Бу давр учлик шоирлари:  Тилак Жўра – Рауф Парфи – Шавкат Раҳмон Туркистоннинг бир бўлагини ўзлари таржима қилган қардош халқлар адабиёти билан яратдилар. Ғайбуллоҳ ас-Салом айтганидай: “Ахир, Тилак Жўрасиз қандай дорул-таржима бўлсин?!”

 

Тошкент давлат дорулфунуни, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг таржима назарияси ва нашриёт ишлари кафедрасида муаллимлик фаолиятини олиб борган шоир Тилак Жўра вужудида олим шоир ўсиб боради, иккиси билан ёнма-ён маҳоратли таржимон ҳам бўй кўрсатади. Тожик адабиётидан Абулқосим Лоҳутий, Садриддин Айний, Лойиқ Шерали, Басир Расо, Ҳабибулло Файзулло, Масон Шерали, турк адабиётидан Фозил Ҳусни Доғларча, Ошиқ Вейсал, Ризо Тавфиқ Фикрат, Нозим Ҳикмат, озар адабиётидан Бахтиёр Ваҳобзода, Расул Ризо, Маммад Араз каби ижодкорларни ўзбек ўқувчисига таништирган.

 

Аср овози шеърий мажмуаси Лорка, Нозим Ҳикмат, Огостино Нето, Пабло Нерудаларнинг “Озод инсон ҳақида қўшиқ” деб номланган шеърлари билан бошланади. Лорка Италияда, Нозим Ҳикмат Туркияда, Нето Анголада, Неруда Чилида озодлик ҳаракати етакчилари ўлароқ, сўзи билан ҳам башариятни эркка чорларди. Улар ҳар қайси халқ бошида турган мустамлакалар ва уларнинг эзувчи сиёсатига “йўқ” дейишди; қайсилари ҳақиқий, қайсилари рамзий маънода курашишди.

 

Туркий халқларни мустамлака номи остида ушлаб турган Россия миллатлар тенглиги, халқ ҳокимияти ёки бошқа ғояларни ўзига ниқоб қилган бир даврда ўзбек адабиётида жадидлардан кейинги уйғониш даври юз берди. 60–70-йиллар шеъриятида социалистик реализмдан узоқ ижод қилишнинг ўзи ҳам бир қаҳрамонлик эди. Тилак Жўра ҳақида гап кетаркан Ғайбуллоҳ ас-Салом ўз ўғлидек яқин бу йигит ҳақида шундай дейди: “Партия, “улуғ оға” ҳақида биронта нарсаси йўқ. Узоқни кўзловчи бирон “ёғлиқ мўлжал” ёхуд ялтоқлик билан назм битмади”. Тилак Жўранинг шоирлиги шундай бўлса, таржимонликдаги қатъиятини ҳам тасаввур қилаверинг. У таржимада ҳам эркин руҳ, озод инсон ғояларига содиқ қолди. Қуйида Доғларжадан қилинган ҳурликнинг туғилиши ҳақидаги шеърни келтирамиз:


Туғилади ҳар кеча

Катта япроқларнинг кўр уйқусинда

Туғилар бир кучли санчиқ ичинда

Кечанинг

Тоғу тошу

Сувнинг ўт ва оташ ўчган вақтида

Туғилар Африка ўрмонларидаги

қора танли

Қоп-қора эт кўпикдай жимирлар

Қоп-қора эт қимирлар

Қоп-қора этлининг ҳовучларинда

Қимирлар бирдан-бир

Озодлик.


Тилак Жўра ижодида таржима фақат ўз тилида тушунтириш жараёни эмас, бадиий
эстетик қайта яратиш – оригинал матннинг поэтик руҳини бошқа тил поэтик тизимига кўчириш бўлди. Унинг таржималарини таҳлил қилганда, энг аввало, муаллиф “сўз”дан кўра “образ”, “маъно”дан кўра “руҳ”ни устун қўйганини кўриш мумкин.

 

Африкалик қора танли қўлида туғилган озодлик айнан қоронғу кечада дунёга келди. У кимларнинг қўлидалиги кўринмаслиги орқали номаълумлик белгисига урғу берилади. Иккинчи томондан эса энг қаттиқ мустамлака сиёсатига учраган халқлар ҳам Африка мамлакатлари фуқаролари эди. Озодлик шундай қўли боғлиқ, имконсиз, ўзи кўринмас инсонлар қучоғида, дилида жимгина ғимирлайди, у туғилади, аммо ўзини намоён қилиб чирқиллаб йиғламайди. У ҳануз кеча сукунати ичида жимликни бузишга журъати етилиб улгурмаган ожиз гўдакка қиёсланади. Шеърнинг семантик ядроси – қора танли қўлида ғимирлаган Озодлик! Икки образни бир-бирига қарама-қарши қўйган ҳолда шоир кучли драматизм яратади. Таржимон ҳам буни ўз ўқувчисига маромига келтириб етказади. Озодлик ана шу кўринмас қўлларда улғаяди ва ўз кучини кўрсатади.

