Қизил сиёҳдон: Фитрат, Чўлпон, Уйғуннинг “Қизил қалам” мажмуасидаги шеърлари таҳлили


Сақлаш
17:27 / 29.05.2025 16 0

Маълумки, 1918 йил “Чиғатой гурунги” тузилди. Бу жадидларнинг очиқ сиёсий фаолиятдан эндиликда муроса йўлига ўтганини англатарди. Улар бутун куч ва ғояларини адабиётга, айниқса, шеъриятга ва илмга кўчиришни режалаштирди. Шу аснода янги давр ўзбек адабиётининг катта тўлқини ўз йўлида тўхтаб қолмади. Ҳатто кейинчалик ташкил этилган “Қизил қалам” жамияти ҳам “Чиғатой гурунги”нинг янги босқичи сифатида фаолият юритиши кўзланган эди. Аммо адабиёт носоғлом бир кучга айланиб бораётганди. “Қизил қалам” 1923 йил ташкил этилган адабий-бадиий тўгарак бўлиб, фаолият доирасига кўра тўгаракдан каттароқ уюшма бўлган. Уюшма айрим маълумотларга кўра ҳозирги Санъат музейи жойлашган ва ўша йилларда Кафанов номидаги Ишчилар клубига қарашли бинода ўз фаолиятини бошлаган. Уюшма “йўқсил адабиёт вакиллари”ни бирлаштириш, тарбиялаш фонида жадидчилик ғояларини яширинча тарғиб этишни мақсад қилган эди. Аммо чинакам ижодий кучлар бу шароитда ўз истеъдодини кўрсата олмади ва табиий тарзда уюшма тарқаб кетди. 1926 йил Самарқандда шу номда жамият ташкил этилди. Шокир Сулаймон раҳбарлик қилган бу жамиятга Отажон Ҳошим, Боту, Зиё Саид, Сотти Ҳусайн, Анқабой, Олтой, Уйғун, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Ойдин сингари ижодкорлар аъзо эди. Аммо яна аллақачон иккига бўлиб юборилган катта ва кичик авлод ижодкорлари ўртасида келишмовчилик юзага чиқди, жамият танаффуслар билан фаолиятини давом эттирди.

 

Боту “Қизил қалам” ва унинг галдаги вазифалари” мақоласида (“Қизил Ўзбекистон” газетаси 1927 йил 23 сентябрь) октябрь инқилобидан сўнг адабиёт тайин ижодий кучларни бермагани, бир жойда депсиниб туриб қолганини ёзади: “Октябрь инқилобидан сўнг борлиқ кўрсатган адабий оқим “жадид” адабиётини майдондан чиқариб ташлади. Бир неча йил ичида бир тўда ёш қаламларни кўпчилик назарига тақдим этди. Лекин бу янги ўзбек адабиёти ҳам биринчи даврда бутунлай миллий руҳ билан суғорилғони учун белгилик йўлда ўсди... “Чиғатой гурунги” ёш кучларни тўплаб ҳаракат қилди ва “Гурунг” йўқолғанидан сўнг янги ўзбек адабиётида кўб янгиликлар борлиққа чиқорилмади. “Чиғатой гурунги” байроғи остиға тўпланган кучлар икки катта тўдага айрилдилар. Бир тўда тилак, йўл ва шаклда “Гурунг”га содиқ қолиб илгарилади. Иккинчи тўда бўлса у тилакка ва у йўлга қарши чиқди; янги йўл, янги шакл излашга киришди. Бироқ бу фикрда биринчи тўдадан бутунлай узоқлошғон бўлса ҳам, шу кунгача ўзбек адабиётида бошқа янгиликлар яратолғони йўқ”. Боту мураккаб шахс, тўлақонли жадид эмас эди. Аммо у муҳим ўринларда Фитрат ва Чўлпон йўлига содиқ қолган, назаримизда. Бадиий тимсоллар дунёсида Чўлпонга энг яқин турадигани – Ботудир. Бу унинг “Қизил қалам” жамияти “Чиғатой гурунги” бажарган вазифани бироз ўзгарган шаклда давом эттиришига умид боғлашида, шунингдек, бу янги жамиятнинг маърузачилари рўйхатига жадидларнинг киритилишида жонбозлик кўрсатганида аниқ намоён бўлади.

