Тарихда жамият ижодкорларни қандай қабул қилган? Навоийшунос Дилнавоз Юсупова билан суҳбат


Сақлаш
12:29 / 30.05.2025 22 0

Филология фанлари доктори, профессор Дилнавоз Юсупова билан суҳбат

 

Дилнавоз хоним, Сизни соҳада ўз ўрнини топган мумтозшунос, навоийшунос олима деб биламиз. Фундаментал тадқиқотлардан ташқари, икки муҳим нашр – ўттиз жилдли “Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги” ҳамда икки жилдли “Алишер Навоий: қомусий луғат”ни тайёрлашда иштирок этгансиз. Хабарингиз бордир, аввалроқ устоз олим Боқижон Тўхлиев билан “Тафаккур”да суҳбатлашиб, “Лисоний мураккаблик боис мумтоз адабиёт, айниқса, Навоий асарлари бора-бора илмий тадқиқотлар манбаигина бўлиб қолмасмикан?” деган масалада ҳам фикрлашган эдик. Тўғри, навоийшунослик кейинги юз йилда замонавий илму фан бағрида тараққий этди, мутафаккир бобомизнинг маънавий-бадиий дунёсини бугунги китобхонга яқинлаштириш борасида салмоқли ишлар қилинди. Аммо барибир Навоий битикларини чуқур тушунадиган, бадиий асар сифатида улардан баҳра топадиганлар фақат мутахассислардан иборат бўлиб қолгандек, “илм – илм учун”дек... Албатта, шоир қаламга олган ахлоқий-маънавий масалалар доимо долзарб, маънавият сатҳида бутун инсониятнинг Навоий даҳосига муҳтожлиги ҳамишаликдир. Бироқ тамаддун чўққиси деб ҳисобланаётган ХХI асримизда не-не тамойиллар, тутумлар, муносабату ёндашувлар ўзгарди; кўп нарсалар гўё эскирган. Шу манзарада бугунги глобал дунё, инсонийликдан тобора чекинаётган аҳли башар янги ғоялар, янги кўрсатмаларга ҳам эҳтиёж сезаётгандек...

 

– Мулоҳазаларингизда жон бор, Нодира опа. Ҳақиқатан, бугунги глобал дунёда қарашлар ва ғоялар, тутум ва ёндашувлар ўзгаряпти. Инсонларнинг яшаш тарзи, тафаккурида эврилишлар содир бўляпти. Аммо, назаримда, бугун сабот, садоқат, вафо тушунчалари ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамият касб этаётир. Шунга кўра, ҳазрат Алишер Навоий асарларини тадқиқ қилиш ҳеч қачон тўхтамаслиги керак деб ҳисоблайман, ҳатто илм – илм учун тамойили устун келган тақдирда ҳам. Бу тамойилдан чекиниш ёки уялишга ҳожат йўқ. Асл ҳикмат, дахлсиз ҳақиқатлардан кўпчилик юз ўгирган чоқда ҳам аҳли илм олий маслагидан воз кечмаслиги шарт. “Эскилик” тамғаси урилса-да, моҳияти ва хосияти эскирмас тушунчалар бор. Зеро, уларни кашф этмоқ, шулар асосида яшамоқ учун одамзод бир қанча асрларни босиб ўтган. Глобал ахлоқий деградация ёки фикрий ассимиляция ҳам уларнинг долзарблигига путур етказолмайди. Инсоният балки қай бир эътиқод ва ҳикматларни эскирди деб эълон қилар. Алҳосил, фурсат келиб, янгилик дея ўзини урган фалсафа иш бермагани, маънавий ва моддий эҳтиёжлар ўртасидаги мувозанатни тиклай олмаганига иймон келтиради ҳамда эскирди деб ҳукм қилгани саҳифаларни қайта варақламоққа мажбур бўлади. Навоийшуносларимиз ўз зиммаларидаги вазифаларни бажармоқда мардонавор давом этишлари керак. Ҳар хил мантиқсиз саволларга жавоб бериш ёки тийиқсиз истакларни изоҳлаш каби вазифани зиммага олмаганмиз. Билъакс, ҳазрат Алишер Навоий ва у киши каби мўътабар зотларнинг тарбия, одоб, маданият, эътиқодга доир қимматли фикрларини ўрганиш, ўргатиш ва саботу садоқат ила тарғиб қилишимиз лозим. Менинг комил инончимга кўра, жаҳонни, инсонни, наслу насабни, ҳаётни, покликни, эзгуликни қутқариш вазифаси бора-бора Навоий сингари улуғлар ва у зотнинг меросхўрлари чекига тушади. Бошқача бўлишини тасаввур ҳам қилолмайман.

