Адабиёт
1
Тақдирпарастликда айбламанг-у, асар ўз ёзгувчисини ҳам танлар экан, азиз муштарий. Шундай бўлмаса, оҳанрабо “Ўткан кунлар”дан бери, мана, роса юз йил ўтди, сўз майдонида не-не азаматлар от сурмади... лекин беназир Қодирийга мансуб мунгли қиссани давом эттирмоқ нега бировининг-да хаёлига келмади? Агар хаёлига келган бўлса, нега бу ишга бел боғламади?
“Ялдо кечаси” гўёки насримизнинг ўша саодатли кезидан бери узоқ йўл юрди, йўл юрса ҳам мўл юрди... ниҳоят, барча асарлар сингари ўз муаллифини топди. Инсон ва миллат қайғусида қалам сурган, Абдулла Қодирий “панжасига панжа урган” бу муаллиф – Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султондир.
2
“Бу китоб...” деб номланган муқаддимани ўқир экансиз, ўйлайсизки, асл санъат асари, у ҳатто мўъжаз бир шеър бўлса ҳам, дастлаб битгувчисининг бутун борлиғини эгаллар экан. Жони ичига сиғмаган булоқ суви замин тубидан отилиб чиқмоққа йўл ахтаргандек, асар ҳам ижодкорнинг жисму жонида бетоқат кезиб юрар, соҳибини хастаҳол, паришонхаёл қилар экан. Ўқувчини истило айлайдиган санъат аввал муаллифини истило этар экан.
Илиқ ёмғир тупроқнинг зарра-заррасига сингади, қуёшдан узилган яшиллик билдирмай япроқнинг бутун сатҳига ёйилади, ойнинг ёғдулари кулли борлиқни тўлдиради... Сўз ҳам сўзчининг қалбинию онгини тахминан шундай қамраб олар экан.
Ҳа, англашимизча, мутаассир роман ҳам аввал-бошлаб ўз муаллифи руҳиятини тўлдирган. Кечаю кундуз у билан бирга яшаган, баъзан ҳатто уни “хуноб қилган”. Масалшунос Ғуломнинг ҳазрат Гулханий билан учрашувларидан хабардор ўқувчига мана бу ҳоллар ғаройиб туюлмас: “Ялдо кечаси” китоби ўз муаллифи билан бирга ишга борган, уйга қайтган, сафарлару мажлисларда ҳамнафас бўлган. Ҳаётнинг ранго-ранг овозларига жимгина қулоқ тутган. Мусаннифининг тафаккур ўйчан айлаган кўзларидан дунёга боққан. Туни билан шаррос ёққан ёмғирга, тиниқ ва маъюс кузга, кечалари хазонлар ёқилган шаҳарга, адоғи йўқ тупроқ йўлга... Шу тахлит ўзида кечани ва бугунни жамлаган.
Бу китоб яна шундай демоққа-да ҳақ беради: у келажак жавонларида ҳам “Ўткан кунлар” билан ёнма-ён туражак, иншооллоҳ.
3
Асар “Ўткан кунлар”нинг давоми бўлди. Муаллиф “илова” дебди. Менга қолса, Қодирийга тазмин, Қодирий даҳосига таъзим деган бўлардим.
“Ялдо кечаси” муаллифи мушкул йўл танлаган: ўзганинг, яна кимнинг денг – бетакрор Қодирийнинг номидан асар битмоқ! Бу юкни, бу машаққатни ҳатто аҳли қалам ҳам тўлиқ ҳис этиши қийин.