 

Жамиятнинг “Қизил қалам” мажмуаси 1-сони Самарқандда “Ўзбекистон давлат нашриёти”да 1928 йил Отажон (Ҳошимов) таҳрири остида араб имлосида 3000 нусхада босмадан чиққан. Мажмуа икки бўлимдан иборат бўлиб, 1-қисмдан Отажон Ҳошим, Сомайлович, Фитрат қаламига мансуб адабиётшуносликка доир тадқиқий мақолалар ўрин олган. 2-қисмдан бўлса Ботур, Уйғун, Миртемир, Мажидий, Чўлпон, Шокир Сулаймон, Азизий асарлари жой олган.

 

Аммо бу нашрдан сўнг икки авлод ижодкорлари ўртасидаги келишмовчилик авж олди. 1929 йилда жамиятнинг бошқарув органи қайта кўрилиб, унга Зиё Саид раҳбарлик қила бошлади. Адабиёт секин-аста мардикорга айланиб борди. Пахтакорлар, ишчилар – йўқсиллар қаҳрамонга айланди. Ўша йили жамиятнинг иккинчи мажмуаси нашрдан чикди. 1930 йилда Боту, Рамзий (Маннон Ромиз), Олтой қамоққа олингач, жамият бутунлай тарқаб кетди.

 

“Қизил қалам”нинг илк мажмуаси икки бўлимдан иборат бўлиб, 1-қисмдан Отажон Ҳошимнинг “Пролетарият адабиёти ва адабий мерос”, Александр Николаевич Самойловичнинг “Навоий тўғрисида оврупо олимлари”, Фитрат қаламига мансуб “Умар Хайём” номли адабиётшуносликка доир тадқиқий мақолалар ўрин олган.

 

О.Ҳошимовнинг сўзбоши ўрнида ёзилган “Пролетарият адабиёти ва адабий мерос” мақоласидан ўқиймиз: “Эски санъат, адабиётка умуман нафрат кўзи билан қарайдирғонлар ва қлассиқ, жадид санъати, адабиётини текширишнинг нима кераги бор деганлар ҳам оз эмас... эски бадиий меросни билмаслик ва уни бутунлай инкор қилиш натижасида ихтиро асосли бўлмайди ёки ихтиро қилиш, бошқа йўллар топиш қийин бўлади. Ёки ҳозирғи давримиз тараққиёти савиясида янги йўл топиш мумкин бўлмайди. У вақт эскиликдан қайтғон пролетариат фикрида ёзмоқчи бўлғон ёш шоирнинг боши қотади. Эски санъат, адабиётдан шаклан фойдаланишни ўзига эп билмайди. Кучсизлиги, ёшлиғи орқасида янги йўл, шакл топа олмай ўзига ишончи сўнади. Секин-секин санъат, адабиётдан чекина бошлайди, ўсмайди. Ҳозирғи инқилобий ўзбек адабиётида шу ҳол кўрулмакда”. Олим бу узилишлар асоратсиз бўлмаслигини, авлодлар бой берилишини жуда чуқур ҳис қилган ва буни тушунтириб берган.

