“Катта қирғин” даврида танқидий мақолалар ёзган Миёнбузрук Солиҳов


Сақлаш
17:45 / 22.08.2024 154 0

31-август – Қатағон қурбонларини ёд этиш кунига бағишланади

 

1937–1953 йиллардаги “Катта қирғин” қатағон сиёсати Туркистонда ҳам шиддат билан иш олиб борди. Юрт ва миллат тараққиёти учун кураш олиб борган минглаб ўзбек зиёлиларининг ҳаётига якун ясади, миллат бошсиз қолдирилди.

 

Золим большевиклар ҳукумати туркистонлик зиёлиларни жисмонан маҳв этолди, холос. Туркистон зиёлилари ўзларининг даврий матбуот саҳифаларида чоп этилган ҳамда эрк ва ҳуррият ғоялари уфуриб турган минглаб мақолалари, юзлаб асарларида яшайвердилар. Миён Бузрук Солиҳов ана шундай зиёлиларнинг энг пешқадам вакилларидан бири эди.

 

 

 

Миён Бузрук Солиҳов

 

Миён Бузрук Солиҳов 1891 йилда Тошкент шаҳрининг Шўртепа масжидининг имоми Миён Солиҳ хонадонида дунёга келди (Адабиётшунос олим Шерали Турдиев уни 1892 йилда туғилган деб ёзади).

 

Ёш Миён Бузрук дастлаб маҳалласидаги эски мактабда таҳсил олиб, сўнгра Дегрез маҳалласидаги мадрасага ўқишга киради. Унинг тафаккуридаги ижтимоий-сиёсий эврилишлар айнан ана шу мадрасадаги таълим йилларида юз берди. Санъатшунос олим Сирожиддин Аҳмаднинг ёзишича Миён Бузрук таҳсил олган йилларда мадраса талабалари орасида Қирим ва Татаристондан, ҳатто Афғонистон, Ҳиндистон, Туркиядан махфий келадиган адабиётларни ўқиш, ижтимоий-сиёсий ҳаётни муҳокама-мулоҳаза қилиш анъана тусини олган эди. Масалан, Тошкентдаги Эшонқулидодхоҳ, Мирзаабдуллабой, Юнусхон подшо, Бекларбеги, Кўкалдош, Хўжа Аҳрор Валий, Бароқхон, Абулқосимхон эшон, Мирза Аҳмад мадрасасининг талабалари ва ёшроқ мударрислари ўртасида давр воқеаларига танқидий баҳо бериш ва ўзаро фикр алмашиш ўзгача тус олган.

 

 

 

Миён Бузрук Солиҳов замондош зиёлилар даврасида.

 

Юз бераётган бундай жараён табиийки Миён Бузрук Солиҳовнинг ҳам онг ва тафаккурида катта ўзгариш ясаган. Шу боисдан ҳам у мадраса таълимини тамомлагач ўша даврнинг энг фаол сиёсий бирлашмаси “Шўройи ислом” ҳаракатига қўшилиб, Мунавварқорининг муовини сифатида фаолият олиб борди. Шунингдек, у 1917 йил 12–14-июль кунлари Фарғонада Туркистондаги илк сиёсий партия – “Турк адами Марказияти”ни тузишда фақиҳ (ислом ҳуқуқшуноси) сифатида иштирок этди,  “Туркистон Мухторияти”ни қўллаб-қувватлади.

 

Салимхон Тиллахонов ўзининг хотираларида Миён Бузрук Солиҳовнинг шахсияти ва ижтимоий-сиёсий фаолияти хусусида тўхталиб: “Миён Бузрукхон “миён”лардан бўлиб “Миён” фамилияси диний томондан эътиборли эди, бироқ бундайлар ниҳоятда оздур. “Миён” деган фамилия ислом динига минг йил тўлғонидан кейин бир Имом Раббоний деган киши чиқиб динга баъзи қоидаларни замонга мувофиқ ўзгаратурғон диний тарихлар ва машҳур “Имом Мураббоний мужаддиди алифи соний” сўзи ила машҳурдир. Бу сўзнинг маъноси “минг йилдан кейин динни янгиловчи имом Мураббоний” деганидур. Мана шул “миён”ларнинг барчаси шул Мураббонийга борадурлар. Миён Бузрукхон “Турк адам марказияти”, “Иттиҳод ва тараққий” ва “Миллий иттиҳод” ташкилотларида ҳам жуда жиддий ишлар билан шуғулланган, ҳаттоки “Иттиҳод ва тараққий”да Тошкентда марказнинг раиси бўлиб турғон бўлса ҳам эҳтимолдир” деб ёзган эди.