 

– Сизга “Шоир битикларида қаламга олинган ахлоқий-маънавий масалалар долзарблигини ҳеч қачон йўқотмайди” дедим-у, яна ўзим ўйланиб қолдим. Ҳазрат Навоий 1481 – 82-йилларда “Арбаъин”ни ёзганлар. Унда Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (с.а.в.) қирқ ҳадиси шеърий шарҳланган. 1485 йилда эса “Назм ул-жавоҳир” майдонга келади. Бу туркумда ҳазрат Али (р.а.) ҳикматлари назмга солинган. Навоий бобомиз гўёки турли мазҳабларга тенг эҳтиромни, бағрикенгликни шу шаклда намойиш қилганлар. Бугун эса... дунё мазҳаблару тариқатлар ўртасидаги омонсиз курашлар, урушлар майдонига айланган. Таассуфки, исломдан ҳам, инсонийликдан ҳам фарсах-фарсах узоқ бу тавр жаҳолат ичида бизнинг юртдошларимиз-да бор. Улуғларимизнинг битиклари, амалий ибрати ўз кучини тобора йўқотмаяптими?

 

– Фикрингизни тўғри англаган бўлсам, ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда Али розияллоҳу анҳу сўзлари шеърий талқин қилинган икки асарни эслаш асносида Алишер Навоий аҳли сунна ҳамда шиа мазҳабига бирдек бағрикенглик қилган, демоқчи бўляпсиз.

 

Назаримда, ҳодисага бироз бошқачароқ ракурсда нигоҳ ташлаш керак. Бу икки асар мантиқан бир-бирини тўлдиради. Ҳадис илми – алоҳида соҳа; унинг асослари, истилоҳлари мукаммал шаклда ишлаб чиқилган. Ҳадисларни шеърий талқин этиш, айниқса, уни таржима қилиш катта илм ва масъулият талаб қилади. Пайғамбаримиздан бошқа зотларнинг сўзлари эса ҳикмат ҳисобланади. Луғатларда ҳикмат “фойда ва зарарни, яхши ва ёмонни ажратиб берувчи сўз” дея таърифланган. Пайғамбаримизнинг куёвлари, жиянлари бўлмиш ҳазрат Алининг ҳикматлари ҳадисларга ҳамоҳанг, уйғун ва уларнинг шарҳи мақомида эканига шубҳа йўқ. Қолаверса, “Арбаъин” ҳамда “Назм ул-жавоҳир”нинг ёзилиш сабабларини муаллифнинг ўзи батафсил баён қилган.

 

Шоиримиз ҳазрат Алига отдош – ул зот мумтоз матнларда шери Худо деб сифатланадилар, “Ҳайрат ул-аброр”да Навоий бобомиз ҳам асадуллоҳ дея васф қилганлар. Эҳтимол, исмдошлик ёки Пайғамбарга энг яқин қариндош бўлгани туфайлидир, Навоий қалбан Алига алоҳида эҳтиром сезган. Ана шу муҳаббат “Назм ул-жавоҳир”ни битмоққа ундаган.

