Амир Темурнинг бобокалони Қорачор нўён ҳақида бир нечта тарихий манбаларда сўз юритилган. Низомиддин Шомий “Зафарнома”сида Чингизхон Олтойдан Сайхун (Сирдарё)нинг ўрта оқимигача, ундан Жайҳун (Амударё) қуйи оқимгача бўлган ҳудудларни, бир неча минг жанговар отлиқ аскарни Чиғатойга топширганини келтиради. Ана шу отлиқ қўшиннинг бошлиғи этиб Қорачон нўён тайинланади. “Чингизхон аскарларини тақсим қилган вақтида бир неча минг жанговар отлиқ аскарни Чиғатойга топширди. Ушбу аскарларнинг йўлбошчиси Қорачор нўён эди. Бу киши барлос қавмидан бўлиб, Амир Соҳибқироннинг улуғ бобосидир”[1]. Бундан маълум бўладики, Қорачор нўён Чиғатойга топширилган қўшиннинг лашкарбошиси сифатида юқори ҳарбий мансаб эгаси ҳисобланган. Ушбу асарда Қорачор нўён тўғрисида бошқа маълумот келтирилмаган.
Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”сида эса Қорачон нўён ҳақида тўлиқроқ маълумот берилган. Унга кўра, Чингизхон ўғли Чиғатойга ажратиб берилган ҳудудни биргаликда бошқариш учун Қорачон нўённи бош-қош қилиб тайинлагани баён қилинади. “Чиғатойхон отаси васиятига мувофиқ, Қорачор нўённинг кенгашисиз ва розилигисиз ҳеч бир ишга қўл урмас ва мурод кавкаби ул улуғ ҳукмрон ихтиёридаги уфқдан бошқа жойда чақнамас эди”[2]. Асардаги маълумотлардан Қорачор нўён Амир Темурнинг бобоси сифатида аксарият ўринларда ижобий тарафдан гавдалантирилади. Масалан, жазолаш ишлари ниҳоятда қаттиқ ва кўп бўлган Чиғатойхон ҳукмронлиги даврида амир Қорачор нўён яхши ишлари ва тадбири орқали ана шу “қаттиқ” жазоларни гўёки “юмшатиб” адо этганлиги кўрсатилади. Ундан ташқари ака-ука Ўқтойхон ва Чиғатойхонлар ўзаро ҳамкорлик қилишда Қорачор нўёндан маслаҳат олганлари таъкидлаб ўтилади. Кейинги ўринларда ҳам Қорачор нўён фаолияти ижобий томондан ёритилади. “Чиғатойхон хурсандчилик ва овга жуда ишқивоз ва аксар вақт шу билан банд эди. Амир Қорачор нўён эса салтанат жаҳондорликнинг муҳим ишларини олиб борар, раият ва лашкар учун нимаики лозим бўлса, тўла-тўкис амалга оширарди”[3].
Асардаги Қорачор нўён билан боғлиқ воқеалардан яна бири – 1238 йили Бухорода бўлган Маҳмуд Торобий қўзғолони ёзилган. Ушбу воқеа тафсилотларига кўра, Маҳмуд Торобий қўзғолони бостирилган вақтда Бухоро шаҳри ва унинг аҳолисини мўғул аскарларининг талон-тарожидан Қорачор нўён сақлаб қолган. “Лекин мўғул қўшинлари талончилик қилиш ва қул қилиш ниятида, таъма тишларини қайраб турардилар. Улар бухороликларни қайтадан қул қилмоқчи эдилар. Халқ фарёди Аллоҳга етиб, у лутф қилди. Бир қанча [шаҳар] улуғлари турли туҳфалар билан пешвоз чиқиб, қўшин бошлиқларидан қатл ва талон-торожга бир оз сабр этишни илтимос қилдилар ва бўлиб ўтган воқеани амир Қорачор нўёнга етказмоқчи, нимаики фармон содир бўлса, шунга қараб иш тутмоқчи эканликларини айтдилар. Лашкар амирлари, тўра (удум)га мувофиқ, албатта [улар истаганидай] жавоб келар, деган умидда, совғаларни олиб қўйдилар ва талон-торождан қўл тортдилар. Арзачи марҳамати кенг [Қорачор] нўён қошига етганда, у Бухоро аҳли тўловига афв қалами ила имзо чекди. Қўшин қайтиб келсин ва қатлу талончиликка асло қўл урмасин, деган [мазмунда] ёрлиқ битилди. Ўша номдор нўённинг қутлуғ тадбири ва ҳимоятидан Бухоро ва [унинг] атрофидаги аҳоли ҳам торобийчилар фитна-фасодидан, ҳам [мўғул] қўшинлари қатлу талон-торожидан халос топдилар”[4].