 

Айниқса, Миён Бузрук Солиҳовнинг “Уламо” жамиятининг нашри-афкори ҳисобланмиш “Изҳор ул-ҳақ” журналидаги иштироки, унинг нечоғлик теран фикрли, жамиятда бўлаётган воқеа-ҳодисаларнинг асл моҳиятини чуқур тушунадиган инсон эканини яққол кўрсатди. Унинг ушбу журналда “Ийқоз”, “Ад-дин-у ан-насиҳа”, “Талон ва ғорат зарари”, “Баҳоийлик ҳаракати”, “Асафнок ҳолат” номли мақолалари чоп этилган. Хусусан, у ўзининг “Ийқоз” номли мақоласида: ...Афсус, афсуски халқнинг раҳбари ва сарвари саналган кишилар уламо ва улул амир нафс хусусаға тобеъ ўлуб вазифа муборакларининг адосидин имтинў (бош тортмоқ) этдилар ва неча турли хаёлоти шахсия бирлан ислом хидматидин ағмоз (юз ўгирмоқ) этдилар, кўз юмдилар. Бунинг ҳосили самараси “Фасадул олими фасадул олами” (Олимнинг бузилиши оламнинг бузилишидир – ҳадис) мақолинча олами ислом паришон ўлуб азиз ва номуслари йиртилиб ҳайвон қуллардек аддуви дин (дин душманлари) ва душмани миллатларға мутъе ва мунқод ўлмакға мажбур ўлдилар ва ҳануз ўлмакдалар.

 

...Ё ҳар уламо мутаққинийн мутаққиддин ҳар қаю фандин таълифот ва таснифот келтуруб ҳам асарларини ҳидоят этмадиларму? Ё хатиб ва ваъзларимиз ва ваъз оташин нутқлар бирла аждод боболаримизнинг тараққий ва тамаддунининг табақаи олияға еткуруб шон ва шарафларин зиёд ўлмакиға боис ва сабаб ўлмадиларму? Ҳакиму ҳозиқ ва файласуфларимиз кимёдек асарлари ила жаҳоннинг пурнур айлаб маориф тухумини (бу ўринда уруғ маъносида) сочиб кетмадиларму?

 

Бу нечук шум толеъдурки аксар мамолики ислом (ислом мамлакатлари) хусусан ушбу азим ҳайъат ўн икки миллиюн Туркистон мусулмонлари асрлардан бери воиз, адиб, ҳаким, раҳбар, ҳодийлардан ажраб тилсиз, қўлсиз, оёғсиз ётмакдадурлар. Ва нечук қаро бахтдурки диний ва дунёвий ҳожатларин билдируб айб ва нуқсонларин кўзларига кўрсатмак учун масжидларда қурилган музаййин (гўзал, ҳашаматли, жимжимадор) минбарлардин ўқулган хутба ва айтулган ваъз ва насиҳатни халқ нари турсун муҳтарам хатиб ва воиз ҳам англамаслар ва билмаслар.

 

Ва буюк ғафлатдурки ҳар бир инсоннинг зоҳири ва ботиний ҳолини камолиға еткурувчи тариқат аҳли бўлган баъзи ноқобил шайхлар нафси амморалари (ёмонликка ундовчи нафс) учун шаҳарма-шаҳар кируб турли-турли афсоналар сотурлар. Ва нечук заҳар оғуш тарбиятдурки фарах фазо, руҳбахш аждод муқаддасийн асарлари бўлғон мадрасаларда тафсир, ҳадис, усул, фиқҳ, ахлоқ, адабиёт илмлари ўрнида асосан фалсафиёт мавҳуми юнония таълим берилиб азиз ва ноёб умрларини зоеъ этмакдадурлар...

 

Мана бу ҳолатларға аҳли исломни таназзул ёқасиға еткуруб, маҳкум алайҳил мавт этмиш, ўлум дарвозасиға етказмиш. Энди уммат марҳумани бу ҳалокатдан халос этмак учун бирдан бир чора уламои олийшонлар таълимоти, хатабо ваъз ва насиҳат била, улул амр сиёсат билан диний ва дунёвий вазифаларин адо этуб ало калимат Аллоҳ ул ислом ривожи учун курашиш ва ҳаракатда бўлмакларидур. Шул суратда умид нажот ва ҳуррият бордур...деб ёзди.

