Адабиёт
Юртимиз озодлиги, мустақиллиги учун курашган маърифатпарвар юртдошларимизни хотирлаб, тарих саҳифаларини варақлаганимизда шарафли касб эгалари бўлмиш ўқитувчиларнинг айни муҳим жараёндаги фидойиликларидан ҳайратга тушамиз. Шундай миллатпарвар инсонлардан бири Шокиржон Раҳимийдир.
Шокиржон Раҳимий 1898 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Отасининг барвақт вафотидан сўнг икки ўғилни онаси Шарофат ая тикувчилик орқасидан вояга етказади. Билимга чанқоқ ва зийрак нигоҳли Шокиржон 1903–1909 йилларда Мунавварқори Абдурашидхоновнинг беш синфлик биринчи босқич ва рушдий “Намуна” мактабларида таҳсил олади. У Мунавварқори Абдурашидхонов тавсияси билан кечки рус-тузем мактабини битиргач, Тошкент мадрасаларининг энг илғор мударрисларидан ҳам дарс олади. Шокиржон Раҳимий 1909 йилдан бошлаб жадид мактабида ў қитувчиларга ёрдамчилик қилди. 1912 йилда ўзининг дастлабки ўқув қўлланмасини нашр этди. Айни пайтда “Раҳимия” мактабини очиб, унда 1919 йилгача фаолият юритди.
Ўз даврининг илғор ёшларидан бўлган Шокиржон Раҳимий 1914-1915 йилларда Муҳаммадхон Пошахўжаев раҳбарлик қилган “Турон” жамияти аъзоси, “Турон” театр труппаси фаоли ва “Садои Туркистон” газетаси адабий ходими сифатида фаолият кўрсатди. 1917 йил “Фуқаҳо” жамияти тузилганида унинг котиби бўлди. Сўнг Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Миён Бузрук Солиҳов билан биргаликда Туркистонда том маънодаги сиёсий партия тузишга киришади. Улар Озарбoйжон “мусоватчи”ларидан Афандизодани Туркистонга таклиф этиб, “Турк адам марказият” партиясини шакллантиришда фойдаланади. Жадид матбуотида ўз қалами билан танилиб улгурган Шокиржон Туркистон мухториятини жон-жаҳди билан ҳимоя қилади. Бироқ мухторият большевиклар томонидан қонли бостирилгач, у яна маорифга қайтади.
1918 йил 12 май куни Мунавварқори Абдурашидхонов раҳбарлигида Туркистон халқ дорилфунуни очилади. Уч босқичли таълимга асосланган дорилфунун ҳузурида беш йиллик дорилмуаллимин ҳам иш бошлаб, унга Шокиржон Раҳимий раҳбар этиб тайинланади. Улуғбек, Турон, Ватан, Зебунисо, Навоий, Ҳаёт, Урфон, Учқун, Мухторият, Машраб каби номлардаги ўнлаб мактаблар дорилмуаллимин тасарруфига олиниб, уларга Саидрасул Саидазизов, Илҳом Одилов, Муҳаммадрасул Расулев каби кўп йиллар рус-тузем мактабларида тажриба орттирган педагоглар жалб этилди. Айни пайтда аниқ ва табиий фанларни ўқитишда, миллий мактабларда жисмоний тарбия ва ҳарбий таълим фанларини жорий этишда ўлкага келган турк зобитлари хизматидан ҳам кенг фойдаланилди. Шокиржон Раҳимий мудирлигида иш бошлаган Улуғбек мактабида Тангриқул ҳожи Мақсудий, Усмонхўжа Тўхтахўжаев каби ном қозонган ўқитувчилар бор эди.