Оддийгина қилиб “адабий мистификация” дейилди, тўғри. Бу усул ижод тажрибасида азалдан бор экан, бу ҳам тўғри. Дейлик, фаранг адиби Проспер Мериме болқонлик оқин бўлиб Пушкинни ҳам чалғитди; қарийб ўзимизники бўлган Пушкин эса Белкин бўлиб, Фитрат домла – ҳинд сайёҳи бўлиб ёзди. Лекин тарихан яшаб ўтган, ёзишда ўз йўл ва услубида қатъий, эл аро машҳур адиб номидан қалам сурмоқ... Зеро, бу фақат сўзу жумла “можаро”си эмас, ўшал шахс бўлиб ўйламоқ, унинг даражасида ёки ундан ўтиб тафаккур қилмоқ ҳам демак-ку. Нечукким, “керак шер оллида шер жанги” демишлар.
Ҳа, “Ялдо кечаси” муаллифи, Чўлпон таъбири ила айтганда, “зўр ишга бошини бериб қўйган”ини билса-да, “ҳавасида жасорат ҳис этган”, “қусур ва хатолардан чўчиб ўлтирмаган”. Илло ўзлигини ҳам намоён эта олган: “Кеча”да “Кунлар”нинг ижтимоий-сиёсий чизиғи давом эттирилади. Ул китобда юрт қайғуси севги саҳифалари ичида кўмилиб ётса, бул китобда шунинг тескариси. Қодирий бобо бадиий хаёлга, тасаввурга, тўқимага куч берган бўлса, издоши тахайюлотнинг нафис либосини ҳаётнинг реал факту маълумотларига мослаб бичган.
“Ўткан кунлар”га илова, жадид бўлиб ёзиш, мистификация, бадиий интрига, Қодирийнинг сир сақлаш усули... булар дарҳол диққатларни жалб этди, асарни ниҳоятда жозибадор қилди, бадиий кашфиёт даражасига кўтарди (И.Ғафуров).
4
“Ялдо кечаси”ни ўқидиму хаёлимга “Уруш ва тинчлик” келди.
Лев Толстой мутафаккир ўлароқ Русия тарихидаги улкан воқеани орадан ярим аср ўтиб қайта идрок этмоққа уринади. Уни уруш рўй беришининг асл сабаблари, жамият иерархиясининг барча поғоналарида турган одамларнинг ҳарбу зарбга муносабати қизиқтиради. Адиб “соддадил тарихчилар”нинг тоғ-тоғ битикларини ўрганади, лекин қонеъ жавоб ола билмайди. Якранг шарҳлар, эгиз фикрлар чорчўпидан ташқаридаги нуқтаи назарларни ахтаради, аммо тополмайди.
Нима учун дунёнинг у бурчагидан келган мингларча одам дунёнинг бу бурчагида тинчгина яшаб юрган одамларни ўлдириши, ғорат қилиши ҳамда ўзи ҳам рақиб қўлида ҳалок бўлиши керак? Босқинчининг жаҳонгирлик истаги учунми? Урушни восита десак, наҳотки, шу ваҳшатни-да оқлайдиган мақсад бор бўлса? Қўлига қурол берилганлар-чи, улар ўзига ўхшаган бандаларни ўлдиришни хоҳлармикан? Наҳотки, одам боласи қонли жанги жадалларни – қаҳрамонлик, ўликларга тўлган майдондаги тантанавор урра-урраларни – ғалаба деб ўйласа?!
Ўттиз беш ёшли адибни ана шундай саволлар изтиробга солади. У уруш ва босқинчилик “фалсафа”сини ўз тафаккури тарозисига қўяди, уруш “инсоннинг ақлидрокига ва табиатига сира тўғри келмаган воқеа” деб хулоса ясайди.
Таассуфларким, Туркистоннинг ҳам жаҳонгир Наполеон урушларидан қолишмайдиган маҳобатли ва жароҳатли тарихи бор. Унга оид битиклар, хотираномаю ҳужжатлар архивларга сиғиб-сиғмай ётибди. Мозийнинг ўша қайғули саҳналари қанчақанча шоиру адибларга илҳом бермади, қанча олимларни чуқур-чуқур ўйларга ғарқ этмади... Тафтишу таҳлилу талқинларнинг катта босқичи бугун якунлангандек. Турфа фикр-мулоҳазалар, баҳслар бир махражга келгандек. Кўпирган сойлар тиниқ тортгандек.
