4 октябрь оқшомида сўнган ўн икки юлдуз. Уларнинг айби нима эди?


Сақлаш
17:09 / 04.10.2024 189 0

4 октябрь юртимиз тарихидаги энг қора ва мудҳиш кун сифатида муҳрланиб қолган. Бу кунда миллат ойдинлари – Худойберган Девонов, Аъзам Айюпов, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Миёнбузрук Солиҳов, Қаюм Рамазонов, Ғози Олим Юнусов, Чўлпон, Шокиржон Раҳимий, Отажон Ҳошимов, Зиё Саидов, Шоҳид Эсон Мусаев каби маърифатпарварлар қатағон қилинган. Уларнинг айби нима эди? 

 

Совет режими бошқа миллатларнинг илму маърифатли бўлишини истамас, халқнинг қалб кўзини очувчи зиё аҳлини хушламас эди. Аксинча, уларни хўрлаш, таҳқирлаш, керак бўлса, йўқ қилишни ўзларига касб қилиб олган эдилар. Шунинг учун қатағонда аввало миллий зиёлилар энг кўп азият чекди, мислсиз қурбонлар берди. Марказнинг қирғин машинаси ҳисобланган Давлат сиёсий бошқармаси (ГПУ), Ички ишлар халқ комиссарлиги (НКВД) каби жазо органлари ва уларнинг жаллодлари учун илғор, тараққийпарвар зиёлиларни ҳибсга олиш ва фаолияти учун йўқ айбларни тўқиб чиқариш, уйдирмаларни “ясаш” ҳеч гап эмас эди. Қабоҳат шу даражада эдики, ўз элини севган, уни куйлаган, асарларида мадҳ этган, асл тарихи, бетакрор маданиятига мурожаат қилиб, асарлар битган, буюк аждодлари номини тилга олган ватанпарвар ижодкорлар, илм-фан аҳли биринчилар қаторида қирғинга дучор бўлди.

 

1929 йилдан бошлаб қатағон машинаси ишга тушди ва дастлаб, Мунаввар Қори Абдурашидхонов раҳнамолигида миллат равнақи йўлида фаолият юритган, халққа зиё таратиб келаётган “Миллий Иттиҳод” ва “Миллий Истиқлол” ташкилотларининг 87 нафар аъзоси қамоққа олинди. Уларнинг 15 нафари 1931 йилда Москвада отиб ташланган ва қолганлари ҳам узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

 

Ўзбек тили ва адабиёти, маънавияти йўлбошчилари бўлган ва халқ меҳрини қозонган қатор истеъдодлар қуруқ бўҳтон ва туҳматлар асосида “халқ душмани”га айланди. 1934 йилдан 1938 йилгача Ўзбекистонда 40 мингдан зиёд киши жазога тортилганлиги айтилади. Шулардан 730 таси “халқ душмани” деган ном билан отиб ташланган.

 

Ўзбекистон НКВДсининг ички турмаси ва бошқа жойлардаги қамоқхоналарда маҳбуслар шафқатсиз жисмоний жазоларга маҳкум этилган ва энг кучли, иродали кишилар ҳам поёнсиз қийноқлар ва ўз яқинларининг тақдирини ўйлаб, қилмаган жиноятларини тан олишга мажбур бўлишган. Маҳбуслар ҳатто ўзларини ўлдиришни ҳам бир чора деб билганлар. 30-йилларнинг охирида Туркистон аҳолиси хоинлик, зўрлик ва бедодлик гирдобига тушиб қолган эди. Миллат ойдинлари, энг ишончли кишилари бўлган давлат ва жамоат арбобларининг, зиёлиларнинг қатағон қилиниши халқни қўрқув ва аросат ботқоғига ботирган. Шу тариқа инсонийлик оёқ ости қилинган, ҳар қандай эзгу фикр буғилган ва орзу-умидлар ғорат қилинган. Мана шундай тизгинсиз, мунтазам қатағонларнинг юқори чўққиси 1937-1938 йилларда “Катта қирғин” номини олган.

 

Профессор Р.Шамсутдинов, Э.Холмирзаев, И.Абдуллаевларнинг Андижон давлат университети “Илмий хабарнома”сининг 2012 йил 1-сонида эълон қилинган “Ўзбекистонлик қатағон қурбонлари ҳақида янги маълумотлар” мақоласида келтирилишича, муаллифлар 2011 йилда Россия Федерацияси Федерал Хавфсизлик Хизмати Марказий архивида бўлиб, янги маълумотларни қўлга киритишган. У ерда СССР Олий Суди Ҳарбий Коллегиясининг сайёр сессияси раиси генерал Алексеевнинг 1938 йил 4 октябрдан 2 ноябргача Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Халқ комиссари, давлат хавфсизлиги майори Д.З.Апресянга ёзган хатларини, отилганлар ҳақидаги далолатномаларни кўришган ва улардан кўчирмалар олишган.