 

Миён Бузрукнинг “Ад дину ан насиҳа” номли мақоласи ҳам ўз вақтида Туркистон мусулмонлари ичида шов-шув кўтарган даъватномалардан бири бўлди. Муаллиф ушбу мақоласида ўзини чин тараққийпарвар уламо сифатида намоён этиб, халқни диний илмлар билан бирга дунёвий фанларни ҳам ўрганишга чақирди. Жумладан у Худованди Карим Қуръони азмуш шааънда буюрмишдурки, настаузибиллаҳи (Аллоҳ бизни кечирсин), касал ва бетобларимизни қаратмак ва боқтурмак шаръан жоиз бўлгани ҳолда бирор нафар ҳам ўқуган табиб ҳозиқимиз йўқ. Билакс, табиб ва шулар жаҳолатлари бирла халқни нобуд этмакдалар... деб ёзган ҳолда, Туркистон уламоларини халқни диний илмлар билан бир қаторда дунёвий фанларга ҳам даъват этиши лозимлигини урғулади.

 

Ўзларининг келиб чиқишига кўра мўътабар насл-насабга мансуб бўлмиш “Миёнлар”да илм йўлида хорижга сафар қилиш анъанаси мавжуд бўлиб, ёш Миён Бузрук ҳам бу одатга эргашган ҳолда Истанбулга сафар қилади. Миён Бузрук Истанбулга бориб бу ердаги дорулфунуннинг (университет) тил-адабиёт факультетига ўқишга кириб уни муваффақиятли тамомлайди. Унинг ўғли, Ўзбекистон ССР халқ маорифи аълочиси Мазҳар Солиҳовнинг айтишича, Миён Бузрук 1927 йилда Истанбул Дорулфунунни битириб, Одесса орқали Тошкентга қайтиб келади ва САГУнинг Шарқ факультетида ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс бера бошлайди.

 

Алоҳида таъкидлаш ўринлики, Миён Бузрук Солиҳовнинг Истанбулдаги таҳсил йиллари ниҳоятда самарали бўлди. Масалан, у машҳур Нури Усмоний кутубхонасида Фазлуллоҳ ибн Рўзбехоннинг “Меҳмонномайи Бухоро” асарининг қўлёзмасини топишга муваффақ бўлди. Шунингдек у Шарафиддин Али Яздийнинг туркийга таржима қилинган “Зафарнома” асари билан ҳам танишади. Бундан ташқари Миён Бузрук Истанбул университетининг кутубхонасида Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг “Фирдавс ул-иқбол” асари устида тадқиқот олиб бориб, кейинчалик Холис Афандининг хусусий кутубхонасидан “Тарихи Фарғона” номли қўлёзма асарни ҳам топишга муваффақ бўлади.

 

Миён Бузрук 1927–1931 йилларда Ўрта Осиё давлат университетининг Шарқ факультетида, 1931-1932 йилларда эса Тожик маориф институтида форс тили ва адабиётидан дарс беради. У 1932 йил сентябрдан бошлаб Ўзбекистон маданий қурилиш илмий текшириш институтида, 1934 йилдан 1935 йилнинг апрель ойигача ЎзФан комитети ҳузуридаги Тил ва адбаиёт инситутида катта илмий ходим сифатида меҳнат фаолиятини олиб боради.

 

Бундан ташқари, Миён Бузрук Солиҳов Белинский номидаги Тошкент кечки педагогика институтида, Самарқанд давлат университетида адабиёт ўқитувчиси, 1936 йил апрелдаб бошлаб эса Бухоро педагогика инситутида талабаларга дарс бериш билан шуғулланди.

 

Миён Бузрук Солиҳовнинг илмий мероси ниҳоятда улкан бўлиб, у турли хил даврий матбуот нашрларида “Ўзбек тарихига оид тўрт муҳим китоб” (Маориф ва ўқитғувчи” журнали, 1927 йил 9-10-сонлар), “Адабий тил ва истилоҳ: Эски ёзув тилида ўзгариш” (“Шарқ ҳақиқати” газетаси, 1929 йил 12, 21-январь), “Яна лаб оҳанги” (“Шарқ ҳақиқати” газетаси, 1929 йил 26  февраль), “Меҳробдан чаён” (“Шарқ ҳақиқати” газетаси, 1929 йил 1-2 апрель), “Тарихда хотин-қиз” (“Янгийўл” журнали, 1928 йил 3-сон), “Паранжининг чиқиши” (“Янгийўл” журнали, 1928 йил 7-сон), “Ижодий йўлимиз ҳақида” (“Ўзбекистон совет адабиёти” журнали, 1935 йил  3-4-сонлар) номли мақолаларни эълон қилган. Бундан ташқари у “Ўрта Осиё ва ўзбек адабиёти тарихига умумий қараш” (1930), “Ўзбек адабиётида миллатчилик кўринишлари: қисқача тарих” (1933), “Сўфизода ва унинг ижоди ҳақида” (1934), “Октабргача бўлган ўзбек оғзаки адабиёти” (1935), “Ўзбек театр тарихи учун материаллар” (1935) каби муҳим асарларнинг ҳам муаллифидир.

