
Сўнгги вақтларда сунъий идрок (СИ) ҳақида кўп ва хўб ёзилмоқда, бу мавзуда муҳокамаю мунозаралар тинмаётир. СИнинг фойдали жиҳатлари бисёр. Кун сайин ривожланаётган мазкур технология инсоният учун янги имкониятлар эшигини очади, улкан маълумотлар тизимини бошқариш, мураккаб технологик жараёнларни автоматлаштиришда оғиримизни енгиллатади. Саломатликни узлуксиз мониторинг қилиш, хасталикларга барвақт ташхис қўйиш орқали тиббиётда том маънода инқилоб ясайди. СИ толиби илмларга шахсий мураббий каби сабоқ беради. Дейлик, сиз махсус дастур билан жонли мулоқот қилган ҳолда хорижий тилларни ўрганишингиз мумкин: СИ дастури сиз билан хорижий тил соҳибидек эркин суҳбат қуради, йўл қўйган камчиликларингизни меҳрибонлик билан тузатади.
СИ зерикарли ва оғир юмушларни бажаришда беминнат кўмакчи бўлаётгани ҳам эътиборга молик. Айни чоқда, унинг такомиллашиб бориши билан танганинг иккинчи томони ҳам кўринмоқда. Ушбу мақолада ҳам кўпроқ СИнинг эҳтимолий таҳдидлари хусусида сўз юритмоқчимиз.
СИнинг жамият барча жабҳаларига кириб бориши инсоннинг аста-секин танбаллашуви ва ақлий салоҳияти пасайишига олиб келиши мумкин экан. Тадқиқотларга қараганда, билим олиш ва турли масалаларни ечишда фақат СИга таяниб қолиш мустақил фикрлаш, муаммоларни ҳал этиш қобилиятини пасайтиради, инсондаги “когнитив юклама” сусаяди (Gerlich M. AI Tools in Society: Impacts on Cognitive Offloading and the Future of Critical Thinking. // Societies 2025, 15, 6. https://doi.org/10.3390/soc15010006).
Технологияларнинг жадал тараққиёти шахсий маълумотлар дахлсизлиги билан боғлиқ ахлоқий масалани ҳам ўртага қўймоқда. Замонавий кузатув воситалари СИ ёрдамида анча такомиллашди. Ҳозирда мутараққий мамлакатлар ўз фуқароларини туну кун назорат қилиши, деярли ҳар бир хатти-ҳаракатини тасмага ёзиб бориши мумкин. Бу ҳол бора-бора инсоннинг энг муҳим ҳуқуқи – эркинлик ва шахсий дахлсизлиги чекланишига олиб келмасмикан, деган савол ойдинларни ташвишга солмоқда. Масалан, Хитойда СИ ва бошқа техник воситалар орқали фуқароларнинг юриш-туришини доимий кузатиб, уларнинг хулқ-атворини назорат қилувчи рақамли ижтимоий рейтинг тизими жорий этилган. Бу тизим балки жиноятчиликка қарши курашда асқатар, лекин шахсий дахлсизлик таҳдид остида қолади.
Яқингача технологик компаниялар СИнинг эҳтимолий хавфини камайтириш, шунингдек, ахлоқий чекловлар бузилмаслигига алоҳида эътибор қаратар эди. Бироқ шиддатли рақобат муҳитида эндиликда бу жиҳатлар гўё унутилмоқда.
АҚШ президенти Дональд Трамп лавозимга киришгач, СИни ривожлантиришга йўналтирилган, қиймати 500 миллиард долларлик “Stargate” мегалойиҳасини эълон қилди. Лойиҳа муаллифлари уммонорти мамлакати саноатини технологик трансформацияларга ҳамоҳанг тарзда ривожлантириш ва СИ соҳасида стратегик устунликка эришишни кўзлаган.
“Stargate” тақдимотидан сўнг дунёда СИ бўйича кимўзар пойга бошланди десак муболаға бўлмайди. Хитойда атиги бир неча миллион доллар эвазига СИ дастури (“DeepSeek”) яратилгани ортидан АҚШнинг қиймати бир неча юз миллиард долларга тенг “Open AI” ва “Nvidia” каби ширкатлари акциялари кескин қадрсизланди. Чин юртининг камхарж дастури дунёнинг технологик гигантларини саросимага солиб қўйди. Бу орада Хитой ҳукумати умумий қиймати 1 триллион юанга (қарийб 140 миллиард доллар) тенг СИ саноатини ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режасини эълон қилди. АҚШ билан тенгма-тенг рақобатга қаратилган дастурга мувофиқ, “Baidu”, “ByteDance”, “Alibaba”, “DeepSeek” каби компанияларга молиявий кўмак кўрсатилади (Bank of China Announces Investments Worth 1 Trillion Yuan to Develop AI Industry. https://www.medianama.com/2025/01/223).
