2023 йилги Ўзбекистон сиёсий саҳнаси. Шов-шувли «келди-кетдилар»


Сақлаш
22:14 / 26.12.2023 712 0

Сиёсат катта майдон. Унда топиш ҳам йўқотиш ҳам улкан бўлади. Якунига етаётган 2023 йил сиёсий саҳнамизда ҳам ўзгаришлар кўп бўлди. Қайсидир амалдор сиёсий пиллапоялардан кўтарилди, яна бири тушди. Oyina.uz йил тайинловлари ва кетишларини бир мақолага жамлашга ҳаракат қилди.

 

Аномалдан «чиқолмаган» Ортиқхўжаев

 

Ўз фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйгани сабабли 16 январь куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан озод этилди.

 

 

Давлат раҳбари энергия ресурслари таъминоти юзасидан ўтказилган йиғилишда Ортиқхўжаевни танқид қилди.

 

«Шунча гапирганимиз билан Вазирлар Маҳкамаси масъуллари қаерга қараяпти, деган савол мени қийнаяпти. Шу боис қиш мавсумига лозим тарзда тайёргарлик кўрмагани учун Тошкент шаҳар ҳокими Ортиқхўжаевни ишдан олдим. Кечаси штабда мен уни ишдан олдим. Қуруқ гап, ёлғон ҳисобот билан, пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун ишдан олдим», деди Шавкат Мирзиёев.

 

Маълумот учун, 2018 йил ҳокимликка тайинланган Ортиқхўжаев бунгача давлат ишида фаолият юритмаган, тадбиркор сифатида танилган.

 

Тайинловдан аввал Президент Ортиқхўжаевни мутлақо бошқа муҳитдан етишиб чиққани, бюрократия тизимида ишламагани, ҳақиқий тадбиркор эканлигини айтганди. «Биринчи марта Ўзбекистон тарихида ишбилармон, ўзим ишонган ишбилармонни Тошкент шаҳар ҳокими қилиб тайинладим. Бу тарихда бўлмаган», деган эди Мирзиёев.

 

Сўконғич ҳоким янги лавозимда

 

Йил бошида Шуҳрат Ғаниев президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди.

 

 

Фарғона вилояти ҳокими лавозимида фаолият юритган вақтида Шуҳрат Ғаниевнинг аёллар рўмоли ҳақида айтган гаплари туширилган аудиоёзув ижтимоий тармоқларда тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Сенатнинг Регламент ва одоб-ахлоқ комиссияси Ғаниевни Тошкентга чақиртириб, масаласини мажлисда кўрди. Ғаниев кечирим сўради, Сенат унга муҳлат берди. Шу воқеалар сабаб жамоатчилик учун Ғаниев сўконғич раҳбарлар орасида «пешқадам».

 

Маслаҳатчи ўринбосари лавозимигача у бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди.

 

Пойтахтга янги ҳоким

 

Март ойида Шавкат Умурзоқов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

 

 

Ш.Умурзоқов бунга қадар, «Ўзавтосаноат» компанияси раиси лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

 

Маълумот учун, 2023 йил январида Жаҳонгир Ортиқхўжаев ишдан олингач, Бахтиёр Раҳмонов вақтинчалик ҳоким вазифасини бажариб келаётган эди.

 

Нодир Жонузоқдан узоқ кутилган тайинлов

 

Жорий йилнинг июнь ойида Нодиржон Холбўтаев Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири лавозимига тайинланди. Унинг тайинловига алоҳида урғу берилишининг асосий сабаби шундаки, 2022 йил апрель ойида президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланган Холбўтаев шу йилнинг декабрь ойида яна Ёзувчилар уюшмасига қайтиб, раиснинг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари сифатида ишлай бошлаган эди. Яъни ижодкор Президент Администрациясида жуда қисқа муддат ишлаган мулозимлардан ҳисобланади. Шунингдек у Ёзувчилар уюшмасида ҳам ярим йилга яқин муддат фаолият олиб бориб яна ўз фаолиятини ўзгартирди.

 

 

Нодиржон Холбўтаевнинг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири лавозимига тайинланганидан сўнг узоқ вақт тўхтаб қолган алифбо ислоҳоти яна кун тартибига чиқди. Яқинда эса давлат раҳбари миллий сертификатга эга бўлган ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларига ҳам қўшимча ҳақ тўланиши ҳақида маълум қилди.  Мазкур ўзгаришлар жамоатчилик, фаоллар томонидан илиқ қарши олинмоқда.