 

Миён Бузрук Солиҳовнинг “Меҳробдан чаён” номли мақоласи ХХ аср ўзбек адабий танқидчилиги соҳасида ўзига хос воқеилик ҳисобланади. У мақолада асарни адабий, тузилиш ва мафкуравий нуқтаи назардан таҳлил қилган. Муаллиф мақоланинг кириш қисмида ўзбек адабиётида романчилик анъанаси шу пайтгача мавжуд бўлмаганини, Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи шу боисдан ҳам омма орасида катта эътибор билан ўқилганини, роман муваффаққиятли чиққач адибнинг “Меҳробдан чаён” романи ҳам омма томонидан катта қизиқиш билан қарши олинганини ёзади.

 

Миён Бузрук “Меҳробдан чаён” романининг “Ўткан кунлар”дек мувафаққиятли чиқмаганини қайд этиб ўтади: “Янги рўмон ва ҳикояларға муштоқ, чанқоқ бўлғон давримизда “Ўткан кунлар” билан танилғон Жулқунбойнинг (Абдула Қодирийнинг тахаллусларидан бири) “Меҳробдан чаён”и жуда ҳам шошилиб кутилар эди ва жуда аҳмият билан қаршиланғонида кўрилди. Чунки биринчи асарида анча муваффақият кўрсатган Жулқунбойдан бир неча йил сўнгра чиқадиғон асарнинг яна ҳам комил ва гўзал бўлиши керак эди. Лекин, “Меҳробдан чаён” у истаклар – орзуларға жавоб бера олмади”. 

 

Умуман олганда Миён Бузрук Солиҳов замонавий романлар учун қуйидагилар шартлар инобатга олиниши лозимлигини таъкидлайди:

 

– Рўмондағи воқеаларнинг чин ва ҳақиқатға ўхшашлари. Воқеаларнинг тусларида сунъийлик ва ғайритабиийликнинг сезилмаслиги;

 

– Руҳий таҳлил ва табиий тасвирларда андоза – ўрталиқ (эътидол) бўлиши, яъни қоронғу бир таҳлил қандай тўғри бўлмаса муболағалиқ тасвир ва таҳлиллар ҳам шундай бўлмайди;

 

– Рўмоннинг мавзуйи билан яқин алоқаси бўлмағон ва ёки бўлса-да романни бўш ерга узайтирадуғон тасвир ва таҳлиллардан сақланмоқ;

 

– Воқеаларнинг бошдан оёққа тўғри, тобора куч ола борадурғон таъсир билан сакта ва аризасиз бориши, воқеаларнинг бир-бирлариға боғланиб боришлари;

 

– Воқеаларнинг ораларида ёзувчининг ҳеч кўринмаслиги, яъни ёзувчининг ўз тилидан изоҳ, ишорат ва танбеҳлар кўрсатмаслиги;

 

– Рўмоннинг умум руҳидан бирор ибрат ва дарснинг очиқ сезилиши.

 

Миён Бузрук Солиҳов ўзи томонидан келтирилган юқоридаги тамойиллар бўйича “Меҳробдан чаён” романини танқидий нуқтайи назардан таҳлил қилиб чиқади.

 

Аввало, бир жиҳатни қайд этиш лозимки, мақолада совет ҳукумати томонидан адабий танқидга қўйилган турли ҳил қолиплар зиёлилар учун белгилаб берилган эди. Табиийки, Миён Бузрук ҳам бу қолиплар доирасида романни таҳлил қилишга мажбур бўлган. Шундай бўлса-да у ўзининг ушбу мақоласида романга қуйидаги ижобий баҳосини ҳам бера олган: “Меҳробдан чаён” тус ва тузилиши жиҳатидан “янги” рўмон сифатига эга бўла олади. Унинг баъзи мувофиқ ва оригинал жиҳатлари бор. Мавзуйи халқнинг зеҳнидан узоқ эмас. Бу ҳол рўмоннинг англашимлиқ бўлишиға ёрдам этган. Тили чучук (ширин), тотли ва жумла тузишлари енгилдир. “Сафо келдингиз, бош устига, алайҳига” каби ўзбекча бўлмағон таъбирлари бўлиш билан баробар омма тилига анча яқинлашғон бир услуб билан ёзилғон. “Ҳой этди, ҳуй этди, икки коски тўй этди” каби омма, халқ мақсадларини ўрунлиқ ерларда ёпиштириб кетиши тақдирға лойиқ жиҳатлардандир. Рўмоннинг қаҳрамонларидан Солиҳ маҳдум, Оғача ойим, аскиялар, қирқ қизлар каби типларни яхши кўрсатган. Уларнинг типларини табиий демак мумкин”.