Масаланинг қизиқ жиҳати шундаки, АҚШ ва Хитой қарама-қарши қутбдаги сиёсий тузумларнинг яловбардорлари бўлгани боис СИ соҳасидаги муваффақият улар тамсил этган мафкуранинг устунлиги сифатида талқин қилиниши мумкин. Хитой технологиялар борасида қатъий давлат бошқаруви ва назоратига таянади, Америкада эса бунинг акси. Океанортида асосан хусусий компаниялар, стартап жамоалар СИ бўйича йирик натижаларга эришмоқда. Демак, бу икки йирик давлатнинг технологиялар соҳасидаги рақобати бир вақтнинг ўзида мафкуралар тўқнашуви ҳамдир.
Бу ҳол дунё давлатлари учун ўзига хос огоҳлик қўнғироғи бўлди. Шундан сўнг ривожланган давлатлар технологик стратегияларини қайта кўриб чиқиб, бирин-кетин СИни ривожлантиришга улкан маблағ ажрата бошлади. Жумладан, 2025 йил февраль ойида Парижда ўтказилган AI Action Summit тадбирида Франция президенти Эммануэль Макрон СИ саноатига 109 миллиард евро маблағ йўналтирилишини маълум қилди. Фаранг сиёсатдони фикрича, Европа Иттифоқи СИ соҳасида назоратга кўп урғу бераётгани сабабли глобал пойгада ортда қолмоқда. Бунга қарши турмоқ учун тижорий манфаатларга таянган ҳолда ҳуқуқий чекловларни соддалаштириш зарур (Macron urges European action to attract AI projects. https://www.lemonde.fr/ en/france/article/2025/02/10).
Саммитда, шунингдек, СИ лойиҳаларини Европа Иттифоқи давлатлари билан ҳамкорликда ривожлантиришга келишиб олинди. Ҳар қандай янгиликни амалга татбиқ этишда, аввало, унинг ҳуқуқий жиҳатларига катта эътибор берадиган Европанинг СИ борасида эҳтиёткорликдан чекинаётгани, бизнингча, хавотирли ҳолат. Гап шундаки, 2024 йил 13 март куни Европа парламенти ЕИнинг сунъий идрокка доир қонунини (EU AI Act) қабул қилган эди. Дунёда муқобили йўқ ушбу қонуннинг ЕИ давлатларида тўлиқ кучга кириши эндиликда савол остида қолмоқда. Зеро, кўҳна қитъа давлатлари СИ ови авжига чиқаётган паллада қонун воситасида “оёқ-қўлини боғлаб олиш”ни истамайди, албатта.
Швейцарияда ҳам бу йўналишда кўплаб илғор компаниялар ташкил этилган. Альп тоғлари мамлакати СИни тартибга солишда бюрократик тўсиқларни кўпайтирмаслик, бизнес ва инновациялар учун қулай макон яратиш ниятида. Бунда технологияларнинг жамият учун хатари ҳам инобатга олинади. Яъни Швейцария инновацион бизнесни ҳам, аҳолининг хавотирларини ҳам бирдек ҳисобга оладиган олтин ўрталиқни топишни мақсад қилган. Аммо сих ҳам, кабоб ҳам куймаслигига эришиш осон бўлмаслиги аниқ (Can Switzerland steer a safe course to AI innovation? https://www.swissinfo.ch/eng/science/can-switzerland).
Кимўзар пойгада отга қамчи ураётган мамлакатлардан яна бири – Саудия Арабистони. Риёз ҳукумати “Project Transcendence” деган 100 миллиард долларлик улкан ташаббусни илгари сурди. Бу 2030 йилга қадар подшоҳликнинг нефть-газ саноатига қарамлигини камайтириб, иқтисодиётни диверсификация қилишга қаратилган “Нигоҳ – 2030” дастурининг муҳим қисми саналади. Саудия Арабистони бу лойиҳани амалга татбиқ этиш, жумладан, СИ имкониятларидан унумли фойдаланиш орқали яқин келажакда глобал технологик марказлардан бирига айланишни мақсад қилган.
