ХХ асрнинг биринчи ярмида аёл киши учун хатарли ва оғир деб ҳисобланувчи, лекин маданий ва маърифий томонлама бой мамлакатларга ёлғиз отланишга жасорат қилган Элла Майяр нафақат саёҳатчи, балки ёзувчи, фотограф ва спортчи сифатида ҳам танилганди.
Элла Майяр 1903 йил 20 февралда Женевада мўйна савдоси билан шуғулланувчи савдогар оиласида дунёга келган. Келиб чиқиши шветсариялик бўлган Элла бир неча тилларда бемалол гаплашар, бу эса у борган мамлакатларда бехавотир саёҳат қилишида ёрдам берарди. У саёҳатлари давомида китоблар ёзган ва бу орқали кўплаб инсонларга илҳом бера олган. Унинг саёҳатлари нафақат географик жиҳатдан жойларни ўрганишга, балки маҳаллий аҳоли ҳаёти, урф-одатлари ва дунёқарашини билишга қаратилган эди. Шу боис Элла фақатгина сайёҳ эмас, балки халқлар аро маданий кўприк бўла олган шахс сифатида тарихдан жой олган.
Элла Майяр
Элла оилавий бизнесни давом эттиришни хоҳламаган, шунинг учун бир қанча ишларда ишлаб, саёҳат учун пул тўплай бошлайди. Англияда бир муддат француз тилидан, Берлинда эса инглиз тилидан дарс беради. Саёҳатлари давомида Элла чанғида Швейцариянинг Алп тоғларини, елканли қайиқда Ўрта ер денгизини кесиб ўтади, ёлғиз ўзи Марказий Осиё, Ҳиндистон, Хитой ва Туркияни айланиб чиқади. У йўлни кўпинча пиёда, айрим пайтларда эса отда, аравада ва поездларда босиб ўтган.
Элла Майяр 1930 йилда Россияга саёҳат қилади ва режиссёр Дзига Вертов ва Всеволод Пудовкин билан танишади. Унда Пудовкин фильмларида тасвирланган Ўзбекистонни кўриш истаги пайдо бўлади. Шу мақсадда Элла 1932 йил СССР Ташқи ишлар халқ комиссарлигидан Ўзбекистонга бориш учун рухсат сўрайди. Аммо унга рухсат беришмайди. Фақат москвалик альпинистлар билан бирга ўша пайтда РСФСР таркиби ҳисобланувчи Қирғизистонга келишга имкон яратилади. Элла шу имкондан фойдаланади ва Қирғизистондан Олмаота шаҳри орқали яширинча Тошкентга келади. Кириб келиш ҳужжатларининг йўқлиги сабаб Элла ўзини камбағал аёл сифатида кўрсатишга ва камбағаллар орасида яшашга мажбур бўлади. У бу ҳолни китобида «Агар ўзимни бой каби тутсам, мени дарҳол чет эллик деб таниб олишарди», дея хотирлайди: Умуман олганда, у севимли қаҳрамони – мусулмон бўлмаганлар кириши тақиқланган Бухоро амирлигига келган Ҳерман Вамберига ўхшаб ҳаракат қилади. Натижада Элла Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби шаҳарларни, Қизилқум чўлини ўз кўзи билан кўради.
У саёҳати давомида кўрган, эшитган барча нарсаларни ёзиб боради ва улар асосида «Осмонли тоғлардан Қизилқумгача» (Turkestan Solo — One Womanʼs Expedition from the Tien Shan to the Kizil Kum) асарини ёзади. Китоб дастлаб француз тилида ёзилган, кейинчалик айрим китобхонларни талабига биноан инглиз тилига ўгирилади. Элла саёҳати давомида олган суратларини ҳам китобга илова қилиши унинг аҳамиятини янада оширади.
Совет давлатига қарши курашган шахсларга нисбатан очиқ суд мажлиси
Бугунги кунда Элланинг шахсий архивидаги фотосуратларнинг асл нусхалари Лозаннадаги (Швейцария) Musée de l'Elysée фотосуратлар музейида сақланади. Улар яқин йилларда Ўзбекистонда – Самарқанд (2023 йил), Бухоро (2024 йил) шаҳарларида ҳам намойиш этилган. 2024 йил 15 майдан 15 июлгача эса Урганч шаҳридаги Ўзбекистон замонавий санъат музейида унинг суратларидан иборат «Жасорат ва ҳамдардлик» кўргазмаси ташкил этилди. Айтиш керакки, Элла Ўзбекистоннинг 1932 йиллардаги турмуш тарзини, одамларини акс эттирувчи суратларни олган ва уларни Европада намойиш этган ягона европалик аёл эди.
Гўзал КАРИМОВА,
Қўқон университети Андижон филиали талабаси
Ҳикмат
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Бир куни...
Қомус
Қомус
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Қомус
Қомус
//
Изоҳ йўқ