 

Муаллиф асарни Султон Ҳусайнга бағишлагани ҳам бежиз эмас. “Бобурнома”да қайд этилишича, Навоий Султон Ҳусайнга шиа тарафдорларининг таъсири ортиши яхшиликка олиб бормаслигини таъкидлаган. Бу масала устоз Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Шавқи наво” китобида махсус тадқиқ этилган. Агар муаммонинг мазҳаб билан боғлиқ нуқтасини изласак, Навоий асарни Султон Ҳусайнни, шунингдек, ўша давр кишиларини ҳазрат Али шахсияти ва ҳикматлари билан чуқурроқ таништириш учун ҳам ёзган деб айтишимиз мумкин. Чунки ўша мазҳабга мансуб, ХV асрда ижтимоий барқарорликка хавф солган айрим бузғунчи гуруҳлар ҳазрат Алини умр бўйи ҳокимият учун курашган ва бу курашни келажак авлодга ҳам васият қилиб қолдирган сиёсатчи сифатида кўрсатган. Яъни ислом оламида охирзамон пайғамбаридан кейин машҳур бўлган шахс номидан ўз ғаразли ниятларини амалга оширишда фойдаланмоқчи бўлганлар. Баъзи мутаассиб гуруҳлар эса ҳазрат Алига муҳаббатли бўлган соғлом эътиқодли кишиларни рофизийликда айблаб бадном қилишга уринган. Навоий ҳикматлар таржимаси орқали ҳазрат Алининг шахсияти, дунёқараши, эътиқоди ва маслаги ҳар қандай даъвою иддаолардан баланд туришини исботлаб берди, диёнат бобида ул мўътабар зот билан маслакдош эканини кўрсатди. Буюк шоиримиз ўзи мансуб бўлган аҳли сунна эътиқоди ва ҳазрат Али эътиқоди ўртасида тафовут йўқлиги, шиа фирқаси сиёсий гуруҳ сифатида шаклланиб, соф эътиқоддан янглиш томонга оғганини тушунтирмоқчи бўлгандир эҳтимол...

 

Дунёда бугун кечаётган мазҳабу тариқатлараро зиддиятларнинг сабаби илмсизликдир. Умуман, ахборот мароми тезлашиб, саҳиҳ ва тўқима, рост ва ёлғонни ажратиш маҳол бўлиб қолган бир даврда бундай ихтилофларнинг авж олиши табиий. Инсоният бу даврни ҳам яшаб ўтади, оқилона хулосалар чиқаради ҳамда вақти келиб, одамзодда жаҳолат ва илм ўртасидаги қатъий чегарани фарқлаш малакаси шаклланади деб ишонаман.

 

– Ҳазрат Навоий “Мажолис ун-нафоис”нинг VII мажлисида Темур Кўрагондан ташқари йигирма бир нафар шоҳу шаҳзода номини зикр этганлар. Ифтихор қиламизки, неча-неча подшоҳларимиз соҳибдевон шоир бўлган: Ҳусайний, Бобур, Феруз, Убайдий, Амирий... Девон тартиб бермаганлари-чи: Нишоний (Субҳонқулихон), Хон (Абдуллахон)... Турфа истеъдод-қобилиятнинг бир шахсда жамланиши таҳсинга лойиқ, албатта. Энди замондош шоиримиз Рауф Парфидан эшитайлик: “Одамлар кучли, бақувват бўладилар. Дарахтларни кесадилар, тошларни ўрнидан силжитиб, ҳар томонга отадилар. Кучли кимсалар одамларни бир-бири билан уруштириб, жанжал чиқариб, давлатни бошқарадилар. Кучли одамга най чалаётган шоир керак эмас. Най чалаётган одам ниҳоятда кулгили туюлади унга. (Жон) Китснинг (ХIХ аср инглиз шоири – Н. О.) назарида кучли одам шеър ёзмаслиги керак”. Буям бир фикр-да, балки бирёқламадир, балки эҳтироснинг “самовий кучи”
(А.Орипов) ила айтилгандир... Лекин ўйлаб қолади-да одам: мозий майдонларидаги мағлубиятлару инқирозлар “кучли одам”ларимизнинг шеърга мубталолигидан ҳам эмасмикан?