Шу манзарада “Ялдо кечаси” муаллифи ҳам халқнинг мураккаб тарихини ўз тафаккури, тажрибалари элагидан ўтказмоққа чоғланган. Кечмиш кунларга оид ҳақиқатларни бир китобга жойлаб тақдим этмоққа қасдланган. “Минглаб манбалар қатида тариқдек сочилиб ётган, даврлар шамолида тўзғий бошлаган... улуғ китоб варақларини зеҳният кўзгусидан ўтказиб, уларни бир муқова остида мужассам этиш” иштиёқида ёнган. Уни ҳам замон, ҳам замонларга тааллуқли ниҳоясиз саволлар; умуман, инсонлик ва инсонлик жамияти тузуги ҳақидаги ўйлар, тафаккурнинг оғир муҳокамалари ўз гирдобида айлантиради.
5
“Ялдо кечаси”. Тарихнинг маҳзун ва шарафли ҳикояси. Зулм ва умид қиссаси. Маҳрумият ва муяссарият достони.
Бирма-бир варақлашга тушасиз. Орзу-ҳавасга мағлуб бўлган турмушга, кишини хонумонидан жудо қиладиган урф-одатларга ўт тушсин! Уларнинг қаршисида ақлу идрок, заковат соҳиби бўлган донишманд кишилар-да енгилиб, сўнгги пушаймон оловида ёнадилар (“Волидука раббука”). Урф-одат дегани шунчалар мустабидки, ҳатто шариат қабул қилганни-да қабул қилмас (“Ҳукми илоҳий”). Шўрочи ва босмачи деган айрилмалардан ҳам олдин айни шу балолар Ўзбек ойим ва Отабек тимсолида бир оилани иккига бўлиб, фожиаларга гирифтор этмадими?!
Давом этасиз: ҳамма мусулмонлик даъво қилса-ю, мусулмонликдан асар ҳам бўлмаса? Замон ўзгаргани билан одам ўзгармаса? Ҳар лавҳада, ҳар саҳфада қуллик ва хўрлик саҳналари. Ҳақиқат кимлар тарафидалигини билмай гоҳ у, гоҳ бу томонга ўтган одамлар. Етимхонадаги қабоҳатлар. Шу юрт эгаларини итга тенг кўришлар (“Тошканд ва тошкандликлар”). “Азбаройи қорин тўйдириш қайғусида ўзининг миллатдошига, дин қардошига қарши жанг” қилганлар (“Байроқни ким кўтаради?”). Босқинчиларнинг, ўз хону амирларимизнинг эл бошига солган кўргиликлари, фитна ва ўйинлар. Туркистон мухториятининг аламли мағлубияти...
Наби қизилбошнинг самоваридаги бангилар ҳақидаги фаслни-ку ўқимаганим яхши эди дейсиз! Сўнгги бор (балки сўнгги бор эмасдир?) сиёсий идоранинг марказий биноси дарвозаси олдида кўриниш берган Ҳамдамуфга лаънат ёғдирасиз. Муҳаббатда жасоратли Ойнисони эса Раънонинг (“Меҳробдан чаён”) қизимикан деб ўйлайсиз. Бу орада “Таржумон”ни ўқийсиз: “Саккиз милён бўлган бу қавмнинг дунёвий ҳожатларини адо қилурлик ва йўлбошчи бўлурлик биргина ходим ва муршидлари-да йўқ...” Юртнинг забун ҳолларга тушмоғига ким айбдор: авомми, аъёнларми (“Чин етим”)? Ёинки “фикр танбаллиги”ми?