 

 

 

Миёнбузрук Солиҳовнинг “Меҳробдан чаён” мақоласи. “Шарқ ҳақиқати” газетаси, 1929 йил 1 апрель сони.

 

Юқорида қайд этганимиздек, Миён Бузрук Солиҳовнинг ушбу мақоласида давр сиёсати қўйган талаб сабаб Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романидан иложи борича “хатолар” топишга ҳам мажбур бўлган. Масалан, муаллиф мақоланинг бир ўрнида Солиҳ махдумни риёчи, виждонсиз, хоин, хасис, аҳмоқ, лақма бир киши сифатида таништириб, шундай бир одамнинг қўлида ва тарбиясида Анвар каби ахлоқли, виждонли, шоир, ёзувчи, мафкурачи, сахий, яъни жуда ҳам комил бир киши вояга етганлигидан ажабланганлигини ёзган бўлса, бошқа бир ўринда Анварга унаштириб қўйилган Раънога хондан совчи келганда уларнинг таклифларини фахр билан қабул қилганини таъкидлайди.

 

Бироқ Миён Бузрук Солиҳов Солиҳ махдумни қанчалик ёмонламасин унинг энг аввало муаллим эканлигини негадир ёзмайди, қолаверса, хон совчилари томонидан олиб келинган таклифни у фахр билан эмас, балки ғам-ташвиш билан қарши олган эди.

 

Нима бўлган тақдирда ҳам Миён Бузрук Солиҳовнинг “Меҳробдан чаён” мақоласи Абдулла Қодирийнинг шу номли романига ёзилган анча пухта тақризлардан ҳисобланади.

 

Шу билан бирга Миён Бузрук Солиҳов томонидан ёзилган ҳамда “Шарқ ҳақиқати” газетасининг 1929 йилнинг 12 ва 21 январь сонларида чоп этилган “Адабий тил ва истилоҳ” номли мақоласи ҳам муҳим аҳамиятга эга.

 

 

 

“Адабий тил ва истилоҳ” мақоласи. “Шарқ ҳақиқати” газетаси, 1929 йил 12 январь сони.

 

Миён Бузрук ўзининг ушбу мақоласида ўзга тиллардаги истилоҳ (атама)ларни ўзбек тилига қабул қилиш тўғрисида ёзиб: “Истилоҳларни бутун ўзбекчалашдирмак мумкин эмасдур. Бу йўлда “Чиғатой гурунги”нинг қилиб кўрган тажрибаси бизга етарли дарсни бергандур. Ҳамма истилоҳни арабча ва форсчадан олавериш ҳам албатта тўғри эмас. Ҳамма истилоҳни Оврўпа тилларидан олавериш ҳам тўғри бўлмайдир. Олинадиғон сўзлар жуда кўп бўлғониға кўра халқнинг зеҳнига яқин, оҳангига мос келмайдиган ҳар бир сўзни олавериш тилнинг хусусиятига халал беради. Шу ҳолда тилнинг руҳ ва оҳангини мумкин қадар назарда тутиб, ўрта бир йўл тутиш лозим бўлади” деб ёзади. Миён Бузрук назарда тутган ўрта йўл эса қуйидагича эди:

 

1) Ўзбекчага арабча ва форсчадан ўтиб, ўзлашиб кетган истилоҳ сўзларига қараш керак. Улардан ўзбекчага сингиб қолғон ва янги тилда ҳам ўрун олғон сўзларни ўз ерларида шундоқ қўявериш керак. Бу асосга кўра илм, муаллим, фалсафа, файласуф, маориф, тиббиёт, табиат, ижтимоиёт, раис, котиб, назм, носир, адиб адабиёт, услуб, исм, феъл, сифат, луғат, қомус, риёзиёт, ҳисоб каби анчағина бўлғон сўзларни сақлашға тўғри келади.

 

2) Янги истилоҳлар учун омма тилига мурожаат қилиш керак. Омма тилида эски ва янги адабий тилларга ўтмаган жуда фасиҳ ва болиғ сўзларни учратиш мумкиндир.

 

3) Истилоҳларни Оврўпа тилларидан, хусусан ўзбекча билан русчадан олиш керак.

 

Бир сўз билан айтганда, Миён Бузрук Солиҳов ушбу мақоласи орқали ўзини тилшунослик илмининг етук билимдони сифатида кўрсата олган.