 

– Кучни бирёқлама тушунмаслик керак. Тарихдан маълумки, давлат икки қурол узра собитдир – қалам ва қилич. Бу икки қурол бир-бирининг ўрнини босишга асло қодир эмас. Аммо бир ҳукмдорда қалам ва қиличнинг мужассам бўлиши бу – муаззам Шарқ, хусусан, бизнинг аждодларимизга хос фазилат. Сўз майдонида қаламни, жанг майдонида қилични моҳирона ўйнатган подшоҳ ҳар томонлама комил бошқарувчи ҳисобланган.

 

Фикримча, бугунги одамлар, хусусан, адабиёт кишилари билан ўрта аср сўз муҳаққиқларининг шеърни англашида жиддий фарқ бор. Бугунги кун китобхонига кўра, шеър одами – жуда кўнгилчан, ҳиссиётли ва ҳамиша келишув йўлини тутадиган ёки исён қўлида ожиз қолиб нуқул нола чекадиган инсон. Аммо боболаримиз наздида, шеър – аввало ҳикмат, инсонларни покликка, теранликка етаклайдиган восита, комиллик кашфиётидир. Ҳар қандай туйғу шеърга солиниши мумкин эмас. Фақат юксак ғоялар, эзгулик тараннуми ҳамда одамийлик тафаҳҳуми бўлган калималар шеър бўлмоққа лойиқ. Қалб эзгулик, покиза ишқ ва инсонийлик қаршисида ёнсин-куйсин, илло адолатсизлик, зулмга бўйин эгмасин. Дейлик, юртни ғорат қилаётган ёв рўпарасида шоир-подшоҳ “Бу ҳам одам-ку!” деб кўнгилчанлик қилмайди, аксинча, одамийлик ҳаққини поймол этган босқинчининг ишини қилич-ла битириб қўяқолади. Шу ўринда мавлоно Хондамир ёзиб қолдирган, бугунги авлод негадир ўта ҳассос ва кўнгилчан деб тасаввур қиладиган ҳазрат Навоий билан боғлиқ воқеани эсласак. Золим вазир сифатида ном қозонган Мавлоно Сониъий бошига катта салла ўраб юрар экан. Бир куни унинг номаъқул ишлари Ҳусайн Бойқарога маълум бўлибди. Султон ғазабланиб, вазирнинг салласини бошидан олиб ташлашларини буюрибди. Шунда Навоий подшоҳга юзланиб, ушбу мисрани айтган экан:

 

Чу бори сар сабук кардий, сабук кун бори гардан ҳам.

 

Мазмуни: бошидаги юкни енгиллатган экансиз, энди бўйнидаги юкни ҳам енгиллатинг, яъни салласини олиб ташладингизми, энди калласини ҳам олиб ташланг!

 

Демак, аждодларимиз зулмга, адолатсизликка нисбатан муросасиз бўлган. Қўлида қалами бўлган подшоҳларимиз теран шуур ва кескир қилич соҳиби бўлганки, бу хусусият миллат зеҳниятига ҳукмдорга қўйиладиган талаб ўлароқ мустаҳкам ўрнашган.

 

Амир Темурдан кейинги тарихимиз бизга инқирозлар асри дея кўрсатилади. Бу – тарихни англаш бобидаги муаммоларимиздан бири, шу хил англам қолипи бизга мустамлака давридан “ёдгор”дир. Тарихимизни шайбонийлар, аштархонийлар, кейинчалик манғитлар давридаги зиёли ва олимлар тафаккур кўзгуси билан кузатиш, жаҳондаги бошқа халқларнинг ўз кечмишини англаш тамойили билан қиёсан идрок этиш зарур. Шунда халқимизнинг чор мустамлакасига қадар бўлган асрлардаги маданий-маънавий, иқтисодий-ижтимоий, сиёсий-ҳарбий ҳолати хусусида илмий асосда янгича ва бир қадар тўғри жавоблар олган бўлар эдик. Ўша асрларда диёримиз халқлари ўз ҳаётидан рози ёки норози бўлгани, ҳаёт даражаси, ижро ва суд ҳокимияти фаолияти муқояса йўли билан ўрганилса, ҳақиқат янада ойдинлашар эди.

