
ХIII аср ўрталарида Яқин Шарқнинг қумли даштларида кутилмаган меҳмонлар пайдо бўлди. Чингизхоннинг қонли босқинлари оқибатида ватанларини йўқотган Хоразмий жангчилар, туркий қабилалардан ташкил топган жасур отлиқлар янги тақдир излаб муқаддас Қуддус шаҳрига йўл олди. 1244 йилнинг ёзида улар шаҳарни забт этиб, салибчиларни лол қолдирди. Қисқа вақт ичида Ғазо шаҳрини ҳам эгаллаб, “Ла Форби” жангида (1244 йил 17-18 октябрь) салибчилар ва Сурия Айюбийлари иттифоқини тор-мор қилди. Араб муаррихлари бу ғалабани “Салоҳиддин давридан ҳам улуғвор” деб атадилар.
Хўш, Хоразмийлар қандай қилиб Яқин Шарқда бундай муҳим роль ўйнади? Келинг, бу ҳақда батафсил кўриб чиқамиз.
1231 йил. Жалолиддин Хоразмшоҳ ўз ватанини ҳимоя қилиш учун Чингизхоннинг мўғул ордусига қарши сўнгги жанггини олиб борди. Аммо у мағлубиятга учраб фожиали ҳалок бўлди. Унинг улкан империяси парчаланиб кетди ва қўшиннинг асосини ташкил этган турк – ўғуз, қанғли, қипчоқ ва халаж қабилаларидан ташкил топган жангчилар омон қолиш учун йўлга чиқди. Тарихчилар Ибн ал-Асир ва Жувайний ҳисоб-китобларига кўра, Жалолиддин даврида Хоразмшоҳлар армияси 100 000–200 000 аскардан иборат бўлган, аммо унинг ўлимидан сўнг бу кўрсатгич тахминан 10 000–50 000 га камайди.
Хоразм қўшини ўзининг жасорати, тезкор отлиқ жангчилари ва жанговар маҳорати билан танилган эди. Аммо раҳбарсиз қолган бу гуруҳ ўз тақдирини топиш учун янги иттифоқчилар излади. Ўша давр араб ва форс муаррихлари қайд этишича, қўшиннинг асоси турклар (ўғуз, қанғли, қипчоқ, халаж)дан ташкил топган эди. Жалолиддин вафот этганидан кейин унинг амирлари ва қабилалар бошлиқлари Ҳусам ад-Дин Қирхон Маликни ўзларининг раҳбари этиб сайладилар, гарчи тарихчи таъкидлашича, у ўзига хос жасорат билан ажралиб турмаган ва “ўз ишларида бепарво бўлган” бўлса-да. 1231 йилнинг августида Коня султони Алауддин Кайқубод I Қирхон Малик ва унинг шериклари – Баракатхон, Йиланбугу, Сарухонхон, Сайфуддин Содиқхон, Атласхон ва бошқаларни ўз қўшинлари билан унга хизмат қилишларини таклиф қилди. Қирхон Арзинжонни иқто сифатида олди. Вақт ўтиши билан Айюбийлар билан кечган тўқнашувларда айнан хоразмликлар қўшини Коня султонлигини Айюбилардан ҳимоя қилади ва Ал-Малик Ал-Комил қўшинларини тор-мор этади. Аммо кейинчалик тахтга келган ҳукмдор Хоразм амирлари билан келиша олмайди. Натижада ўртага совуқчилик тушади. Хоразмлик амирлар Онадўлини тарк этади. Кейинчалик улар Сурия Айюбиларидан бўлмиш Ал-Малик ас-Солиҳ хизматига ўтадилар. Шундан сўнг улар 1237–1246 йилларда Яқин Шарқ ҳаётида катта роль ўйнади.
Қуддуснинг забт этилиши
1244 йилнинг ёзида Хоразмийлар Миср султони Ал-Малик ас-Солиҳнинг таклифига биноан Қуддусга етиб келди. Бу шаҳар ўша пайтда салибчилар қўлида эди, аммо Хоразмийларнинг кутилмаган ҳужуми уларнинг жангга тайёр эмаслигини исботлади. Қуддус патриархи Роберт Папа Иннокентий IV га ёзган хатида шундай деб ёзади: “Хоразмийлар тўсатдан келди, биз буни кутмаган эдик. Улар муқаддас шаҳарни эгаллади ва рицарларимизни йўқ қилди”.