Ўқийсиз, фикрлайсиз... Ёзувчининг хонлару амирлар саройига дадил “кириб борган”идан ҳайратга тушасиз. Асар қаҳрамонлари бугунги дунё воқеаларини ҳам Шарқ отаси каби кузатиб тургандек туюлади. Улар бизни сиёсатнинг кечаги, бугунги, ҳар доимги ўйинларидан огоҳлантиради: “Бу икки подишоҳ – улар бир-бирлари ила хеш-ақрабо эканлари ҳам ҳазратимға махфий эрмас – ушбу йўсинда зимдан келишиб олғанлар. Яъниким, Оқ подишоҳ ҳукумати ингилисларнинг Ҳиндистондағи ҳукмдорлиқ сиёсатиға дахл этмаса, ингилис салтанати ҳам уларнинг Туркистонда мўлжал қилған истилосиға мутлақо аралашмас. Зеро, кичик бир мусулмон улусини деб соҳиби дунё бўлған икки насроний давлат бир-бирига қарши тиғ кўтармас”; “На Туркия, на Оврупо – ҳеч қайсиси бизни деб ўз халқининг манфаати ва ҳаловатини хатарга қўймас”. “Зимдан келишиб олған”лар кимлигини англагандек бўласиз. Нусратхон тўрага қўшилиб фарёд чекасиз: “Ё Раббим, биз мусулмонлар ёлғиз алданмоқ учунми дунёга келдик?!”
Булар тарих эмас, бугуннинг ҳикояси экан дейсиз. Инсоннинг ҳам, миллатлару давлатларнинг ҳам ҳаёти тобора ўйинга айланиб борар, шу ўйингоҳда асосий мақсад – “элимиз, юртимизни қандай қилиб бўлса-да йўқ бўлиб кетишдан асраб қолиш” экан, бу фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ эканини англайсиз.
Варақлашда давом этасиз: “Асрлар бўйи истибдод ва зулмат қаърида тутиб келинган бизим Туркистон каби мустамлака ўлкада жамият ҳаётида энг кичик ўзгариш ясамоқ ҳам бамисоли заиф бир гиёҳнинг метин тошни ёриб чиқиши ила баробардир” (“Марғилонда бир нажот мактаби”).
Шу ерда тўхтайсиз: биз шарқликлар – буюк инсонларнинг авлоди, улуғвор тамаддунларнинг ижодкори бўлатуриб нега истибдод ва зулмат қаърига тушдик? Бу саволнинг жавоби “Ялдо кечаси”нинг саҳифалари аро овози бот-бот янграган Фитрат домланинг “Шарқ сиёсати” асарида берилгани эсингизга тушади: “Шарқ ўзининг тарихи, сиёсати, ҳунари, инсофи, адолати, ахлоқи ва хидмату эътиборлари билан унча юксалмиш, у қадар тараққий этмиш эдиким, тасаввури ҳам бизнинг мияларимизға сиғмайдур... Ёзуқлар, эсизларким, Шарқ ўз йўлинда давом эта олмади. Маданият тарихининг энг буюк ва энг тугал қоидалариндан бири шудир: бир улус тирикчилигининг ҳар тўғрисинда юксалиб, тараққий қилиб тинчланса, бирор ёқда кучлироқ бирон бири кўринмаса, ўлкаси кенгайиб, оқчаси кўпайса, ул улуснинг бора-бора ахлоқи бузулур, тотлиғи йўлдан чиқа бошлар. Биз, шарқлилар, даҳи тинчлик ва роҳат сўнгинда бузулиб қолдиқ, йўлдан оздик, эзгу тилакларимизни унута бошладик. Билим ва ҳунардан юз қайтардик, бирлик ва ахлоқдан айрилдук, оқчаға берилдик, оқчаға сотилдук... Бунлар Шарқнинг бутун тузук ва интизомини бузуб юбордилар... Саодатнинг энг юксак тепасига чиққан Шарқ йўқсуллиқнинг энг теран чуқуриға тушди...”
