Биласизми?
22 март – Бутунжаҳон сув куни
Ҳар куни эрталаб бир пиёла қаҳва ичганимизда ёки пахтадан тикилган либос кийганимизда, биз нафақат ўша маҳсулотни, балки уни етиштириш ва ишлаб чиқариш учун сарфланган минглаб литр сувни ҳам истеъмол қиламиз. Бу жараён илм-фанда ва экологияда виртуал сув тушунчаси билан ифодаланади.
Виртуал сув (ёки яширин сув) – бу бирор бир маҳсулот ёки хизматни яратишнинг барча босқичларида сарфланадиган сувнинг умумий миқдоридир. Ушбу концепцияни 1993 йилда британиялик олим Жон Энтони Аллан илгари сурган. Биз кўпинча жўмракларимиздан оқаётган сувнигина кўрамиз ва тежашга ҳаракат қиламиз, бироқ харид қилаётган маҳсулотларимиз ортида турган улкан сув сарфини кўра олмаймиз.
Виртуал сув тушунчаси орқали давлатлар ўртасидаги экспорт ва импорт алоқаларига тамомила бошқача, чуқурроқ нигоҳ билан қараш мумкин. Жаҳон бозорида маҳсулотлар айланганда, аслида давлатлар ўртасида улкан ҳажмдаги виртуал сув савдоси ҳам амалга ошади. Масалан, сув танқислиги шароитида яшовчи мамлакат сувни кўп талаб қиладиган экинларни (пахта ёки шоли каби) етиштириб, уларни экспорт қилса, у аслида ўзининг энг чекланган ва қимматли сув ресурсларини арзон нархда хорижга чиқариб юбораётган бўлади. Аксинча, сувга бой мамлакатлар бундай маҳсулотларни экспорт қилиши табиий мувозанатга унчалик зарар етказмайди.
Шу сабабли, қурғоқчил минтақалар учун сувни кўп талаб қиладиган маҳсулотларни импорт қилиш ва кам сув ишлатиладиган, лекин иқтисодий қиймати юқори бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга эътибор қаратиш стратегик жиҳатдан муҳимдир. Бу сув секторининг барқарор ривожланишини таъминлашда энг асосий таҳлилий воситалардан бири саналади.
Айрим маҳсулотларнинг виртуал сув ҳажми:
· Қўлингиздаги битта смартфонни ишлаб чиқариш учун (металларни қазиб олишдан тортиб, микрочипларни яратиш ва йиғишгача) ўртача 12 000 литр сув сарфланади.
· Битта жинси шим яратиш учун ўртача 8 000 литр сув сарфланади. Бу бир инсоннинг қарийб 7 йил давомида ичадиган суви миқдорига тенг.
· Битта оддий А4 форматдаги қоғозни ишлаб чиқариш учун ўртача 10 литр сув кетади. Эски қоғозларни қайта ишлаш (макулатура) эса бу сув сарфини бир неча баробарга камайтиради.
· Битта енгил автомобиль ишлаб чиқариш учун (пўлат эритиш, бўяш, шиналар тайёрлаш) ўртача 150 000 литрдан 300 000 литргача сув кетади.
· Битта олма етиштириш учун 70 литр сув керак бўлса, битта ўртача катталикдаги пицца тайёр бўлиши учун (буғдой, помидор ва пишлоқ учун кетадиган сув) 1 260 литр сув сарфланади.
Сув ресурсларининг глобал миқёсда камайиши фонида виртуал сув сарфини бошқариш фақатгина давлатлар ёки йирик компанияларнинг вазифаси эмас. Бу ҳар биримизнинг кундалик истеъмол маданиятимизга бевосита боғлиқ. Озиқ-овқат исрофининг олдини олиш, кийим-кечак ва буюмлардан узоқроқ фойдаланиш, шунингдек, сувни тежовчи технологиялар орқали етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш орқали биз сайёрамизнинг қон томири бўлган сувнинг келажак авлодларга етиб боришига ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Нодира ИБРОҲИМОВА,
Сув соҳасида барқарор ривожланиш маркази ходими
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Бир куни...
Ҳикмат
Қомус
Қатра
Қомус
Биласизми?
Қатра
Қатра
Қомус
Қомус
//
Изоҳ йўқ