Ерга қўнмайдиган қуш


Сақлаш
18:51 / 30.04.2026 302 0

Усмон Азимнинг ҳаётимда кимлиги хусусида

 

Ватан

 

Жуда кичкина эдим – эшитаётган янги сўзларимга изоҳ сўрайдиган вақтим. Момом қайсидир бўйинсасининг уйига меҳмонга бориб келиб, фалончи бир ватан солибди, бир ватан солибди, деб Энамга гурунг берди. Бир муддат ичимда “ватан” нималиги ҳақида ўйладим. Тиниқ тасаввур топмагач, томорқада ер чопаётган бобоминг ёнига бордим (бобом кетмонни ерга ҳар урганда ич-ичидан “ҳиҳ” деган овоз чиқарарди), ватан нималигини сўрадим. Бобом бир муддат кетмони дастасига суяниб атрофга синчиклаб боқди, кейин уйимизни, тупроқда ўйнаётган укаларимни, улкан, ям-яшил боғимизни, ўчоқда чой қайнатаётган қадди эгик момомни кўрсатди (эсимни таниганимдан бошлаб момом энгашиб юрарди. Нега ундай юришини сўраганимизда, Худога салом бериб юрибман, дерди). Энг чиройли нарсалар “ватан” деди. Мен уйга қараб чопдим. Вужудимда бир нарса бошланди, кўнглим ичимга сиғмай анчагача югурдим. Энг чиройли ватан бизникида, деб бақириб югурдим. Бобом кулиб томоша қилиб турди. Бирон ҳаракатимизга бобомнинг жилмайиб қараши тасдиқ, тўғри деган хулосани англатарди.

 

Баҳор кунларининг бирида бобом билан адирга қўй ҳайдадик. Ёмғирдан олдинги шамол эсиб, ажиб бўйларни олиб келди, юрагим ҳапқириб кетди. “Бобо, ватаннинг иси келяпти”, дедим. Бобом яна жилмайиб, елкамга алқовли қоқиб қўйди. Шундан кейин ватаннинг сарҳади кенгайиб борди.

 

Бобомнинг қайси ўгит, момомнинг қайси ривоятлари таъсирида, билмадим, кейинчалик уйимизнинг эртаси учун пешонам терлаб иш қилмаган куним, ота-онам қанча қистамасин, иштаҳа билан, ош бўлиб овқат еёлмайдиган бўлдим. Бўйнимдаги вазифамни сидқидилдан маромига етказмасам, ўзимни ватанга хиёнат қилаётгандек ҳис этардим (Худо кечирсин, ўша вақтларда Худо ва Ватан чегараларини фарқлолмасдим). Кўчада кўрган ҳар қайси одамимга ватандошлиги учун қўлини сиқиб, миннатдорчилик билдиргим келадиган даврларни ҳам яшаб ўтдим.

 

 

 

Устоз

 

Синфимизнинг энг аълочиси бўлганман. 1-синфдан бошлаб синф сардори эдим (бу маълумотни мазкур воқеада ўзимни оқлаш учун келтиряпман, чоғи). 2-синфда устозимиз “Эртага мактабга келмаслигимизни, қишлоқнинг бошида тўй бўлаётгани, ҳаммамиз ўша тўйга боришимиз”ни тайинлади. Уйга келиб устозимнинг бор гапини бобомга (уйдаги барча қарорларни бобом белгиларди) айтдим. Эрталаб эса далага мол ҳайдаб кетдим. Тушда бир синфдошим мактабдан келаётганини кўрдим. Унга “бугун устоз мактабга бормаслигимизни айтганди-ку”, дедим. У устоз бу гапни бизни синаш учун айтганини, мактабга мендан бошқа ҳамма борганини билдирди. Устоздан жуда хафа бўлдим. Ичимда тушуниксиз ҳислар довул кўтарди.

 

Эртаси мактабга бордим. Устозим кеча нега келмаганимни сўради. Устоздан хафалигимга диққат қаратиб, шу вазиятгача бирон баҳона ўйлаб қўймаган эканман. “Ўзингиз келманглар, тўйга боринглар дегандингиз-ку”, деёлмадим. Тилимга келган ёлғонни айтдим. Бобом касал бўлиб қолди, ёлғиз ўзини қолдирмаслик учун мен ёнида ўтирдим, дедим (Унда ҳали дунёда энг ишонган инсонларим бобом ва устозим эди. Улар ёлғон гапирмасди, хато иш қилишмасди – инсонийликни шу жиҳатлар белгилайди деб ўйлардим). Устозим бошқалар қараса бўлмасмиди, деган саволни “пост” қилганди, барча оила аъзоларимнинг банд бўлган ишларини санаб беравердим. Устозимга ёлғонни ёдланган шеърдек айтдим-у, кўз олдимда дунёни сув босаётгани тасвири айланаверди. Ичимда устозимдан жуда хафа бўлдим, мени шу ёлғонларни энг ҳурмат қиладиган инсонимга гапиртираётгани учун.