 

Мақолада ёзилишича, 1938 йил октябрида Москвадан Тошкентга келган СССР Олий Суди Ҳарбий Коллегиясининг сайёр сессияси ўтказилади. Унинг таркиби ҳарбий адлия ходимлари – генераллар Алексеев ва Зайцев, полковниклар Болдирев ва Батнер, қизил армия Бош Ҳарбий прокурори ёрдамчиси Шульцаннлардан иборат бўлган. Сессиянинг биринчи куни 4 октябрда бўлиб ўтади ва унда 52 нафар маҳбус олий жазо – отувга ҳукм этилади. Мазкур кўрсатма ўша 4 октябрдаёқ бажарилган.

 

Мазкур мақолада 4 октябрда отилганлар юртдошларимиз номма-ном келтирилган. Аммо 5 октябрда ҳукми эълон қилинган, аммо аксарияти 4 октябрдаёқ ёппасига отиб ташланган 36 нафар ватандошларимиз номини ўқиганда беихтиёр танимизга титроқ киради. Уларнинг рўйхатига эътибор беринг: 1. Дадабоев Болтабой; 2. Исомуҳаммедов Иноят; 3. Муҳаммедов Восиқ Шукурович; 4. Юнусов Қудратулла; 5. Иноғомов Раҳим; 6. Шокиров Алим; 7. Шаликеров Назир; 8, Эшжонов Мадамин; 9. Девонов Худойберган; 10. Отажонов Бобожон; 11. Искандаров Даврон; 12. Инаятов Назрулла; 13. Айюпов Аъзам; 14. Фитрат Рауф Раҳимович; 15. Қодирий Абдулла (Жулқунбой); 16. Солиҳов Миёнбузрук; 17. Рамазонов Қаюм; 18. Юнусов Ғози Олим; 19. Сулаймонов Абдуҳамид Сулаймонович (Чўлпон); 20. Қориев Босит; 21. Худойбахтов Анқабой; 22. Раҳимий Шокиржон; 23. Гимадиев Зиё Гимадиевич; 24. Ҳошимов Отажон Ҳошимович; 25. Саидов Зиё; 26. Мусаев Шаҳид Эсон; 27. Ашрафий Ҳайдар; 28. Қодиров Мажид; 29.Ортиқов Исроил; 30. Шуригин Фёдор Васильевич; 31. Пехович Лазарь Матвеевич; 32. Тарасов Фёдор Петрович; 33. Иброҳимов Аҳмад; 34. Иноятов Хидоят; 35. Лебедев Дмитрий Алексеевич; 36. Икромов Исҳоқ.

 

Табиий савол туғилади: уларнинг фаолияти билан танишмизми?

 

Келинг, мақоламиз аввалида тилга олинган ва 4 октябрда отиб ташлаган миллат ойдинларидан 12 нафарининг халқимиз маънавий ҳаёти, илм-фан равнақига қўшган ҳиссаси ҳақида қисқача маълумот бериб ўтайлик.

 

1. Худойберган Девонов  1878 йилда Хива шаҳрида туғилган. Ўзбек киноси ва фотографияси асосчиси. 1903 йилда Полвонниёз ҳожи Юсупов билан бирга Москвага бориб, соатсозлик ва зарур фото асбоб-анжомларини олиб келади. 1907 йилнинг сўнги ойларида Исломхўжа бошлиқ хивалик элчиларнинг Петербургга қилган сафарларида фотограф сифатида қатнашади.

 

 

Петербургда бир неча ой қолиб, кинооператорлик касбини эгаллайди ва 1908 йил баҳорида ватанга “Патэ” киноаппарати, бир неча фотоаппарат ҳамда граммофон билан қайтади. Шу йили Худойберган Девонов Хивада Ўрта Осиёдаги биринчи фото-кинолабораторияни ташкил этади. У шу вақтдан бошлаб фото ва кино ишлари билан мунтазам шуғулланади. Унинг “Халқ сайиллари” деб номланган биринчи кинолавҳаси ҳам тахминан шу йилларда суратга олинган.

 

2. Аъзам Айюпов (21.8.1904–4.10.1938) – таниқли ёзувчи ва журналист, Ф.Шиллернинг “Макр ва муҳаббат”, К.Голдонинг “Меҳмонхона бекаси”, Л.Толстойнинг “Кавказ асири”, Н.Гоголнинг “Уйланиш” комедияси, А.Чехов, М.Шолохов ҳикояларини ўзбек тилига ўгирган моҳир таржимон.

