Абдурауф Фитрат


17:11 / 16.11.2023 779 0

Абдурауф Фитрат (1886, Бухоро – 1938,4,10, Тошкент) – ёзувчи, тарихчи, адабиётшунос, тилшунос, санъатшунос ва сиёсатшунос олим, давлат ва жамоат арбоби. Асл исми Абдурауф Абдураҳим ўғли. Биринчи ўзбек профессори (1926). «Мир Араб» мадрасасида таҳсил кўрган. 1402–03 йилларда ҳаж сафари муносабати билан Туркия, Ҳиндистон ва Арабистон мамлакатларида, тахминан 1906–08 йилларда эса Марказий Россиянинг Москва, Петербург сингари шаҳарларида бўлган. Шундан кейин Фитрат ўқишни давом эттириш истагида 1909–13 йилларда Истанбулда яшаган.

 

1917 йил февраль воқеаларидан кейин жадидларнинг Бухоро амирлигидаги аҳволи мураккаблашгач, Фитрат Самарқандга кўчиб бориб, «Ҳуррият» газетасида муҳаррир бўлиб ишлади (1917–18). Айрим маълумотларга кўра Фитрат шу йилларда «Иттиҳоди тараққий» ташкилотининг Эски Бухоро бўлими раиси ҳам бўлган. Колесов воқеаси (1918 йил март)дан кейин эса Тошкентга кўчиб келган. 1919–21 йилларда Афғонистоннинг Тошкентдаги ваколатхонасида таржимонлик қилган, «Чиғатой гурунги» маърифий-адабий уюшмасини, шунингдек, «Тонг» журналини ташкил этиб, ёш зиёлилар авлодини миллатпарварлик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга киришган. БХСР ташкил топиши билан Фитрат 1921 йилда маориф, 1922 йилда хорижия – Ташқи ишлар нозири, Халқ хўжалиги кенгаши раиси, МИҚ ва Халқ нозирлари шўроси раисининг ўринбосари ва бошқа лавозимларда хизмат қилди. У шу даврда БХСР маблағи ҳисобига 70 нафар туркистонлик истиқболли ёшларнинг Германияга бориб ўқишида, Бухорода Шарқ мусиқа мактабининг ташкил этилишида, фан ва маданият тарихига доир халқ қўлида сочилиб ётган ноёб қўлёзмаларни тўплашда ташаббускор бўлди. Фитратнинг саъй-ҳаракати билан Бухоро жумҳуриятида турк (ўзбек) тили давлат тили деб эълон қилинди. Фитратнинг адабий мероси бой ва ранг-баранг бўлиб, бадиий ижоднинг барча турларида қалам тебратибгина қолмай, ўзбек адабиётининг янги жанр ва турлар билан бойиши, шеър тузилишининг ислоҳ этилиши, реализмнинг теранлашиши, давр, жамият ва халқ ҳаёти билан боғлиқ муҳим ижтимоий муаммоларнинг ўзбек адабиётида бадиий талқин этилишига улкан ҳисса қўшди. Фитрат зуллисонайн шоир бўлиб, адабий фаолиятининг дастлабки даврида асосан форс тилида ижод қилган. Фитратнинг ўзбек тилидаги шеърлари 1917 йил ва ундан кейинги даврга оид. Маълумки, Февраль инқилобидан кейин Туркистон халқларининг мустақилликка эришишлари учун бирдан-бир тарихий имконият туғилган. Фитрат шу даврда халқни мустамлакачилик кишанларини парчалаб, истиқлол учун курашга даъват этувчи шеърлар ёзишга киришган. Аммо анъанавий аруз вазни, унинг назарида, бундай замонавий ғояни ифодалаш, халқни сафарбар этиш кучига эга эмас эди. Шунинг учун ҳам Фитрат турк ва татар шеъриятида шаклланган, ўзбек халқ оғзаки шеъриятида айрим унсурлари бўлган сочмани миллий адабиётимизга олиб кирди. Шоир «Юрт қайғуси» деб номланган бир шеър ва 4 та сочма ёзди. У «Ўзбек ёш шоирлари» (1922) шеърий мажмуасининг тузувчиси ва асосий муаллифи. Унинг саҳна асари сифатида намойиш этилган «Мунозара» Фитратнинг насрдаги илк асаридир. «Мунозара» ҳам, «Сайёҳи ҳинди» ҳам Фитрат публицистикасининг ёрқин намуналаридан. 1930 йилда қайта ишланган «Қиёмат» хаёлий ҳикояси ҳозирги ўзбек адабиётида фантастиканинг туғилиши ва шаклланишига асос бўлди. Фитрат 1916 йилдан бошлаб театр учун кўплаб драматик асарлар яратди. Аммо унинг нафақат 1916–18 йилларда ёзган «Бегижон», «Қон», «Або Муслим», «Темур сағанаси», «Ўғизхон» сингари пьесалари, ҳатто 30-йилларда ёзган «Тўлқин» опера либреттоси (1934) ҳам бизга етиб келмаган. «Темур сағанаси» пьесасида муаллифнинг «Юрт қайғуси (Темур олдинда)» сочмасидаги истиқлол учун кураш ғояси бадиий ифодаланган. Фитрат ижодининг шу даврдаги етакчи мотиви – большевизмга қарши истиқлол учун кураш ғояси «Чин севиш» (1920) ва «Ҳинд ихтилолчилари» (1923) пьесаларида, айниқса, ёрқин акс этган.