 

Устозларни уйида ҳам янги кийимда юради деб ўйлардим (4-синфларгача устозларни уй кийимида кўрмаганман. Биринчи марта эски кийимда, бошқалар қиладиган юмушларни қилаётганини кўрганимда ҳаётдан хафа бўлиб кетганман). Устозлар айтган ҳар қандай гап тўғри, рост деб ўйлаганман. Ҳозир ҳам устозларнинг кўнглимдаги мақоми ўзгармаган. Умрим оёқлаган сайин устоз мақоми (хилқати), баҳосини теранроқ англаб боряпман!

 

(Ҳозир устозимнинг ўша гапига ишониб (гарчи синфдошларим наздида синфимиздаги энг анқов ўқувчи “баҳоси”ни олган бўлсам-да) мактабга бормаганим учун ўзимдан хурсанд ҳам бўламан.)

 

 

Одамлар

 

Ҳали мактабга бормасдим, “Оталар сўзи”да бир муштипар она тақдири кўрсатилди. Ҳимоя қилиб турадиган невара армияга кетгач, ўғил ва келин бувини қариялар уйига топширади. Бувининг жони узилаётганда ўғил уйида дўстларига “ўтириш” қилаётганди. Буви қўлини чўзиб, болаларига илҳақ жони узилади.

 

Момом билан Энам менга ишора қилиб шивирлашди, бу нимани тушинадикан, деб. Йиғимни амаллаб тутиб тургандим...

 

Мени юпатиш учун улар роль ўйнаганини, ўлган момо ҳозир уйида, неваралари олдида мазза қилиб, иссиқ кўк чой ичиб ўтирганини айтишди. Лекин... “Одамлар нега бундай?” деган аламми, бир нарса томоғимда туриб қолиб, “Си” нотада 2-3 соат, балки ундан ҳам кўпроқ йиғладим. Бобом бозордан келганда ҳам бақириб йиғлаётгандим. Акам Бобомни бошлаб келди, тентак бўлганми, ўзидан ўзи бақириб йиғлаб ётибди, ҳеч ким ҳеч нарса қилгани йўқ, деб. Бобомнинг “нима қилди?” деган саволига ичимдаги оғриқни сўз билан ифодалаб айтолмадим. Ичимдаги оғриқни тушунтиришга ожизлик ноқулайлиги биринчи марта ўшанда бўлганди, кейин-кейин бундай вазиятлар “деҳқончилик”ка айланди.

 

 

Ҳаёт

 

Бошланғич синфларда ўқийман, бир қўшнимиз оламдан ўтди. Болаларининг каттаси 5 ёшларда эди. Кетган қўшнимизнинг “еттиси” кечаси 3-4 уй наридаги бошқа қўшнимизникида курсдошлар учрашуви бўлди. Тўйдек шовқин чиқарди. Олий маълумотли меҳмонларни кўришга қишлоқ йиғилди. Томошага мен билан Бобом бормадик. Ҳаётнинг бешафқат, кескирлигига биринчи гувоҳлигим эди. Кўрпанинг тагига кириб, азадор қўшнимиздан хижолат бўлиб қанча йиғласам йиғладим.

 

 

Илк иложсизлик

 

Телевизорда кўринган қаҳрамонларнинг дастрўмол тутиши қизиқ туюларди. Менда ҳам шунақаси бўлса-ю, худди шулардек ишлатиб кўрсам, рўмолча тутиш ҳисси қандай бўларкан дердим. Тиланим туртиб уйдан битта шокилали рўмолча топиб олдим. Ёйиб, юзимни обдон артдим. Бурнимдан олов киргандек бесаранжомлик бошланди. Момомга югурдим. “Момо, чидолмаяпман”, дедим. Қўл кучи билан ҳал қилиб бўлмайдиган иложсизлик, ожизлик туйғусига биринчи марта дуч келишим эди. Момом рўмолчани кўрибоқ, “Ҳа, болам-а, қалампир туйилган эди. Энди томорқани айланиб чоп, тўхтамай чопавер, куйгани совийди”, деди. 80 сотихли томорқамизни неча марта айландим, билмайман. Юзимнинг куйиши оғриғини орқамда қолдириб кетоладиган мисол ўқдек учганман ва ўша тезликдан таскин туйганман. Ҳозир ҳам иложсизлик, ожизлик нуқталарида ўша воқеадаги каби қаттиқ югурсам, елкамдан қараб турган ёқимсиз чорасизликларни ортда қолдириб кетолсам, деган ўй кўп ўтади.

