Чўлпон


21:12 / 04.12.2023 868 0

Чўлпон, Абдулҳамид (1898, Андижон – 1938.4.10, Тошкент) – тахаллуси; асл исми Абдулҳамид Сулаймон ўғли Юнусов. Шоир, ёзувчи, драматург, таржимон, танқидчи ва жамоат арбоби. Дастлаб мадрасада (1908–12), сўнгра рустузем мактабида (1912–14) ўқиган. Чўлпон 1914 йил «Садои Туркистон» газети билан ҳамкорлик қилган. «Чиғатой гурунги» номли адабий-маърифий, илмий-маданий ташкилотнинг фаол аъзоси (1919–1920), «Янги Шарқ», «Иштирокиюн» (1920 йилдан Қизил байроқ», 1922 йилдан «Туркистон») газетида адабий ходим (1919–23), Халқ маориф комиссарлиги қошидаги Илмий кенгаш (1921 йилдан Ўлка ўзбек билим ҳайъати, 1922 йилдан Илмий хайъат)да раис (1920–23), «Бухоро ахбори» газетида муҳаррир (1921–22), «Турон» театрида директор (1921; 1922–23), «Муштум» журнал ва «Дархон» газетида техник муҳаррир, адабий ходим (1922–23), Ўзбек драма студияси (Москва. 1924–27) ва Ўзбек давлат драма театрида адабий эмакдош (1927–31), СССР ХКС ва Шарқ халқлари марказий нашриётида таржимон (Москва, 1931–34), «Муштум» ва «Гулистон» журналлари ҳамда «Театру» газетида адабий ходим (жамоатчилик асосида, 1935–37). 1914 йил Тошкентда М.Абдурашидхонов ва У.Хўжаев билан танишиш Чўлпоннинг миллий уйғониш ҳаракати намояндаси сифатида шаклланишида муҳим омил бўлган. Чўлпон «Садои Туркистон» газетида дастлабки «Туркистонли қардош ларимизга» шеъри, «Қурбони жаҳолат», «Дўхтир Муҳаммадёр») ҳикоялари ва «Адабиёт надир» мақоласини эълон қилиб (1914), шу давр адабиёти намояндалари сафидан ўрин эгаллаган. Туркистон аҳолисининг иқтисодий, ижтимоий ва маданий қолоқлик шароитида яшаётганининг асосий сабабини Россиянинг мустамлакачилик сиёсатида кўрган Чўлпон, бошқа жадидлар қатори, ўз асарлари билан халқнинг маданий ва маърифий савиясини кўтаришга киришган. 1917 йил февраль инқилобидан сўнг Чўлпон Туркистон мухторият ҳукуматининг барпо этилишида фаол иштирок этиб, мухториятни шарафловчи «Озод турк байрами» шеърини ёзди ва бу шеър ўзбек давлатчилиги тарихида илк мадҳия бўлди. Чўлпон бу даврда З.Валидий чорлови билан Оренбургга бориб, Бошқирдистон мухторият ҳукуматининг ташкил этилишида ҳам иштирок этди.

 

Туркистон мухторияти тугатилгач, Чўлпон «Илмий кенгаш», «Чиғатой гурунги», «Нашри маориф» ташкилотлари ва «Турон» театрида адабий, илмий-маърифий ишлар билан машғул бўлди. Республика маданият ходимларининг 2-қурултойи (1927)дан кейин Чўлпонга қарши бошланган кураш уни сиёсий фаолиятдан узоқлашишга, ҳатто 1931–35 йилларда Москвага қочиб бориб, мусофирликда яшашга мажбур этди. Чўлпон 1937 йил 14 июль куни ҳибсга олиниб, кўп ўтмай, отиб ташланди. Чўлпоннинг адабий мероси шеърият, наср, драматургия, публицистик ва адабий-танқидий мақолалар ҳамда таржимадан иборат. Чўлпоннинг шеърий асарлари «Ўзбек ёш шоирлари», «Уйғониш» (1922), «Булоқлар» (1923), «Тонг сирлари» (1926) ва «Соз» (1935) тўпламларида, шунингдек, турли газета ва журналларда эълон қилинган. Улар ғоявий-тематик йўналишига кўра 2 гуруҳга ажралади: соф лирика ва ижтимоий-сиёсий лирика. Чўлпон шеърияти жаҳон лирик шеъриятининг мумтоз вакиллари даражасига кўтарилган. «Гўзал», «Сезги», «Сирлардан», «Мен шоирми?» сингари шеърлари билан 20 йилларнинг бошларидаёқ бармоқ вазнига асосланган янги ўзбек шеъриятини юксак тараққиёт босқичига олиб чиқди. Унинг 20-йилларда ёзган «Ойдин кечаларда», «Қор қўйнида лола», «Новвой қиз» сингари ҳикоялари ўзбек адабиётидаги наср жанрининг дастлабки мумтоз намуналаридир. Чўлпон бу ҳикояларида ўзбек хотин-қизларининг аянчли тақдирини турли бадиий режада тадқиқ этарди. Умуман, ўзбек хотин-қизларининг мустамлакачилик шароитидаги тақдири тасвири Чўлпон шеърий ижодининг ҳам, кичик эпик асарларининг ҳам, «Кеча ва кундуз» (1936) романининг ҳам асосий ғоявий йўналишини белгилаб берган. Чўлпон насрий ижодининг муҳим қисмини публицистика ташкил этади. У «Йўл эсдалиги», «Вайроналар орасидан» каби қатор очерк ва публицистик мақолаларида 20-йиллардаги мустамлака ўлка ҳаётининг мудҳиш манзараларини тасвирлаган.