 

Кейинги икки мақола ҳам Отажон Ҳошимов фикрлари давоми сифатида берилган. Мажмуада шарқшунос олим, академик А.Н.Самойловичнинг мақоласи босилиши (муаллиф ўн йил ўтиб қатағон қурбони бўлган) ҳам мутлақо тасодиф эмас. “Чиғатой гурунги”нинг бош фаолият йўналишларидан бири – Туронни Амир Темур давридаги шон-шавкатига қайтариш, қайтадан маданий юксалишга эришиш, шонли тарихни тадқиқ этиш, ноёб қўлёзма манбаларни аниқлаш, халқ орасидан териб олиш, ўрганиш эди. “Қизил қалам” бу мақола нашри билан айни йўналишни давом эттирган. Мақола шундай бошланади: “Турк халқларини, айнуқса, уларнинг тилларини ўрганишка кўб ишлар қилғон Оврупо олимлари уларнинг нафис адабиётига оз аҳаммият бердилар. Бошида Мир Алишер Навоий турғон чиғатой адабиёти туркийётнинг катта бир бўлими бўлғони ҳолда Оврупо мусташриқлари томонидан оз ўрганилгандир”. Олим туркий дунё, туркий тамаддуннинг, тафаккур тарзининг Европада тан олиниши ва тадқиқига эътибор қаратади.

 

Олим изланишларига кўра, “Навоийнинг исми, Оврупонинг “Шарқни ўрганиш” илмий саҳифасига ХVII асрнинг охирларидан кейинга қолмасдан киргандир. Эрбело томонидан тузилиб, 1967 йилда нашр этилган “Шарқ қомуси”да (“Bibliotheque orientale”) Навоий тўғрисида унинг форсий ва чиғатойча асарларини аниқ кўрсатмаган қисқача мақолача бордир”. Сўнг олим Навоийнинг ўзи ва асарлари ҳақида маълумот берувчи илк манбаларни бирма-бир кўрсатиб ўтади. Хусусан, франwуз мусташриқи Силвестр де Саси (ХVIII асрнинг охирлари), Австрия мусташриқи Хаммер (ХIХ асрнинг бошлари), инглиз туркийётчиси Гибб (ХIХ асрнинг охирлари ва ХХ асрнинг бошлари) қомуслари, рус қомуслари (“Энциклопедический лексикон”. 1835), Брокгауз ва Ефрон қомуси (1902); рус шарқшунослари – П.С.Савелев, П.М.Мелиоранский, М.Никитский, В.Д.Смирнов, В.В.Радлов, И.Н.Березин, В.Зернов, шунингдек, Ф.Белин, Э.М.Катрмер, Ҳ.Вамбери, Паве де Куртайл, М.Хориман, Шпренгер тадқиқий мақолалари, улар томонидан тузилган турли каталогларда Навоий даҳосининг қай даражада ёритилгани ва тадқиқ этилганини текширади. Якунда шундай хулосага келади: “Оврупо кутубхоналарида бир ёки кўпинча бир неча нушаларда мавжуд бўлмоғон Навоийнинг ҳеч бир асари эҳтимол йўқдир. Оврупо олимлари узоқ вақтдан бери Навоийни кўб қадрлайдирлар; бу уларнинг берган тақризларидан кўриниб туради, шундай бўлса ҳам Навоийнинг асарлари ҳозирғача Оврупода оз босилғондир. Айтиш мумкин, ки Навоийнинг асарлари на тилининг хусусиятлари ва масъалани ечишдаги мундарижасининг шакл жиҳатдан ҳеч бири текширилмагандир; ёлғуз форс намуналаридагина тарбияланган Навоийнинг, биринчидан, қандай даражада мустақиллиқ кўрсатиши, иккинчидан, сўнгғи чиғатой ёзувчилариға ва бошқа турк адабиётиға қандай таъсир қилғони ҳал қилинмоғондир”.