 

 

Шеър завқи

 

8-синфдан адабиёт дарсини Бобоева Наргиза исмли (Худо раҳмат қилсин) ўзимдан 7 ёш катта ўқитувчидан ола бошладим. Умуман бошқа олам бошланди. Мен шеърни ҳис қиладиган бўлдим. Шу вақтгача кундалик мулоқотимдаги гапларни ҳам қофиялаб, вазнсиз “шеър” шаклида сайраб юрардим. Шеър табаррук нарсалигини тушундим. Туроқ, вазн, ташбеҳ, образ, оч ва тўқ қофия, миссия, ғоя, фалсафа каби жиҳатларни тушундим. Ўқиган шеъримни ҳис қилиб учадиган бўлдим. Адабиёт ўқитувчим ҳар дарсида шеър ўқиб беради. Сўзнинг каромати мени тентак қиларди. Адабиёт устозимнинг энг яхши кўрган ўқувчиси бўлиш учун ҳар куни “шеър” ёзиб бораман. Илҳомим оқсаган кунлари гоҳо Момом “қарашиб” юборади. “Момо, аввал кимдир ёзмаганми, аниқ ўзингиз тўқияпсизми?” деб иккиланаман. Момом “Йў, йў, болам, ишанайбер!” дейди. Шеърларимни ўқиб Бобоева устозим мендан ўтиб қувонади, мен устозимнинг энг яхши кўрган ўқувчисига айланаман. Кайфиятим ернинг кайфияти бўлмай қолди. Овқатни кўрсам етади, емасдан қорним тўйиб қолади. Олдинда катта сафар, таваккалликдан йўл топиш завқи кутиб тургандек ҳовлиқардим. Ҳар қайси ҳаракат, тезлик ва куч талаб қиладиган иш-юмушларда бир кишининг вақт имкониятида 2-3 кишининг натижасини кўрсатардим. Атрофимдагилар бунинг ичида дев бор, шу учираяпти, дейишарди. Қишлоғимизнинг мендан 5-6 ёш катта теримчи қизлари кечгача терадиган миқдорни мен тушгача терган кунларим ҳам бўларди. Унча-мунча билаги бақувват қизлар ҳам иззатини қилиб, 4-5 кун тўқийдиган қоқма гиламларга қурилган кунининг иккинчи шомини юзлатмай адоғига етардим. Ўзимни шу қадар қудратли – икки қўлим билан заминни белбоғдек ушлайдиган хомчўт олардим. Чунки шеърни билардим, ҳис қилардим, гўё учар эдим. 

 

Қўшнимиз билан бир кунда пиёз узимига тушдик. Ўрканлаб кетган ўтларни чалғилаб, кейин пиёз териларди. Қўшнимизнинг пиёз майдони 20, бизники 18 сотих. 20 сотихни мендан бири бир ёш, иккинчиси икки ёш кичик йигитлар чалғилашга шай турибди. Пойга таклиф қилишди. Охирида қолган бижилдоқ сув олиб берадиган бўлиб келишдик. Чалғи билан сузяпман. Шу ўрмондан ўтиб кетсам, тезроқ мактабни тугатсам, “Ерга қўнмайдиган қушлар” ҳудудига етиб олсам, деган хаёлда 18 сотихни текислаб чиқдим. Қўшнимизнинг томорқасидаги “ўрмон”нинг анчаси ҳали тик эди. Йигитларга бижилдоқ сув олиб беришлари шартмаслигини, ҳозир ҳис қилган кайфиятимнинг ўзи етишини айтиб “раҳм” қилдим.

 

Шеър завқи менга фантастик шуур берарди. Отмаган тонглардан келаётган оҳанрабо руҳимни ўзига жодулар эди, ошиқтирарди.

 

Кейин обдон каллакландим.

