2000 йилда Сурхондарё вилоятининг тоғли ҳудудларида бир гуруҳ ғаламисларнинг йўли тўсилгани ҳануз эл хотирасидан ўчгани йўқ. Киштут арчазорларида туну кун давом этган тўқнашувларда жон олиб, жон берилди. Ўнлаб душман кучлари йўқ қилинди. Ўша мудҳиш воқеа миллатимизнинг бир қанча норғул йигитларини ҳам олиб кетди. Улар халқ ичида достон бўлди ва мудом ёд этилмоқда.
…Йигирмага ҳам тўлмаган, ёшлиги, куч-ғайрати жўш урган навқирон йигитлар юрагида Ватан деган муқаддас тушунча билан яшарди. Эломон Отажонов ҳам улар орасида эди. Ҳа, ўша сирдарёлик йигит. У ҳақида эшитганим бор: бўйчан, жавонмард, тўғрисўз. Исмини айтмайсизми, худди элнинг омонлигини асрагувчи каби – Эломон. Кўнгилни туйқус ўртаб юборади. Негадир бу йигитни сафдошлари ўзгача хотирлашади. Бирда қувнаб сўзласа, бирда кўзларига ёш келади. Гарчи бугун қуролдошларининг ёши 40 дан ошган, оқу ажин оралаб қолган. Эломон эса ҳамон 22 ёшли йигитча.
***
Хотира альбомини кўздан кечираман. Йигитчанинг қарашлари мағрур, нигоҳлари тинчликсевар эди. Машҳур шоир ёзган битиклар кўз олдимда гавдаланди: Жанг. Тун қорасида – қалин дарахтлар ичра ҳамма вужудини ўқдан беркитиб ётар эди. Шу кез бир жангчи шарт ўрнидан туриб, баралла ҳайқиради. Унинг ҳолатига боқинг:
Дунё қотди бешамолликда.
Ҳаёт... баттар тортмасин деб дим,
Бош кутардим окопдан тикка:
– Ҳаммангизни, душман, кечирдим!
Эломон ўша йигит эмасмикан, деб ўйлаб қоламан.
Болақалб
Эломон Отажонов 1978 йилнинг 17 сентябрида Сирдарё тупроғида туғилди. Отаси Холмурод ака Отажонов оддий деҳқон эди. Онаси Янглиш опа эса совхозда ишчи, боғчада тарбиячи бўлиб 30 йилдан ортиқ ишлади.
Эломон 1996 йилда 2-умумтаълим мактабини тамомлади. Ўқувчилик пайтлари жисмоний тарбия машғулотларида биринчи эди. Спорт беллашувлари унингсиз ўтмасди ҳисоб. Фурсат ўтиб, олийгоҳга топширди, бироз балл етмади. Сўнгра механик ҳайдовчилар тайёрлаш курсида ўқиди. Бир куни у уйдагиларига сездирмай, туман мудофаа ишлари бўлимига армияга жўнатишларини сўраб ариза ёзди. Кўнглига солган экан, кетадиган бўлди. Илк мактубини эса ҳарбий қасамёд қабул қилган куни тўлқинланиб-тўлқинланиб ёзди.
***
Эломон туғилиб ўсган қишлоқ бугун унинг номи билан аталади. Мўжаз ҳовлида қаҳрамоннинг ота-онаси, у билан жангда қон кечган 2-3 нафар қуролдоши жам бўлдик. Ҳовли беҳи, анор, олма ва турли дарахтларга тўла. Деҳқоннинг ерида барибир. Ота қуюқ ҳол сўрайди, ая эса соғинган кўзлари билан ниманидир қидиради. Бир дастурхон атрофидамиз. Мағрур йигит суратлари қўлдан-қўлга ўтиб юради.
***
Дарвоқе, шоирнинг ўша қаҳрамони кейин нима қилган эди-я? Ҳа, эсладим. У паналарда тиш-тирноғигача қуролланиб ётган душман кўз олдида тик турар эди:
Меҳру шафқат шамоли эсди,
Ғаш ариган менинг кўнглимдан.
Кечирдиму мен баланд ўсдим,
Қуролни ҳам отдим қўлимдан.
Хаёлимда Эломон ўша йигит сингари кўкрак кериб турибди. Бу унинг нотинч дунёга, низоларга, адоватларга қарата кўтарган исёни эди. Унга нима бўлганини билсангиз эди...
***
Қуролдош дўстларнинг хотиралари эслаган сайин тиниқлашиб, жонланиб боради. Уларнинг бари Эломонни ўз воқеалари билан эслайди.
Кичик сержант Отабек Рўзиев: – 1999 йилнинг баҳори эди. Янги келганлар ичида сирдарёлик йигитлар ҳам борлигини айтишди. Исмини эшитдим-у, излаган киши бўлдим.
– Эломон ким?
– Мен бўламан, – деди бўйдор, қошлари қалин, спорт билан яхшигина шуғулланган йигитча. Фарғонадан – 15-бригададан келган экан. Бир тупроқ фарзандимиз, тезда чиқишиб кетдик. Баталёнимиз бир, аммо отрядимиз бошқа-бошқа эди. Вақти-вақти билан кўришиб турдик.
...Сариосиё ва Узунга ҳам бирга йўл олдик. Биз пистирмада, Эломонлар эса тозалаш ишлари билан шуғулланди. Улар душманни қисиб бориб, пистирмага тушириши керак эди. Хуллас, раҳматли отряднинг “кўз”и бўлиб юрди. Хавфни энг биринчи улар қарши олди.