Аммо бу воқеа ҳақида бошқа бир тарихий манба – “Тарихи жаҳонгушо”да Қорачор нўённинг исми ҳам тилга олинмаган. Ваҳоланки, Жувайнийнинг мазкур асари Яздийнинг “Зафарнома”сидан деярли 150 йил олдин ёзилган ва манбанинг ёзилган вақти Маҳмуд Торобий қўзғолони юз берган даврга тўғри келади. Хусусан, “Тарихи жаҳонгушо”да қўзғолон шундай баён қилинади: “Қўзғолон кўтаргани учун мўғул қўшин бошлиқлари Бухоро аҳолисини қиличдан ўтказишга киришади. Бу вазиятда Маҳмуд Ялавоч Бухорога келиб, аҳолини аёвсиз жазоланишидан ва талон-тарож қилинишидан сақлаб қолади”[5]. Манбалардаги бундай фарқларни шундай изоҳлашимиз мумкин: ҳар иккала муаллиф ўз даврининг сиёсий вазиятига мос тарзда асар битган. Жувайний мўғулларга хизмат қилган амалдор сифатида давлатни идора этиб турган мўғул ва мўғуллар хизматида турган юқори лавозимдаги амалдорлар манфаатини ҳисобга олгани кўринади. Буни Жувайнининг асарида Маҳмуд Торобий қўзғолони бостирилганидан кейин Бухоро аҳлини қаттиқ жазоланишидан Маҳмуд Ялавоч қутқариб қолгани тўғрисида ёзганидан билиб олиш мумкин. Зеро, Маҳмуд Ялавоч шахсан Чингизхон томонида бутун бир Мовароуннаҳр ҳудудини бошқариш учун ноиб қилиб тайинланган юқори мансабдор шахс ҳисобланган.
Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асари ҳам, Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома”си ҳам Амир Темур ва темурийлар даврида ёзилгани учун ҳар икки муаллиф ўз даврининг ҳукмрон доиралари манфаатини ҳисобга олишига тўғри келган. Иккинчи бир ҳолат эса легитимация масаласи бўлиб, унга кўра сулола вакилининг бошқарувга ёки бирор юқори лавозимни эгаллашга ҳуқуқий асоси кўрсатилиши керак эди. Темурийлар давридаги асарларда Қорачор нўён ана шу ҳуқуқий асосга эга лавозим эгаси сифатида акс эттирилган. Бу кейинчалик Амир Темурга ҳокимият бошқарувида қонуний ҳақлиликни исботлашга манба бўлиб хизмат қилган. Амир Темурга Мовароуннаҳр ҳудудини амир сифатида идора этишда ўша қонунийлик керак бўлган. Шунинг учун Мўғулистон хони Туғлуқ Темур ХIV асрниг 60-йиллари бошида Мовароуннаҳрни эгаллаганидан кейин ҳузурига келган 24 ёшли Амир Темурни Кеш воҳасининг доруғаси (ҳокими) этиб тайинлайди[6].
