Шу кунларда қўлимга бир китоб тушиб қолди: муаллиф – Шарифжон Аҳмад, номи – “Минг бир китоб”. Муқовага ишланган сурат дарҳол эътиборимни тортди. Сара асарларни сифатли тарзда чоп этиши билан ном қозонган “Академнашр”нинг ушбу ноширлик ечимини Premium андоза деб атагим келди. Каминага азалдан теккан бир дардми бу, билмадим-у, ҳартугул, ҳар сафар янги китобни қўлга киритганимда, зумда мутолаага киришиб кетолмайман. Бошқа бировларнинг назаридан ҳоли хонамга қамалиб оламан-да, китобни кўринарли жойга қўйиб, атрофида айланаман, айланавераман. Ора-сирада қўлимни узатган бўламан-у, ушлашга ботинмасдан шу заҳоти яна тортиб олавераман. Худди кўз остига олиб қўйган ўлжасига ташланишга шайланиб турган мушукка ўхшатвораман ўзимни шундай пайтларда. Охири, бундай тайсаллашларимдан ўзим ҳам хуноб бўлиб, китобни шартта қўлга оламан-да, алланечук муборак маросимга ҳозирланаётган каби, ҳали босмахона бўёқлари ҳиди аримаган муқовасию ичларини чуқур-чуқур ҳидлаб кўраман. Буниси билан ҳам шундай бўлди. Уйга кела солиб тепадаги ҳужрамга кўтарилдим. Китобни аввалига хонтахта устига қўндириб қўйиб, анча вақт томоша қилиб ўтирдим. Кейин қўлга алланечук хуш ёқар муқовасини аста силаб, саҳифаларини варақлай бошладим.
***
Ушбу қисса ерга урса кўкка сапчир ўсмир бола – ўзининг айтишича, худди Ортега-и-Гассет дегандай қўшалоқ исмли Абдулқаюм-Машрабнинг саргузаштлари ҳақида экан. Ёруғ дунёга келган илк онларидан бошлаб – туғруқхонада эканидаёқ, йўқ, ундан ҳам аввал – ҳали онасининг қорнидаёқ кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ажабтовур ажабликларга йўлиқиб, хаёлга келмаган воқеалар қаҳрамонига айланади у. Туғруқхонада бошқа чақалоқлар қаторида ётиб, лабининг устида нўхатдек холи бор гўбдиккина қизгинага ошиқу беқарор бўлади. Эндигина туғилган чоғида орқасига шапатилаб йиғлатган доя хотиндан қасос олиш режасини ишлаб чиқади ва бу режани ҳеч кечиктирмасдан амалга оширади.
Биринчи синфга чиққанида эса ёшгина муаллимага пинҳона кўнгил қўяди. севимлисининг эътиборини қозониш йўлида илм-у саводнинг заранг тошини бетиним кемиравериб, синфнинг энг олди аълочисига айланади. Бироқ, вақти келиб, қизгинанинг мактабдаги амалиёт даври тугаб, олис юртига қайтиб кетгач, айрилиқ жароҳатлаган жимиртак юрагини қўлтиқлаб қолаверади. Айрилиқ дардида яна эски феъл-атвори жунбишга келиб, аввалгидан чандон шумтака ва безори болага эврилади. Мактаб тугул, атроф-депарада ҳам ундан безор бўлмаган биров қолмайди ҳисоб. Бир қарасангиз, ўтганнинг ўроғи билан кетганнинг кетмонини тортиб олади. Мактабдан уйга қайтар йўлларида бошқа болаларни йўлдан уриб, бировларнинг боғларида ҳил-ҳил пишган олма-ю анорларга қирон келтиради, кейин кийимларини апил-тапил ечиб-улоқтириб, ариқларда итбалиқдай яйрайди. Бошқа сафар эса қўй-қўзилари-ю, мол-ҳолларини яйловга ҳайдаб, тили осилиб қолгунича тўп кетидан сангиллаб чопади. Хизмат машинаси бехато нишонга олинган хўппасемиз колхоз раисининг чангалидан базўр қочиб қутулади. Ҳар таътилда узоқ юртларда ҳаво алмаштириб келишни одат қилган мударрис бобоси билан Ўрусия сари сафар қилади. У ерларда бир замонлар бой берилган муаллимасига ўхшаш, бели бошмалдоқдек мўрчамиён қизларга жовдираб тикилади. Таътиллар ариб, сафарлар қаригач, бобоси икковлон “моя-твоя” деб чулдираганча Маскўпчи бойлар мақомида қишлоққа қайтиб келишади.
