Салжуқийларда қозилик ишлари қандай бўлган?


Сақлаш
18:22 / 27.05.2025 6 0

Бугунги суд-ҳуқуқ тизими ва қозилик меросини ўзаро солиштириш, тарихий илдизларни ўрганиш натижасида ҳуқуқий тафаккур тараққиёти қандай йўл босиб ўтганини тушуниш мумкин. Ушбу мақолада ана шундай тарихий жараёнлар, хусусан, Салжуқийлар сулоласида қозилик институтининг жамиятдаги ўрни ва функцияларига тўхталиб ўтилади. 

 

Салжуқийларда адлия тизими «диний суд» ва «урф-одатга асосланган суд» тарзида икки турга бўлинган эди. «Қозилар қозиси» (Қози ул-қузот) деб аталган бош қозининг вазифаси диний даъволарни кўриб чиқиш эди. Дастлаб бу унвон пойтахт қозисига тегишли бўлган бўлсада, кейинчалик суд тизимининг бошига келган шахслар учун ҳам қўллана бошланди. Вилоятларда хизмат қилаётган барча қозилар «Қозилар қозиси»нинг ноиби сифатида фаолият юритган. Қозилар қозиси бўлган шахслар жуда билимдон фақиҳ ва олим бўлишган. Улар Аллоҳдан қўрқадиган ва вазифасига садоқатли кишилар орасидан танлаб олинган. Бажараётган муҳим вазифалари ва ўзига хос фазилатлари сабабли Салжуқий султонлари томонидан ҳурмат-эҳтиром кўрган. Масалан, Қозилар қозиси Абу ут-Тоййиб (вафоти: 1058-1059) ўз даврининг энг машҳур фақиҳларидан бири бўлган. У илмий мунозараларда қатнашар, фатво берар ва бошқа фақиҳларнинг хатоларини тузатар эди. Қозилар қозиси «Қозию жумлайи мамолик», «Қози дар кулли мамолик» ёки «вилоётлар қозиси» деган унвонларга ҳам эга бўлган.

 

Қозилар қозисини тайин қилиш ва лавозимидан озод этиш ваколати султонга тегишли бўлган. Низомул-Мулкнинг фикрига кўра, агар ҳукмдор араб тилини ва диний ҳукм-шариятларни етарлича билмаса, бу ишни бажариш учун албатта вакил (ноиб) тайинлаши керак эди. Салжуқийларда вазирлар ҳам тайинлаш ва лавозимдан олиш ҳуқуқига эга бўлсаларда, қабул қилган ҳар бир қарори учун султонга ҳисоб беришлари керак эди. Қозилар қозиси султон томонидан саройда ўтказилган махсус маросим ва фармон (маншур)1 орқали лавозимга тайинланар эди. Маросимда унга махсус либос (ҳилъат)2 кийдирилган.

 

Илмий табақанинг энг юқори поғонасида турган Қозилар қозисининг иш жойи пойтахт бўлган. Улар хато қилишмаса, одатда, вафотига қадар лавозимда қолган, аммо ўзи хоҳласа ишдан кетган. Қозилик мерос бўлиб отадан фарзандга ўтиши мумкин бўлган. Баъзан лавозим ака-укага ёки амакидан жиянига ўтган. Шу тариқа, қозилик маълум оилаларнинг қўлида қолиб кетган. Салжуқийлар даврида бу касбда энг диққатга сазовор бўлган ана шундай оилалардан бири Дамғонийлар сулоласи эди.

 

Қозилар унвонлари ва илмий табақадаги ўрни: Салжуқларда қозилар унвонлари ҳақида Вазир Низомул-Мулк9 маълумот беради. Унга кўра, ислом олимлари, қозилар ва имомлар «Маждуд-дин» (مجد الدين) – диннинг ифтихори, «Шараф ал-ислом» (شرف الإسلام) – исломнинг шарафи, «Сайф ас-сунна» (سيف السنة) – суннат қиличи, «Фахр ал-уламо» (فخر العلماء) олимлар фахри каби унвонлардан фойдаланишлари лозим эди. Илмий табақага кирмаган шахсларнинг бу унвонлардан фойдаланиши тақиқланган, акс ҳолда жазога тортилар эди. Бу ҳолат илмий табақанинг давлатдаги аҳамиятини яққол кўрсатади.