Воажабо, инсоният дунёсининг тузуги шунчалар ҳам нозик эканмики, тамаддунга эришмоқнинг ўзигина етарли бўлмаса? Наҳотки, юксалиш ортидан келган тинчлик ва роҳатнинг бағрида хавф яширин бўлса? Ҳушёр фикр юритмайдиган киши-да, халқ-да тараққиёту тинчлигу тўқлик-фаровонлик кетидан балоларга йўлиқса?..
Дарвоқе, кеча ва кундуз ҳамиша ёнма-ён-ку. Офтоб ҳам қиёмдан сўнг қонли шафақ сари оғади... Булар – Парвардигори оламнинг рамзлари, ўзга равишлар ила бизнинг ҳолимиз баён этилган-ку, нега бепарво бўламиз?
6
Яна хаёл дарёсига шўнғийсиз.
Жадидлару жадид даврининг не бир оҳанрабоси борки, нуқул қайрилиб ортимизга қарайверамиз, дейсиз ўзингизга. Тўғри, мутараққий дунё анжуманида ҳали ҳам битта ташриф қоғозимиз шу – жадидчилик. Лекин наҳотки истибдод кўпюзйиллик изтиробимиз бўлиб қолаверади?
Жадидларнинг пировард мақсади миллий мустақиллик бўлса, биз унга эришдик-ку – мавзуни ёпиб, олға юрсак бўлмасми? “Мозийға қайтиб иш кўриш хайрлик”ку-я, лекин гап фақат тарихдан ибрат ахтаришдами? Сабоқ чиқариш деймиз-у, лекин... ўтган кунлар устида ёш тўкмоқ етар энди... “Ялдо кечаси” муаллифи ҳам айнан шуларни ёзди – нега? Фикрли одамлар бу романга нега бунча акс садо бераётирлар?
Мен тарихчи эмасман, лекин ўйлайманки, бутун мозийимиз мобайнида ўтган аср бошларидагига ўхшаш давр кўрилмаган. Унгача бўлгани – жаҳонгирлар, мутафаккирлар, буюк шахслар тарихи эди. Ўтган аср ибтидосида эса милёнлаб одам бир халқ бўлиб уйғонди. Тафаккур тебранди. Инсонлик ҳақлари талаби йўлида жамиятнинг барча қатламлари ҳаракатга келди: “Дунёнинг жамики азиз ва бебаҳо неъматларидан кўра ўлим шарбатини афзал билган” жўмард йигитлардан тортиб “ҳали юзига устара тегмаган бўз ўғлонлар, уч-тўрт фарзанд отаси бўлган кечаги косиб ва деҳқонлар, азамат қариялар”гача...
Бу тарих – халқ тарихи бўлди. Муқаддимадаги мазкур роман “миллат фарзандлари томонидан ёзилди” деган гап шунга ишора. Агар демократияни жайдари қилиб бошқарувда ҳамманинг иштироки, раиятнинг билвосита бўлса-да ўз ҳаётига дахлдор масалаларни ўзи ҳал қилиши, жамият ҳаётини ташкил этишда бутун халқнинг фаоллиги десак, бу – Туркистоннинг замонавий демократия сари илк қадами бўлди.
Тарихимизнинг бирор палласида бу қадар хилма-хил ғоялар, фикрлар, зиддиятлар, тўқнашувлар кузатилмагандир эҳтимол. Роман муаллифи айтган “жадид”, “қадимчи”, “туркчи”, “ғарбчи”, “исломий”, “шўравий”...ларнинг бари шу хилма-хилликни ифода этади. Аввалги романда “тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари” қаламга олинган бўлса, бунисида бизнинг миллат ўлароқ энг фаол, шижоатли кечмишимиз тасвирланади. Ҳатто, қаранг, навниҳол Суйимагача ҳақсизликка мошинаворий қаршилик кўрсатади.
“Алвидо, Туркистон!” деган жумла билан китобни ёпасиз. Алвидо, Туркистон... Наҳотки бу ҳам рамз бўлса? Шу хил фикрларга берилиб тағин чалкашиб кетасиз...