 

Қўмита раҳбарлигидан проректорликка

 

2023 йилнинг июнь ойи тайинловларга бой ой бўлди десак адашмаган бўламиз. Хусусан, Давлат экология қўмитасининг собиқ бошлиғи, Экопартиянинг собиқ раҳбари, 2021 йилги сайловда президентликка номзоди қўйилган Нарзулло Обломуродов Тошкент молия институти проректори этиб тайинланди. 

 

 

2021 йилги сайловда Ўзбекистон президентлигига номзодини кўрсатган ва якунда 4,1 фоиз овоз олган Обломуродов ўша йилнинг декабрь ойида Давлат экология қўмитаси раиси бўлган.

 

2022 йил декабрь ойида Ўзбекистон вазирлик ва идоралари сони қисқартирилиб, қайта ташкил этилганидан сўнг у табиат ресурслари вазирининг ўринбосари этиб тайинланганди. Июнь ойида у бошқа ишга ўтгани муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.

 

45 йиллик фаолиятидан сўнг нафақа

 

Июнь ойида турли лавозимларда ишлаган Владимир Норов 45 йиллик фаолиятидан сўнг нафақага чиқди. У 2022 йил декабридан буён Марказий Осиё халқаро институти директори сифатида ишлаб келаётганди.

 

 

Дипломат бу ҳақида Тwиттер’даги саҳифасида эълон қилди.

 

«Давлат муассасалари ва хорижий дипломатик миссиялардаги 45 йиллик фаолиятимдан сўнг нафақага чиқишга қарор қилдим. Қароримни қўллаб-қувватлагани учун президент Шавкат Мирзиёевдан чин дилдан миннатдорман», — деб ёзган Норов.

 

У ўрнатган барча алоқаларидан Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини илгари суриш, мамлакатнинг халқаро нуфузини ошириш, Ўзбекистон ва Марказий Осиё иқтисодиётига инвестициялар, инновацион технологиялар ва рақамли ютуқларни жалб қилиш учун фойдаланиш ниятида эканини таъкидлади. «Бунинг учун мен Silk Road Advisory консалтинг компаниясини ташкил қилдим», — дейилади твитда.

 

Норов Ўзбекистон ташқи ишлар вазири, элчи, ШҲТ бош котиби лавозимларида ишлаган. Унинг нафақага чиққани ҳақидаги хабар жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинди. Амалдорлар нафақадан сўнг ҳам узоқ йиллар лавозим, раҳбарлик курсисида ўтириши одатий ҳолга айланган Ўзбекистон шароитида Норовнинг мазкур қарори ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан олқишланди.

 

Вилоят ҳокимлигидан туман ҳокимлигига

 

3 йил Сурхондарё вилоятида ҳокимлик қилган Тўра Боболов фаолияти ҳам 2022 йилнинг декабрь ойида якунланган эди.

 

 

Маълум муддатдан сўнг собиқ ҳоким аввал Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари сифатида кўриниш берган бўлса, сўнгра август ойида яна ҳокимликка тайинланди. Фарқи шундаки аввал бутун бошли вилоятни бошқарган шахсга эндиликда биргина Оққўрғон тумани ишониб топширилди.

 

Солиқдан солиққа

 

Август ойида ҳам талайгина тайинловлар амалга оширилди. Хусусан, Шерзод Кудбиев Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раиси этиб қайта тайинланди.

 

 

2022 йилда амалга оширилган маъмурий ислоҳотдан сўнг Кудбиев иқтисодиёт ва молия вазири бўлган эди. У маълум муддат Молия ва иқтисодиёт вазирликларининг вазифаларини, Божхона қўмитаси ҳамда Солиқ қўмитасини ўзида бирлаштирган «супервазирлик»ни бошқарди.

 

Кудбиев Давлат солиқ қўмитасини 2020 йил май ойидан 2022 йил охиригача бошқарган.

 

Вазирдан ўринбосарликка қайтиш

 

Собиқ соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Тошкент тиббиёт академияси ректорлигига тайинланган эди. Орадан 3 йил ўтиб ўзи фаолият юритган вазирликка вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимида қайтди.

 

 

У 2020 йилдан Тошкент тиббиёт академияси ректори, унгача эса соғлиқни сақлаш вазири (2017−2020) лавозимларида ишлаб келган. Шодмонов 11 август куни президент билан биргаликда Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтининг янги биносига ташриф буюрганди.

