Демократияни ўргатувчи ўйин қандай яратилмоқда?


Сақлаш
10:05 / 05.05.2026 0 4

Кафанга ўралган болалар, мотам тутган қариндошлар – Британия парламенти аъзоси Зара Султана ижтимоий тармоқларида эълон қилган ушбу сурат кучли ҳиссий таъсир уйғотиш учун мўлжалланган эди. Шундай ҳам бўлди. Аммо муаммо шундаки, бу сунъий интеллект ёрдамида яратилган қалбаки сурат бўлиб чиқди. Расм Эрон атрофидаги можаролар шароитида пропаганда урушини авж олдириш учун ясалган эди. Ва, афсуски, турли изоҳларга сабаб бўлган ушбу сурат миллионлаб яратилаётган сохта контентлардан бири, холос.

 

Бундай ҳолатлар ишончли ахборотга таянувчи демократик жамиятларда жиддий хавф туғдиради. Винер-Нойштадт амалий фанлар университети социологи Жулия Айснернинг таъкидлашича, ёшлар, айниқса, ўсмирлар сиёсий қарашларини, биринчи навбатда, ижтимоий тармоқларда шакллантиради. – Бу муаммо эмас, – дейди у. – Аммо ўсмирлар сохта контентни ҳақиқат деб қабул қила бошласа, вазият ўшанда хавфли тус олади. Илмий адабиётларда бундай жараён “автоматизацияга ишониш”, деб аталади. Яъни инсон машинанинг хулосаларига ёки сунъий контентга, ҳатто у ўз билимларига зид келса ҳам, кўр-кўрона ишониб қолади.

 

Сохта ахборотларнинг кўпайиши ижтимоий босимни, аҳоли ўртасида ишончсизликни кучайтириб юборади. Бу эса сиёсий қутблашувни яна-да чуқурлаштиради. Сиёсатшунос Симона Полик-Тогелнинг фикрича, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан заиф ёшлар бундай таъсирга энг мойил қатлам ҳисобланади. – Бундай ёшларда сиёсий таъсир ўтказа олиш ҳисси пастлиги учун улар ўзларини демократиянинг бир қисми сифатида тобора камроқ ҳис қилишмоқда, дейди у.

 

Айнан шу муаммони ҳал этиш учун Австрия Тадқиқотларни молиялаштириш жамғармаси (FFG) ва Миллий тадқиқот, технология ҳамда ривожланиш жамғармаси кўмагида DemoPlay лойиҳаси ишга туширилди. Лойиҳа доирасида ёшларнинг демократик кўникмаларини ривожлантирувчи, дезинформацияга қарши иммунитетини оширувчи сунъий интеллект асосидаги ўйинлар яратилади. Ушбу сценарийлаштирилган ўйинда ахборот йиғиш, жамоатчилик фикрини шакллантириш, овоз бериш каби демократик жараёнлар ҳаётий воқеликлар билан кўрсатиб берилади.

 

Ҳозир Винер-Нойштадт амалий фанлар университети тадқиқотчилари айнан шу усул асосида рақамли ўйин яратишмоқда. Унда сиёсий музокаралар жараёни реалистик тарзда акс эттирилади. Энг қизиғи, браузер орқали ишлайдиган бу ўйиннинг ўзи ҳам сунъий интеллектдан фойдаланади ва ҳар бир иштирокчига мос, алоҳида ўқув йўналишини таклиф қилади.

 

Жулия Айснернинг сўзларига кўра, ўйин ҳақиқий ҳаётга мос бўлиши учун ишлаб чиқариш жараёнига бир қанча ёшлар жалб қилинган. Бу борада лойиҳа YEP – ёшларни жамият ҳаётига жалб этиш ва қарорлар қабул қилишда уларнинг иштирокини таъминловчи ташкилот билан ҳамкорлик қилмоқда. Сунъий интеллект, ижтимоий тармоқлар ва сиёсат соҳасида турлича билимга эга бўлган бу ёшлар Австриянинг турли ижтимоий қатламларини ифодалайди. Бундан ташқари, улар ўйиннинг дастлабки версияларини синаб кўриб, таклифларини ишлаб чиқувчиларга тақдим қилишади. – Шу тариқа биз илк босқичданоқ мақсадли аудиториямизни жараёнга қўшиб, уларнинг эҳтиёжларига мос маҳсулот яратамиз, дейди Айснер.

 

Лойиҳанинг техник қисми учун масъул Матиас Ноймайер “Сунъий интеллект ва демократия ҳақида гапирарканмиз, демак, ўзимиз ҳам сунъий интеллектдан ахлоқий тарзда фойдаланишимиз шарт” деб ҳисоблайди.  Яна бир мутахассис Рубановнинг тушунтиришича, ўйин фақат текширилган манбалар ва ишончли маълумотларга таянади. Маълумотлар базаси Ёшлар маслаҳат кенгашининг таклифлари асосида шакллантирилади. Бу орқали сунъий интеллектнинг "галлюцинация"га учраши ёки ёлғон маълумотларни ўйинга олиб киришининг олди олинади. Рубановнинг таъкидлашича, барча маълумотлар "human in the loop", яъни “инсон назорати” тамойили асосида қўшимча равишда текширилади. Бу эса фойдаланувчиларнинг фақат назоратдан ўтган, ишончли контент билан ишлашига кафолат беради.

 

“Бизнинг мақсадимиз навбатдаги академик лойиҳани яратиш эмас. Биз ёшларга етиб бориш ва уларнинг демократик кўникмаларини мустаҳкамлашни истаймиз”, дейди Жулия Айснер. Демак, яқин йилларда демократик жараёнларни ўргатувчи, сохта контентлардан холи сунъий интеллект билан ишлайдиган ўйинлар кутиб турибди бизни.

Сарвар РАҲИМИЙ таржимаси

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

12:05 / 04.05.2026 0 16
Йигит ва ўгит

Биласизми?

17:02 / 23.02.2026 0 163
Нега 23 февраль эмас, 14 январ?



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 16232
Жадидчилик

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 6804
Миллий урф-одатлар

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 6645
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 5937
Бир қоп ун

Қомус

15:04 / 18.04.2023 0 5374
Радикализм

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 5364
Тинчлик

Қомус

16:12 / 25.12.2023 0 4800
Ўзбекистон тарихи

//