 

 

3. Абдурауф Фитрат – 1884 йилда Бухорода туғилган. Биринчи ўзбек профессори, жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири. 1915 йилдан “Ёш бухороликлар” партиясининг сўл қанотини бошқарган. “Мунозара”, “Сайҳа”, “Раҳбари нажот”, “Тарихи Ислом” асарлари, “Темур сағанаси”, “Ўғузхон” пьесалари, “Ўзбек тили сарф китоби”, “Ўзбек тили наҳв китоби”, “Шеър ва шоирлик”, “Адабиёт қоидалари”, “Аруз ҳақида” илмий асарлари, “Девону луғотит турк”, “Муқаддимат ул-адаб”, “Қутадғу билиг”, “Ҳибат ул-ҳақоиқ”қа бағишланган илмий трактатлари унинг файласуф, тарихчи, филолог эканини ҳам кўрсатади.

 

 

Бухоро Халқ Совет Республикаси тузилгач, Фитрат маориф вазири сифатида иш бошлайди. 70 нафар талабани Германияга ўқишга юборишда жонбозлик кўрсатади. Шарқ мусиқаси мактаби, Давлат театри ташкил эттирди, ноёб қўлёзмаларни тўплашда бош-қош бўлган. Унинг саъй-ҳаракати билан БХСРда ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинади.

 

4. Абдулла Қодирий – 1894 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбек романчилиги асосчиси. “Муштум” журнали ташкилотчиларидан. “Тўй”, “Аҳволимиз”, “Миллатимга”, “Фикр айлагил” каби шеърлар, “Бахтсиз куёв” драмаси, “Жувонбоз”, “Улоқда”, “Жинлар базми”, “Тинч иш”, “Шодмарг”, “Отам ва большевик” каби ҳикоялари, “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари, “Обид кетмон” қиссаси муаллифи.

 

 

Николай Гоголнинг “Уйланиш”, Антон Чеховнинг “Олчазор” асарларини ўзбек тилига ўгирган.

 

5. Миёнбузрук Солиҳов – 1891 йил Тошкентда таваллуд топган. Адабиётшунос, фольклоршунос ва санъатшунос олим. Истанбул университетини тугатган (1927). Ўзбекистонга қайтгач, Ўрта Осиё университети шарқ факультетида ўзбек тили ва адабиётидан дарс берган. 

 

 

Ўзбекистон Маданий қурилиш илмий тадқиқот институти ва Ўзбекистон Фан қўмитаси қошидаги Тил ва адабиёт институтида илмий ходим, Тошкент педагогика институти, СамДУ ва Бухоро педагогика институтида ўқитувчилик қилган. Садриддин Айнийнинг ижоди бўйича тадқиқот олиб борган, “Дохунда” романини тожик тилидан ўзбекчага таржима қилган.

 

6. Қаюм Рамазонов – 1900 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбек педагоги, журналист, театр танқидчиси, тилшунос. Мунавварқорининг янги усул мактаби ҳамда мадрасада, Боку педагогика институтида (1916-1917) ўқиб қайтгач, 1918–1921 йилларда ўқитувчилар тайёрлаш курсида ва бошланғич мактабларда ўқитувчилик қилган. Фитрат билан бирга “Чиғатой гурунги”ни ташкил қилган ва унда котиб бўлиб ишлаган (1919). “Қизил байроқ” ва “Туркистон” газеталарида адабий ходим, Фан комитети ҳузуридаги Тил ва адабиёт институтида доцент бўлиб фаолият юритган (1934–1937). Ўзбек мактаблари учун дастлабки она тили дарсликларини яратган.

 

 

1918 йилда Фитрат ва Ш.Раҳимий билан бирга “Она тили”, “Билим йўллари”, “Ёзув йўллари”, Мунавварқори ва Ш.Зуннун билан ҳамкорликда 4 китобдан иборат “Ўзбекча тил сабоқлиги”, “Ер юзидаги тиллар орасида ўзбек тили”, “Ўзбек тилининг имло қоидалари”, “Ўзбек тилининг бирлашган имло қоидаси”, “Ўзбек тили иш китоби”ни яратган.

 

7. Ғози Олим Юнусов – 1893 йилда Тошкентда таваллуд топган. Биринчи ўзбек тилшуноси сифатида “Ўзбек уруғларидан қатағонлар ва уларнинг тили”, “Юридик терминлар луғати”, “Ўзбек лаҳжалари таснифида бир тажриба”, “Ўзбек тили грамматикаси” китобларини яратган.

 

 

Ўзбек халқ эпоси – “Алпомиш” достонининг илк тадқиқотчиларидан бири. 20–30-йиллар матбуот, тилшунослик, адабиёт, фольклоршуносликка оид долзарб мақолалар ёзган.