 

Ишдан олинган ва лавозими тугатилган Умурзоқов

 

Август ойида Сардор Умурзоқов Президент Администрацияси раҳбари лавозимидан кетди. Унинг кетиши билан бу лавозим ҳам тугатилди. Умурзоқов Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинлангани маълум қилинди.

 

 

Администрация раҳбарлигидан кетгач Сардор Умурзоқовнинг жамоатчиликка кўриниш бермаётгани, унга яқин амалдорларнинг эса лавозимидан бўшатилгани ёки қамалаётгани сабаб турли шубҳа-гумонларни ўртага ташлашаётганди. Аммо жорий йилнинг декабрь ойида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг собиқ президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти Линкедин саҳифасига ўзининг Сардор Умурзоқов билан тушган суратини жойлади.

 

 

Маълумот учун, у 2022 йил июлидан бери Президент администрацияси раҳбари, унгача эса бош вазирнинг Инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимида ишлаб келган.

 

Саида Мирзиёева Президент ёрдамчиси

 

Яна 2023 йил август ойи.

 

Саида Мирзиёева Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси лавозимига тайинланди.

 

 

Тайинловгача 38 ёшли Мирзиёева Президент Администрациясининг коммуникациялар ва ахборот сиёсати шуъбаси мудири лавозимида ишлаётганди.

 

Азиз Воитов ишдан кетди, ҳозир терговда

 

Октябрь ойида қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов лавозимидан озод этилди, у 2022 йил август ойи охиридан буён вазирликни бошқариб келаётганди. Воитовнинг нима сабабдан ишдан олингани ва қайси лавозимга тайинлангани маълум муддат номаълум эди. 

 

 

Декабрь ойининг ўрталарида собиқ вазирнинг қамоққа олингани ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Маълум қилинишича, у иқтисодий жиноятлар билан боғлиқ иш доирасида тергов қилинмоқда.   Олий суд жиноий иш бўйича берган маълумотларга кўра, Воитов Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда.

 

Маълумот учун, Воитов ўз вақтида «Ўзбекистон саноат-қурилиш банки» АТБ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган. 2020 йилнинг март ойида эса ўша пайтда бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири бўлган Сардор Умурзоқовга биринчи ўринбосар бўлган, 2022 йил август ойидан буён қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаб келаётганди.

 

Нурмат Отабеков ҳам янги лавозимда

 

Пандемия сабаб жамоатчиликка яхши таниш Нурмат Отабеков ҳам 2023 йилда ўз лавозимини ўзгартирди. Гап шундаки, у Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисига биринчи ўринбосар бўлди.

 

 

У бунгача Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти директори, Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори каби лавозимларда ишлаган.

 

3 йил ичида 3 та вазирлик бошқаруви

 

Собиқ Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳам уч йил дан буён Янги йилни ҳар хил вазирликда қаршиламоқда. У 2 йил аввал инновацион ривожланиш вазири сифатида фаолият юритган бўлса, 2022 йил декабрда олий таълим, фан ва инновациялар вазири сифатида иш бошлаган. 

 

 

Жорий йилнинг октябрь ойида эса қишлоқ хўжалиги вазири бўлди. Бу ҳақда 26 октябрь куни Қарши шаҳрида Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган йиғилишда маълум қилинди.

 

Шоу бизнесдан «Вақф» фондигача

 

1 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди бошқаруви аъзоларининг йиғилишида «Юрак амри» лойиҳасига бошчилик қилган Сардор Раҳимхон (Санжар Раҳимов) фонд раҳбари ўринбосари — «Вақф» хайрия ишлари бўйича директор лавозимига тайинлангани эълон қилинди.

 

 

Унинг лойиҳаси 2020 йилда Ўзбекистонда бошланган пандемия даврида кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат тарқатиш учун ташкил топган.

 

Май ойига келиб хайрия лойиҳаси вақтинча ёпилган. Ўшанда Сардор Раҳимхон хатоларни ислоҳ қилиб, расмий фаолиятга тайёргарлик кўриш мақсад қилинганини таъкидлаганди.

 

Сардор Раҳимхонни кўпчилик санъаткор сифатида танийди. Ҳозирда эса ижоддан кетиб хайрия ишлари билан шуғулланмоқда.

 

Шаҳноза ТЎРАМУРОДОВА,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 46
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10434
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//