 

Агар Сиз мағлубият ва инқирозлар деганда юртимизнинг босқинчилар томонидан ишғол этилишини назарда тутаётган бўлсангиз, бунга кучлиларнинг шеърга мубталолигини сабаб қилиб кўрсатмаслик керак, балки масалани каттароқ кўламда ўрганиш лозим деб ўйлайман. Бунинг учун бизга янги илмий тадқиқот методологияси зарур.

 

– Англияликларнинг сўнгги ўнйилликдаги энг севимли ўнта сўзи аниқланибди, рўйхатда serendipity ҳам бор экан – бу факт профессор Гулноза Одилова билан ҳаммуаллифликдаги мақолангизда келтирилган. Бу сўзни илк бора инглиз ёзувчиси ва файласуфи Хорас Волпол 1754 йилда дўсти Харас Маннга ёзган мактубида қўллаган ва уни “фавқулодда ҳолатларда онгнинг жадал тарзда ишлаб кетиши натижасида кашфиётлар қилиш ва кутилмаганда омадга эришиш” деб изоҳлаган экан. Ҳ. Волпол сўз маъносини тушунмоқ учун итальян адиби Микеле Трамеззинонинг “Сарандиб шоҳининг уч ўғли” асарини (1557) ўқиш керак, дея таъкидлайди. Мазкур асар шарқона сюжетлар асосида, хусусан, Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достони таъсирида яратилган экан. Мақолангиздан парча келтирсам: “... ёзишма натижасида мазкур асар Англияда қайта-қайта ўқила бошлайди, “serendipity” эса инглизларнинг севимли сўзи, фалсафий тушунчасига айланади. Асардаги бутун фалсафий маънони қамраб олган мазкур янги сўз Англия ва Америкада сиёсат, медицина, рангтасвир, таълим, иқтисодиёт, алгебранинг, илм-фан ва ижтимоий жараённинг ҳамма тармоқларига кириб боради ва фан тараққиётига сабабчи бўлади”. Бу сатрларни шоён ифтихор билан ўқидим. Лекин... Навоий бобомиз достонига таассубан ёзилган бир асарки ўзга юртларда шунча тўлқин уйғотган экан, бу ҳол XV асрдан сўнг нега бизда рўй бермади? Бугун ютуқларимиз оз эмас... аммо таассуфки, аёллар хорижда нораво ишлар билан машғулу машҳур, оналару оталар ўз зурриёти умрига зомин, эрларимиз ё ғурбатзада қора юмушчи ва ёким террор лашкарлари сафида экани ҳам аччиқ ҳақиқатдир. Биз бу сира фожиаларнинг сабабини иқтисодий мушкулотлардан, ижтимоий омиллардан ахтарамиз кўпинча. Ваҳоланки, ўша иқтисодий-ижтимоий муаммоли вазиятлар ақл-идрок кўзини туйқус очиб, тараққийга олиб чиқар ҳам экан-ку! “Сабъаи сайёр”дек асарлар нега бизда serendipity эффектини келтириб чиқармайди – нима, биз адабиётни киройи тарғиб қилмаймизми? Ёки гап менталитетдами? Ёхуд адабиёт бизда фақат ўқиш учуну ўқиганимиз тийнатимизга юқмайдими?