***
Шу зайлда орадан йиллар ўтиб боради. Абдулқаюм-Машраб еттинчи синфга қадам қўйгани маҳал энг қадрли кишиси, ҳар ишда маслаҳатгўйи – мударрис бобоси Ҳаққа қовушади. Тенгсиз бу кулфатдан бемисл ғуссага ботган бола ёлғизликда ғамини аритиш илинжида эски уйнинг чордоғига чиқади ва у ерда бобосидан қолган кўҳна сандиққа дуч келади. Сандиқни очиб, аллақачон урфдан қолган бир сидра кийимлар остидан ранглари унниқиб, муқоваси ҳам титилиб битган семизгина, аммо номсиз ва саҳифалари бўм-бўш ғалати китобни топиб олади. Бир пайт тушуниксиз нимадир содир бўладию, боланинг атрофини шаффоф, бироқ йиқиб бўлмас қалин қубба ўраб олади ва шу пайтгача бирор ҳарф билинмаган китоб саҳифалари сатрларга тўла боради. Йигитчамиз синоатли қубба ичра ўтирганча, унга тақдим этилаётган ғаройиб ҳолоти-воқеалар мутолаасига тутинади.
***
Шу йўсин чордоқда беркиниб ўтирган бола билан бирга биз ҳам мўғулий Чингизхонга қарши қойилмақом қилич қайраган жаҳонгирнинг жасоратларига шоҳид бўламиз, сирли сатрлари билан Чин-Мочинлик малла ҳукмдор саройини йўқликка ҳукм этган шоирнинг аянчли қисматидан воқиф бўламиз. “Тўртинчи қаватдаги сарғиш дераза”ни кўриб, тилсимлари бисёр синоатга бехос дуч келган каби бизнинг ҳам юрагимиз ҳаприқа бошлайди. Қадар ва қисмат фурсати дея билинган икки ой жуфтлашган тунда қумлоқда адашган бир қаландарга ҳамроҳ бўлиб, балиққуйруқ парилар тузоғига тушамиз. Роҳибсифат зотнинг рўёларида у билан бирга адашиб, у излаган Уни биз ҳам узоқ излаймиз ва гулда тош унмаслигига иқрор бўларак, У Излаганга қул бўлмоқлик мақоми ишқида Йўлда яна бардавом бадар кетамиз...
***
Кундалик турмуш воқелигидан бўлакча – бошқа бир оламларнинг кўникилмаган манзаралари чизилади воқеликларнинг барчасида. Кўпимиз кўниккан ҳикояларнинг кутилмаган талқинларини, бўлакча якунларини тақдим этишга томон, бўлак манзиллар сари элтаётган сатрлар сўқмоғидан бояги болакай билан эш-қўш эниб борарканман, хаёлларнинг ҳов нариги томонида ҳали очилмаган бошқа сарҳадлар ҳам борлигини пайқагандай бўламан.