Қисқа муддатлик қамалдан сўнг Хоразмийлар Қуддусни эгаллайди. Карак ҳукмдори Ал-Малик ан-Носирнинг воситачилиги туфайли салибчилар шаҳарни тинчлик билан тарк этишга рухсат олади, аммо йўлда уларга ҳужум бўлади. 6000 салибчидан фақат 300 нафари Жаффа шаҳрига қочиб қутулади. Хоразмийлар Ўртаер денгизи соҳилига йўл олиб, Ғазо шаҳрини ҳам қисқа муддат ичида эгаллайди. Ал-Малик ас-Солиҳ уларни Ғазода қолишга буюради ва кийим-кечак, отлар, пул билан таъминлайди.
“Ла Форби жанги”: салибчиларнинг мағлубияти
1244 йил 17-18 октябрь. Ғазо яқинидаги Харбия қишлоғида тарихий жанг бўлиб ўтди. Сурия Айюбийлари ва салибчилар иттифоқига қарши Хоразмийлар ва Миср Айюбийлари тўқнашди. Салибчиларнинг ўнг қанотида 1500 отлиқ гвардия ва 10 000 пиёда аскарни Тир лорди Филипп Монфор ва Яффа графи Волтер Бренни бошқарарди. Марказда Ҳама ҳукмдори, чап қанотда эса Карак ҳукмдори турган эди.
Жанг шиддатли кечди. Хоразмий отлиқлари салибчиларнинг ўнг қанотини тор-мор қилди, Ҳама қўшинлари мағлубиятга учради. Натижада, 30 000 дан ортиқ душман аскари ҳалок бўлди, 800 рицар асирга олинди. Хоразмийлар кўп ўлжа, жумладан, Волтер Бренни каби таниқли рицарларни қўлга киритди. Араб муаррихлари бу ғалабани “Ислом тарихидаги буюк кун” деб аташди, чунки бундай йирик ғалаба ҳатто Салоҳиддин даврида ҳам камдан-кам бўлган.
18 ноябрь куни Қоҳирага ғалаба хабари етиб келди ва катта байрамлар уюштирилди. Бу жанг Хоразмийларни Яқин Шарқда асосий куч сифатида танитди ва минтақадаги кучлар мувозанатини ўзгартирди.
Хоразмийларнинг Қуддус ва Ғазодаги муваффақияти уларнинг жасорати ва стратегик маҳоратини кўрсатди. Аммо уларнинг ҳикояси фожиали якун топди. Айюбийнинг Миср султони билан иттифоқи узоққа чўзилмади. Чунки ички низолар ва сиёсий келишмовчиликлар Хоразмийларни янги йўллар излашга мажбур қилди. Уларнинг кўчманчи табиати ва Чингизхон босқинларидан кейинги беқарорлик доимий равишда янги иттифоқчилар излашга ундарди.
Хоразмийлар Салиб юришлари даврида қисқа, аммо ёрқин из қолдирди. Уларнинг ғалабалари нафақат салибчиларга қарши муваффақият, балки ўз ватанларидан айрилган жангчиларнинг омон қолиш ва янги йўл бошлаш учун қилган кураши рамзи эди.
Хулоса ўрнида шуни такидлаш кераки, Хоразмийлар Салиб юришлари даврида нафақат ҳарбий, балки маданий ва сиёсий аҳамиятга ҳам эга эди. Улар туркий қабилаларнинг анъаналарини Яқин Шарққа олиб келди, Айюбий ва Салжуқий давлатлари билан иттифоқ тузди ҳамда салибчиларнинг минтақадаги ҳукмронлигига жиддий зарба берди. “Ла Форби” жангидаги ғалаба уларнинг стратегик маҳорати ва жасоратининг чўққиси бўлди.
Аммо Хоразмийларнинг таъсири узоқ давом этмади. Ички низолар ва ташқи босимлар уларни аста-секин заифлаштирди. Шу билан бирга, уларнинг Қуддус ва Ғазодаги муваффақиятлари ислом тарихида муҳим из қолдирди.
Азизбек ШУҲРАТ ЎҒЛИ
Адабиёт
Тил
Фалсафа
Санъат
Тарих
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