 

Қозиларнинг маошлари султон томонидан тайинланган ва мусулмонларга тегишли Байтулмолдан тўланган. Низомул-Мулк, ришват10 олишнинг олдини олиш учун қозиларга бериладиган маошнинг етарлилиги муҳимлигини таъкидлаган. Тажрибага кўра, энг юқори маош Қозилар қозисига берилган. Бундан ташқари, катта ишларни бажарганлар қимматбаҳо совғалар ва либослар билан ҳам мукофотланган.

 

Ҳуқуқий ваколати: Қозилар судда ўз фикрига асосланиб ҳукм чиқаришган. Ўзлари ёки тарафларнинг мазҳабига мувофиқ ҳукм чиқариш мажбурияти бўлмаган. Улар жамиятдаги муаммоларни ҳал қилиш, адолатни таъминлаш ва тарқатиш билан масъул бўлганлар.

 

Қозилар қозисининг асосий вазифалари:

- қозиларни тайинлаш, лавозимидан озод этишда тавсия бериш ва назорат қилиш;

- унга бўйсунувчи қозилар томонидан чиқарилган нотўғри қарорларни кўриб чиқиш;

- агар нотўғри қарор ўз қўлидан чиққан бўлса ҳам, уни тузатиш.

 

Салжуқийлар сулоласида қозилар ўзларидан олдинги туркий-ислом қозилари каби диний даъволарга қарардилар. Уларнинг чиқарадиган ҳукмлари қатъий бўлиб, бекор қилинмас эди, ижросида эса вазифалари ва ваколатларига кўра, қозининг ёрдамчилари ёки маҳаллий маъмурлар жавобгар бўларди. Қонуний фаолиятларида улар Қуръони Карим, Ҳадис, Хулафойи рошидун, саҳобалар ва имомларнинг сўзлари, ижмў, илгари фаолият юритган қозилар ва олимлар томонидан белгиланган қоидаларга таянган.

 

Қозиларнинг вазифаларидан яна бири – султон ва халққа тегишли бўлган вақфларни назорат қилиш эди. Баъзида бу вазифани «мутавалли» деб аталувчи вақф бошқарувчиларига топширган.

 

Улар сиёсий масалаларда ҳам муҳим роль ўйнаган ва элчилик вазифасини бажарган. 1107 йилда султон Муҳаммад Тапар4, Абу Саид ал-Ҳаравий номли Қозилар қозисини элчи этиб тайинлаган эди. У Аббосий халифалиги билан Салжуқий султонлари орасида яхши муносабатлар ўрнатган, ҳар иккала давлатда ишончли шахс сифатида танилган. Элчилик лавозимига фақиҳ, қозилар тайинланиши ва муҳим вазифаларни бажариши кераклигини энг яхши намоён қилувчи мисоллардан бири ҳам айнан Ҳаравийдир. Қозиларнинг элчилик қилиши кейинги даврда – Онадўлидаги Кўнё салжуқийларида бўлгани тўғрисида маълумотлар учрайди. Масалан, Мўғуллар Анатолияни истило қилганидан сўнг, Салжуқийлар вазири Муҳаззибуддин Али ёш ва тажрибасиз Султон Ғиёсиддин Кайхусрав ИИ даврида мамлакат бошқарувининг издан чиққанини ҳисобга олиб, мўғул лашкарбошиси Байжу Ноён билан музокаралар олиб борган. Байжу билан келишувга эришилганидан сўнг, мўғулларнинг буюк хони Боту ҳузурига юборилган элчилар таркибида Амася қозиси Фахриддин ҳам бўлган ва у Онадўли учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган тинчлик шартномасининг имзоланишида иштирок этган.

 

Қозилар қозиси давлатлараро дипломатик ва сиёсий муносабатларда ҳам муҳим роль ўйнаган. Ҳалифа билан султон ўртасида низолар юзага келган ҳолларда, у мувозанат сақловчи шахс бўлган. Томонлар ўртасидаги ёзишмаларни бошқариб, ёмонлашаётган муносабатларни тузатишга ҳаракат қилган. Улар баъзан вазирнинг ўринбосари сифатида ҳам тайинланган. Масалан, Ҳалифа Мустазҳир Биллоҳ7 1106 йилда вазири Абул-Қосим Алини лавозимидан бўшатиб, унинг ўрнига Қозилар қозиси Абу Ҳасан Али ибн Муҳаммад ад-Дамғонийини вазир ўринбосари этиб тайин этган.