 

Йиғлагим келган, лекин эркин йиғлашнинг иложи бўлмаган кезларда, ёнимдагиларга, “Мен актриса бўлишим керак эди ўзи. Ҳозир йиғла, денглар, йиғлаб бераман”, дердим. Актрисаликка уқувимни бажонидил синашарди. Мен шу ниқоб остида овозсиз йиғлаб берардим. Ёнимдагилар, э, чини билан йиғлаяпти, қаранглар. Сенинг кўз ёшинг ҳам катта-катта-эй, деб ҳайратланишарди. Мен шу тариқа мазза қилиб йиғлаб олардим.

 

 

Нафсга тескари қутб

 

Ўша кезлари уйда қаттиқ таъқибда эдим. Китоб ўқиётганим, дафтарга бирон нарса ёзаётганимни кўриб қолишса бақир-чақир, қаттиқ бесаранжомлик бошланиб кетарди (Иссиқ кунлари ҳам нимча кийиб юрардим. Ички томонига “ўғри кисса” тикиб олгандим, ручка ва дафтар солишга қулай қилиб. Имкон бўлиши билан дафтарни деворга тутибми, тиззамга қўйибми, битта сатр бўлса ҳам ёзиб олардим). Ёзмай десам ичимдаги ўтга чидолмас эдим.

 

Қорин ғамига конфликт ҳудуд, нафсга буткул тескари қутб борлигини ҳис қилардим,  унга етиб олиш учун бир йўл умидида радио, телевидение, газета, журналларга саноқсиз хат ёзардим. Биров-ярим хатим эфирда ўқилгани, айтиб ўтилганининг ўзи етарди менга – “Ерга қўнмайдиган қушлар бор!”лигига ишончимни мустаҳкамларди. Келганимдан кейин қиёмат бўлишини билсам-да, имкон қадар адабиёт тадбирларига бориб келардим. Ўша кезлар кўнглимни укамдек ҳис қилардим. “Шу гўдакни бир мазза қилдириб келай, ичимда ўлиб-нетиб кетмасин” дердим.

 

Сурхондарёда “Адабиёт кунлари” бўлаётган экан. Термиздаги лицейда учрашув бўлишини, Усмон Азим “Наргиз ҳам келсин” деганини айтиб Шодмон ака Отамга телефон қилди (Шодмонқул Саломнинг Акаси билан Отам қалин дўст бўлишган). Отам Усмон Азим исмини эшитиб, “Наргизни айтган”ига ишониб-ишонмай тадбирга юборди.

 

 

Тадбирда менинг бутун танам уюшиб қолди – Усмон Азимнинг эътирофларини эшитиб. Ёнимдагиларга “Гап аниқ мен ҳақимдами?” деган савол назари билан қараб қўяман.

 

Ўша тадбирда Отамнинг бир ҳамкасби ҳам қатнашган экан. Отамга келиб қизингиз катта шоир экан, Усмон Азим айтди, шундай учирди-шундай учирди, энди... роса мақтади, дебди. Отам шу куни ичиб келди, бутун оила даврасида менга расман очиқча китоб ўқиш ва нима ёзгим келса ёзаверишим ихтиёри берилди.

 

Битта хона менинг шахсий ҳудудим этиб хатланди. Ҳатто, 50 мингга (яхши пул эди) атайлаб хонтахта сотиб олишиб, имкон қадар қулайлик яратиб беришди. Унча-мунча ишлардан ҳам озод қилиндим. Овқат вақтида чақиришади, бошқа вақт “ижод” қиламан. Отам деразадан ҳар замонда қараб кетади. Хонтахта устига бир нечта китобни очиб қўйганман. Шошиб қолганимдан 3-4 та китобни параллел ўқийман. Отам яна деразадан қараб турганини сездим. Хурсанд бўлиб Отамга қарадим, қарашимни кутиб кетмай турган экан. Хонтахтадаги очиқ китобларга ишора қилиб, “Қизим, тағин бировларнинг китобидан кўчириб, бизни шарманда қилма”, деди. “У ёғидан хавотир олманг!” дедим. Овқатланишга борганимда Энам “Нечта ёздинг?” деб сўраб туради. Бир хил вақтлари ҳазиллашаман: “Ёзолмаяпман”, деб. Энам “Энди нима қиламиз?” деб қайғуриб қолади. Мен куламан, ичимда Усмон Азимни бир алқайман, миннатдор бўламан.

 

Ўша йил тугаб, Янги йил кираётганда телефонимизга Усмон Азимдан мен ва оиламизга байрам “смс”и келди. Телефон Акамда турарди. Акам ҳовлиқиб кириб келди. “Эй, Усмон Азим байрам билан табриклабди, мана, ўқи!” Энди уйимиздаги кайфият тўполон бўлиб кетди. Янги йил байрами ҳам эсимиздан чиқиб, ундан юқорироқ, бошқача хурсандчилик бўлувди.