 

Фитрат Москвадалик пайтида «Абулфайзхон» ва «Шайтоннинг тангрига исёни» (1924), она юртига қайтганидан кейин эса «Арслон» (1926), «Шўриши Восе» («Восе қўзғолони», 1927). «Тўлқин» пьесаларини ёзди. У 1914–16 йиллардаёқ «Раҳбари нажот» («Нажот йўли»), «Оила» ва «Мавлуди шариф ёки Муръоти хайр улбашар», 1917–20 йилларда «Ўқу» («Ўқи»), «Шарқ сиёсати» ва «Йиғла, ислом», 1925 йилда эса «Мухтасар ислом тарихи» асарини эълон қилди. Фитратнинг мактаб ўқувчиларига мўлжалланган «Ўқу» («Ўқи», 1917 йил, Боку) қўлланмаси ватан, дунё, табииёт, тиббиёт ва гигиена сингари масалалар, шунингдек, ўтмишда яшаган алломалар ҳақида тасаввур беради. 1921 йилда Тошкентда бўлиб ўтган Тил ва имло қурултойида Фитрат ўзбек тилининг софлигини таъминлаш ва ривожлантириш масалаларини ўртага ташлади. У «Ўзбек тили қоидалари тўғрисида бир тажриба: Сарф» (Морфология) (1925), «Ўзбек тили қоидалари тўғрисида бир тажриба: Наҳв» (Синтаксис) (1926) дарсликларини яратди ва бу дарсликлар 1930 йилга қадар бир неча марта нашр этилди. Фитрат «Энг эски турк адабиёти намуналари» (1927), «Ўзбек адабиёти намуналари» (1-ж., 1928) асарларида адабий меросимизнинг энг қадимги даврдан сўнгги даврларга қадар яратилган намуналарини тўплаб, муайян тизимга солди. «Қутадғу билиг» сингари ноёб ёдгорликнинг Наманган нусхаси Фитрат туфайли қўлга киритилди. «Шеър ва шоирлик» (1919), «Адабиёт қоидалари» (1926), «Санъатнинг маншаи» (1927), «Аруз ҳақида» (1936) сингари мақола ва рисолалари билан адабиёт назарияси фанига асос солди.

 

Фитрат 1921 йилда Шарқ мусиқа мактабини ташкил этиб, унинг биринчи директори бўлган. У шу вақтдан бошлаб «Шашмақом» куйларини тўплаш ва нотага ёзиб олиш ишларига раҳбарлик қилди. Фитрат ташаббуси билан ота Жалол ва ота Ғиёсдан Бухоро шашмақоми В.Успенский томонидан илк бор нотага олиниб нашр этилди (Шесть музикальных поэм (мақом). Бухара-М., 1924). Фитрат «Шашмақом», «Ўзбек мусиқаси тўғрисида» мақолалари ва «Ўзбек классик мусиқаси ҳам унинг тарихи» (1927) рисоласи билан XX аср ўзбек мусиқашунослик фанини бошлаб берди. 1930 йилдан Фитратга сиёсий айб қўйила бошланди. У аксилшўровий фаолият юритишда айбланиб, 1937 йили ҳибсга олинди. Бир ярим йиллик қийноқлардан сўнг «халқ душмани», «аксилинқилобчи» каби бошқа айбловлар билан СССР Олий суди ҳарбий коллегияси томонидан суд қилинди ва 1938 йилнинг 4 октябрида отиб ўлдирилди. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, 1991 йил 25 сентябрда Фитратга (вафотидан кейин) Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти берилди. Бухоро шаҳрида Фитрат боғи ва уй-музейи ташкил этилди, ҳайкали ўрнатилди. Республикадаги бир неча мактаб, кўча ва хўжаликлар Фитрат номи билан аталади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//