 

Қозилар, халифани лавозимидан четлаштириш (ҳалʼ) масаласида ҳам муҳим роль ўйнаган. Ислом динининг энг юксак даражадаги вакили ҳисобланган халифа, ислом қонунчилигини қўлловчи шахслар томонидан лавозимидан четлаштирилган. Ҳатто султон ҳам, агар қозилар томонидан айбдор деб топилса, лавозимидан четлаштирилиши мумкин эди. Масалан, Салжуқийлари маликаси Эроншоҳ Ботинийлик11 мазҳабига киргани учун фатво асосида лавозимидан четлатилган ва кейинроқ ўлдирилган. Салжуқийлар сулоласида қозилар етим болалар ва қаровсиз аёлларга васийлик қилишган; бу шахсларнинг мол-мулклари сақланиши ва улар вояга етгунча бошқарилиши қозиларга юклатилган. Бу шахслар вояга етгач, мол-мулклар гувоҳлар иштирокида ўз эгаларига топширилган.

 

Қозилар яна мерос ва хайр-эҳсон ишлари билан шуғулланган, васиятномаларни ёзиб, уларнинг ижросини таъминлаганлар. Буларни шариат асосида, Қуръон ва Ҳадисдан фойдаланиб, ҳақдор шахсларга етказганлар. Яъни бугунги кундаги нотариуслар каби томонлар ўртасидаги битимлар ва шартномаларни тасдиқлаб, ҳуқуқий кучга киритишган.

 

Никоҳ маросимларида ҳам қозининг иштироки мажбурий бўлиб, у эр-хотин ўртасидаги тенгликка эътибор берган, янги турмуш қурувчиларга насиҳатлар берган. Ҳатто совчилик вазифаси билан шуғулланган қозилар ҳам бўлган. Масалан, Кўнё Салжуқийлари султони Иззаддин Кайқобус, Мангужук маликаси Фаҳриддин Баҳромшоҳ ибн Довуднинг қизи Салжуқа хотунни сўраш учун, ўша даврнинг нуфузли қозиларидан бўлган Шарафиддинни элчи сифатида юборган.

 

Қозилар, хутба ўқиш (хатиблик) вазифасини ҳам бажарган. Низомулмулкнинг таъкидлашича, улар йирик жоме масжидларда жамоатга имомлик қилган. Қозилар қабилалар ўртасидаги низоларга ҳам аралаша олган, уларнинг яшаш жойларида юзага келган даъволарни кўриб чиқиб, муаммони ҳал этган. Қозининг таълимда иштирок этиши, унинг фақатгина ҳуқуқий эмас, балки бошқа соҳаларда ҳам фаолият юритганининг исботи бўлган. Султоннинг тарбияси билан шуғулланиш ва унга устозлик қилиш учун билим даражасига қараб қозилар тайинланган.

 

Бундан ташқари шаҳар мудофааси жараёнида ҳам қозилар ўзларининг ҳарбий салоҳиятини намоён этган. Давлатдаги ички тангликлар оқибатида бошқарув механизмидаги заифликлар қозиларга маъмурий мақомни ҳам берган. «Қазо» деб аталган маъмурий бирликлар, қозининг фақат адлия эмас, балки маъмурий ваколатларини ҳам билдирган. Қозининг хизматида бир қули (ғулом) бўлиши бу ҳолатнинг аҳамиятини кўрсатади.

 

Қозилар юридик вазифаларини бошқаларнинг аралашувисиз фақат Қуръон ва Суннатга асосланиб бажаришган. Ҳукмдор ёки халифа адлия иерархияси туфайли қозиларнинг ишлаш тартибларига ва берилган ҳукмларга аралаша олмасди. Агар қозининг ўзи бирор жиноят ёки ҳуқуқбузарликда айбдор деб топилса, бундай ҳолатда унинг ишини бошқа – мустақил қози томонидан кўриб чиқилиш таъминланган. Шунингдек, диний-ҳуқуқий масалаларда ҳукм чиқарувчи қозилар, асосли сабаб бўлмаган тақдирда, жазоланмаслиги ва ўлим жазосига тортилмаслиги билан ҳимояланган эди.