Фикримизча, СИни ривожлантиришда асосий эътибор глобал рақобатга эмас, балки технологияларнинг соғлом тафаккур сарҳадларидан чиқмаган ҳолда такомиллашувига қаратилиши керак. Чунки сунъий онгдан фақат моддий манфаат кўзлаш, уни тижорий қуролга айлантириш яқин келажакда башорат қилиб бўлмас ҳалокатларга олиб келиши мумкин. Демак, бу борада қарор қабул қилувчи сиёсатдонлар унинг умумбашарият тақдирига таъсир кўрсатувчи фавқулодда муҳим технологик янгилик эканини унутмаслиги даркор.
Бугун СИ воситасида чексиз бойлик орттириш, адоқсиз манфаат кўриш қутқуси дунё бойлари ўй-хаёлини банд қилган. Масалан, америкалик машҳур технократ, йирик ишбилармон Илон Маск яқин йилларгача СИнинг инсониятга хавфи ҳақида бонг уриб келар эди. Жумладан, “Бизга сунъий интеллектнинг кераги йўқ, катта ҳажмдаги маълумотларни ёдида тутадиган сунъий хотира бўлса бас” деган эди у (“Тараққиёт, қўрқаман сендан”. “Тафаккур” журнали, 2024 йил, 1-сон. 39-бет). Ҳозирда АҚШ Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари лавозимида фаолият юритаётган И.Маск мамлакатда СИни жадал ривожлантириш ишларининг бошида турибди. У Американинг сунъий идрок гиганти – “Open AI” компаниясини сотиб олишга уриниб ҳам кўрди. Буни уддалай олмагач, ўзининг X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғига интеграцияланган “Grok” номли кучли дастурни ишга туширди. Боя эслаб ўтганимиз “Stargate” мегалойиҳасининг асосий ташаббускорларидан бири ҳам Маскдир. Шу тариқа яқин-яқингача ушбу технология мўъжизасидан фойдаланишда вазминликка ундаб келган пешқадам тадбиркорлар ҳам эндиликда рақобат завқу шавқига берилиб, эҳтиёткорликни унутиб қўймоқдалар.
СИ атрофида юз бераётган воқеа-ҳодисаларга назар солсак, курраи арзда охирги йилларда шаклланган “хавфсизлик бирламчи” деган қонун-қоида АҚШнинг технологик сиёсати сабаб таҳрирга учраётганига амин бўламиз. Сирасини айтганда, дунёда технологик рақобат кучайган сари СИга оид мавжуд концептуал муаммолар эътибордан четга қолмоқда.
Айни дамда инсоният яна бир хатарли технологик кураш гирдобига тортилиш арафасида: “совуқ уруш” даврида кузатилган оммавий қирғин қуролини яратиш йўлидаги технологик пойга яқин истиқболда сунъий интеллект жабҳасида такрорланиши мумкин. Зеро, замонавий армияларда аллақачон СИ воситаларини кенг жорий қилиш бўйича жадал тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Афсуски, инсоният CИдан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш бўйича яхшигина тажриба орттириб улгурди. У илк бор Ғазо секторидаги урушда – жанг майдонида бевосита қўлланди. Американинг “Microsoft” компаниясидан СИ тизимларини харид қилган исроиллик ҳарбийлар улардан истихборот (разведка) фаолиятида фойдаланди. Бу усул ҳарбийларга эҳтимолий нишонларни аниқлаб, йўқ қилиш имконини беради. Муаммо шундаки, Исроил армияси томонидан СИ тизимини қўллаш амалиётида тинч аҳоли ўлимига олиб келиши мумкин бўлган хатолар аниқланган. Кўп ҳолларда бу тизим оддий аҳоли ва ҳарбий нишонларни ажрата олмайди. СИ тизими бир гал мингга яқин ўқувчини ҳарбий нишон дея талқин қилган. Хайриятки, бу хато ўз вақтида аниқланиб, ўқувчилар ҳаёти сақлаб қолинган (As Israel uses US-made AI models in war, concerns arise about tech’s role in who lives and who dies. https://apnews.com/article).