Яздийнинг кейинги ёзган маълумотларига қараганда Чиғатой вафотидан кейин Қорачор нўён унинг набираси Қора Ҳулагуни тахтга ўтқазади. Кейинроқ Ўқтой наслидан бўлган Гуюкхоннинг топшириғи билан Қора-Ҳулагуни тахтдан ағдаради. Унинг ўрнига Ясун Мункени тахтга чиқади. Бироқ Ясун Мунке сал ўтиб вафот этганидан сўнг, Қорачор нўён бошчилигида Қора-Ҳулагу яна қайтадан тахтга ўтқазилади[7]. Ушбу воқеалар негизида Қорачор нўённинг сиёсий мавқеи анча баланд ва таъсири катта бўлганини кўриш мумкин. Асардаги воқеаларнинг кейинги баёнида Қорачор нўён 1254 йилда (бу сана манбада ҳижрий йил билан 652 йил деб кўрсатилган) вафот этгани, саксон тўққиз йил умр кўргани ёзилади. Ушбу маълумотдан келиб чиқиб Қорачор нўён тахминан 1165–1170-йиллар оралиғида туғилган бўлиши мумкин. Лекин тарихий манбаларда унинг қаерда туғилгани, давлат ишларида хизмат қилишидан олдинги ҳаёти ҳақида маълумотлар учрамайди.
“Тўрт улус тарихи” асарида ҳам Қорачор нўён тўғрисида бир-нечта “ижобий” таърифларни учратамиз. Асардаги вақеаларга кўра, Чингизхон 1227 йили вафот этишидан бироз олдин, касалланиб қолган вақтида ўғиллари ва юқори мартабали нўёнларни олдига чақиритиради. Ўғиллари Чиғатой, Ўқтой, Тулилар билан бир қаторда Қорачор нўён ҳам Чингизхон ҳузурига йиғилади. Катта ўғли Жўжихон 6 ой аввал вафот этган эди. Чингизхон йиғилганларга (асосан ўғилларига) Қорачор нўённинг фикри ва айтганларига амал қилишиларини васият қилади. “Шунда Соҳибқирони аъзам Чингизхони муаззам деди: “барча ишда Қорачор нўённинг донолиги ва ботирлигига ишонаман! Агар менинг дил розилигимни мулоҳаза қилсангиз, ҳеч бирингиз унинг равшан раъйу фикридан чиқмангиз ва у айтган ҳар бир фикрга қатъий амал қилингиз!”[8]. Шунингдек, “Тўрт улус тарихи”да Чингизхон ўғли Чиғатойхонга олдинроқ Мовароуннаҳр ва унга ёндош бошқа вилоятларни бўлиб берган вақтида Қорачор нўённи Чиғатойга хизмат қилишини тайин қилганлиги келтирилади. “Шул сабабли Чиғатойхонни Қорачор нўёнга топшириб: “Менинг тириклик пайтимда мамлакат ва лашкар ишида қандай мақомга эга бўлсанг, мендан кейин Чиғатойхон учун ҳам шундай йўлни тутасан!”, деди”[9]. Қолаверса асарда Чингизхон ва Қорачор нўённинг аждоди ҳисобланган Қўйлухон (Қобулхон) ва Қочули Баҳодирлар ўртасида тузилган аҳдномага бундан кейин уларнинг авлодлари ҳам амал қилишлари кераклиги такидланади. Бу аҳдномага кўра Чингизхон авлодлари хон бўлиши ва Қорачор нўённинг авлодлари эса ҳарбий ҳамда давлат ишларини бошқаришда хонларга хизмат қилишлари керак эди.