 

“Ўрта Осиё ва ўзбек адабиёти тарихига умумий қараш” номли асари ҳам Миён Бузрук Солиҳовнинг муҳим асарларидан ҳисобланади. Ушбу асар 1930 йилда нашр этилган бўлиб кириш, “Ёзув адабиёти”, “Эски адабиётда умумий руҳ”, “Тасаввуф маслаги”, “Ўрта Осиёда тасаввуф, “Тасаввуфда ўзгариш”, “Эски адабиётда қисмлар”, “Ҳавас адабиётлари”, “Олтин Ўрда адабиёти”, “Олтин Ўрда адабиётининг маъхази”, “Олтин Ўрда адабиётида наъмуналар”, “Чиғатой ҳавас адабиёти”, “Чиғатой адабиётида синфий жиҳат”, “Ҳавас адабиётида мазмун”, “Шакл”, “Чиғатой адабиётининг ўзбекларга нисбати”, “Чиғатой ҳавас адабиётининг ўзбеклар давридаги ҳоли”, “Ўзбек шеваси”, “Даврлар”, “Шайбонийдан сўнгра адабиёт”, “Бухоро амирлигида”, “Оммавий содда адабиёт”, “Хоразмда”, “Олтин бешик даври адабиёти”, “Ижтимоий вазият ва уч марказ”, “Фикрий ўзгариш” “Олтин бешик адабиётининг кайфияти”, “Эски адабиётдан фойдаланув ва уни эски адабиёт билан солишдирув” каби жами 27 та бобдан иборатдир.

 

 

 

“Ўрта Осиё ва ўзбек адабиёти тарихига умумий қараш” номли асари.

 

Миён Бузрук Солиҳов китобининг кириш қисмида асарнинг ўзи томонидан 1929-1930 йилларда университетда ўқиган марузаларидан тузилганлигини, асар мавзу эътибори ила ХII аср адабиётидан бошлаб то жадидчилик адабиётига қадар бўлган адабий жараёнларни қамраб олганлигини ёзади. Алоҳида қайд этиш лозимки, ҳали ҳеч ким Миён Бузруккача ўзбек адабиёти тарихига доир бундай турдаги асарни ёзмаган бўлиб, у бу борада биринчи бўлди. Бу фикрни унинг ўзи ҳам китобининг кириш қисмида алоҳида қайд этиб ўтган.

 

Миён Бузрук жадид адабиёти хусусида ёзар экан: “Жадидизм жуда секин очилғони сабабли ҳамда эскиликни тамом енга олатурғон бир кайфиятга эга бўлмағони сабабли эски адабиёт ўз мавқейини жадидизм даврида тарк этмади. Ҳатто жадидизм даврида эски тарзда девон ёза оладурғон “Муқимий ва Юсуфий, Саржомий каби шоирлар бўиб турдилар. Ҳар шаҳарда шундай эски тарз ила ёзиб турғон шоирларни жадидизм даврида кўрмак мумкин эди. Муқимий, Муҳйи, Фурқат, Камий, Акмал, Васлий, Ҳажрий, Ҳижрон каби сонлари элликдан ошғон шоирларнинг жадидизм даврини кўрганликларини биламиз” деб ёзган ҳолда, эски адабиёт оқими 1917 йилги октябрm инқилобидан кейингина тўхтаганини таъкидлайди.

 

Миён Бузрук Солиҳов китобининг “Эски адабиётдан фойдалану йўли ва уни янги адабиёт ила солишдириш” деб аталган бобида советлар томонидан сиёсат ўлароқ ўйлаб топилган пролетар адабиётда эски адабиётдан фойдаланиш мумкин эмаслигини ёзиб, эски, хусусан Навоий даври адабиёти тўлақонли динга суянишини, пролетар адабиёт эса динни танқид қилишини урғулаб, бу икки адабиёт бир чизиқда кесишмаслигини қайд этади.

 

Бобнинг умумий руҳидан келиб чиққан ҳолда айтиш мумки, Миён Бузрук Солиҳов эски (мумтоз) адабиётган суянмасдан ривожланишни кўзлаган пролетар адабиётнинг келажаги йўқ эканлигига ишора қилган. Миён Бузрук бу борада ҳақ бўлиб, совет даврида фақатгина одамларнинг дарду ташвишларини, гўзал ҳис ва туйғуларини куйлаган адабиётгина яшаб қолди, пролетар адабиёт эса тарих чиқиндисига улоқтирилди.

 

Шунингдек, Миён Бузрук “эски адабиётдан олишимиз керак бўлган ҳеч нарса йўқ, уни буткул тақиқлаш керак” деб қичқираётган большевикларнинг иддаоларига қарши чиққан ҳолда, янги давр ўзбек адабиёти ижтимоий, руҳий, мазмун ва шакл, ҳамда лингвистик жиҳатдан мумтоз адабиётга мурожаат қилишга мажбурдир деб таъкидлади. 