 

 

Фитратнинг “Миррих юлдузига” шеъри қалбида ўт гувиллаб турган кўп шоирларни илҳомлантирди. Айниқса, Марсдан келган бегона образига ёхуд Марснинг ўзига савол билан юзланиш шоирларга дардлашмоқ учун яхши тасвир объекти вазифасини ўтади. Ерда ҳам уруш ҳукм сурган, инсоният очликка маҳкум ҳолатда Фозил Ҳусни Доғларжа “Марсдан келган одам”дан таскин қидиради. Очлик келтирган қирғинларнинг ортида нафсбин кимсаларнинг ошқозони турганини айтади.

 

Кучим адо бўлар бир бурда нон деб,

Шаҳарларим кенгаяр, ҳаво етишмас менга.

Бунча яқин келма, Марснинг ўғлони,

Нозик нигоҳимга ишонма кўп ҳам.

Тун зулмати қоплади ер ва самони,

Мен итдай очман!

 

Бу бир фуқаронинг очлик исканжасидаги азоблари. Аммо “Мен итдай очман” иборасининг рамзий маъноси, шоир айтмоқчи, “Мана бу хасис бой, мана бу очкўз кимса”ларга тегишли.

 

Бу очликнинг замирида эркка ташналик маъноси ҳам мужассам.


Тилак Жўра таржимага шеърни чертиб танлайди. Бир образга икки хил маънони юклаган муаллиф теранлигини яхши англайди. Конфликт айнан бир инсон руҳида бўй кўрсатади. Худди яхшилик ва ёмонлик, оқиллик ва баднафслик ҳам бир одамнинг қўлидан келгани каби. Таржимон шеър ритмини яхши ушлайди ва ана шу оҳанг билан миллий пафос қўшади. Масалан, Нозим Ҳикматнинг “
Nereden gelip nereye gidiyoruz?” шеърининг бир бўлагини “Булутлар кечар” номи билан таржима қилган. Эътиборни сарлавҳанинг ўзгаргани эмас, маъновий таржима ҳамда шева сўзнинг гўзал шаклда қўлланилиши тортади:

 

Булутлар кечар,

Жанубга олиб бормас мени

Ўлмак истамирам

Ўлмак истамирам

Шарққа олиб бормас мени.

Ўлмак истамирам!

 

(O bulutlardır geçen

Güneye götürmeyin beni,

ölmek istemiyorum...

Ölmek istemiyorum,

Kuzeye götürmeyin beni...

Ölmek istemiyorum!)

                                  

Шеър мазмунида очликдан ўлаётган бола булутдан бутунлай бошқа ерга олиб боришини илтижо қилади, Жанубга-да, Шарққа-да, Ғарбга-да кетишни истамайди, бунинг сабаби, албатта, дунёнинг тўрт томони ҳам уруш ўчоғига айланганида эди: bırakmayın benı burda / götürün bir yerlere. Таржимон эса бу инкорнинг янада таъсирчан чиқиши учун бола ёлворишига урғу берган ҳолда булутга юклайди ва “ўтиб кетаётган булутлар Шарққа олиб бормас мени” тарзида ўзбекчага ўгиради. Гўё бола ушбу азоб чекаётган жойидан бошқа ҳар қандай томонга боришга розидай. Аслида оч одам жой танлаб ўтирмайди. Таржимон болалар учун умид доимо сақланиб қолишини истайди. Бу таржимон поетик тафаккури акси  бўлса, истамайман сўзининг қадимги туркий тилдаги  истамирам шаклини танлаши атайлаб туркий оҳанг жозибасини кўрсатишни мақсад қилганидан далолатдир. Мазкур сўзнинг этимологиясига диққат қилсак, Тилак Жўра туғилган Қоракўл шевасида туркий тилдан қолган инкор қўшимчасининг ушбу ўғуз шеваларига хос унсурлари ҳали ҳам сақланиб қолган.

 

Тилак Жўра нафақат шеър муаллифини, шеърнинг ҳар бир сўзини шаклан ўзбек, мазмунан шоир тилида гапиртиради. Бутун туркийларда ўзаги бир: özgürlük, azadlıq, azatlıq, azatlyk – “Озодлик” сўзи Тилак Жўра саъй-ҳаракати, бадиий маҳорати билан бутун инсониятнинг ягона истаги атрофида бирлашади. Антология катта ижтимоий ҳодиса сифатида номи каби “Аср овози”га айланди.

 

Тилак Жўра бир шеърида эр йигитнинг муқаддас уч нарсаси: ёри, дўсти, оти синггари эрки ҳам ҳамиша қўлида бўлиши лозимлигини айтганди:

 

Қўлингдаги жиловинг каби

Эркинг бўлсин ўзингда доим.

 

Қоракўлнинг кенг қирлари, далалари бағридаги озодлик Тилак Жўранинг қонида оқарди. У шеъриятида ҳам, таржималарида, ҳатто, яшаш тарзи, амаллари билан ҳам Озодлик таржимони сифатида Сўзга содиқ қолди.

 

Рухсора ИМОМОВА,

Бухоро давлат университети тадқиқотчиси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 34958
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//