Ҳарбий жабҳада СИнинг ишга солиниши кўп асрлардан бери инсониятни ўйлантириб келаётган оғриқли мавзу – қирғинбарот урушлар муаммосини янада чуқурлаштиради. Қачондан бошлаб инсоннинг яшаш ёки яшамаслигини ҳиссиз СИ ҳал қиладиган бўлди?! Технология имкониятларидан фойдаланиш керак, албатта, аммо инсонийликдан чекиниб, одамни ўлдириш ваколатини технологияга топшириш қайси ахлоқий мезонга тўғри келади?! Ахир, урушларда СИни мунтазам қўллаш охир-оқибат уни суперқотилга айлантириши мумкин-ку! Таассуфки, бу масала ҳозирча дунё сиёсатдонларини чуқур ташвишга солаётгани йўқ.
Америкалик олимлар фикрича, СИ бўйича пешқадам бўлган йирик давлатлар ушбу технологияларнинг ҳарбий жабҳада кенг ёйилишини чеклаш чораларини кўриши, бу борада хоҳ дипломатия, хоҳ куч ва қўрқитиш усулларидан фойдаланиши мақсадга мувофиқдир (Kissinger H., Schmidt Е., and Huttenlocher D. The Age of AI: And Our Human Future. New York: Little, Brown and Company. 2021. P. 127).
Сиёсатшунос олимлар Ҳенри Киссинжер ва Граҳам Аллисон ҳаммуаллифликда ёзган мақола СИ қуролларини назорат қилиш масаласига бағишланган. Муаллифларга кўра, буюк давлатлар бирон бир янги технология улкан имкониятлар эшигини очишига ишонч ҳосил қилар экан, ўша технология рақиблари қўлига тушмаслиги чораларини кўради, уни ўзи ривожлантиришга ҳаракат қилади (Kissinger H., Allison G. The Path to AI Arms Control. // Foreign Affairs, October 13, 2023. https://www.foreignaffairs.com/united-states/henry). Бунинг исботи ўлароқ инглизлар ва французлар Америка ядро соябонига қаноат қилмай ўз атом қуролини яратганини эслаш кифоя. Бугун СИ ядро қуроли каби глобал рақобат сабабчиси бўлса-да, уни назорат қилиш хийла мураккаб. Биринчидан, уни асосан хусусий сектор ривожлантирмоқда. Иккинчидан, СИ ядро қуролидан фарқли ўлароқ асосан рақамли платформаларда жойлашган. Учинчидан, уни назорат қилувчи тартиб-қоида ишлаб чиқилгунча мавжуд технология эскирмоқда; тезкор янгиликларга ҳамқадам бўлмоқ эса ўта мушкул.
Ҳ.Киссинжер ва Г.Аллисоннинг таъкидича, ҳар бир мамлакат CИдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга интилгани сабаб бу борада узоқ муддатли глобал тартиб яратмоқ, МАГАТЭ (Атом энергияси бўйича халқаро агентлик) каби ташкилот тузмоқ лозим. Бунда ишни, аввало, мазкур технологиянинг энг хавфли оқибатлари олдини олиш бўйича миллий саъй-ҳаракатлардан бошлаш керак.
Биз мақоламизда СИ равнақи ва ахлоқ мезонлари дилеммасига бот-бот эътибор қаратаётганимиз бежиз эмас. Чунки мазкур технология тараққий этган сари унинг ахлоқий жабҳадаги хатари тобора кўпроқ кўзга ташланмоқда. Жумладан, “Deepfake” (ўзбекча айтганда, қип-қизил ёлғон) технологияси ҳар қандай ахлоқ чегараларини ҳатлаб ўтаётгани бунга мисолдир. Мазкур технология орқали одамнинг суратидан фойдаланиб, аслида рўй бермаган воқеаларда уни бош қаҳрамон қилиб тасвирлаш мумкин. Бу “топилма”дан машҳур шахсларни обрўсизлантириш, ижтимоий норозиликлар келтириб чиқариш мақсадида фойдаланиш ҳолатлари ортмоқда. “Deepfake” орқали энг намунали одамга ҳам туҳмат ёғдириш, уни ёмонотлиқ қилиш ҳеч гап эмас. Демак, бугун кўрганимизнинг ҳаммасига ҳам ишониб бўлмайди. Ёлғон усуллари борган сари такомиллашиб, айёрлашиб бораётган бир вақтда медиа маҳсулотларининг ҳақиқийлиги, нейротармоқлар маҳсули эмаслигини текширувчи дастурлар яратиш лозим.