 

Миён Бузрук Солиҳовнинг 1935 йилда нашр этилган “Ўзбек театр тарихи учун материаллар” номли асари ҳам жадидчилик ва ундан кейинги театр тарихи бўйича ўзида муҳим маълумотларни жамлаган. Муаллиф асарнинг кириш қисмида “…турли мамлакат тарихида театру ҳаётининг инкишофи ва тугалланиши икки йўл билан бўлиб келган. Бунинг бири эскидан у мамлакатда мавжуд бўлган халқ саҳна ўюнларининг тадриж билан такомил этиб ўсиш йўли; иккинчиси эса бошқа бир мамлакатда ўсиб типлашган театрудан ўрнак олиб ва уни тақлид билан ўз ҳаётига солиштирув ва ўзлаштирув йўлидир” деб ёзган ҳолда Туркистон театри биринчи йўлни танлаб, жадал ривожланиб борганлигини қайд этиб ўтган.

 

Муаллиф, ушбу мақоласида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” пьесаси ўзбек театр адабиёти тарихида улкан воқелик бўлганлигини қайд этиб, унинг саҳнага олиб чиқилиши осонлик билан бўлмаганлигини, бироқ унинг ижтимоий ва мафкуравий жиҳатдан халққа бўлган таъсири улкан бўлганлигини ёзган.

 

Миёнбузрук “Падаркуш” театр хусусида тўхталар экан: “Тошкентда 1913 йилнинг декабрида бошлаб “Падаркуш”ни саҳнага қўйиш учун ҳозирлик кетади. Бу тўғрида тошкентлик жадид муаллимлари актив рол ўйнайдилар. Жумладан, профессор Авлоний, Муҳаммаджон қори Низомхўжаев, Шокиржон Раҳимий ва бошқалар жиддий киришадилар. Бу ҳаваскор гуруҳ 1915 йил охирида “Турон тўдаси” номини олади” деб ёзади.

 

Тошкентлик тараққийпарвар Абдулла Авлонийнинг хотирлашича асарни саҳналаштириш жараёнида Тошкент театр ҳаваскорларига татар миллатига мансуб Муҳаммаджаров исмли режиссёр ёрдам беради. Бироқ асарни саҳналаштириш ишлари олдинга юрмайди. 1914 йилда озарбоёнлик режиссёр Алиасқар Асқаров Самарқанддан Тошкентга келиб “Падаркуш” асарини саҳнага олиб чиқишни ўз зиммасига олади ва тез орада, яъни 1914 йилнинг февралида спектакль саҳнага қўйишга тайёр бўлади.

 

Миён Бузрукнинг ёзишича, театр асарлари Чор империясининг қаттиқ сензураси сабаб осонликча саҳнага олиб чиқилмаган. Жумладан у бу тўғрида шундай ёзади: “Николай подшолик мустамлака аппаратининг қараши Туркистондаги бу жонланишга асосан душманча эди. У аппарат ўз сиёсатини бироз юмшатиб, театр қўюшға рухсат берган эса-да, бу соҳани ўзининг қаттиқ контролидан ташқарида ҳам қўймас эди. Бироқ пьеса қўюлмоқ бўлганда, музофот губернаторига ариза бериб, махсус рухсат олиш мажбурий эди. Ўйналишга бир маротаба рухсат бўлган песа яна қайтадан қўюлмоқ бўлганда ҳам янгидан рухсат олиш керак бўлурди. Бу рухсат олиш масаласи осонлик билан бўладурғон оддий муаммолардан эмасди. Балки бир қанча даражани ўтмаги лозим бўлғон чигал бир масала эди”.

 

Бундан ташқари, Чор маҳкамаси театр асарини саҳналаштиришдан олдин уни рус тилига таржима қилишни шарт қилиб қўйган (Кўриниб турибдики, мустамлакачи ҳукумат театрнинг жамият тараққиётидаги роли қай даражада эканлигини жуда яхши англаган). Спкетакль қўйилиши учун рухсат беришга масъул бўлган шахс ўзининг моддий манфаатларини кўзлаб пора сўрар, ҳатто пора асар қўйилишидан тушган пулнинг 50% дан ортиқроқни ҳам ташкил қилган. Ана шундай бюрократик талаб ва порахўрликлар сабаб ҳам Беҳбудийнинг “Падаркуш” асари ёзилганидан икки йил ўтибгина саҳнага олиб чиқилишига рухсат этилган. Миён Бузрук Солиҳов ана шундай оғир талабларга қарамасдан, “Падаркуш”ни саҳналаштириб халққа намойиш эта олган инсонларни чин қаҳрамонлар сифатида эътироф этган.