 

Мажмуанинг биринчи бўлимидан жой олган “Умар Хайём” номли тадқиқий мақола ҳам мумтоз адабиётни ўрганиш масаласига қаратилган. Фитрат бу мақолани кейинчалик қайта ишлаган. Бунинг сабабини унинг ўзи қуйидагича кўрсатади: Форсларнинг бутун дунёда машҳур бўлған шоирларидан Умар Хайём ҳақида “Қизил қалам” мажмуасида бир мақола ёзған эдим. Унда Оврупа олимларининг Хайёмнинг таржимайи ҳоли ҳақида қандай маъхазлариға мурожаат қилғанларини кўрсатган, ўзим ҳам шуларнинг изидан юриб, Хайём таржимайи ҳолини собит шаклга киргизишга тиришған эдим. Мақолам матбаага бориб терилгандан кейин қўлимға қимматли бир китобча кирди. Кичкина кесмада 119 бетдан иборат бўлган бу китобчанинг китобат тарихи ҳижрий 674 бўлиб, таълиф тарихи 594 (милодий 1198)дир. Ёзилған ўрни Хоразм, тили арабча, асар эгасининг оти Имом Заҳириддин Абул Ҳасан ал-Байҳақий. Китобнинг муқаддимасида ёзилғанига кўра, Абу Салим Муҳаммад Ибни Баҳром ал-Сажзий томонидан ҳакимлар тарихига оид ёзилган “Савон ул-ҳикма” отли асарни бизнинг муаллиф тўлдирмоқчи бўлиб шу асарини ёзған. Асарнинг оти “Татиммат ус-савон ул-ҳикма”. Муаллиф бу китобчада ҳижрий 7-асрғача яшаған машҳур шарқ файласуфларидан 100 кишининг таржимайи ҳолини беради. Шу қаторда 53-бўлиб “ал-дастур ул-файласуф Умар Ибни Иброҳим ал-Хайёмий” келади. Хайёмни текширишганда, Оврупа олимларининг мурожаат қилғанлари маъхазлар орасида “Татиммат ус-савон ул-ҳикма” аталған бир асарнинг отини кўрмадик. Ҳамда бу асарнинг Хайём замонида уни кўрган бир киши томонидан ёзилғани унинг қимматини орттиради. Бу асар Хайём ҳақида бошқа маъхазларда бўлмаған баъзи маълумотлар бериб, устодлари, шогирдларини бизга танитгандан бошқа олмон олими доктор Фридрих Розан томонидан Хайёмнинг Локар шаҳрида туғилганига оид майдонға ташланган фикрнинг ҳам чурук эканини кўрсатади. Бу муҳим китобчани қўлға тушурғач, Хайём ҳақидағи мақоламни қайтариб олмоқ учун “Қизил қалам” идорасиға югурдим. Мақолам матбаада терилган экан, қайтариш мумкин бўлмади. Шунинг учун мазкур мақоламнинг устида янгидан ишлаб бир китобчани тартиб қилдим. Янги топғаним “Татиммат ус-савон ул-ҳикма” китобчасининг Хайём ҳақидағи сўзларини арабча ибораси билан китобнинг охириға қўшиб қўйдим. Бундан мақсадим шарқ адабиётини текширувчи ғарб олимларини бу янги маъхаздан хабардор этмакдир” (ушбу рисола “Форс шоири Умар Хайём” номи билан 1929 йилда араб имлосида нашр қилинган).

 

Янги адабиёт яратамиз, деб миллий адабиётнинг илдизларини кесиб ташлаб бўлмайди. Агар у мумтоз даражага етган бўлса, инчунин. Жадид зиёлилари шу фикр ортидан бордилар ва замон шамолларида қўнимсиз бўлиб қолган ёш ижодкорларга ҳам ушбу фикрни сингдиришга уриндилар.

 

Мажмуанинг иккинчи бўлимидан Ботур, Уйғун, Миртемир, Мажидий, Чўлпон, Шокир Сулаймон, Азизий асарлари жой олган. Ботур, Уйғун, Миртемирнинг бу шеърлари жуда ғалати таассурот қолдиради.