 

Биринчи китобимга ёзилган сўзбошини ўқиб (Усмон Азим ёзган!) ҳам Отам (ичган вақтлари жуда тиниқ бўлиб кетарди) йиғлаган эди. “Лаҳзам ибодатдир, манзилим қиблам, / Йўлим жойнамоз деб чиқдим сафарга” деб ёзибсан, қизим, отаман, билиб-билмай озор бергандирман, кечир. Бу йўл осон эмас. Игна билан қудуқ қазиш дегани шу бўлади, бўйнингга олган бўлсанг, майли, қандай яшагинг келса яшайвер, деди.

 

 

Шеърият

 

МТS компанияси 2 центга 20 дақиқа гаплашадиган таъриф эълон қилган вақтлар. Худо берса қулига... Сирож билан узоқ гаплашамиз, нечта 20 дақиқа тугаб, яна уланади. Ўзи яхши кўрган шеърларини кульминация қилиб навбати билан ўқийди. Телефонни қулоғимга ўнглаб қўйиб, рўмол ўраб оламан. Ишимни қилиб юравераман. ...Дунё бозорининг одамлари, ҳо, / Олинг, юрагимни сотгани келдим...; Бу дунёким, менинг кўнглим ярим этди, / Ярми билан куйласам ҳам олам тўлар...; Ерга боғлаб қўйилганман, илдизим ер остида...; Менга беролмайсиз ҳеч қандай баҳо, / Оёқяланг бўлиб дунёдан ўтдим...; Тупроқ бўлай десам нега қўймайдурсан?..; Мени ҳам бир алқанг, ота, / Мен ер бўлдим, ота, ер...; Нимагадир келмайди ўлгинг, / Яшагинг ҳам келмайди бироқ...; Умрим тугаяпти, йўқдир дарагинг!..; Ўзингни аяма, / Бешафқат бўлгин, / Жонингга солиб тур гоҳида буров...; Она замин, бир учайин, қўйиб юбор...; Менга бир тош топиб беролмадинг сен, / Тошлари тупроққа айланган дунё...

 

Мен телба бўламан. Ўзимга, турган ҳудудимга сиғмай қоламан.

 

 

Ерга қўнмайдиган қушлар

 

Дўрмон семинари бўляпти. Уюшма биносида бўладиган тадбирга иштирокчиларни олиб боришган. Лифтда нечтадандир чиқиб, бошқалар кутиб турибмиз. Менинг чиқиш галимда Усмон Азим келиб қолди. Мен турган жойимда хўрозқанддай қотиб қолдим. Устоз – “Ерга қўнмайдиган қуш”ни биринчи марта “живой” кўришим эди. Лифтда у кишининг ёнида чиқиш ҳурматсизликдек туюлди. Лифтнинг эшиги “яна кимдир чиқса” дегандек бир муддат очиқ кутиб турди, кейин ёпилди. Мен шу қотишда анча қолдим.

 

Тадбир тугаб, қатнашчилар автобусга чиқиб, ё шу атрофда ўзаро гурунглашиб турибди. Усмон Азимдан 3-4 метр берида мен ҳам тўхтаб қолган вақтнинг ичида карахтман, гўё. Шодмон ака Усмон Азим билан “таништирди”. Оёғим ўзимга бўйсунмадими, тортиндимми, ҳурмат юзасиданми, ёнларига боролмадим, узоқдан салом бердим. Кейин улар жўнашди. Абдулла Орипов, Усмон Азим, Шодмонқул Салом юриш учун қилинган йўлак қолиб, газоннинг устидан, бир-бирининг изидан из босиб, ритмда қадам ташлаб кетишди. Буларнинг юриши ҳам шеър, деб то бинолар пана қилгунча кўз узмай турдим.

 

 

“Азим” мажлислар

 

Термизда кечки вақт вилоят ҳокимияти биноси (!) ёнида йиғиламиз. Сирожиддин Иброҳим навбати билан Абдулла Орипов, Усмон Азим, Сирожиддин Саййид, Эшқобил Шукур бўлиб шеър ўқиб беради. У шеърини ўқиб беринг, бу шеърини ўқиб беринг, деб таклиф айтиб турамиз. Сирож оҳангларини михлайди, биз шоирларнинг ўзидан эшитгандек қарсак чаламиз. Ўша кезлар моддиятимиз руҳиятимизга шу қадар тескари пропорционал эди. Бу мажлисдан дунёдаги биринчи рақамли миллиардерлар кайфиятида қайтамиз. Қайтишда ҳаммамиз Усмон Азим бўлиб шеър ўқиб қайтамиз. Азим – буюк дегани!