 

Қозининг адолатли ҳукм чиқаришига шубҳа туғдирувчи ҳолатлар аниқ белгиланган бўлиб, у аввало, ўзининг, шунингдек, яқин оила аъзолари, тижорат ва мулк шериклари, қуллари, ишчилари ҳамда вакилларига оид ишларни кўриб чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

 

Дастлабки даврларда давлатнинг марказий ҳудудлари ва муҳим шаҳарларида суд ишлари амалга оширилган. Қозилар хизматга юборилган жойларда ишларни одатда ўз уйларида, жамоат жойларида ёки масжидларда кўриб чиқарди. Суд мажлисларини ўтказиш жойларини қози ўзи белгилаган. Уларнинг ваколат ва масъулиятлари кенгайгач, махсус бинолар барпо этилди. Манбаларда «Доръул-АдлАдолат уйи» деб ном олган ушбу суд бинолари ҳуқуқ тизимининг изчил фаолият юритиши ва адолатнинг қарор топишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган муҳим ҳуқуқий-институционал марказлар сифатида қайд этилади.

 

Қарорларнинг адолатли чиқарилишини таъминлаш мақсадида қозиларга турли ёрдамчи шахслар тайинланган:

а) Ноиб (қози вакили): Қози ёрдамчиси ёки вакили бўлган бу шахс, суд ишларини осон юритиш учун ёрдам берган. Унинг тайинланиши ва фаолияти тўғридан-тўғри қози томонидан назорат қилинар, у маҳаллий низоларни ҳал этиш, тергов ва текширув ишларини олиб бориш, шунингдек, оддий суд ишларини мустақил тарзда кўриб чиқиш ваколатига эга бўларди. Бундан ташқари, у қози номидан вақфга оид даромадларни йиғиш ҳуқуқига ҳам эга эди.

 

б) Шуҳуд ул-адл, шуҳуд ул-ҳол (суд тартибини кузатувчи гувоҳлар): Бу тоифадаги шахслар суд мажлисида қатнашиб, жараённи кузатар, суд фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминларди. Улар суд муҳокамаси пайтида юзага келадиган ҳар қандай ноқонуний аралашувларнинг олдини олишда, тарафларнинг эркин ва холис ҳимоясини кафолатлашда муҳим аҳамият касб этган.

 

c) Муфтийлар (фатво берувчи олимлар): муфтий сифатида қозиларга маслаҳат бериш учун улуғ ёшли, оқил, ислом ҳуқуқини чуқур биладиган ва ҳалоллиги билан ажралиб турган шахслар танланган. Қозилар барча ҳуқуқий масалаларда мутахассис бўлмаганлари сабабли, Қуръон ва ҳадисда бевосита ечим топилмаган ҳолатларда, муфтийлардан маслаҳат олиш орқали фатволар асосида адолатли қарор чиқаришга интилишган.

 

д) Зобит котиблар (суд котиблари): Суд котиблари суд муҳокамасида иштирок этувчи томонларнинг баёнотларини қайд этиш, иш ҳужжатларини расмийлаштириш ва барча ҳуқуқий ҳужжатларни тартиб билан архивлаш вазифасини бажарган. Улар ойлик маош олувчи, суд жараёнининг ҳуқуқий асосда юритилишини таъминловчи давлат хизматчилари бўлган.

 

э) Мубашшир (суд чақирувчиси): Бу ходим суд жараёнида тартибни, даъвогар ва жавобгарнинг суд мажлисида қатнашишини таъминлаш билан шуғулланган. Шунингдек, унга гувоҳларни тартиб билан навбатга қўйиш ва суд мажлисига чақириш вазифаси ҳам юклатилган.

 

ф) Муҳтасиб (шаҳар ва бозор назоратчиси): Муҳтасиб шаҳар ва бозор тартибини назорат қилиш ваколатига эга бўлган энг юқори даражадаги мансабдор амалдор бўлган. У ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг сифатини, нархларини ва миқдорини назорат қилган, шунингдек, диний қонунларга зид ҳаракатларга қарши чора кўрган. У масжидларни бошқариш, азоннинг ўз вақтида ўқилишини таъминлаш, хавф солувчи биноларни буздириш, йўл ва бозорларни тартибга солиш каби ишлар билан ҳам шуғулланган. Муҳтасиб султон ёки халифа томонидан тайинланган.