 

– Таъкидлаб ўтишим керак, Сиз келтирган иқтибос Гулноза Одилованинг нуқтаи назари эди – мен бу масалада бошқачароқ фикрдаман. Бир қанча жиҳатларни аниқлаштириб олиш зарурга ўхшайди. Дастлабки масала тараққиётни қай тарзда англаш билан боғлиқ. У бугунги давр кишиси назарида икки шаклда намоён бўлиши керак гўё. Биринчиси, тараққиётнинг моддий томони бўлиб, яшашни осонлаштирувчи воситаларнинг мукаммалаша боришини ифодалайди. Яъни одамзод қулайроқ яшаши, камроқ жисмоний куч сарфлаши керак. Имкони бўлса, жонини мутлақо оғритмасаю барча эҳтиёжлари муҳайё бўлаверса... Иккинчидан эса, одамлар ўз истак ва салоҳиятларини кўз-кўз қилиш, намоён этишда ҳеч қандай тўсиққа учрамасликлари керак – ана шунда улар ўзини бахтли ҳис этади. Бу зеҳният бугун прогрессив қатламга мансублик белгисига айланди. Мазкур қарашлар Ғарб тамаддуни ҳосиласи бўлиб, моҳиятида психоанализ таълимотининг фундаментал асослари ётади.

 

Тараққиётга оид бу хил қарашлар қандай оқибатларга олиб боради? Бунда ҳам икки умумийлик бор: биринчиси – одамларнинг худбинлашуви, меҳр-оқибатнинг кўтарилиши, умуман, аждодлар инсонийлик илдизи деб билган қадриятларнинг емирилиши. Иккинчиси – соғлом ақлга сиғмайдиган ҳодисаларнинг тарғиб қилиниши. Масалан, инсон ўз ҳаётини ўз ихтиёри билан тўхтатиши. “Хавотир ва қўрқувларсиз ўлиш ҳар кимнинг ҳуқуқи” қабилидаги ёндашув натижасида Ғарбда ўлим капсулалари пайдо бўлганидан хабарингиз бор.

 

Шунингдек, трансгуманизм атрофидаги баҳслар ҳам кучайган, яъни инсон руҳининг бу дунёдаги абадий ҳаётини таъминлаш деган гап ўртага чиқмоқда. Биологик вазифаларга муаккил тана ўта қулай муҳитда яшаса ҳам барибир кун келиб ўлимга йўлиқади. Трансгуманизм тарафдорлари фикрича, жисм ишлашдан тўхтасин, жон эса ўлмасин – руҳни бошқа бир моддага кўчириб ўтказиш керак. Соғлом мантиққа зид даъво бу!

 

Яна бир мисол келтирай: ҳозир квадробер деган сўз қулоққа тез-тез чалиняпти. Унга кўра, одам ўзини бирон ҳайвон деб тасаввур қилади, ўша жониворга тақлид қила бошлайди... Ғарбда хавотирли даражада оммалашиб бораётган бу ҳодисалар таъсирини юртимизда ҳам кўряпмиз.

 

Ёхуд эркак ёки аёл ўз жинсидан норози бўлиб, уни ўзгартиришга ҳаракат қилса ва бу истакни жамият қўллаб-қувватласа?! Сўзим аввалида айтганим тараққиётнинг икки шакли одамларни охир-оқибат ана шундай абсурд тасаввур ва хаос чангалига ташлаётир. Шу боис Ғарб тараққиёт деб тақдим қилган модель, назаримда, инсон учун тугал бахтни бера олмайди. Аксинча, шубҳа ва иккиланишлар, тубсиз тушкунлик чоҳига улоқтиради. Фикри ожизимча, тараққиёт руҳ ва қалб билан боғлиқ ҳолда кечиши керак. Ҳақиқий бахт ва комиллик йўли ана шу.