 

Усмон Азимнинг шеърлари мардоналик, бўйинга келган кунни тап тортмай, олийжаноб бўлиб яшаш, ҳаётга тик қараш, душманга ҳам кенглик қила олиш, ўз тарзингдан уялмаслик, ўзни аямаслик, Худога қараб бориш, қўйингки, заминдаги инсон тушиши мумкин бўлган барча ҳолатларнинг номини, шеърнинг сарҳадини, энг муҳими руҳ эканини ҳужайраларимизга сингдиради. Ҳали ҳаммаси зўр бўлади, деймиз.

 

Шу завқда, “Сирож, Усмон Азимнинг қандай одам бўлишини бобосининг отаси ҳам билган. Ўғлига Азим деб исм қўйган”, дейман. Сирож ҳам кулиб тасдиқлайди. Одамлар ким билан замондошлигини билишмайди, деб ўзимиз билганимиздан хурсанд, ҳавода сузиб қайтамиз.

 

 

“Буюк чевар”

 

Бир гал мен, Устоз, Шодмон ака тушлик қилдик. Сурхондарёдан нимадир юмуш юзасидан Тошкентга келганман. Устознинг танлови билан ҳаммамизга кўза шўрва айтилди. Ўша кезлар мен ҳам пархезни жиддий тутардим. Шодмон ака кўза шўрвани тановулга созлаяпти – бизникини ҳам. Устоз “нўхат мумкинмасди-ку, айтмабмиз-ку” дедилар. Мен ва Устознинг кўзасидан нўхат чиқмади, Шодмон акага аталганида бор экан. Устоз завқланиб кетди: “Кўрдингми, Наргиз, Худо буюк чевар, кўрдингми?! Икковимизга ҳам нўхат мумкинмас! Шугина жойларини ҳам ҳисобга олади”, деди. Ўша кундан луғатимга “Буюк чевар” ифодаси кирди ва кейин бу ҳикматга кўп иймон келтирдим.

 

 

Ҳали ҳаммаси зўр бўлади!

 

Ўқишга киролмай йиғлаб юрган йилларим. Сирожиддин Иброҳим Устоз сизни мақтабди, юринг, журнални топамиз, деди. Ёзнинг жазирамасида, Сирож, Хуршид, мен нечта “киоски”ни бажонидил айландик. Ахийри топдик. Учаламиз бир-биримиздан ўтиб шодланамиз. Кейин ўша атрофдаги ошхонада тушлик қиламиз. Анъанага мувофиқ, Сирож бизни меҳмон қилади. Термизнинг эгаларидек, ўзимиздан мамнун иштаҳада гурунглашамиз (Маҳмуд Абулфайз устоз Сирожнинг атрофидаги ўзидан катта, кичик йигит-қизларни, ўғилларинг, қизларинг, деб ярим ҳазил, ярим чин кўп гапирардилар. Сирожнинг бизга раҳнамо жойлари бисёр бўларди).

 

Бу гапларим мақтовга ўч экан хулосасини бермасин. Кўп ҳис қиламан: қушга дон ташлаб ушлаб турамиз, керак нуқтага “қамаймиз”-ку, Худоям бандаларига шунақа донлар ташлаб боради. Мен бу жойларини умримдаги шундай “дон”лар сифатида санадим.

 

 

“Азим” Инсон

 

Бахтинисо (Маҳмудова)ни сўнгги йўлга кузатишдамиз. Уй ҳовлисида тумонат одам. Улар миямдаги савол, ўйлардек бетартиб ҳаракат ва шовқинда. Мен ҳам бир бурчакда, ҳаёт бунга нега бунча бешафқат, номард бўлди деган оғриқ, тушуниксиз эътирозлар билан ичимга сўнгсиз тушиб турибман. Узоқ, яқиндан таниганларимга кўзим тушганда (ҳар хил ҳудудлардан боришган) улардан қувонаман, шугина гўдакнинг иззатини қилиб келгани учун инсон зотига ҳурматим ошиб, баридан миннатдор бўламан.