Глобаллашган дунёнинг ажралмас бир бўлаги бўлган юртимизда ҳам охирги йилларда СИни жамият ҳаётига босқичма-босқич жорий қилиш, технологик эврилишларга тайёрланиш борасида талай ишлар қилинмоқда.
Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 14 октябрдаги “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан дастуриламал ҳужжат қабул қилинди. Ушбу стратегияда иқтисодиётнинг турли соҳаларида СИни жорий этиш, давлат идоралари ва ташкилотларнинг ўзбек тилидаги улкан маълумотлар омборларини шакллантириш, ахлоқий қоидаларни яратиш каби муҳим вазифалар белгилаб берилган (Lex.uz қонунчилик маълумотлари миллий базаси. https://www.lex.uz/docs/7158604).
Замонавий технологияларни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. “Oxford Insights” ташкилоти 2024 йилда эълон қилган “Ҳукуматларнинг сунъий интеллектга тайёрлик индекси” рейтингида Ўзбекистон 53,45 балл билан 70-ўринни эгаллаб, 17 поғона юқорилади. Шунингдек, мамлакатимиз Марказий Осиёда бу кўрсаткич бўйича биринчи ўринни банд этди (Government AI Readiness Index 2024. https://oxfordinsights.com/ai-readiness/ai-readiness-index/).
Илм-фандаги оламшумул янгиликлар, инновациялар ҳар қандай макон ва замонда улкан ўзгаришларга йўл очади, янги тараққиёт йўналишини белгилаб беради. Технологиялар, аввало, ҳарбий соҳада инқилобларга доялик қилади. Ўрта асрлар Европасида милтиқ ва тўпларнинг оммавий жорий қилиниши урушда туб бурилиш ясаган ва бу технологик устунликдан “кўҳна қитъа” вакиллари дунёни мустамлакаларга бўлиб олишда усталик билан фойдаланган эди. “Совуқ уруш” даврида ҳам йирик давлатлар ўртасида янги қирғин воситалари, хусусан, ядро қуроли бўйича омонсиз кураш кечди. Якунда атом қуролини қўлга киритган мамлакатлар маълум маънода дахлсизлик мақомига эга бўлди. Улар БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари сифатида бугун ҳам дунё хавфсизлик иерархияси меъмори ролини бошқа давлатларга бермай келмоқда. Яқин келажакда инсоният ҳаётини буткул ўзгартириши кутилаётган СИ ҳам мамлакатларнинг ўз рақиби устидан мутлақ устунликка эришиш воситаси деб кўрилаётир. Бу билан боғлиқ ишланмаларга миллиардлаб доллар сармоя киритилаётгани, уларнинг жаҳон мамлакатлари ялпи ички маҳсулотидаги улуши ортиб бораётгани фикримизни тасдиқлайди.
СИ шунчаки технология эмас, балки дунё ҳегемонлиги учун кураш воситасига айланди. Оммавий қирғин қуроллари атрофидаги машмашалар қаторига энди ундан қолишмайдиган хавф-хатар қўшилди. СИни назоратсиз ривожлантириш пировардида инсоният учун ҳаёт-мамот муаммоларини келтириб чиқариши мумкин. Ҳолливуд киноижодкорлари суратга олган “Терминатор” фильмида исёнкор СИ тизими пировардида одамларга қарши қирғинбарот уруш бошлаган эди. Фантастик тўқима бўлиб кўринган ушбу ҳодиса эртага ҳаёт воқелигига айланиши ҳеч гап эмас. Аммо ҳали фурсат бор, инсоният СИ бобида эҳтимолий таҳликаларни олдиндан баҳолаши, халқаро ҳамкорликни кучайтириши ва масаланинг ахлоқий жиҳатларига эътибор қаратиши лозим. Зеро, бу борада моддий манфаатни биринчи ўринга қўйиш ва технологияга кўр-кўрона ишониш улкан хатодир.
Авазбек ШЕРМАТОВ
“Тафаккур” журнали, 2025 йил 2-сон.
“Сунъий идрок: ахлоқ сарҳадлари бузилганда” мақоласи
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Тарих
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