 

Энди Навоий асарлари охирги беш асрда юртимизда қай даражада ўқилгани, оммалашгани ва у аждодларимиз ҳаётида қанчалик акс этгани масаласига келсак. Матншуносларимиз гувоҳлик берадики, бу давр мобайнида ҳазрат Навоий асарлари тинимсиз кўчирилган ва ўқилган. Ҳозирда биргина Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзмалари марказида “Хамса”нинг XV – XX аср аввалида кўчирилган 170 га яқин қўлёзмаси сақланади. Агар бу саноққа қўшни мамлакатлардаги қўлёзмаларни ҳам қўшсак, Навоий достонларининг Марказий Осиё интеллектуал ҳаётида қандай ўринга эга бўлганини тасаввур қилиш қийин эмас.

 

Ҳерман Вамбери ўз кундаликларида Навоий ижоди ва шахсияти Туркистондаги уч хонлик аҳолиси орасида бирдек улуғланганини ёзиб қолдирган. Ҳазрат Навоийдан кейин туркий тилда қалам тебратган бирор шоир йўқки, ул зотга мурожаат этмаган, тақлид қилмаган, эргашмаган ёки ўзига муршид деб билмаган бўлса! Мутафаккир шоир ғоялари ва қўллаган тасвир воситалари деярли барча ижодкорлар асарларида тажаллий қилади. Сираси, ҳазратнинг охирги беш асрда халқимизнинг маънавий мураббийи мақомида бўлиб, гадодан шоҳгача, қулдан беккача, авомдан хосгача – барчанинг эҳтиромига сазовор бўлгани мутлақ ҳақиқатдир. Хўш, мутафаккир шоир қарашлари ҳаётимизда қай шаклларда зуҳур этган? Бу саволга узил-кесил ва мухтасар жавоб беришнинг имкони йўқ, албатта. Аммо айрим муҳим нуқталарни қисқа шаклда қайд эта оламиз: Навоий Парвардигорга муҳаббат ғоясини куйлади; инсонни коинотдаги мукаррам яратиқ деб билиб, унинг ҳаёти, қадри ва қийматини энг олий қадрият деб сингдирди, инсон кўнгли ва туйғулари пок бўлмоғи лозимлигини уқтирди; дунёга майл қўймасликка, нафсга эргашмасликка даъват этди; адолатни устун қўйиб, зулмнинг офат эканини таъкидлади; ўлимдан қўрқмасликка, ҳаётни севишга чорлади... Ҳазрат Навоийдан кейин яшаган аждодларимиз ана шундай қадрият ва тамойилларни ҳаётий шиор деб билдилар.

 

Ғарбнинг тараққиёт модели ва Навоий илгари сурган ҳаёт маъно-мазмуни ҳақидаги қарашлар бир-бирига тўғри келмайди. Serendipity калимаси Ғарбнинг турли соҳалардаги ривожланиш омили ўлароқ кўрилса, бу улар улуғ бобомиз ижодининг бир заррасидан баҳраманд бўлганига далил, холос.

 

“Ўзаро урушлар, хонликлар ўртасидаги зиддиятлар, сиёсий бирликнинг йўқлиги, халқнинг аянчли аҳволи-чи? Навоий ғоялари бу ҳолатларни муолажа қила олмадими?” деб сўрашингиз мумкин. Албатта, усмонли турклар Мавлоно Жалолиддин Румийни ўз давлатчилигининг меъмори ўлароқ кўргани каби, ҳазрат Навоий ижоди ҳам Мовароуннаҳр халқлари тафаккури, яшаш тарзи, адабиёти ва маданиятига жиддий таъсир кўрсатган. Аммо ҳар бир даврнинг ўз хусусияти бор, гоҳида ҳар қандай кучли адабиёт ёки ғоялар ҳам унга таъсир қилмаслиги мумкин. Алқисса, ҳар бир давр одамлари бебаҳо бисотдан ўз насибаларига яраша улуш оладилар.