 

Бахтинисонинг қушдек жонсарак яшагани, Туркияга шошгани, унинг жонсиз тани одамлар устидан учиб келгани ва яна кўп кўнглини бўғинлаган оғриқларини эслаб, йиғлаб турибман. Бир битигида отасининг ортидан эргашиб боргани, отаси унга қайрилиб ҳам қарамагани ҳақида ёзганди. Унинг тақдирида жумбоқ кўп эди.

 

 

Кўчадан эркаклар овози келиб турибди. Навбати билан Бахтинисо ҳақида гапиришяпти. Бир вақт таниш овозни илғадим. Беихтиёр диққатимни ўша томонга йўналтирдим. Усмон Азим Бахтинисо ҳақида катта эҳтиром, самимият, маҳзунлик билан гапираётган эди. Томоғимда бир нарса тилимни ҳам, нафасимни ҳам боғлади. Устознинг овозларини эшитиб, елкам силкиниб-силкиниб йиғлай бошладим. Билмадим, бу йиғи мусибатданми ёки Устозга эҳтиромданми... Ҳар қандай туйғу инсонни йиғлата олади.  Бир мурғак қизнинг ҳурматига шунча йўл босиб, шу ёшда, шундай катта одам келишлари мумкин экан. Худо ёрлақасин!..

 

Ўша куни Устознинг ёнларига салом беришга боролмадим. Қандайдир салобатлари босдими ёки саломлашишнинг мавриди эмас, деб ўйладимми... Шу ташриф Устозни янада “Азим” одамга айлантирганди, наздимда. Шахс сифатидаги ҳурматим нечи карра ошган эди.

 

Шерикларим билан шом аралаш Термизга қайтдик. Бахтинисони кузатишга борганлар телеграм гуруҳ орқали ёзишиб кетяпти. Белгиланган бир санада ҳар йили йиғилиб, Бахтинисони хотирлашга, нимадир тадбирлар қилишга келишишяпти.

 

Мен ичимда бу айтилганлари бўладими, йўқми, Худо билади, Устознинг бугун кузатишга келганлари муҳими (етади), Бахтинисога адабиётнинг, катта шеъриятнинг эҳтироми шу, деб кетяпман.

 

 

Во-я, дунё-я!

 

ТерДУда танишлар кўришиб қолсак, Усмон Азимнинг бирон мисраси билан мухтасар қилиб аҳвол сўрашардик, ҳолатларимиздан бир-биримизни огоҳлантирардик. Бир-биримиздан қолишмай, сатрдан сатрга портлаб бориб, охирида Усмон Азим одам эмас, деб тўхтардик. Инсоннинг қирқ бир қават ичкарисидаги ҳолатларини шеърга бу қадар тиниқ сола олиш одамнинг имконидан хориж, деб маст бўлардик. Кейин, Устознинг гапларини ўзларининг оҳангида такрорлаб қўярдик: Во-я, дунё-я!...

 

Мен кейинчалик, айниқса талабаликдан олдинги ва талабалик йилларимда жуда мўртлашиб кетдим. Зарурат бўлганда ортимга қарасам, моддият томонлама ёрдам олишга кўнгил тўқ ҳеч кимим йўқдек эди. Ва ўзимни ўзим тортишга эриниб қолган вақтлар кўп бўларди. Шундай вақтларда Буюк чеварнинг кульминацияларидан шу қадар лол эдимки, аксарият тўхтаб қолган нуқталаримда Устоз тўсатдан телефон қилиб қолардилар. “Наргиз, яхшимисан, қийналмаяпсанми?” Нечидир дақиқа давом этган гурунгларини, албатта, “Ҳали ҳаммаси зўр бўлади!” деган сеҳрли сўз билан якунлардилар. Мен яна бажонидил яшашга киришардим. Ҳали ҳаммаси зўр бўлади!

 

 

Олийжаноб хазинабонга эҳтиром

 

Устознинг ўзларини мукаммал қура олишларида бўлинмай ижод қилиш шароитини яратиб берган аёлга раҳмат айтишимиз, алқашимиз керак энг аввал. Худо истеъдоддан қисмаган тақдирда ҳам, агар ижодкорнинг биқинига оилавий дилхираликлар ботиб турса, диққати бўлинса, арзиган-арзимаган ташвишларга андармон этилса, овози ўзига ҳам етмайдиган бўлиб умрини харжлаши ҳеч гапмас. Бизга Усмон Азим феноменини мукаммал ҳолда тақдим этгани учун Янгамга миллат ва адабиёт номидан ҳар бир ҳужайрам билан таъзим қиламан. Устознинг сарҳадларини бизга тўла-тўкис (хиёнатсиз) сақлолганлари, туҳфа этолганлари учун ташаккур!.. Ноёб мулкнинг олийжаноб хазинабонига ташаккур!..

