
Аҳмад ал-Фарғоний (тахминан 797–865 йилларда яшаган) — ўрта асрларда яшаган Марказий Осиёлик олимлар орасида буюк астроном, математик ва географ сифатида салмоқли ўрин эгаллаган аллома. Олимнинг тўлиқ исми Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир ал-Фарғонийдир. Манбаларда унинг фарғоналик эканлигидан ташқари деярли бошқа маълумотлар сақланмаган. Шуниси маълумки, ал-Фарғоний халифа Хорун ар-Рашиднинг шарқий ерларидаги муовини, ўғли Абдуллоҳнинг (бўлажак халифа ал-Маъмуннинг) Марвдаги олимлари доирасига кирган.
Халифа Хорун ар-Рашид 809 йили Тусда тўсатдан вафот этади ва унинг васиятига кўра Бағдодда тахтга катта ўғли Муҳаммад ал-Амин номи билан ўтиради. Саройдаги хуросонлик аъёнлар эса Абдуллоҳни тахтни қўлга олишга даъват этадилар. 811 йилдан 813 йилгача ака-ука Муҳаммад ва Абдуллоҳ ўртасида тахт учун олиб борилган кураш Абдуллоҳнинг ғалабаси билан тугайди ва Муҳаммад қатл қилинади. Ўша йили Абдуллоҳ тахтга ал-Маъмун номи билан ўтиради. Лекин у Бағдодга бормай 819 йилга қадар Марвда яшайди. Натижада, Марв 813 йилдан то 819 йилгача халифаликнинг вақтинча пойтахти бўлиб туради. 819 йили ал-Маъмун бутун сарой аъёнлари ва уламолари билан бирга Бағдодга кўчади. Улар орасида ал-Фарғоний ҳам бор эди.
Ал-Фарғонийнинг ҳаёти ҳақидаги энг сўнгги ва энг аниқ хабар 861 йил билан боғланган. Унга кўра, у шу йили Қоҳира яқинидаги Равзо оролида нилометрни, яъни Нил дарёси суви сатҳини белгиловчи ускунани ясаган ёки таъмирлаган. Бироқ ал-Фарғоний қандай қилиб ва қандай шароитда Мисрга бориб қолгани ҳақида ҳам аниқ маълумот йўқ.
Фарғоний ҳаётининг муддати ҳақида ҳам қиёслар қилиш мумкин. Агар унинг ҳаётини ал-Хоразмийнинг ҳаёти билан қиёс қилсак, қуйидаги хулосага келамиз. Маълумки, ал-Хоразмийнинг номи ёзма манбаларда охирги марта 847 йили халифа ал-Восиқнинг ўлими муносабати билан эслатилади ва шундан сунг учрамайди. Шунга кўра, унинг ўлган йили деб 850 йил қабул қилинган. Ал-Фарғонийнинг номи охирги марта 861 йили Нилнинг сатҳини ўлчагич ускунасини таъмирлаш муносабати билан эслатилади. Яна бир маълумотга кўра, ал-Фарғоний Мисрда насронийлар орасида яшаб, уларнинг динига ўтганлиги ва шунинг учун у қатл қилинганлиги қайд этилади. Лекин қатл қилинган йили эслатилмайди. Лекин бу “ал- Фарғоний” ўша машҳур астроном ал-Фарғонийми ё бошқасими — бу номаълум. Ҳар ҳолда ал-Фарғоний 861 йилдан кейин кўп яшамаган ва унинг ўлган (ёки қатл қилинган) йили деб 865 йилни қабул қилиш мумкин. Агар у ал-Маъмун билан 819 йили Марвдан Бағдодга кетаётганда 20 – 25 ёшлар чамасида бўлган десак, у ҳолда унинг туғилган йили деб 797 ёки 798 йилни қабул қилиш мумкин. У ҳолда унинг ҳаёт муддати 67 – 68 ёшни ташкил қилади.
Ҳозирги кунда ал-Фарғонийнинг саккиз асари маълум бўлиб, уларнинг ҳаммаси астрономияга алоқадор ва бирортаси ҳозирги замон тилларига таржима қилинмаган, дейилади манбаларда. “Астрономия асослари ҳақида китоб”, “Астурлоб ясаш ҳақида китоб” қўлёзмалари Берлин, Лондон, Машҳад, Париж ва Теҳрон кутубхоналарида, “Астурлоб билан амал қилиш ҳақида китоб” биргина қулёзмаси Рампурда (Ҳиндистон), “Ал-Фарғоний жадваллари” қўлёзмаси Патнада (Ҳиндистон), “Ойнинг Ер остида ва устида бўлиш вақтларини аниқлаш ҳақида рисола” қўлёзмаси Қоҳирада, “Етти иқлимни ҳисоблаш ҳақида” қўлёзмалари Готада ва Қоҳирада, “Қуёш соатини ясаш ҳақида китоб” қўлёзмалари Ҳалаб ва Қоҳирада сакданади. “Ал- Хоразмий “Зиж”ининг назарий қарашларини асослаш” асари Беруний томонидан эслатилади, лекин қўлёзмаси топилмаган.
Мазкур асарларнинг биринчиси 1145 йилдан бошлаб лотин тилига бир неча марта таржима қилинган. Бу таржималарнинг барчасида ал-Фарғоний исми лотинчада “Алфраганус” шаклида ёзилиб, шу шаклда фанга киритилган.
ЎзАда эълон қилинган тарихчи олим Абдулаҳад Муҳаммаджоновнинг маълумотига кўра, мусулмон мамлакатлари бўйлаб сафарга чиққан Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги экспедиция аъзолари 1997 йил 5 декабрда Миср Араб Республикасида бўлишиб, Аҳмад ал-Фарғоний ҳаётини ўрганишлари натижасида у Мисрнинг Фустат шаҳрида вафот этганлиги, Мунаттам тоғининг шарқий қисмидан сал нарида жойлашган Имом аш-Шофе қабристонига дафн этилганлигини аниқланган. Аммо вақт ўтиши билан унинг қабри йўқолиб кетган. У ердан олиб келинган тупроқ Фарғона водийсининг Қува шаҳрида 1998 йил барпо этилган рамзий қабрга қўйилган...
Аввалроқ Афғонистоннинг Ғазна шаҳрида жойлашган ватандош аллома Абу Райҳон Беруний қабрининг бугунги номаълум ҳолати, шунингдек, Дамашқ шаҳри (Сурия)да жойлашган Форобийнинг тўлиқ ўрганилмаган қабри ҳақида ёзган эдик.
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қомус
Қатра
Бир куни...
//
Изоҳ йўқ