 

8. Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон – 1897 йилда Андижонда туғилган. “Уйғониш”, “Булоқлар”, “Тонг сирлари” ва “Соз” шеърий тўпламлари, ўнлаб ҳикоялар, “Кеча ва кундуз” романи ҳамда “Ёрқиной”, “Халил фаранг”, “Севги ва салтанат”, “Чўпон севгиси” каби пьесалар муаллифи.

 

 

Шекспирнинг “Ҳамлет” трагедиясини ўзбек тилига ўгирган. Чўлпон тараққийпарвар зиёли ва замонасиниг илғор шоири сифатида Туркистон мухторияти мадҳиясини (“Озод турк байрами”) ҳам ёзган.

 

9. Шокиржон Раҳимий – 1898 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1924 йилдан Москвада ўзбек ёшлари учун ташкил этилган Бухоро маориф уйи ва ишчилар факультетида мудир бўлиб ишлаган, 1927 йилдан Тошкентда ишчи факультети директори, 1928 йилдан маориф институти мудири, сўнг “Ўзбекистон” нашриётида мудир бўлган.

 

 

Педагог сифатида 1919 йилда чоп этилган ўзбек тилидаги биринчи алифбе дарслиги – “Совға”нинг муаллифи ҳисобланади.

 

10. Отажон Ҳошимов – 1905 йил Тошкентда деҳқон оиласида дунёга келган. Ўзбек ёзувчиларининг биринчи адабий уюшмаси – “Қизил қалам” ташкилоти раҳбари, Тил ва адабиёт институти директори, Ёзувчилар уюшмаси танқид ва адабиётшунослик шўъбаси раиси, янги ташкил этилган Фанлар комитети раиси ўринбосари лавозимларида ҳам қизғин илмий ташкилий фаолият билан шуғулланади.

 

 

Унинг ташаббуси билан 2 жилдли “Ўзбек фольклоридан намуналар”, “Ўзбек халқ эртаклари”, “Алпомиш”, “Маликаи айёр”, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётига бағишланган илмий асарлар, бир қанча терминологик луғатлар нашр этилади.

 

11. Зиё Саидов – 1902 йилда Тошкентда таваллуд топган. Журналист, драматург ва танқидчи. Дастлаб “Иштирокиюн”, “Ёш Шарқ” газеталарида, “Ўзгаришчи ёшлар” журналида ишлаган. “Қизил Ўзбекистон” газетасида саркотиб, “Муштум” журналида муҳаррир, 1937-1938 йилларда Ўзбекистон радиоэшиттириш қўмитаси раиси бўлиб фаолият кўрсатган. “Қонли кун”, “Тарих тилга кирди”, “Тўралик сиртмоғи” пьесалари, кўплаб  ҳажвиялар, ўзбек драматургияси ва кино санъати муаммолари таҳлилига бағишланган кўплаб мақолалар муаллифи. Унинг “Ўзбек вақтли матбуоти тарихига оид материаллар” (1870–1927) рисоласи ўзбек матбуотининг шаклланиш тарихини ўрганишда муҳим манбадир.

 

 12. Шоҳид Эсон Мусаев – 1884 йил Тошкентда дунёга келган. Эски мактаб ва мадраса таълимидан сўнг Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг ёнига кириб, мактабда дарс берган. 1917–1922 йилларда Туркияда бўлиб, Истанбул университетининг педагогика факультетини битирган. Туркиядан қайтгач, Тошкент вилояти муаллимлар билим юртида ишлаб, “Кўмак” ва “Нашри маориф” ташкилотлари тадбирларида фаол иштирок этган. Шокиржон Раҳимий билан бирга 4 жилдли “Ўзбекча тил сабоқлиғи” дарслигини ёзган.

 

Гувоҳи бўлганингиздек, улар ўзбек тили ва адабиёти, маънавияти жонкуярлари, ўз халқини озод ва ҳур кўришни истаган асл ватанпарварлар эди. Улар халқни маънавиятга етаклаш, ёшларни янги усул мактабларида ўқитиш, чет элларда малака ошириш орқали уларнинг қалб кўзларини очиш ва замон талабидаги мутахассисларни тайёрлаш орқали жаҳолатдан қутулиш мумкинлигини билишарди. Аммо мақсадларига ета олмадилар. 1938 йил 4 октябрь тунида отиб ташланди. Уларнинг юлдузи эрта сўнди... Худойберган Девонов 60, Фитрат 54 ёшда бўлса, Қодирий 44, Чўлпон 41, Отажон Ҳошимов 33 ёшда эди...

 

Холиёр САФАРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10337
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//