Радикализм


Сақлаш
15:04 / 18.04.2023 0 2986

Радикализм (лотинча radix – илдиз) – сиёсий тузум ва ижтимоий институтларни тубдан ўзгартиришга қаратилган ғоя ва ҳаракатларни ифодаловчи сиёсий, диний оқим.

 

Радикализм умумэътироф этилган анъаналарга бутунлай зид муносабатда бўлиб, кескин ҳаракатларни ёқлаб чиқади. Тарихда бу атама мўътадил ислоҳотлар тарафдорларига нисбатан ҳам қўлланган. Масалан, Буюк Британияда (1832) «Ислоҳотлар тўғрисидаги Билл»нинг мухолифларига нисбатан радикализм атамаси қўлланган. Кейинроқ эса утилитаризм асосчиларидан И.Бентам ва унинг издошлари «фалсафий радикаллар» деб аталди. Ҳозир қатор сўл сиёсий партияларга нисбатан ҳам радикализм тушунчаси қўлланади.

 

Ўрта асрлар сўнгги ва Янги давр бошида радикализм демократия шиорлари билан чиқди. Унинг тарафдорлари (Локк, Руссо ва бошқа) нотабиий ижтимоий муносабатлар ва шароитларни радикал тарзда оқилона тартиблар билан алмаштириш ғоясини илгари сурди. Анархистлар эса жамиятдаги ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идораларнинг ортиқчалиги, инсон эркини тубдан кенгайтириш лозимлигини ёқлаб чиқди. Уларнинг ғоявий раҳнамоси У.Годвин инсон ақл-заковат ва эркинлик рамзидир, шунинг учун унинг эркини чеклаш керак эмас, деган ғояни илгари сурди. Ҳозирги давр радикализмга хос бўлган хусусиятлардан бири ижтимоий ҳаётнинг ҳам назарий, ҳам амалий муаммоларини ҳал қилишда зўрлик усулидан фойдаланишга мойилликдир. Тинч йўл билан ҳал қилиш мумкин бўлган оддий муаммоларни ечишда улар куч, зўравонликдан фойдаланишга интилади. Тарихнинг бурилиш нуқталарида, танглик юз берган ҳолатларда радикализм авж олади.

 

Ҳозирги радикализм экстремизмнинг назарий манбаи бўлиб, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда зўрлик усуллари ва воситаларидан фойдаланмоқда. Ҳозирги пайтда радикал кайфиятлар ва қарашлар ақлий меҳнат билан шуғулланувчилар орасида, люмпенлашув кучайган мамлакатларда кўпроқ кузатилмоқда. XX асрда юз берган илмий-техник тараққиёт туфайли ақлий меҳнат вакиллари миқдорининг кескин ошиши ҳар доим ҳам уларнинг моддий турмуш даражасининг кўтарилиши ва ижтимоий мавқеининг ортиши билан бирга кечмайди. Айниқса, ижтимоий инқироз ва танглик даврларида зиёлиларнинг люмпенлашуви кучаяди. Бу эса улар орасида радикал кайфиятнинг aвж олишига сабаб бўлади. Тарихий тараққиёт шундан гувоҳлик берадики, радикаллар ҳокимият тепасига келган тақдирда ҳам уларнинг ҳукмронлиги узоқ давом этмайди. Етмиш йилдан ортиқроқ ҳукмронликдан кейин большевиклар тарих саҳнасидан улоқтириб ташланди.

 

Собиқ шўролар тузуми ўрнида ташкил топган мустақил давлатлар ҳудудида ривожланишнинг дастлабки босқичида радикал оқимлар пайдо бўла бошлади. Бу оқимлар баъзи мамлакатларда фуқаролар урушини келтириб чиқарди. Унинг кўпчилигида сиёсий радикализм диний ниқоб остида намоён бўлди. Улар ислом давлати қуриш, халифаликни қайта тиклаш шиорлари билан чиқиб, жамиятнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий ривожини тўхтатишга, бу жараённи ортга – ўрта асрларга қайтаришга интилаётгани ўта хатарлидир. Диний ақидапарастлик ҳам радикализмнинг бир кўриниши ҳисобланади. Диний радикализмнинг мазмун-моҳияти радикализмнинг бошқа кўринишлари каби ўзига мос келмайдиган бошқа ҳар қандай оқим ва қарашларга нисбатан муросасизликда, жамият тараққиётига зид, ғайриинсоний ғоя ва қарашларни илгари суришда намоён бўлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:03 / 12.03.2025 0 150
Туркистондаги қадимий аёллар байрами

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 129
“Қозонди” феълидаги “қозон” ҳақида

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 164
Маржумакдан шўрва қилиб бўладими?

Биласизми?

15:02 / 28.02.2025 0 141
Маймунжон, парманчак ва болдирғон

Биласизми?

14:02 / 28.02.2025 0 125
Хўжайин бўлолмаган хўжағат



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 9172
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5307
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4897
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4331
Тинчлик

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 4144
Миллий урф-одатлар

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3558
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3141
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

//