 

Ҳарбий қози (қозикалон, қозиаскар): «Қози» ва «ҳарбий» сўзларидан таркиб топган лавозим тарихий манбаларда лашкар қозиси, қўшин қозиси тарзида ҳам тилга олинади. Кейинчалик бу лавозим қозиаскар номи билан машҳур бўлди. Бу лавозим тарихи Турк хоқонлигига бориб тақалади. Улар «чабиш» Қорахонийлар сулоласида «човуш» дейилиб, вазифаси аскарни зулм қилишдан сақлаш бўлган. Салжуқийларда султонга қарашли асосий ҳарбий қўшиннинг, (яъни хасса ўрдусининг) султон лашкарининг алоҳида қозиси бўлган. Масалан, Буюк Салжуқийлар султони Санжар13 томонидан Мажидуддин исмли шахс ҳарбий қози этиб тайинланган. Унга берилган тайинлов фармонида суд ишларини Қуръон ва суннат асосида юритиш топширилган. Ҳарбий судлар ҳам айнан шу шахс бошчилигида фаолият олиб борган.

 

Урф-одатлар асосидаги суд: Салжуқийлар даврида урф-одатлар асосида шаклланган суд тизими, халқнинг анъанавий қадриятлари ва давлат ҳокимиятининг қарорлари асосида яратилган ҳуқуқий механизмни ташкил этди. Ушбу тизим диний ҳуқуқдан фарқ қилиб, фуқаролар ва давлат ўртасидаги муносабатларни тартибга солишда ўзига хос усулни намоён этди. Салжуқийлар даврида ҳуқуқ, фақат диний қадриятлар билан чекланмай, амалий эҳтиёжлар, ижтимоий ҳаёт ва давлатнинг сиёсий қарорларидан ҳам шаклланган.

 

Ўзбек халқининг тарихий меросида урф-одатлар асосидаги ҳуқуқ тизими катта ўрин тутади. Бу тизимда «Тўра» деган тушунча муҳим аҳамиятга эга. Тўра, халқнинг урф-одатлари, Қурултой ва ҳукмдорларнинг юридик қарорлари орқали шаклланган мажбурий ҳуқуқий қоидалар тўпламидир. Салжуқийларнинг ҳуқуқий тизимида Тўра марказий роль ўйнаган, ҳукмдорлар томонидан чиқарилган қонунлар ва халқнинг талабларига мос равишда янгиланиб турган. Қурултойда қабул қилинган қарорлар ва ҳукмдорларнинг қарорлари, ўша даврда халқнинг турмуш тарзини ва ижтимоий қатламлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солган.

 

Салжуқийлар даврида ҳуқуқ тизими нафақат диний қонунларга, балки ҳукмдорнинг сиёсий ҳокимиятига ҳам асосланган эди. 1055 йили Султан Туғруль Бей Бағдодга кириши билан ҳалифаликнинг дунёвий ваколатлари тўлиқ Салжуқийлар қўлига ўтган. Туғруль Бей ҳалифага диний раҳбар сифатида ҳурмат кўрсатган бўлсада, сиёсий ҳокимиятни тўлиқ ўз қўлига олган. Бу воқеа Салжуқийлар томонидан ҳукмронлик қилган давлатларда диний ва сиёсий ваколатлар орасидаги чизиқни янада равшанлаштириб, давлатни бошқаришда ҳуқуқнинг аҳамиятини кучайтирди.

 

Салжуқий ҳукмдорлар Қурултойлар орқали халқ билан маслаҳатлашган ҳолда янги қонунлар яратишган. Қурултойда фақат хонларни сайлаш ёки тахтдан тушириш ҳақидаги қарорлар эмас, балки давлатнинг ҳар томонлама ривожланиши учун зарур бўлган қонунлар ҳам қабул қилинган. Мисол учун, Султан Маликшоҳ шу тарзда фуқаролик ҳуқуқи ва иқтисодий тизимларни тартибга солувчи янги қонунлар яратган. Ушбу қонунлар халқнинг турмуш тарзини ва ижтимоий ҳаётини барқарорлаштиришда муҳим роль ўйнаган.

 

Кўриниб турганидек, Салжуқийлар давридаги ҳуқуқ тизими ўзининг ижтимоий, сиёсий ва диний қарашлари билан ажралиб туради. Салжуқийлар ҳуқуқни нафақат диний манбалар асосида, балки халқнинг эҳтиёжлари ва амалий ҳаётининг талабларига мос равишда шакллантирган. Уларнинг ҳуқуқий тизими нафақат Туркистон ҳудудида, балки бутун Ислом дунёсида тарихий аҳамиятини сақлаб қолган.

 

Сарвар ҚЎЛДОШEВ,

Тарих институтининг кичик илмий ходими

 

Изоҳлар:

1.     Маншур (арабча: «منشور») Ўрта аср Туркистонида ҳукмронлик қилган сулолаларда, бирор шахсни лавозимга тайинлашда бериладиган ҳужжат.