 

Чўлпон Абдулла Қодирий билан бирга ўзбек адабиётида реалистик роман ва ҳикоя жанрларининг тараққиёт тамойилларини белгилаб берди. Чўлпоннинг драматургия соҳасидаги дастлабки изланишлари 1919 йилга оид. У шу йили «Темирчи», «Гуноҳ», «Чўрининг исёни» сингари кичик саҳна асарларини ёзди. 20-йилларнинг бошларида эса Чўлпоннинг «Ёрқиной», «Халил фаранг», «Ўлдирувчи» (1921), «Севги ва салтанат», «Чўпон севгиси» (1922) пьесалари майдонга келди (бу асарларнинг аксари бизгача етиб келмаган). Чўлпон «Турон» театрига директорлик қилган йилларида саҳна санъати ва драматургия «сир»ларини, шунингдек, рус тилини пухта эгаллагани туфайли 1924 йил Москвада ташкил этилган ўзбек драма студиясига адабий эмакдош этиб юборилди. Ўзи ҳам студиячилар учун саҳна асарлари («Ёрқиной», «Яна уйланаман». «Қоровул уйқуси» (Л.Свердлин билан ҳамкорликда), «Узун қулоқ бобо»)ни ёзди. Рус ва европа драматургларидан К.Гоццининг «Маликаи Турондот», Н.В.Гоголнинг «Терговчи», В.Н.Билль-Белоцерковскийнинг «Лаббай», Мольернинг «Хасис» пьесаларини ўзбек тилига таржима қилиб берди.

 

Чўлпон 1927 йилда Москва ва Боку драма студиялари қатнашчилари базасида Ўзбек давлат намуна труппаси (1929 йилдан Ўзбек давлат театри) ташкил этилгач, мазкур труппа (театр)нинг адабий эмакдоши сифатида фаолият олиб борди. Шу даврда унинг кишилар ва жамият ҳаётидаги нуқсонларни ҳажв этувчи «Муштумзўр», «Ҳужум» (В.Ян билан ҳамкорликда, 1928), «Ўртоқ Қаршибоев» (1929) каби пьесалари саҳна юзини кўрди. Чўлпон айни пайтда театр таржимони сифатида ҳам самарали ижод қилиб К.Гольдонининг «Икки бойга бир қарол», Лопе де Веганинг «Қўзи булоқ», У.Шекспирнннг «Ҳамлет», Ф.Шиллернинг «Босмачилар», Билль-Белоцерковскийнинг «Пўртана», С.Левитинанинг «Ҳукм», А.Файконинг «Портфелли киши», В.Трегьяк овнинг «Наърангни торт, Хитой!», В.Ивановнинг «14–69 рақамли зирҳли поезд» пьесаларини ўзбек тилига ўгирди. Чўлпон адабий эмакдош, драматург ва таржимон сифатида М.Уйғур билан бирга профессионал ўзбек театрининг тамал тошини қўйди. Чўлпон адабий меросининг салмоқли қисмини таржима асарлар ташкил этади. Чўлпон А.С.Пушкин («Борис Годунов», «Дубровский»). Н.В.Гоголь («Терговчи»), И.С.Тургенев («Чўри қиз»), И.Франко («Миллион», «Феруза»), Л.Андреев («Губернатор», «Осилган етти кишининг ҳикояси»). А.П.Чехов («Қочоқ»). А.М.Горький («Илгаклар», «Она») сингари рус ва бошқа халқлар адабиётининг мумтоз асарларини ҳам катта маҳорат билан таржима қилиб, замонавий миллий таржима мактабига асос солди. Чўлпон таржимасидаги В.Шекспирнинг «Ҳамлет» трагедияси ўзбек таржима санъатининг шоҳ намунасидир. Чўлпонга Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти (1991) ва «Мустақиллик» ордени (1999) берилди. 1997 йил Чўлпоннинг 100 йиллиги кенг нишонланиб, Андижонда Чўлпон уй-музейи ташкил этилди, вилоятдаги Тиллар педагогика институти, шунингдек, лицейлардан бири Чўлпон номи билан аталади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//