***
Уларни диққат билан эшитдим. Эломон ва икки қуролдошига Киштут панагоҳларида беркинган душманларни топиб, яксон қилиш вазифаси юклатилади. Ўшанда ғаламисларнинг ини янчилган, ҳар ерда ҳушёр пайт пойлаб ётар эди. Бизникилар эса ерга энгашиб борар, олдинда нималар рўй бериши ёлғиз Ўзига аён эди.
...Ногоҳ кетма-кет қарсиллаган ўқ товуши Эломонни қулатди. Кейин Дониёр ер бағирлади. Сал нарида эса Юнус...
Душман улардан қутилганини сезгандай воқеа жойига яқинлаша бошлади. Дўстлари қимир этмас, Эломон эса қуролини маҳкам тутиб, бор мажолича “рация” орқали маълумот бера бошлайди.
Хайриятки, ўзи ва душман жойлашган нуқталар ҳақида маълумотни етказишга имкон топди. Алоқанинг сўнгги фурсатларини эса оиласи, яқинлари рози-ризочилигига сарфлади. У дўстларидан ота-онасини ёлғизлатиб қўймасликларини илтимос қилди.
Айтишларича, ўша онда унинг гаплари барчанинг қалбини тилкалаб юборган, ҳатто бир неча қуролдошлари ғазабдан душман тарафга бостириб боришга уринган экан.
Воқеа жойидаги кишиларнинг айтишича, Эломоннинг ўз вақтида айтган қимматли маълумотлари туфайли 10-15 нафар йигитнинг жони омон қолган экан.
– Эломон ва яна икки қуролдошимизни пастга тушиб олиб чиқдик, – дейди марҳумнинг қуролдош дўсти Зоҳид ака. – Ҳеч ёдимдан кетмайди, Эломоннинг нафақат ўзи, балки милтиғи, ҳатто “ствол”ларигача ўқ еган эди. Бундан душманнинг нақадар шафқатсиз ва аламзада эканини англаш қийин эмас.
Ҳа, аслида 20 йиллик ярани тирнаш осонмас. Ўтган вақт марҳумга тенгдош бир авлодни улғайтирди. Аммо шуниси аҳамиятлики, бу мудҳиш воқеалар ўзбек армиясини жиддий синовдан ўтказди. Ўғлонларимиз миллатни, халқни қандай асраш кераклигини амалда кўрсата олишди. Эл-улуснинг ҳарбий салоҳиятимизга бўлган ишончи янада ортди.
Ота
Одамлар орасида Отажоновлар оиласининг ҳурмати баланд. Бу оила яна икки ўғил ва икки қизни вояга етказиб, уйли-жойли қилди. Кўпдан кўп набираларнинг роҳатини кўрмоқда.
Нима бўлганда ҳам ўғлининг ўрни билинади. Ота у кунларни ўксиниб эслайди:
– 2000 йилнинг август ойларида ўғлим уйга бир кунгинага келди. Хизмат сафарига кетаётганини айтиб, ҳол-аҳвол сўрди. Хизматчилик деб ўзимни овутдим. Бир куни телевизордан Сурхондарёнинг тоғли ҳудудларида ноқонуний кучлар билан бўлаётган тўқнашувлар ҳақида кўрсатиб қолишди. Хаёлимга ярқ этиб ўғлим келди-ю, ўзимга ўзим: – Эломон Тошкентда бўлса, бу воқеа Сурхондарёда. Ораси узооооқ. Ишқилиб, тинчлик бўлсин деб дуо қилдим.
...11 сентябр куни уйимизга совуқ хабар келди: Ўғлим ўша жанглардаги босқинчилар билан тўқнашувда мардларча ҳалок бўлибди. Сўнгги манзилга кузатишга тумонат одам йиғилди. Ўғлимнинг хизматдошлари, дўстлари...
Она
Янглиш Отажонова ўғлини доим дуо қилади. Жажжи хотираларни тез-тез эслайди:
– Ўғлим кичкиналигидан ҳарбий бўламан дерди. Хулқи яхши, ўртоқлари билан аҳил эди. Кўп эслайман, ўғлим армиядан қайтса машина олиб, мени айлантириб юришни ният қилар эди. Таътилга келганида қариндошми, дўстими – ҳаммасининг уйига бирма-бир кириб чиқарди. Мен эса қачон уйланасан деб қистовга олганим олган эди. – Опа, (ая маъносида) полигонга бориб келай, сўнг бир қиз ҳақида айтаман, совчи бўлиб борасиз, деганди. Энди у қиз, у кунлар мени ўртагани-ўртаган...
***
Айтганча, бугун қаҳрамонимиз таълим олган мактабда Эломоннинг хотира бурчаги ташкил этилиб, унинг бюсти ўрнатилган. У Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг 2000 йил 25 августдаги фармонига мувофиқ, “Жасорат” медали билан мукофотланган.
***
Энди шоир қаҳрамонининг қисмати ҳақида айтмасам бўлмас. Балки у чиндан ҳам Эломоннинг ўзидир. Худди марҳум жангчи тилидан ёзилганга ўхшайди:
Кечиримсиз яшайсиз бунча!
Ўқ отилди. Ҳаво тортди дим.
...Ўқ бағримни тешиб ўтгунча,
Ҳаммангиздан узоқ яшадим*.
Бобур ЭЛМУРОДОВ
*Шеър муаллифи Усмон Азим
Адабиёт
Адабиёт
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