
Эврилиш, яъни метаморфоза ҳодисаси сўз санъатида ёзма адабиётга қадар мавжуд бўлган. “Қисаси Рабғузий”нинг дастлабки “Осмонлар ва ерлар ҳақида сўз” фаслида бундай дейилади: “Хабарда келтирибдиларки, Оллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳамма нарсадан илгари бир гавҳарни яратди. Бу гавҳарга ҳайбат назари билан қараган эди, у эриб кетди. Эриб сув бўлган гавҳардан ерни яратди. Сув устига тушгач, у кўпикланди. У кўпикдан тутун кўтарилди, у тутундан кўкни яратди. Ул сув Оллоҳ таолонинг ҳайбатидан қайнаб кўпикланди. Ул кўпикдан Каъбанинг ўрнича ерни яратди” (Носируддин Рабғузий. Қисаси Рабғузий. www.ziyouz.com). Бу ўринда бир қанча эврилиш жараёнлари ҳақида сўз боради ва уларнинг бари илоҳий қудрат соҳибининг иродаси билан амалга ошгани айтилади.
Оламнинг муайян эврилишдан пайдо бўлиши бошқа халқлар мифологиясида ҳам учрайди. “Бир қатор ҳинд-европа мифологик анъаналарида коинот ва ернинг қисмлари ўлдирилган Илк одам танасининг парчаларидан, масалан, Скандинавия асотирларида баҳайбат Имирдан (унинг қони – сувга, тишлари – қояларга, суяги – тоғларга, сочи – ўрмонларга, мияси – булутга, бош чаноғи – осмон гумбазига, эти – қуруқликка эврилади), ведалар мифологиясида Пурушадан (унинг танасидан коинот пайдо бўлган), ўрта форс ва шарқий славян битикларида илк одамдан метаморфоза воситасида пайдо бўлади” (Терещенко А. Стилистический приём “метаморфоза” и особенности его репрезентации в селькупских сказках и мифах народов мира. Филологические науки. Вопросы теории и практики. Тамбов, “Грамота”, 2014. Стр. 182).
Рабғузий асарида фаришталар ўтнинг ёруғидан, парилар ўтнинг алангасидан; Одам алайҳиссалом тупроқдан, Ҳавво Одамнинг чап қовурғасидан яратилгани ривоят қилинади. Яна бир қиссада баён этилишича, иблис васвасаси билан Ҳобилни ўлдиришга аҳд қилган Қобил бу ишни қандай амалга оширишни билмай турганида, иблис одам қиёфасига кириб, бир қушни тош билан уриб ўлдиради. Қобил буни кўриб, ўрганиб олади. Шу тарзда одам боласи илк бора гуноҳга қўл уради. Иблис ёвуз ниятини амалга оширмоқ учун ғайбий қуввати ва илмидан фойдаланиб одамга эврилади.
Халқ оғзаки ижодининг энг қадимги намуналари ҳисобланмиш миф, афсона ва ривоятларда учрайдиган метаморфозалар қарғиш ёки жазо сифатида илоҳий қудрат воситасида амалга ошади. “Бойўғли” афсонасига кўра, бир бойнинг яккаю ягона ўғли отасининг айтганини ҳеч қилмас экан. Шунда бой “Боламни жазолаган бўлиб, дўқ-пўписа қилиб қўй” деб Худога нола қилибди. Бола бойўғлига айланиб қолибди. Бойўғли ўшандан бери уялганидан, элга қўшила олмай, ёлғиз яшаркан (Асотирлар ва ривоятлар. Тошкент, “Ёш гвардия”, 1990. 30-31-бетлар).
“Чоштепа” афсонасида ҳикоя қилинишича, қадимда уч ака-ука жуда аҳил-иноқ яшаган экан. Кунларнинг бирида катта ака савдо учун узоқ юртга кетибди. Ҳосил кўтарар вақтда икки ука аканинг буғдой ўрими ва йиғимида қатнашмаганини рўкач қилиб, ҳосилни иккига бўлиб олмоқчи эканини айтибди. Лекин келиша олмай жанжаллашиб кетишибди. Шу маҳал ака келиб қолибди ва у ҳам жиққамушт бўлиб кетибди. Асо тутган бир нуроний чол пайдо бўлиб, уларга насиҳат қилибди. Лекин тинчитишнинг уддасидан чиқа олмабди. Шунда қария, яъни Хизр (а.с.) акани сомонга айлантириб ғарамга қўшибди, икки укани эса тупроққа айлантириб икки тепалик ҳосил қилибди (ўша манба, 42-бет).
Фольклор асарларида сеҳр-жоду йўли билан амалга оширилган метаморфозалар ҳам учрайди. Бунда Худо ёки илоҳий қудрат соҳиби, руҳлар аралашмайди. Эврилиш сеҳр-жоду йўли билан одамлар томонидан амалга оширилади. Эртак ва ривоятларнинг асосий қаҳрамонлари сифатида энди ғайб олами эмас, моддий оламдаги қаҳрамонлик кўрсатган шахслар, фавқулодда куч-қудрат, истеъдод эгалари майдонга чиқади. “Зумрад пошшо”, “Маликанинг уч шарти”, “Сеҳрли пичоқ” каби эртакларда шу хил метаморфозалар асосий муддаони очишга хизмат қилган.
Халқ эртакларида ойна кўпинча дарёга, тароқ – чангалзорга, қайроқтош – тоққа эврилиб, қаҳрамонни бало-офатлардан ёки қувиб келаётган душмандан халос этади.
“Анқо қуш” эртагида эса воқеалар ривожи асосан эврилиш мотивлари асосига қурилган. Подшоҳнинг Анқо қушини излаб йўлга чиққан йигит саёҳат маҳали чинор дарахтида катта илонни кўриб қолиб, уни ўлдирмоқчи бўлади. Илон йигитга ёлворади; тирик қолдирса, унга ёрдам бериши, ўзининг аслида шаҳзода экани, қирқ қиз ва бир эркак париларга йўлиқиб, улар узатган сувдан ичганидан сўнг илонга айланиб қолганини айтади. Ҳажман анча катта (30 саҳифали) эртакда сеҳргарлик йўли билан кўплаб эврилишлар содир бўлади. Бунда тупроқ, кўзгу, илоннинг мўйлови, сув, хилма-хил таомлар каби воситалар ишга солинади. Шу каби бошқа сеҳрли-фантастик эртакларда ҳам эврилиш мотиви етакчилик қилади. Қаҳрамон сеҳр ёрдамида турли шаклларга киради, ўз қиёфасини ўзгартириш имконига эга бўлади. Бу эртакларда халқнинг ёвуз кучлардан, золимлардан қутулиш, ўзини кучли-қудратли ҳис этиш орзуси, ҳаёт машаққатлари қаршисидаги армонлари, душмандан қасос олиш мақсади ўз ифодасини топган. Уларда бир моддий кўринишдан иккинчисига эврилиш жазо, ўч олиш каби ёвуз; мукофот ёки ёрдам, кўмак бериш каби эзгу мақсадларни амалга оширишга ёрдам беради; сюжетни ривожлантирувчи асосий бадиий воситага айланади. Айни вақтда метаморфоза-турланишлар эртакнинг қизиқарлилигини таъминлашда; сюжет тугунининг ечилишида ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Гўзал РАМАЗОНОВА,
мустақил тадқиқотчи
“Тафаккур” журнали, 2025 йил 2-сон.
“Эврилиш мўъжизалари” мақоласи
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