 

 

 

Адабиётнинг бойлиги

 

Дунёда англаганингиз сари баҳоси тенгсиз бўлиб борадиган номли ва номсиз бойликлар бор. Шундай бойликлардан бирининг номи “устоз” деб аталади. Улар вақт, имкон, наф, бурч каби умрнинг қийматини белгиловчи омилларнинг сарлавҳаси. Улар шогирдларнинг, ортидагиларнинг йўл харитасини тепадан кўриб туради. Улар қалб меъмори. Уларнинг хизматлари эвазига инсонийликнинг қиёфаси тиниқ, маънавий ва моддий оламимиз бугун шу кўринишда.

 

Бир кишига, бир оилага, бир сулолага, бир мамлакатга тегишли бойлик, мулклар бўлади. Шунингдек, миллат, инсониятга тегишли бойликлар ҳам. Усмон Азим ҳам миллатнинг, адабиётнинг, инсониятнинг бойлиги. Шеърлари, шахсияти-да умумбашарий қадрият, туйғу, ғояларимизни чиниқтиради, иккиланганда қибламизни тиниқлаштирамиз, эътиқод компосимизни созлаб оламиз ҳар гал. Негизни англаган сари яшаш осон эмас. Шундай одамлар бор эслаганингизда, кўрганингизда яшашга таскин оласиз, миллат, ватан деган оғриқни ёдингизга қайтарасиз, яшашга арзийдиган сабаблар бор-ку, дейсиз. Гапимнинг аввалини бекорга ватан тушунчаси билан бошламаган эдим. Ичимдаги бу иқрорга анча бўлган – Усмон Азим мендаги Ватан ҳудудининг бир қисмига айланган.

 

 

Қарз

 

Ўзимни анча иродали одам ҳисоблайман. Лекин, инсон зоти ожиз, иккиланиб бир жойда туриб қолишлар, ҳаётга енгилган нуқталарни ҳис қилган вақтлар, ўзимга ишонмаслик вайроналикларида Устознинг Отамнинг менга шеър ёзишга рухсат беришига сабаб бўлган гапларидан қарздорлик ҳисси руҳимни сергаклантиради. Шеърни ҳис қилувчи ўқувчи сифатида Усмон Азимнинг ҳар сўзи мадад бўлиб келган (тенгқурлар, Устозлар давраларда Усмон Азим сен ҳақингда шундай яхши гаплар айтди, деб хабарлашиб туришарди). Одам зоти шундай ожиз хилқат. Елкасидаги юк, бир тақдирни бир ўзи яшаши, олдинга ишонч билан қадам босиши мушкул. Ваҳоланки, тақдирини ҳамма ўзи яшайди! Аммо атрофидаги, ўзи ҳурмат қиладиган инсонларнинг далдаси, ишончи кўп муҳим. Ўзи, умуман, яхши одамларнинг борлиги яшашга далда! Одамлардан яхшилик, уни тушуниш, одамийлик қарздорлигингиз умрга масъулият, эътиқодни икки карра оширади.

 

Ўшанда Отамнинг Усмон Азимнинг гапларига ишонгани ҳам оддий, яқиндан танимаган, ҳаётий тутум, фаолияти бошқа-бошқа одамлар-да Устозни катта Шахс сифатида ҳурмат қилишларидан, унинг ҳар қайси гапи тўғрилигига ишонишларидан бўлган.

 

Жуда узоқдан айланиб келдим. Устоздан ниҳоятда (!) (ўзларининг таъбири билан айтганда! “Ниҳоятда!” Шу сўзни бошқа ҳеч ким Устозчалик суйиб (ҳис қилиб) айтмаса керак) миннатдорман. Кўзимни юмиб кўрган сарҳадларим, кўзимни очиб ҳис қилган, кашф этган кенгликларим учун Устозга бўлган эҳтиромим Ўзига аён. Ўша тадбирдаги гаплари бўлмаганда, Худо билади, ҳозир қай кўйда, қай аҳволда бўлардим.

 

Ғашланмангизлар, ҳали бирон каромат кўрсатмадим. Ўзи соғлик, хотиржамлик, умрдан қисмасин, ичимда Устознинг ишончини оқлайдиган кайфиятим, катта нафас, сафарларим тараддуди бор. Ҳали ҳаммаси зўр бўлади!

 

Наргиза ОДИНАЕВА,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 35175
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//