7
Яна “Уруш ва тинчлик” хотирга келади.
Дарвоқе, ҳар икки асар олти йил мобайнида ёзилган – бу ҳам тасодиф эмасдек.
Лекин... надоматким, оламшумул Толстой ўз халқининг ватан ҳимоясидаги шавкатли йилларини ҳикоя қилмоқ қасдида тер тўкар экан, айни ўша фурсатда (1863–69) чор қўшини юрт олмоқ, бутун-бутун халқларни қул қилмоқ талвасасида Туркистон бўйлаб изғиб юрар эди.
Яна надоматким, тузумлар, шоҳлар, замонлар алмашди-ю, бироқ ўзгалар устидан ҳукм юргизиш иддаоси барҳам топмади. “Ялдо кечаси”да Бухоро амири қаҳр билан айтганидек: “Водариғким, аҳли Туркистон бунчалар нодон бўлмаса!.. Бу ҳафтафаҳм бандалар, чамаси, Оқ подишоҳ ағдарилди, тамом, олам гулистон бўлди, деб ўйлайдилар чоғи... Гумроҳлар, билмайдиларки, ўрис императўри тахтдан тушкани билан Ўрусиянинг жаҳонгирлик даъвоси тахтдан тушкани йўқ”.
Яна минг надоматким, эски талваса бугун ҳам гоҳ ошкор, гоҳ пинҳон давом этаётир...
Одам боласи қачон ўзганинг ерига, мулкига, ҳақларига соҳиб чиқмоқ васвасасидан халос бўлади? Замонда – инсоният тарихининг ҳар бир сониясида, маконда – кичик бир тижорат дўконидан тортиб катта-кичик ўлкалар қадар шу гап!.. Бу манфур “фалсафа” барҳам топадиган кун келармикан?
Жаҳоншумул Толстой билмас эдики, вақти келиб рус чоризми “ўлжа” ахтарган ўша ўлкаларнинг бирида ҳужжатларга асосланган тарихий асар яратилади. Ва унда босқинчилигу истибдод тарихининг мудҳиш лавҳалари баён этилади. Роман саҳифаларидан эса қон бўлган юрак садо бериб туради: “Инсонларға инсоният бер!”
8
Китобнинг сўнгги саҳифаларини ўқиётганимда бомдодгача бирмунча вақт бор эди.
Ҳализамон ёруғлик ва зулматни чегаралаб уфқда кўндаланг чизиқ зоҳир бўлади. Мумтоз шоирларимиз таъбири ила айтсак, осмон ўз яқосини чок этади. Мана шу – тонг бошланганининг нишонидир. Уфқ қаърига узоқ тикилдим. Зулмат битмаса-чи, деган иштибоҳ оралади. Йўқ, бундай ўйлаш Яратганнинг низомига шак келтирмоқ билан баробар. Ҳатто маҳшар ҳам тонгда содир бўлади...
Сиз ҳам сезгандирсиз, субҳи козиб деб ном олган тонголди палласи бандасининг кўнгли алланечук бўш, ҳалим бўлиб қолади. Одилбек туси ўчиб кетган яшил байроққа ўралиб юзтубан қулар экан, кўзим жиққа ёшга тўлди... Ҳазрат Қодирийнинг Кумуш вафотида йиғлагани хотирга келди. “Ялдо кечаси”ни битган севимли адибимиз ҳам шу жойда кўзёшларини тиёлмаган бўлса керак деб ўйладим.
Кўксимда эса мағлуб бўлганларнинг, умид ва туғидан бўлак ҳеч нимаси қолмаганларнинг, шул иккисига такя қилиб олға бораётганларнинг саволи қадалиб қолди: байроқни ким кўтаради?!
Нодира ОФОҚ
“Тафаккур” журнали, 2026 йил 1-сон.
“Қодирийга тазмин ва таъзим” мақоласи
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Тарих
Тарих
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