Нонсиз қолса-да контракт тўлаган, лой кўчада қизини елкасида кўтариб катта қилган... ОТАЛАР ҳақида тўрт таъсирли ҳикоя


Сақлаш
16:04 / 28.04.2022 6062 5

Ҳаётда омади юришган аёл-қизларимиз ортида кўпинча тоғдек суянч бўлиб оталари туради. Бугунги қаҳрамонларимиз ҳам дадасининг далдаси, қўллаб-қувватлаши туфайли кўплаб ютуқларни қўлга киритган. Шу боис “Отангга раҳмат!” деган биргина жумла уларга олам-олам қувонч келтиради. Oyina.uz бугун жамиятда ўрнини топган ўзбек қизларидан болалик хотираларини эсга олиш, муваффақият сирлари билан бўлишишни сўради.

 

 

Маҳфуза Ортиқова,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори, Европа испан тили ўқитувчилари ассоциацияси аъзоси:

 

 

– 1998 йил. Тошкент шаҳридаги оддийгина, биров назарига ҳам илмайдиган, маҳалланинг қора-қура болажонларигина қатнайдиган 157-мактаб.

 

Кутилмаганда мактабга Жаҳон тиллари университетидан бир гуруҳ ўқитувчилар келиб қолишди. Уларнинг етакчиси раҳматли устозим Шарифа опа Холматова эдилар.

 

Мактабда шу-унча синф қолиб, айнан мен ўқийдиган 5-“Б” синфида испан тили ўқитиладиган бўлди. Шарифа опа болалар чувиллашиб ётган хонага кириб, “Болажонлар, ким испан тилини яхши ўқиса, Испанияга ўзим билан олиб кетаман”, дедилар. Бола эмасмизми, чиппа-чин ишондик. Жўшиб кетдик. Ўша куни уйга қанот қоқиб, учиб келдим, гўё. Кира солиб, “Ойижон, адажон, испан тилини яхши ўқисам, Шарифа опам мени Испанияга олиб кетарканлар”, дедим. Шунда дадам “Ўқи, қизим, ҳали менга Европани кўрсатасан”, дедилар.

 

Мен ҳамма оталар шундай деб ўйлагандим. Афсуски, ундай эмас экан. Қолган синфдошларимнинг уйдагилари “Қиз болага Испанияда пишириб қўйибдими? Эртага эрга тегсанг, эринг олиб борса хўп-хўп”, дейишган экан. Ўша дугоналарим испан тилини ўрганишмади. Ўқишни исташмади ҳам.

 

Тўғри, Шарифа опам мени Испанияга олиб кетмадилар. Лекин ҳар сафар ўзим Испанияга бориб келганимда, қаердандир эшитиб қолсалар, катта бошларини кичик тутиб қўнғироқ қилар, бу тилни яхши ўзлаштиришимга умид билдирар эдилар.

 

Мени қўллаган, синдирмаган, қизига мулк эмас, шахс деб қараган, илм олишим учун доимий шароит яратган, қизи билан фахрланган отамнинг илк сўзларига фаришталар омин деган экан. Биз яқинда Европага йўл олдик ва кўнгилли саёҳат қилиб қайтдик. Отамга ҳали бутун дунёни кўрсатаман, деб ният қилганман.

 

 

Меҳриноз Аббосова,

Ёшлар ишлари агентлиги директорининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси, "Шуҳрат" медали ва Зулфия мукофоти совриндори:



 

– Бир вақтлар мен учун энг хавфсиз жой дадамнинг елкаси эди. Дадамнинг елкаси жаннатнинг бир парчаси эди. Тақдиримга шу инсоннинг фарзанди бўлиб туғилиш насиб қилмаганида ҳозирги Меҳриноз бўлмасди, деб ўйлайман. Шу вақтгача нимагаки эришган бўлсам, дадамга қўнғироқ қилиб “Бу ютуққа сиз эришдингиз”, деб айтаман. Дадам энг биринчи устозим.

 

Мен акаларимга нисбатан жуда хунук туғилган эканман. Кўрган одам юзини буриштирар, яқинроқ қариндошларимиз: “Катта бўлса, қандай “ўтказаркинмиз”, деб ташвишимни ҳам қилишган экан. Фақат дадамгина дунёдаги энг гўзал қиз менлигимга, мендек пари-пайкар оламда ягоналигига қаттиқ ишонганлар. Шунгами, гўдаклигимдан ҳозиргача “ой қизим” деб чақирадилар.

