Қодирий


Сақлаш
15:04 / 10.04.2023 0 679

Қодирий, Абдулла (асосий тахаллуслари: Қодирий, Жулқунбой) (1894. 4.10 – Тошкент – 1938.10.4) – XX аср янги ўзбек адабиётининг улкан намояндаси, ўзбек романчилигининг асосчиси; 20-йиллардаги муҳим ижтимоий-маданий жараёнларнинг фаол иштирокчиси. Боғбон оиласида туғилган. Отаси Қодирбобо (1820– 1924) хон, беклар қўлида сарбозлик қилган, рус босқини пайтида (1865) Тошкент мудофаасида қатнашган. Отаси бошидан ўтган саргузаштлар Қодирийнинг қатор асарлари, хусусан, тарихий романларининг юзага келишида муҳим роль ўйнаган.

 

Қодирий мусулмон мактаби (1904–06), рус-тузем мактаби (1908–12), Абулқосим шайх мадрасасида (1916–17) таълим олди; Москвадаги адабиёт курсида (1925–26) ўқиди. Ёшлигиданоқ қадимги Шарқ маданияти ва адабиёти руҳида тарбия топган; араб, форс ва рус тилларини ўрганган. Жаҳон адабиётини ихлос билан мутолаа қилган. Оиласи камбағаллашганлиги сабабли болаликдан мустақил меҳнат қила бошлади, турли касбларни эгаллади, маҳаллий савдогарларга котиблик ва гумашталик қилди (1907–15). У 1917 йилнинг Октябрь тўнтаришидан сўнг Эски шаҳар озиқа қўмитасининг саркотиби (1918), «Озиқ ишлари» газетасининг муҳаррири (1919), Касабалар шўросининг саркотиби (1920), «Муштум» журнали ташкилотчиларидан ва таҳрир ҳайъати аъзоси (1923–26) бўлди. Қодирий ижодий фаолиятининг бошланиши 1910 йилларнинг ўрталарига тўғри келади. «Садои Туркистон» газетасининг 1914 йил 1 апрель сонида Қодирий имзоси билан босилган «Янги масжид ва мактаб» сарлавҳали хабар бўлажак адибнинг матбуотдаги дастлабки чиқиши эди. Орадан кўп ўтмай, унинг «Тўй», «Аҳволимиз», «Миллатимга», «Фикр айлагил» каби шеърлари, «Бахтсиз куёв» драмаси, «Жувонбоз» ҳикояси чоп этилади (1914–15). Қодирий ижодининг дастлабки намуналари бўлган бу асарлар миллатпарварлик, маърифатпарварлик руҳида ёзилган бўлиб, жадидчилик ғоялари билан суғорилган.

 

Қодирийнинг «Улоқда» ҳикояси (1916) ХХ аср боши ўзбек реалистик адабиётининг энг яхши намунаси ҳисобланади. Қодирийнинг 1917 йил Октябрь тўнтаришидан кейинги фаолияти асосан матбуот билан боғланган. Унинг 1919–25 йиллар оралиғида ёзган мақолалари сони 300 га яқин. Қодирийнинг публицистик чиқишлари аввало ўша даврнинг тарихий ҳужжати, замонасининг солномаси. 20-йиллар ўрталарида ёзилган «Калвак Махзумнинг хотира дафтаридан», «Тошпўлат тажанг нима дейдир?» сатирик ҳикояларида ҳаётдаги, одамлар табиатидаги муайян салбий ҳодисаларни соф мафкуравий нуқтаи назардан туриб, фақат бир ёқлама қоралаш, фош этиш йўлидан бормай, характер ва ҳодисаларни холис туриб, мураккаблиги, зиддиятлари билан кўрсатишга жазм этади.