2.     Ҳилъат – (арабча: «حلعة») Ўрта аср Туркистонида ҳукмронлик қилган сулолалард бирор шахсни лавозимга тайинланганини англтиш учун ҳукмдор томонидан бериладиган кийим (ҳалат).

3.     Байтулмол (арабча: «بيت المال») сўзи, аслида «мол сақланадиган уй» ёки «мулк уй» деган маънони англатади. Ўрта аср мусулмон давлатларида, жумладан, Туркистонда, байтулмол давлатнинг молиявий ресурсларини сақлаш ва бошқариш учун ташкил этилган муассаса ёки хазина эди. Бу муассаса давлатнинг даромадларини тўплаш, солиқларни йиғиш, давлат хизматчиларининг маошлари ва бошқа давлат харажатларини қоплаш учун жавобгар бўлган. Байтулмол нафақат давлатнинг иқтисодий фаолиятини бошқариш, балки жамиятнинг камбағал қатламларига ёрдам кўрсатиш, хайрия ишлари ва диний мақсадлар учун ҳам маблағ ажратиш вазифасини бажарарди. Шунингдек, у йирик молиявий фаолиятлар ва тижорат ишларини ҳам назорат қилган.

4.     Муаҳммад Тапар. 1105-1118 –йилларда ҳукмронлик қилган салжуқийлар сулоласи вакили бўлган Ўзбек ҳукмдори

5.     Сулаймон Шоҳ. 1159–1161–йилларда ҳукмронлик қилган салжуқийлар сулоласи вакили бўлган Ўзбек ҳукмдори

6.     Байъат маросимлари — бу исломий-ҳуқуқий ва сиёсий аҳамиятга эга бўлган тантанали маросим бўлиб, унда мусулмонлар (асосан давлат арбоблари, ҳарбийлар ёки халқ вакиллари) ўз ихтиёри билан янги раҳбар – халифа, султон, амир ёки ҳукмдорга садоқат билдириб, унга бўйсунишга ва унга итоат қилишга қасамёд қиладилар.

1.     Ҳалифа Мустазҳир Биллоҳ (1094–1118) – Аббосийлар халифалигининг 28-халифаси бўлиб, Салжуқийлар империяси кучли таъсири остида ҳукмронлик қилган.

2.     Шофеъий мазҳаби — ислом ҳуқуқидаги тўрт асосий сунний мазҳабдан (ҳуқуқий мактабдан) биридир. Бу мазҳаб ўзининг қатъий ҳуқуқий методологияси ва ҳар бир ҳуқуқий қарор Қуръон ёки саҳиҳ ҳадис билан асосланиши лозимлиги ёндашуви билан машҳур.

3.     Вазир Низомул-Мулк (тўлиқ исми: Абу Али Ҳасан ибн Али Туси; тахминан 1018–1092) — Буюк Салжуқийлар даврининг энг машҳур буюк вазири, сиёсий арбоб ва илм-фан ҳомийси бўлган.

4.     «Ришват» (رشوة) сўзи араб тилидан ўзлашган бўлиб, пора, ноҳақ тарзда берилган мукофот, ёки ноқонуний равишда мақсадга эришиш учун бериладиган ҳадя ёки пул деган маънони англатади.

5.     «Ботинийлик» — арабча сўз бўлиб, «ички», «яширин» деган маънони билдиради. Ботинийлик эса, исломий матнларнинг чуқур, рамзий, сирли маъноларини излаш ва айнан шу ички маъно асосида эътиқод қилиш тамойилига асосланган ақидапарастлик йўналишидир.

6.     Салб юришчилари — бу ном билан 11-13-юзйилликларда Европадан «Муқаддас ер» деб тарифланган Қуддусни мусулмонлардан озод қилиш ниятида уюштирилган бир неча диний-ҳарбий юришларда иштирок этган католик насроний аскарлари, рицарлари ва уламолари назарда тутилади. Бу юришлар тарихда «Салб юришлари»деб ном олган. Улар либосларида ёки байроқларида хоч белгисини олиб юришгани сабабли шу ном билан машҳур бўлганлар.

7.     Султон Санжар. 1118–1157 –йилларда ҳукмронлик қилган салжуқийлар сулоласи вакили бўлган Ўзбек ҳукмдори

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

17:05 / 27.05.2025 0 15
Соҳибқирон битган мактублар

Адабиёт

16:05 / 27.05.2025 0 9
Алибобоми ёки Али боб?





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18288
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//