 

Бир сўз билан айтганда, Миён Бузрук Солиҳов ўзининг “Ўзбек театр тарихи учун материаллар” номли асари билан маданият тарихимизда муҳим ўрин тутадиган Туркистон театр санъати тарихининг бизга номаълум бўлган кўплаб жиҳатларини ёритиб берди.

 

Афсуски, “Катта қирғин” ўпқони уни ҳам ўз домига тортмасдан қолмади. 1937 йил 7 августнинг қоронғу тунларидан бирида НКВД жаллодлари Миён Бузрук Солиҳовнинг эшигини тақиллатдилар. Шу куннинг ўзидаёқ унинг уйида тинтув ўтказилиб, барча қўлёзмалари олиб кетилди.

 

Миён Бузрук қамоққа олингач ЎзССР Жиноят кодексининг 66-67, 57-58-моддалари билан “Аксилинқилобчилик”да, Туркистон жадидларининг махфий ташкилоти бўлмиш “Миллий иттиҳод”нинг аъзоси эканликда айбланди ва 1937 йилнинг 4 октябрида отиб ташланди.

 

Дарҳақиқат, дастлаб Чор империяси, ундан сўнг болшевиклар ҳукумати Туркистон халқининг минглаб фарзандларини ваҳшийларча йўқ қилиб юборди. Бир пайтлар бутун дунёга раҳномолик қилган, илм-маърифат чироғи билан жаҳон осмонини ёритган, минглаб фотиҳларни ўз бағридан етиштириб берган Туркистоннинг муқаддас тупроғи ювиқсиз оёқлар билан топталди. Бу топталишнинг бутун фожиаларига гувоҳ бўлган татар шоири Боқирғоний “Туркистон вилояти газетаси”нинг  1908 йил 24 август кунги сонида босилган:

 

Не қилурсан Ҳожи Обзим тутса Московлар ёқанг,

Как ты будеш отвечат там, тутса Московлар ёқанг.

Сиғмас эрдинг кенг жаҳона молингга мағрур бўлиб,

Турмага ҳам сиғарсан, тутса Московлар ёқанг”,

 

деб чексиз алам билан ўз шеърига нуқта қўйган эди.

 

Хулоса шуки, жонимиздан ортиқ бўлган мустақиллигимизни асраш, ғоявий жиҳатдан мустаҳкамлаш ҳамда “ўгай оғалар”имиз бир кун келиб яна қайтадан ёқамиздан тутмаслиги учун қатағон даврини ҳамда қатағон этилган жадид боболаримизнинг илмий меросини чуқур ўрганишимиз лозимдир. Биз ана шундагина мустақиллик деб аталмиш буюк неъматни ҳимоя қилган бўламиз

 

Муслимбек АЛИЖОНОВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Фойдаланилган манба ва адабиётлар

 

1)      Миён Бузрук.  Адабий тил ва истилоҳ: Эски ёзув тилида ўзгариш // “Шарқ ҳақиқати” газетаси. 1929 йил 12 январь.

2)      Миён Бузрук.  Адабий тил ва истилоҳ: Эски ёзув тилида ўзгариш // “Шарқ ҳақиқати” газетаси. 1929 йил 21 январь.

3)      Бузрук М. Яна лаб оҳанги // “Шарқ ҳақиқати” газетаси. 1929 йил 26 февраль.

4)      Бузрук М. “Меҳробдан чаён” // “Шарқ ҳақиқати” газетаси. 1929 йил 1 апрель.

5)      Бузрук М. “Меҳробдан чаён” // “Шарқ ҳақиқати” газетаси. 1929 йил 2 апрель.

6)      Миён Бузрук. Ўзбек тарихига оид тўрт муҳим китоб // “Маориф ва ўқитғувчи” журнали. 1927 йил № 9-10, 5761-бетлар.

7)      Миён Бузрук Солиҳов. Ўрта Осиё ва ўзбек адабиёти тарихига умумий қараш. – Т.: “Ўзнашр”. 1930.

8)      Миён Бузрук Солиҳов. Ўзбек театр тарихи учун материаллар. – Т.: “ЎзССР давлат нашриёти”. 1935.

9)      Ш.Турдиев. Меросимизнинг бир саҳифаси // “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси. 1989 йил 3 март.

10)    Ҳ.Тўраев. Миён Бузрук ижодида тарихий манбалар тадқиқи. – Т.: “Бухоро” нашриёти. 2015.

11)    С.Аҳмедов.  Қизил мустамлака: эълон қилинмаган уруш. – Т.: Инфо cапитал Боокс. 2022.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10347
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//