 

Аниқ эслайман, ўшанда 3-4 ёшлар атрофида эдим. Дадам мени лой кўчаларда елкасига кўтариб олиб, ҳар куни сой бўйига сайрга олиб чиқардилар. Биргаликда ой, осмон, юлдуз, гуллар, ёмғир, умуман, мени қизиқтирган ҳамма мавзуларда суҳбатлашардик, сирлашардик.  

 

Кейин 1-синфга қадам қўйдим. Мактаб директорининг набираси М. билан тенгдош эдик. У директорнинг арзандаси ва мактабда энг зўр кийинадиган қиз бўлгани учун айтгани-айтган, дегани-деган эди. Ўша йили қиш эрта келгани боис холамнинг қизи берган эскироқ курткани эгнимга илиб, мактабга бориб туришимга тўғри келди. Кунларнинг бирида “мактаб маликаси” ҳамманинг кўз ўнгида кийимим эскилигини писанда қилди. Қаттиқ хафа бўлдим. Дадам билгандек, ўша куни янги, катак-катакли, кулранг пальто олиб келибдилар. Хурсандлигимдан ухлолмай чиқдим.

 

Ниҳоят, эртасига учиб мактабга бордим. Борсам, мени кўрибоқ ҳамма қизлар пиқиллаб кула бошлади. Кейин билсам, синфдошим Р. ҳам худди шунақа пальтодан кийиб борган экан. Ўғил боланинг кийимини кийиб олибди, деб баттар мазах қилишди. Эътибор қилсам, пальтонинг ранги ҳам, фасони ҳам қиз боланикига ўхшамасди. Уйга келиб, бор гапни айтдим. Дадам ишонч билан буни қиз бола ҳам, ўғил бола ҳам кийиши мумкинлигини уқтирдилар. Ўша заҳотиёқ пайпоғимнинг майда гулчаларини олиб, пальтомнинг ёқасига тикиб бердилар. Зумда бутунлай бошқа кўринишга эга бўлди. Бу менинг, ўз-ўзимнинг чиройли пальтом эканлигига ҳеч кимнинг гапи таъсир қилмайдиган даражада ишонтирдилар.

 

Вақт ўтиб дадам бизларни шаҳарга олиб кетдилар. Ўқишимиз, илм олишимиз учун яхшироқ шароит қилиб беришни хоҳладилар. Қўлимдан ушлаб бадиий гимнастикага етаклаб борганлари, фортепиано ва дутор чалишга қизиққаним учун мусиқа мактабига қатнаганларим, намоз ўқишни ўргатганлари, муқаддас китобимиз қироатига иштиёқ қилсам, энг яхши устозларга берганлари, 4-синфлигимданоқ инглиз тили курсларида ўқиганларим, рақс тўгарагиям қолиб кетмагани, Намангандаги вилоят драма театрига тез-тез тушиб туришимиз, эҳ-ҳе, санасам, адоғи йўқ экан.

 

Энди англасам, дадам болалигимдан фикрларим, орзуларим, мақсадларим билан ҳисоблашганлар. Ўзимга нисбатан кучли ишонч уйғотганлар. Ҳар доим дунёдаги энг яхши даданинг, хокисор ва ҳалол одамнинг қизи эканимдан фахр туяман.

 

 

Севинч Авазова,

“Ёш китобхон 2022 танлови ғолиби, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси:

 


– Отам уйимиз яқинидаги заводда ҳайдовчи бўлиб ишлайди. Онам уй бекаси. Гарчи олий маълумот олмаган бўлсалар-да, биз фарзандларни таълим олишимиз учун барча шароитларни имкон қадар муҳайё қилишган.

 

“Ёш китобхон” танлови ўтказила бошланганидан бери телевизор орқали оилавий томоша қилиб келамиз. Тўғриси, авваллари бундан ўзимни олиб қочардим. Сабаби, мен тенги танлов иштирокчилари бирор адиб ҳаёти ва ижоди ёки асарлари ҳақида гапираётганида отам мендан “Қизим, шу ҳақида биласанми?”, “Бу асарни ўқиганмисан?” деб сўрардилар. Аксарият ҳолларда менинг жавобим “йўқ” бўларди ва бундан жуда уялардим...