Моҳир педагог 1918–1923 йилларда Тошкентнинг эски шаҳар маориф бўлимида мудир, айни пайтда l босқич мактаби ва таълим-тарбия билим юртларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритди. 1919 йил Фитратнинг “Чиғатой гурунги” тўгарагининг фаол аъзосига айланди. 1922 йил Тошкентда очилган маориф институтини битириб, олий маълумотли педагог, тилшунос дипломини қўлга киритди. Шокиржон Раҳимий 1923 йилда Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси мудири лавозимига тайинланади. 1923 йил январь ойида Мунавварқори Абдурашидхонов ташаббуси билан очилган “Нашри маориф” жамиятига раис бўлиб, унинг ўринбосари этиб Мунавварқори, котиб Миркомил Алиев, ғазначи сифатида Саидносир Миржалилов тайинланади. Жамиятнинг бевосита аъзолари бўлган Чўлпон, Холмуҳаммад Охундий, Абдулла Авлоний, Салимхон Тиллахонов “Нашри маориф” томонидан амалга оширилган тадбирларда фаол иштирок этади. “Нашри маориф” қисқа муддатда Туркистоннинг кўплаб шаҳар ва қишлоқларида мактаб ва билим юртлари фаолиятини изчил йўлга қўяди, ўқувчи ва талабалар учун моддий ва маънавий кўмак беради. Қатор кутубхоналар очади, китоб ва дарсликлар нашр этади. “Ҳақиқат” журналини чоп этиш йўлга қўйилади.
Раҳимий 1924 йилдан Москвада ўзбек ёшлари учун ташкил этилган Бухоро маориф уйи ва ишчилар факультетида мудир бўлиб ишлайди. 1927 йилдан Тошкентда ишчи факультети директори, 1928 йилдан маориф институти мудири, сўнг “Ўзбекистон” нашриётида мудир бўлди. У педагог сифатида 1919 йилда чоп этилган ўзбек тилидаги биринчи алифбе дарслиги – “Совға”нинг муаллифидир.
Шунингдек, 1922 йилда унинг “Катталарга ўқиш”, “Алифбе дарслиги”, 1924 йилда “Катталар йўлдоши”, 1925 йилда Шоҳид Эсон Мусаев билан бирга ёзган 4 жилдли “Ўзбекча тил сабоқлиғи” дарсликлари бутун мамлакатга тарқатилган эди. 1927 йилда “Катталар алифбеси”, “Яшасун Туркистон”, “Батраклар алифбоси” каби дарсликлари, 1930 йилда “Савод”, 1932 йилда “Ўзбек тили иш китоби” сингари ўқув қўлланмалари чоп этилган. Бундан ташқари, “Ислом тарихи” китобини ёзди, 1924 йил илк бор миллий календарь яратди. Шокиржон Раҳимий тилшунос сифатида ўзбек тили терминлари ҳамда Отажон Ҳошимнинг таклифи билан ўзбек тилидаги сингармонизм ҳодисасини ўрганади.
Шокиржон Раҳимийнинг публицистик мероси орасида унинг мактабларда ўлкашунослик бурчакларини ташкил этиш ва бу борадаги изланишларга бағишланган мақолалари жуда муҳимдир. Жумладан, “Ўзганда бўлган тарихий асарларни текшириш” мақоласида Осори атиқани сақлаш қўмитаси топшириғи билан 1925 йил 17–19 сентябрь кунлари 4 киши Ўзган шаҳрида бўлиб, “...эски мўғил замони (Чингизхон)гача Ўзганда бўлган эски ва қийматлик асарларни текшириб, кераклик расмлар тушириб, у ерда доимий комиссия сайлаб қолдириб қайтдиқ”, дейди.
Мақолада бир пайтлар Фарғонанинг йирик марказларидан бўлган ва кейин Ўш уездининг бир қишлоғи даражасига тушиб қолган қадимий Ўзган шаҳридаги тарихий обидаларни тадқиқ этгани ҳақида сўз юритади. Жумладан, Буюк минора, Султон Элигнинг турбаси (мозори), Султон Санжарнинг рамзий мозори ҳақида каттагина материаллар жамлаган. 700–800 йиллар аввал солинган миноранинг ҳамон ўз жозибаси ва маҳобати билан инсонларни ўзига қаратиб келаётганини тасвирлаб, 1923 йил майда Ғойиб Абдурасул ўғли исмли киши уни 6 ой давомида таъмирлаганини ёзади. Муаллиф “кошки уни ўз ҳолида қолдирса эди”, дейди. Миноранинг ост қисмини текшириш жараёнида қадимий усталарнинг унга ғиштдан махсус бир нечта таянч ўрнатгани аниқланган. Таъмирда эса унинг қуйи қисмида рус ғиштларидан 8 бурчакли мезана тикланган ва юқорисида ҳам 8 дарчадан иборат гумбаз солинган. Бу таъмирнинг ҳам охирига етмай қолгани ва зилзила туфайли ўшандаёқ ёриқлар пайдо бўлганини ёзади. Шунингдек, комиссия томонидан Ўзганда бир неча тарихий асар ҳам топилганини келтириб ўтади.
