Мухолифат қандай шаклланади?


Сақлаш
18:04 / 05.05.2026 10 0

Сиёсий жараёнларда мухолифатнинг аҳамияти жуда катта. Шу нуқтаи назардан бу сиёсатшуносликда чуқур ўрганилган масалалардан бири ҳисобланади.

 

Сиёсий тизимга муносабатидан келиб чиқиб у тизимли ва аксилтизимли мухолифатга ажратилади. Тизимли мухолифат мавжуд сиёсий тузумни ағдариш эмас, ривожлантиришни кўзлайди. Шу жиҳатдан уни конструктив мухолифат деб аташ мумкин. Аксилтизимли мухолифатнинг пировард мақсади эса мавжуд сиёсий тузумни ағдаришдан иборат. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун тўнтариш, инқилоб, тартибсизликлар, сиёсий етакчининг жонига қасд қилиш, ахборот хуружлари ва бошқа воситалардан фойдаланилади. Аксилтизимли мухолифат барқарорлик ва истиқбол учун хатарлидир.

 

Мутараққий дунёда конструктив мухолифат давлатнинг ривожланиши, сиёсий тизимнинг такомиллашувида муҳим роль ўйнайди. Шу боис уни парваришлаш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилган ва ҳуқуқий, сиёсий, ташкилий асослари яратилган.

 

Шу ўринда баҳсли савол юзага чиқади: мухолифат жамият ичидан мустақил тарзда шаклланиб чиқиши керакми ёки уни ҳокимият парваришлаши лозимми? Маълумки, мухолифат муайян сиёсий лидерлар теграсида ташкил топади. Етакчининг шаклланиши узоқ ва давомли жараён ҳисобланади. Бунда сифатли таълим-тарбия билан бирга, сиёсий майдондаги курашларда тобланиш ҳам муҳим ўрин тутади. Aна шу жараёнда амалдаги ҳокимият бўлажак лидерларга бағрикенглик қилиши лозим.

 

Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Бўлажак сиёсий лидер учун сиёсий ирода, қатъият ва жасорат сув билан ҳаводек зарур. Зеро, ҳамма ҳам ширин ҳаловатдан, шахсий фаровонликдан воз кечишни хоҳлайвермайди. Бундай хусусиятлар туғма бўлиб, кейинчалик тарбияланади. Ҳар бир жамиятда туғма қобилиятга эга бўлажак сиёсий лидерлар кўплаб топилади. Айни чоқда, уларнинг шаклланишида жамиятнинг ҳам ўрни катта: ҳар қандай шахс ижтимоий муҳитда шаклланади ва улғаяди; мавжуд тартибот ва қадриятлар унинг ривожланишида ҳал қилувчи ўрин тутади. Бўлажак сиёсий лидерларнинг қобилияти, аввало, жамият, яъни оила, мактаб ва маҳаллада намоён бўлади. Бу ижтимоий институтларда бўлажак сиёсий лидернинг интилиши рағбатлантириб борилса, унда ишонч ва интилиш кучаяди. Яъни ҳокимиятнинг мухолифатга нисбатан бағрикенглик сиёсати ва жамиятнинг сиёсий лидерларни тарбиялаши ўзаро уйғунлашиб, чинакам мухолифатнинг шаклланишига қулай замин яратилади.

 

Ҳукумат сиёсатига муқобил йўналишларни таклиф этиш, қатъий позицияни шакллантириб, сайловчилари манфаатларини ҳимоя қилиш, парламентда мунозара ва эътирозлар орқали қарорлар қабул қилиш тартибини такомиллаштириш, бюджет лойиҳасини танқидий кўриб чиқиш, ҳукумат фаолиятини кузатиш ва назорат қилиш, қонунийлик, жавобгарлик ва сиёсий жараёнлар шаффофлигини таъминлаш мухолифатнинг муҳим вазифаларидир.

 

Мухолифат одатда сиёсий партия сифатида шаклланади. Унинг фаолиятини икки даврга бўлиш мумкин: сайловгача ва сайловдан кейинги давр. Биринчи даврда у ҳокимиятни эгаллашга интилади. Агар муваффақиятга эриша олмаса, сайловдан кейин ҳокимиятни эгаллаган партияга нисбатан мухолифона фаолият юритади.

 

Мухолифат биринчи навбатда ҳокимиятни эгаллаган ҳукмрон партия фаолиятини тийиб туриш учун керак. Ҳақиқий мухолифат ҳокимиятни қонунни бузмасдан фаолият юритишга, қарорларни етти ўлчаб қабул қилишга, халқни алдамасликка ундайди. Ноқулайлик туғдиргани, чексиз эркинлигини тушовлагани боис ҳокимият мухолифат билан курашиб, уни йўқотишга, камида чалажон қилишга интилади. Бунга йўл қўймаслик учун сиёсий ислоҳотлар орқали мухолифатни кучайтириш керак бўлади.

 

Масаланинг мураккаблиги шундаки, бу – ўз рақибингизнинг бошини силашдек гап. Шунинг учун ҳам авторитар тузумларда бундай қадамлар ташланмайди. Қайд этганимиздек, мухолифат ҳокимият учун курашади. Иқтидордаги партия эса қўлга киритган “ширин”гина кучни бергиси келмайди. Шунинг учун ҳам жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий “Ҳақ олинур, берилмас” деган.

 

Хуллас, мухолифат ўзига хос сиёсий феномен ҳисобланади. У сиёсий жараёнларнинг мувозанатини таъминлаб, ҳокимиятни тийиб туришда муҳим аҳамият касб этади. Бу борада мухолифат ўрнини босадиган бошқа муқобил сиёсий институт мавжуд эмас.

 

Ойбек СИРОЖОВ,

сиёсий фанлар доктори, профессор

 

“Тафаккур” журнали, 2026 йил 1-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

18:04 / 30.04.2026 0 177
Ерга қўнмайдиган қуш





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 34255
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//