 

Кейинги беш асрда Туркистон халқларининг маданияти, яшаш тарзи, тафаккури дунёнинг ўша вақтдаги бошқа элларидан асло қолишмаган, балки улардан олдинда бўлган, инсонпарварроқ бўлган деб айта оламиз. Халқимиз зеҳнияти тажовузкорликдан йироқ эди, сокин ва тартибли умр кечириш, қадриятларга содиқлик, барчага яхшилик қилиш хислатлари бутун борлиғимизга сингиб кетган эди. Эҳтимол, ана шу соддадиллик сабабли ҳам босқинчиларнинг ваҳший, маккорона ҳужумларию мислсиз кулфатларни сезмай қолгандирмиз?! Ёлғондан узоқ халқ бошқалардан ҳам ростгўйлик кутади. Масалан, профессор Ҳамид Зиёев генерал Черняев Тошкентни эгаллаш маҳали маҳаллий аҳолига қандай ваъдалар бергани, халқни қай тариқа алдаб қуролсизлантиргани хусусида қимматли фактлар келтирган.

 

Агар халқ зеҳниятига унинг адиблари ёзган асарларга қараб баҳо берсак, охирги беш асрда Оврупо адиблари яратган наср намуналарига назар солиш кўп ҳақиқатларни очади. Дейлик, Оноре де Бальзак, Стендаль, Проспер Мериме каби адиблар замондошларининг маънавий емирилишлари, жамиятдаги бемисл тартибсизликлар, эътиқодсиз кишиларнинг фожиаларга тўла ҳаёти, софдиллик ва мардликнинг қурбон этилишини қаламга олган. Миллий адабиётимиздаги ғоя ва қарашларни шу аспектда қиёсга тортсак, инсон қадри, эътиқод пойдорлиги, яхшиликсеварлик, қадриятларга садоқат, инсоф ва номус ҳимояси ўта мустаҳкам эканини кўрамиз. Эҳтимол, шу боис Навоийнинг инглиззабон таржимони Ҳарри Дик миллатдошларининг маънавий хасталигига давони шоир асарларидан излагандир, “Алишер Навоий кўнгил боғининг боғбонига ўхшайди. Тараққиёт ортидан қувиб, кўнглини ажриқ босиб кетган кишилар қалбидан ажриқларни юлиб, руҳониятини даволайдиган боғбонга...” деб ёзгандир.

 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳазрат Навоий ижоди асрлар бўйи инсонийлик ҳамда соф эътиқод қўрғони бўлиб келаётир. Шоир дунёсидан баҳраварлик ҳамма давр ва ҳар қандай шароитда инсон ва жамиятни саодатга етаклашига шубҳам йўқ.

 

– Ҳаёт низоми шундай: ҳар қандай ибтидонинг интиҳоси бор. Шундай бўлса-да, интернетда ўқиганим бир маълумот соҳага дахлдор одам сифатида юрагимга қаттиқ тегди: футурологик тахминларга кўра, келажакда истеъмолдан чиқиб кетадиган соҳалар ичида филология ҳам бор экан. Бу тахмин башарти тўғри чиқса, филологияни ўтмиш қутисига ташлаб юборган одамзод нималарни йўқотади?

 

– Мен ҳамиша яхши гумонда бўлиш тарафдориман. Шундоқ ҳам дунё шумхабарларга тўлиб кетган. Бу сира тахмин-тусмолларнинг ҳаммаси ҳам тўғри чиқавермаслигига аминман. Айниқса, филология, тил ва адабиёт соҳаси ҳеч қачон ўлмайди. Ахир, одамзод адабиётсиз, сўзсиз, тилсиз яшаши мумкинми?! Ҳамма даврларда сўз юкини кўтарадиган, Ватан ва тилни ҳимоя этадиган, Навоий каби зотлар меросига соҳиб чиқиб, уни келажакка етказадиган ойдинлар пайдо бўлаверади. Умидим шулки, бу илоҳий илтифот то қиёмат узилмагай!..

 

Нодира ОФОҚ суҳбатлашди.

 

“Тафаккур” журнали 2025 йил 2-сон.

Дахлсиз ҳақиқатлар” суҳбати

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

17:05 / 27.05.2025 0 101
Соҳибқирон битган мактублар





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18397
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//