Юқоридаги манбаларга кўра, Амир Темур ва унинг аждодлари ҳисобланган барлос уруғи бошлиқлари мўғул хонларига мансаб эгаси сифатида хизмат қилиши олдиндан белгилаб қўйилган. Ундан ташқари барлос уруғи вакилларига Кеш (Шаҳрисабз, Қашқадарё воҳаси) ҳудудлари мулк қилиб берилган бўлиб, улар шу ерда ҳокимлик қилиш ҳуқуқига эга бўлган. Бу ҳолат ҳуқуқий асос сифатида кўрсатилиб, Амир Темур аждодлари, хусусан, Қорачор нўён фаолиятидан бошлаб мамлакатда юқори ҳарбий лавозимлардан бири – лашкарбоши бўлиб қўшинга бошчилик қилган. Бу ҳақида “Темур тузуклари”да шундай келтирилади: “Ҳижрий 762 (милодий 1360-61) йили Туғлуқ Темурхон иккинчи марта Мовароуннаҳрга қўшин тортиб келиб, мени ўз ҳузурига чорлаб нома жўнатди. Мен рози бўлиб, унинг истиқболига чиқиб, у билан кўришдим. У орамиздаги аҳдни бузиб, Мовароуннаҳрни ўғли Илёсхўжага топширди, мени эса сипоҳсолор қилиб белгилади. Бу ишга ортиқча рўйхушлик билдирмаётганимни кўриб, менинг бобом Қочувли баҳодир ва ўзининг бобоси Қобулхонларнинг аҳдномасини кўрсатди. Пўлат тахтага имзоланган аҳдномада “хонлик Қобулхон авлодининг қўлида, сипоҳсолорлик эса Қочувли баҳодирхон болаларида бўлсин, улар бир-бири билан ёвлашмасин”, деган сўзлар битилган экан. Буни ўқиб кўргач, улуғлар аҳдига вафолик қилиш юзасидан сипоҳсолорликни қабул қилдим”[10].
Шундай қилиб қўшинга сипоҳсолор (лашкарбоши)лик қилиш Чингизхон ва Амир Темурнинг аждодлари ўртасида имзоланган “шартнома”га кўра олдиндан белгиланган эди. Қорачор нўён ана шундай ҳарбий лавозимни эгаллаган амир бўлиб, у Чиғатойхон ҳукмронлиги давридан Чиғатой улуси давлатида катта таъсирга ва мавқега эга бўлган Амир Темурнинг аждоди ҳисобланади.
Қаландар САМАНДАРОВ,
Тошкент амалий фанлар университети катта ўқитувчиси
[1] Низомиддин Шомий. Зафарнома. Форс тилидан таржима Юҳусхон Ҳакимжонов. – Тошкент, 1996. – Б. 26-27.
[2]Шарафуддин Али Яздий. “Зафарнома”. Муқаддима. 1-китоб. // Форс тилидан таржима, сўзбоши ва илмий изоҳлар муаллифи Омонулло Бўриев. Шахс исмлари, жой номлари, этник номлар ва атамалар кўрсаткичини тузувчи Азизжон Шарипов. – Тошкент, 2022. – Б. 285.
[3] Шарафуддин Али Яздий. “Зафарнома”. Муқаддима. 1-китоб. – Б. 286.
[4] O‘sha asar. – Б. 290.
[5] Тарихи жаҳонгушо (Жаҳон фотиҳи тарихи) / Алоуддин Атомалик Жувайний: масъул муҳаррирлар Ҳ.Болтабоев, М.Маҳмудов. – Тошкент: MUMTOZ SO‘Z, 2015. – Б. 159.
[6] Низомиддин Шомий. Зафарнома. Форс тилидан таржима Юҳусхон Ҳакимжонов. – Тошкент, 1996. – Б. 33.
[7] Шарафуддин Али Яздий. “Зафарнома”. Муқаддима. 1-китоб. – Б. 291.
[8] Тўрт улус тарихи. Мирзо Улуғбек. Форс тилидан Б.Аҳмедов, Н.Норқулов ва М.Ҳасанийлар таржимаси. Тошкент, 1994. – Б. 200.
[9] Тўрт улус тарихи. Мирзо Улуғбек. Форс тилидан Б.Аҳмедов, Н.Норқулов ва М.Ҳасанийлар таржимаси. Тошкент, 1994. – Б. 200.
[10] Amir Temur. Temur tuzuklari. / Forschadan Alixon Sog‘uniy va Habibullo Karomatov tarjimasi. – Toshkent: Yoshlar nashriyot uyi, 2018. – B. 27.
Ватандош
Адабиёт
Адабиёт
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