 

1926 йилдан советлар миллатчилик айблови билан жадидларга қарши очиқдан-очиқ таъқибни бошлади, “Иноғомовчилик” масаласи кўтарилди, 1927 йилда миллат тимсолига айланган шоир Чўлпон Самарқандда қурултойда обрўсизлантирилиб, тупроққа қорилади, Вадуд Маҳмуд бўлса бир йўла ҳайдаб чиқарилади ва 1929 йилдан қатл машинаси ишга тушди. “Қосимовчилик”, “Мунаввар қори тўдаси” иши коммунистик диктатура тўла кучга кирганини англатарди. 1926 йилдан эса қадимчи уламоларнинг қуввати кесиб ташланди, ҳибсда ушлаб турилди, қамалди, сургун қилинди. Шу шароитда бу ёш шоирлар “сохта ғамлар”дан юз ўгириб, бахт, бахтиёрлик ҳақида шеърлар ёзишган. Агар оммавий тарзда ҳайқириб бахт ҳақида сўзланар экан, бу ерда чинакамига бахтиёр бирорта одам бўлмайди, бу маълум ҳақиқат. Академик Наим Каримов Фитрат, Чўлпон кейинги авлодларни сақлаб қолиш учун шеърларига қарши шеърлар ёзишга уларни ўзлари ундагани ҳақида айтар эди. Уларда бахтиёрлик эмас, мана шу тирик қолиш истаги бўртиб кўринади. Бўлим Ботурнинг “Истиқбол” шеъри билан бошланади. Шеър 1927 йил 8 ноябрда Самарқандда қоғозга туширилган. Бир қараганда у қувонч, бахт ҳақидадек. Аммо 11 бандли шеърда муаллиф қон сўзини 6, зулм сўзини 4, фарёд, зулмат, фиғон сўзларининг ҳар бирини 3 мартадан, ваҳшат ва мудҳиш кечани 2 марта, шунингдек, ҳар бир бандда қора кўланкадек осилиб турган ўлим, қийноқ, ҳасрат, мозор, ёш, қайғу, маҳзун, хаста каби сўзларни қўллаган. Муаллиф маълум сабаб билан ўзини ҳам, бизни ҳам алдашга уриниши мумкин. Лекин матн алдамайди. У ўз эгасининг юраги ўлим, зулм, қатл ваҳшатига тўлиб турганини кўрсатади. Ботур минг айланмасин, Фитратнинг “Менинг кечам” доирасидан чиқиб кетолмаган. Ёки Уйғуннинг “Замон сирлари” (1926 йил 19 май, Тошканд) шеъри мана бундай бошланади:

 

Хаёл кўкларида кеза билмайман,

Бўш, қуруқ сўзларга амал қилмайман.

Йўлда тўсқинларни кўзга илмайман,

Аламдан, қайғидан юрак тилмайман...

 

Гарчи Уйғун “Эй телба қора куч, тўсма, қоч, йўл бер”, дея навқирон руҳи ўтмиш ва ўтмиш оғриқлари, давр қўрқинчлари ичида қолиб кетишини истамаса-да, у шеърни бошлаган заҳоти ўзини Фитрат ва Чўлпон ёнида кўради. Фитрат, Чўлпон ижодида Хаёлнинг қўрқинч, таъқиб қилувчи қиёфаси бор. Фитрат сочмаларида: “Ётсам тушимда, уйғонсам ёнимда, кўз юмсам миямда, кўз очсам қаршумда мунгли бир хаёл келиб турадир!” деса, Чўлпон ҳам худди шу таъқибдан сўзлайди: “Бўғиқ, қисиқ бу кўнгил кучли ўт билан ёнадир // Ул ўт орасида юртнинг хаёли жонланадир”.

 

Чўлпон “Кет” шеърида уни хоин нур, ёлғон нур дея ўзидан нари ҳайдаса, “Йўл эсдалиги”да қоронғилик ичидаги дарахтлар унга “хаёл-ваҳм” бўлиб кўринади. Хаёл – янги ўзбек адабиёти яратган энг мураккаб образ. У шеъриятда ҳам, насрда ҳам, драмада ҳам кўриниш беради. Шеъриятга хос эзгу хаёл тимсоли қуюқлашиб боради, у энди идеал эмас, топталган ҳақиқат, ҳуррият, она Туркистон бўлиб гавдаланади, жадидлар тушунчасига қаттиқ ўрнашади, аламли оғриққа айланади, ваҳм-хаёл кўринишига келади, таъқиб қилади. Бу образ давр ижодкорларининг руҳий-физиологик ҳолатини ҳам очиб беради (Қаранг. Назарова Ш. ХХ аср бошлари ўзбек шеъриятининг янгиланиш тамойиллари. – Тошкент: Академнашр, 2022. – Б. 206–210.). Уйғун шеърининг