“Этнография коллекцияси (моддий маданият) тўплаш ҳақида” мақоласида эса: “...Ўлкашуносликнинг бир бўлими бўлган этнография (урф-одатни ўрганиш) ҳам унинг бир қисми бўлган этнография коллекциясини тўплаш иши, бизнинг янгигина тузилиб, мактабларимизда ўқитиб турган маданият тарихи ҳам тарих ва адабий луғатларимизнинг мукаммаллашмаган ками кўст ва нуқсонлик ерларини тўлғузуб бориш нуқтаи назаридан ғоят муҳимдир. Шул сабаблик ўлкашунослик фанининг бошқа бўлимлари ҳақида ҳам тегишли маслаҳатни ўртоқлашиш баробарида ушбу мақолада ёлғуз этнографик коллекция ҳаққида тўхталамиз”, дейди. Мақолада муаллим ёки масъул шахснинг мактаб жойлашган қишлоқ ёки шаҳарнинг географик ўрни, тарихи, аҳолисининг машғулотлари, уй-жой қурилиши, молхона, товуқхоналари тузилишигача, меҳнат қуроллари, нимадан ясалгани, кўнчилик, кулоллик, дурадгорлик турлари, меҳнат қуролларининг вазифаси, шакл-шамойили – барча-барчасини диққат билан ўрганиши, шунингдек, болалар, келин кийимларидан тортиб кафангача атрофлича ёзиб олиб тўплашлари лозимлигини тушунтиради.
“Этнография ашёларини тўплаш ҳақида материаллар програми” сарлавҳали кейинги мақоласида эса ўқувчиларга аҳолининг экин ва экин ишлари, таомномаси, ичимликлари, бола туғилганидан қариб ўлгунигача барча урф-одатлари, ўйинчоқлари, ўйинлари, кийимлари, чолғу созлари – ҳамма-ҳаммасини кузатиб ёзиб бориши уқтирилади.
1914 йиллардаёқ ўткир қарашлари билан чор полицияси назоратига олинган публицист Шокиржон Раҳимий фаолияти шўролар замонида ҳам махсус органларнинг доимий кузатувида бўлган. Шокиржон Раҳимий 1937 йил 5 август куни қамоққа олинади. Бу пайтда у кўзи ожизлар мактабида ўқитувчи ва услубчи эди. Унинг анкетасига кўра, оиласи – онаси Шарофат ая (72 ёш), турмуш ўртоғи Солиҳа (21 ёш) ва қизи Лола (1,5 ёш)дан иборат бўлган.
Шокиржон Раҳимий узоқ давом этган қийноқлардан сўнг 1937 йил 18 декабрь кундаги сўроқ баённомасида ўзига нисбатан бўҳтонлар битилган қоғозларга имзо чекади. Айнан шу куннинг ўзида терговчининг “Ўзингизни айбли деб биласизми”, деган саволига, “Асло йўқ. Мен қўйилган ҳеч бир айбловни бўйнимга олмайман”, деб жавоб беради.
Шокиржон Раҳимий иши 1938 йил 5 октябрь куни соат 15:20 дан 15:45 гача машъум “учлик” томонидан кўрилади. Ёзилишича, Шокиржон Раҳимий сўнгги сўз сифатида “Айбларимни тан олмайман, ҳаммаси туҳмат”, деган. Аслида у 4 октябрь тунида отиб ташланган эди...
Шокиржон Раҳимий 1957 йил 1 август куни СССР Олий суди ҳарбий коллегияси томонидан оқланади ва бу хушхабар Тошкент шаҳри Октябрь тумани “Қизил уй” проезд 19-хонадонда яшаган қизи Лола Раҳимовага етказилади.
Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2022 йил 1 октябрь, 202-сон.
“Биринчи ўзбек алифбосининг муаллифи” мақоласи
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