Қиссани ўқиганим сайин унинг очилмаган тилсимлари ҳали кўп эканига ишониб борардим. Мутолаа якуни яқинлашаркан, болакайнинг бошидан ўтган воқеаларга жуда ўхшаш ҳолатлар ҳикоя қилинаётганига эътибор қилдим. Энг сўнгида боланингми ё менинг кўз олдимда чизила бошлаган манзара аввалгиларининг ҳаммасидан ошиб тушди – эски уйнинг томида ғалати китоб мутолаасига муккасидан кетган бошқа бирими ё худди ўша бола?! Бир зумга каллам ишламай қолди – бўлиши мумкин эмас – болакай қўлида тутган бу китоб, аслида, унинг ўзи ҳақида, бутун ҳаёти тафсилотлари ҳақида унинг ўзига ҳикоя қилмоқда эди!..
***
Тўғрисини айтсам, китобларни саралаб ўқишга кўниккан каминангиз қиссани бир ўтиришда ютоқиб ўқиб ташладим. Хаёлларни ҳар кўйга солиб, эсларни ҳам эсанкиратиб қўяр бу қиссанинг сирли сўқмоқлари бўйлаб, Абдулқаюм-Машраб ила бирга қадам ташладим. Фақат энг сўнгида, муаллифга айрим эътирозларимни ҳам изҳор қилгим келиб турибди. Гап шундаки, айрим ўринларда воқеаларми ё ҳикоялар тўкис якунига етиб бормагандай кўринди. Жумладан, Мангу-момонинг урушда бедарак кетган ўғилларининг кейинги қисмати сирли китоб кўмагида ойдинлаштириб берилса яна ҳам бошқача тугаллик бўлармиди? Шунингдек, Абдулқаюм-Машраб тузуккина хат-саводини чиқариб олгач, ҳар турли саргузашт китоблар мутолаасига мубталоликка йўлиққанини айтаркан, бир сафар Жонатан Свифтнинг Гулливерига ҳамроҳлик қилиб, у билан бирга гоҳ Лилипутияда, гоҳ эса Дарозлар мамлакатию Гуигнгнмлар юртида, эҳ-ҳе, не-не саргузаштларни бошидан кечирганини сўзлайди. Яна бир гал кимсасиз оролда Робинзон бўлиб умргузаронлик қилганию, Сервантеснинг ла-Манчлик Дон Кихотига эргашиб, Дулсинея ишқида мисли кўрилмаган жасоратларга қўл урганидан хабар беради. Бошқа сафар исёнкор сипоҳилар сардори – капитан Немо сиймосида сув остида саксон минг километр сузиб, “Наутилус” қадами етган ҳар жойда мазлумларга кўмакдош бўлгани ва золимларга қарши аёвсиз курашиб, Британ босқинчилари оёқлари остида хор-у зор Бобурий Ҳиндистон учун интиқом олганидан баҳс этади. Аммо, қиссада бу воқеаларнинг ҳам давомига дуч келмаймиз. Худди қилдан қийиқ қидиргандай, китобдан шунақа ижикилаб кам-кўст излагандай бўляпман-у, аммо шу пайт калламга урилган бир ўйдан ҳушёр тортдим. Гап шундаки, айрим адиблар асарлари ичига ғалати қопқонлар қўйишни ёқтиришларидан бохабарман. Адабий тузоққа ўхшаган бунақа ҳийлалар домига илинган шўрлик ўқувчи асарнинг охиригача воқеаларми ё сюжет етовида лўкиллаб боришга маҳкум. Охири омади чопиб, ўша тузоқдан эсон-омон қутулиб олса, хўп-хўп, бўлмаса-чи? Бўлмаса нимаям бўларди – фильмнинг кейинги сериясини кутган кўрармонга ўхшаб, қолганини китобнинг кейинги қисмида ўқирман, дегандай илинж билан кифояланишга мажбур. Хуллас, шуларни хаёлимдан ўтказиб, “Минг бир китоб” муаллифи ҳам давомини ёзса керак ва келгуси китобнинг яна ҳам кўламдор кенгликларида, қиёмига етмаган бояги саргузаштларнинг давоми бир-бир боғланиб борса ажаб эмас, деган тусмол умид ва истак билан ёзганларимга нуқта қўйдим.
Мурод ЧОВУШ
Адабиёт
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