Қодирий ўзбек адабиётидаги биринчи роман – «Ўткан кунлар»ни яратди (1919–20). «Ўткан кунлар» ёзилган давр ўзбек халқи учун миллатнинг эрки, озодлиги, мустақиллиги, жаҳондаги ўрни масаласи ҳаёт-мамот аҳамиятига молик эди. Қодирий иккинчи йирик асари «Меҳробдан чаён»ни 1928 йил февралда ёзиб тугатди. Роман 1929 йил Самарқандда босилиб чиқди. Гарчи бу роман мавзуи ҳам XIX аср ҳодисалари – «хон замонлари» давридаги ўзбошимчаликларни кўрсатишга қаратилган бўлса-да, унда роман ёзилган давр руҳи кучли. Асарни «Меҳробдан чаён» деб аташ, зиёли уламоларни қахрамон қилиб танлашдан мурод муқаддас даргоҳ – саждагоҳдан чиққан чаёнсифат мунофиқ, қаллоб, тубан кимсаларга, ҳасадгўй, эътиқодсиз кишиларга ишорадир. У 1934 йил қишлоқ ҳаётидан «Обид кетмон» қиссасини ёзди. Асардаги Обид образини ўзбек халқининг меҳнат, деҳқончилик маданияти бобидаги етуклиги тимсоли, дейиш мумкин. Ёзувчи бу образ тасвирида холис туриб қишлоқ хўжалигини жамоалаштириш ҳаракатининг бир қанча томонларини ҳаққоний кўрсатиб колхоз тузуми охир-оқибатда одамлардаги ташаббусни, шахсий эгалик, манфаатдорлик туйғусини сўндиришини айтди.

 

Қодирий асарлари, айниқса, романлари, кўплаб тилларга таржима қилиниб келмоқда. Қодирий зукко тилшунос, забардаст таржимон сифатида ҳам катта ишлар қилди. Н.В.Гоголнинг «Уйланиш» (1935), А.П. Чеховнинг «Олчазор» (1936) асарларини ўзбекчага таржима қилган. Қозонда босилган «Тўла русча-ўзбекча луғат»ни (1934) тузишда иштирок этган. Қодирийнинг 44 йиллик умри 20 йиллик ижтимоий ва ижодий фаолият даври кескин курашлар, таъқибу таҳдидлар ичида ўтди. Ростгўй адиб шўро даври ҳақидаги бадиий асарлари, публицистикасида шўро воқелигига хос зиддиятларни, сиёсатдаги хато ва камчиликларни холис туриб кўрсатишга жазм этди. 1926 йил «Муштум»да босилган «Йиғинди гаплар» ҳажвиясидаги танқидий мулоҳазалари учун «аксилинқилобий ҳаракат қилганлик»да айбланиб қамоққа олинади, турли бўҳтонлар билан судланади. Судда у мардона туриб, ўз шаънини ҳимоя қилади ва оқланади. Аммо 30-йиллар ўрталарига келиб қатағон кампанияси авжига чиққач, Қодирий 1937 йил 31 декабрь куни ҳибсга олинди. 9 ойлик қамоқдаги сўроқ-тергов, қийноқ, хўрликдан сўнг Чўлпон, Фитрат каби маслакдошлари билан бирга қатл этилди.

 

Қодирий ҳибсга олингач, асарлари «зарарли» саналиб ўтда ёқилди, кутубхоналардан йўқотилди, уларни ўқиш тақиқланди. Фақат 1991 йилда юртимиз ўз мустақиллигини эълон қилганидан сўнггина Қодирийга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатила бошланди. Қодирий Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти (1991), «Мустақиллик» ордени билан тақдирланди (1994). Қодирий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти таъсис этилган. Тошкент маданият институтига, Тошкентдаги маданият ва истироҳат боғига, катта кўчалардан бирига, республикамиздаги кўплаб маданият муассасаларига унинг номи берилган. «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён» романлари асосида кинофильмлар (1969, 1996, 1973) ва кўп серияли телефильмлар яратилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 8
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 34
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 121
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 156
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 237
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6082
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4915
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4554
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3981
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3411
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2978
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2894
Туғилган кун

//