 

Мактабни аъло баҳоларга тамомлаганим, лицейда ҳам яхши ўқиётганим боис отам менга ишонарди. Ана шу самимий, кучли ишончни оқлаш учун ўзбек ва жаҳон адабиётининг забардаст вакиллари, уларнинг дурдона асарлари билан бирин-кетин танишиб бордим. 2018 йили Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига давлат гранти асосида қабул қилиндим. Шундан сўнг танлов ғолиби бўлиш мақсадини қўйгандим...

 

Ўтган йили танловнинг республика босқичида қатнашиб, 4-ўринни эгалладим. Ўшанда, тўғриси, оила аъзоларимнинг, айниқса, отамнинг менга, менинг келажагимга ишончига путур етиб қолишидан қўрққандим. Лекин улар мени қўллаб-қувватлашди, “Келаси йили ғолиб бўласан, иншааллоҳ”, деб мени руҳлантиришди.

 

Ўтган йилдан бошлаб танлов иштирокчилари учун тавсия этиладиган адабиётлар рўйхатидан илмий китоблар ҳам жой олди. Бу йил “Қизиқарли география”, “Қизиқарли билимлар оламида” тўпламлари ўқиш учун берилган эди. Илмий адабиётлар бўйича тайёргарлик кўриш жараёни менда жуда ажойиб бўлган. Отам мен билан тенгма-тенг ўқиб борганлар. Дастурхон атрофига йиғилганимизда, ҳовлида ёнларидан ўтиб кетаётганимда ҳам отам “Дунёдаги энг катта қуш қайси?”, “Ер юзидаги энг йирик анаконда қаерда ўлдирилган?”, “Донолар меваси” нима?” каби саволлар билан имтиҳон қилардилар, бирор давлат номини айтиб, пойтахтини сўрардилар.

 

Уйимиздан кутубхонагача узоқ. Танловга тайёргарлик жараёнида кўп вақтим йўлда ўтиб кетмаслиги учун отам ҳар ойда маошининг ярмини зарур китобларни сотиб олишим учун ажратардилар. Бугун уйимизда ниҳоятда бой кутубхонамиз бор.

 

Биласизми, ғамдан тўкилган ёш иссиқ, шодлик-хурсандчилик ёшлари эса совуқ бўларкан. Бу танловда қатнашишдан асосий мақсадим ота-онамнинг, яқинларим, устозларимнинг совуқ ёшларига сабабчи бўлиш, уларнинг ишончини оқлаш эди. Худога шукр, ниятим амалга ошди. Муваффақиятимга сабабчи бўлган ҳамма-ҳаммадан, айниқса, отамдан миннатдорман.

 

 

Нодира Назар,

Германиядаги “Caritas Fortbildungsinstitut” талабаси, таржимон:



 

– Ҳали-ҳали ёдимда. Бир сафар эмлангани бордик, роса йиғлаяпман. Дадам эса “Қўрқма, қизим, мен шу ердаман”, деб мени онамга бериб юбориб, кўчага отилиб чиқиб кетдилар. Жуда-жуда яхши кўрардилар – укол олаётганимда қараб туришга кўнгиллари бўлмаган. Мен эса отамнинг сўнгги кунларида томирига тушолмасдан билакларини илма-тешик қилиб ташлаётган ҳамшираларнинг қалтироқ қўлларини жимгина кузатишга мажбур қолдим...

 

Мактабда аъло баҳоларга ўқирдим. Дадам келажакда дўхтир бўлишимни истар, мен эса табиий фанларга қизиқмасдим. Иқтисодиёт йўналишига тайёрлана бошладим, аммо шароитимиз оғирлашиб репетиторга пул тополмай қийналдик. Таваккал қилиб, Жаҳон тиллари университетига ҳужжат топширдим. Киролмадим.

 

Дадам хафа бўлдилар мендан. Ўқитолмадим деб эзилардилар. Иккинчи йили ҳам шу, учинчи йил ҳам... Депрессияга тушиб қолгандим. Уйга қамалиб йиғлаб ўтирардим. 2012 йил 171 балл билан ўқишга кирдим. Дадамнинг хурсандчилигини кўрсангиз эди! Ҳаммага қўнғироқ қилиб, “Қизим ўқишга кирди, контракт бўлсаям ўқитаман”, деб хурсанд бўлиб гапирарди. Ҳатто тузукроқ кийим олишга пули бўлмаса ҳам, мени ўқитишни истарди.