 

“Эй телба қора куч, тўсма, қоч, йўл бер,

Кет, йўқол, кўксингни йўқлиқларға кер!..

Турмиш оқимида оқиб бораман,

Умид гулларини тақиб бораман”

 

дея якунлаши – акалари калтакланган-у, қўрқув зўридан зўравонга қараб, “Сизни яхши кўраман”, деётган бола ҳолига ўхшайди. Бу гипноз ҳам эмас, бу шу кунгача айтилган бахт куйлари ҳам эмас, бу йиғлаган ҳолингда кулишга мажбурланишдир.

 

Бундай йиғлаш Миртемир шеърида янада аниқроқ кўринади. “Боқчада” номли шеърнинг якуний хулосаловчи қисмидан ўқиймиз:

 

Қайғи йўқ... шодлиқлар устига шодлиқ,

Фақат у... ўртоқлар мендан узоқда...

Мен учун на қадар ҳурлик – озодлиқ,

Улар-чи? – Тубанда, нечун тузоқда?!.

 

Гул – боғча ичида ўйнаб куламан –

Ғам нима?

– Мен уни қайдан биламан.... 

 

Уйғун 21, Миртемир 18 ёш йигитчалар бўлишган. Улар бу ёшда Туркистон қайғусини қаердан ҳам бу қадар чуқур билсин, дерсиз? Қўрқув ёш танламайди, тўлақонли бахт англаниши учун эса бу вақтда жуда ёшлик қилар эдилар.

 

Мажмуадан, шунингдек, А.Мажидийнинг тарихий мавзудаги “Бир ҳайкал қаршусида”, Уйғуннинг соф лирк кайфият уйғотувчи “Тонг” шеърлари, Чўлпоннинг “Наввой қиз” (1925–1927 йил июнь, Самарқанд), Шокир Сулаймоннинг “Қотил”, Азизийнинг “Қиш кўринишлари” ҳикоялари ҳам ўрин олган. Бу ҳикоялар қонга ботган Туркистоннинг қон йиғлаган аёллари ҳақида. Улар ҳеч ҳам “бахтиёр” замоннинг ҳосилаларига ўхшамайди. Абдулла ҚаҳҳорнингДаҳшатини ёдга солувчи, Унсин каби жувонмарг бўлиб кетган қизларнинг аянчли тақдиридан ҳикоя қилади. Бу замонавий ўзбек насрининг илдизлари қаерда эканлигини кўрсатувчи, таъсирчан услуби билан сочмаларга айланиб кетган, қаҳрамон руҳиятини табиат билан уйғунликда ифодаловчи ҳикоялар бўлиб, психологик тасвир элементлари аниқ намоён бўлади. Биз Абдулла Қаҳҳор ва унинг авлодини Чехов каби ижодкорлардан таъсирланишда, улар билан қиёсда ўрганамиз. Аммо бу илдизлар бегона заминдан эмас, балки Чўлпон, Шокир Сулаймон, Азизийлар насридан озиқланади. Ушбу ҳикоялар ифодада, руҳий тасвирда шу қадар чуқур кетганки, замонавий ўзбек насрининг тараққиёт босқичларини қайтадан кўриб чиқиш, бу тажрибаларни жараёнга олиб кириш зарур бўлади.

 

Шаҳнозахон НАЗАРОВА,

филология фанлари доктори, доцент

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

17:05 / 27.05.2025 0 93
Соҳибқирон битган мактублар





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18372
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//