 

Уйимизда бир сўм пул йўқ. Бошни қайси деворга уришни билмаймиз. Мен айб иш қилиб қўйган боладек ўзимни ҳаммадан олиб қочаман. Дадамнинг кўзига қаролмайман. Онамга тўлов-шартнома асосида ўқимайман, дейман-у, ич-ичимдан ўқигим келади...

 

Шукр, ўқидик ҳам. Лекин жуда катта қийинчиликлар, қарз-ҳаволалар, дадамнинг азоблари, онамнинг кўзёшлари эвазига. Мени деб ҳатто бир бурда нонга ҳам зор бўлишганини кейинчалик эшитдим. Шаҳардаги ижарам, харажатларим учун бобом пул берарди, лекин контракт тўлаш вақти келаверса ёки тўламаганлар рўйхати фақат мендан иборат бўлса, ота-онамнинг уйқуларини қочирган айнан мен бўламан.

 

Шуларнинг ҳаммасини кўра-била туриб, дадамнинг раъйини қайтара олмасдим – тўйга розилик бердим. Лекин барибир кўнглим адашмаган экан – узоқ яшай олмадим. Бир нарсани билишингизни истардим, ҳеч бир қиз ота-онасининг уйига қайтиб бориш учун турмушга чиқишни орзу қилмайди.

 

Тошкентга келдим, мактабда иш бошладим. Тўйимдан кейин дадамнинг кўп тоби қочган экан, даволанишга пули йўқ, кимгадир суянай деса, суянадигани бўлмаган. Бир куни дадамнинг шифохонага тушганини айтишди, чунки уч-тўрт кунки қўнғироқларим жавобсиз эди. Кўнглим жуда ғаш.

 

Сўнгги тун тонггача қўлларини қўйиб юбормадим. Мени хафа бўлмасин деб гапиришга уринадилар. Эҳ, дадам-а! Ичгиси келмаса ҳам, қўлимни қайтармаслик учун сутдан аранг ҳўплайди. Лекин ютолмайди, менга қараб қўяди. Тамомлар бўлдим. Кўз ёшимни кўрмасин деб йиғимни ичимга ютаман. Афсуски, биринчи маошим дадамнинг жанозасига ишлатилди... 

 

Ота-она дуоси бепарда қабул бўлади, деган гап ҳақ экан – Ўзбекистонда герман филологиясини тугатгандим, Германияда эса дадам истаган тиббиёт соҳасида, имконияти чекланганлар билан ишлаш институтида ўқиш насиб этди. Яна кўп-кўп орзуларим ушалди. Шеърий китобларим, немис тилидан таржималарим чоп этиб келинмоқда. Ҳар доим ортга қараганимда отам “Олға, қизим! Орзуларинг йўлида давом эт!” дегандек бўлаверади.

 

Нодира ИБРОҲИМОВА

oyina.uz

5 Изоҳлар

Abbosjon

06:01 / 01.01.1970

Turfa taqdirlar bunday hayotiy voqealar vatanimizda ko‘p bo‘lsa kerak

Samadjon

06:01 / 01.01.1970

Bu ibratli voqealarni koʻz oldimga keltirar ekanman, rosa taʼsirlandim. Dunyo shunday insonlar borligi uchun turganday goʻyo. Voqealarni oʻqib bitta xulosa olish mumkin, harakatdan toʻxtamaslik nafaqat oʻzingiz uchun yaqinlaringiz uchun ham foyda ekanligini anglab yetdim.

Diyoraxon

06:01 / 01.01.1970

Qahramonlarning qaysidir kechinmalari menikiga oʻxshash, shu kungacha erishib kelgan barcha yutuqlarim ota onamlarning qoʻllab quvvatlashlari tufayli. Ularning dilbandi boʻlish kamina uchun baxt. Baxtimga doim omon boʻlishsin!!!

KHASAN

06:01 / 01.01.1970

Juda ham ta'sirli voqiyalar.Qahramonlarga va Ular Volidalariga havas qildim uqishimiz shartligiga va najot ta'limda ekanligiga yanada iqror buldik.Kup ta'sirlandik . Bu Kichinmalarni Bizgacham yetqazlanlarga Katta rahmat.

Фахриддин

06:01 / 01.01.1970

Жуда таъсирли ҳикоялар экан. Тўртинчи ҳикояни ўқиб, йиғлаб юбордим

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси