Бир куни...
Ўзбекистон тарихи – ўзбек халқи маънавиятининг асоси, юртимиз босиб ўтган тарихий йўл, авлод-аждодларимиз ва мамлакатимиз тарихи. 34 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган Ўзбекистон географик жиҳатдан ҳам, сиёсий жиҳатдан ҳам Марказий Осиёнинг ўзагини ташкил этади, таъбир жоиз бўлса, юраги ҳисобланади. Дунёдаги энг қадимги цивилизациялардан бири мана шу минтақада пайдо бўлган. Қадимги замонларда Буюк Ипак йўли шу ердан ўтган. Ўзбек халқи давлатчилиги тарихи ўз илдизлари билан асрлар қаърига бориб тақалади ва уч минг йилдан кўпроқ даврни ўз ичига олади. Президентимиз алоҳида таъкидлагани каби, Ҳозир Ўзбекистон деб аталувчи ҳудуд, яъни бизнинг Ватанимиз нафақат Шарқ, балки, умумжаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлганини бутун жаҳон тан олмоқда. Бу қадимий ва табаррук тупроқдан буюк алломалар, фозилу фузалолар, олиму уламолар, саркардалар, сиёсатчилар етишиб чиққан. Диний ва дунёвий илмларнинг асослари мана шу заминда яратилган, сайқал топган. Эрамизгача ва ундан кейин қурилган мураккаб сув иншоотлари, шу пайтгача кўрку файзини, маҳобатини йўқотмаган осору атиқаларимиз қадим-қадимдан юртимизда деҳқончилик, ҳунармандчилик маданияти, меъморчилик ва шаҳарсозлик санъати юксак бўлганлигидан далолат беради. Бешафқат давр синовларидан омон қолган, энг қадимги тошёзувлар, битиклардан тортиб, бугун кутубхоналаримиз хазинасида сақланаётган 20 мингдан ортиқ қўлёзма, уларда мужассамлашган тарих, адабиёт, санъат, сиёсат, ахлоқ, фалсафа, тиббиёт, математика, физика, кимё, астрономия, меъморчилик, деҳқончиликка оид ўн минглаб асарлар бизнинг беқиёс маънавий бойлигимиз, ифтихоримиздир. Бунчалик катта меросга эга бўлган халқ дунёда кам топилади. Шунинг учун ҳам бу борада жаҳоннинг саноқли мамлакатларигина биз билан беллаша олиши мумкин.
Истиқлол йилларида Ўзбекистон ақл-заковат салоҳиятини ривожлантиришга, халқаро илмий-маданий алоқаларни кенгайтиришга жамиятшунос олимлар, биринчи навбатда, тарихчилар, археологлар, манбашунослар ва этнологлар катта ҳисса қўшдилар. Ўзбек халқининг этногенезини ўрганиш ва унинг холисона тарихини қайта яратиш, анъаналари, турмуш тарзи ва маданиятини ўрганиш билан боғлиқ ишлар жуда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ҳақиқатан ҳам, дунёда ўзбекнинг қўлидан келмайдиган иш йўқ. Қозоқнинг буюк оқини Абай эътирофини ҳеч ким инкор эта олмайди: «Ўзбеклар етиштирмайдиган, мўл ҳосил олмайдиган экиннинг ўзи йўқ, ер юзида ўзбек савдогарларининг оёғи етмаган жой йўқ, ўзбеклар уддалай олмаган ишнинг ўзи йўқ... Ўткир зеҳн, маҳорат, абжирлик ва тадбиркорлик – буларнинг ҳаммаси ўзбекларга хос хусусиятдир». Қалмиқ адиби Давид Кугултинов юқоридаги фикрга тан бериб, шундай ёзган эди: «Худо ўзбекларга сахий ва туганмас хазина мисол замин, ана шу замин сингари сахий ва мурувватли маънавият, гўзал тил ва жаҳонга татигулик буюк маданият берди. Бунчалик катта меросга эгалик қилиш ер юзидаги ҳеч бир халққа насиб этмаган». Тарихда «Турон», «Туркистон», «Мовароуннаҳр» номи билан машҳур бўлган Марказий Осиё, айниқса, Ўзбекистон ҳудудида минглаб йиллар давомида юксак маданият гуллаб-яшнаган, қудратли давлатлар мавжуд бўлган. Улар инсоният тарихида, жаҳон маънавиятини ривожлантиришда ёрқин из қолдирган. Шу сабабдан ҳам дунёда Марказий Осиё бўйича тадқиқотлар олиб борувчи 40дан зиёд институтлар, марказлар, университетлар олимлари ва жамиятлар фаолият кўрсатмоқда (2008). Ҳозирги Ўзбекистон ерларининг табиати кишилик тарихининг қуйи палеолит (милоддан аввалги 3 млн. йил – 100-мингинчи йиллик) босқичидаёқ бу ерларда одамзод яшаши учун қулай бўлган. Фарғона водийсининг Сўх сойи соҳилидаги Селунгур ғорида ва Оҳангарон водийсининг Кўлбулоқ маконида топиб ўрганилган илк тош даври ёдгорликларига қараганда, қадимги Турон ерларида бундай қарийб 700 минг – 1,5 млн. йил муқаддам ибтидоий одамлар яшаган. Ўрта палеолит (милоддан аввалги 100–40-мингйилликлар) даврига оид Тешиктош ғоридан топилган 8–9 ёшли болага тегишли суяк қолдиқлари фан оламида жиддий кашфиёт бўлди. Одам суяклари атрофига териб чиқилган архар ва Бухоро буғуси шохларининг топилиши дафн маросимларининг ибтидоий кўринишлари билан боғлиқ. Марҳумни қабрга турли буюмлар билан бирга кўмиш дастлабки диний тасаввурларнинг вужудга кела бошлаганини кўрсатади. Юқори палеолит (милоддан аввалги 40–12-минг йиллик) босқичида ҳозирги замон одами (кроманьон) шаклланган. Ўша давр одамлари фанда «Homo sapiens» – идрокли одам деб номланади.
Ҳозирги замон одамининг 3 ирқи – европоид, негроид, монголоид қиёфалари ҳам ўша вақтда вужудга келган. Одам тўдалари қон-қариндош бўлиб яшай бошлаган. Она томондан қариндошлик мустаҳкамланиб, матриархат пайдо бўлган. Тасвирий ва амалий санъатнинг ибтидоси ҳам ўша даврдан бошланган. Мезолит (милоддан аввалги 12–7-минг йилликлар)да ўқ-ёй кашф этилган, бу ўша давр одамлари ҳаётида буюк бурилиш ясаган. Ҳайвонларни қўлга ўргатиш бошланган. Мезолит даврида унгурлар деворига ўйиб чизилган ёки рангли бўёқлар билан тасвирланган ибтидоий санъат пайдо бўлган. Булар тотемистик эътиқод билан боғлиқ бўлиб, улардан бири Сурхондарёнинг Зараутсой дарасида топиб ўрганилган. Неолит, яъни янги тош даври (милоддан аввалги 6–4-минг йиллик)да овчи жамоалар ертўла, чайла ёки капалар бино қилиб, ўтроқ ҳаёт кечиришга ўтганлар. Бу даврда оила тарихининг дастлабки босқичи – жуфт никоҳ урф бўлган. Энеолит (мис-тош) даврининг (миллоддан аввалги 4–3-минг йиллик) нодир ёдгорлиги Зарафшон водийсида жойлашган Саразм бўлиб, у ердан сиртига рангдор нақшлар берилган сопол бўлаклари, мис кўзгу, олтин ва кумушдан ясалган мунчоқлар топилган. Жез даврида (милоддан аввалги 3–2-минг йилликлар) овчилик ва теримчилик ижтимоий ва иқтисодий ҳаётда ўзининг дастлабки аҳамиятини йўқотган. От, эшак, туя ва ҳўкиздан транспорт воситаси сифатида фойдаланилган, аравалар вужудга келган. Бу даврда ривожланган Бақтрия (Амударё бўйи) деҳқончилик маданияти шаклланган. Илк шаҳарлар пайдо бўлган. Темир даври (милоддан аввалги IX асрдан) ёдгорликлари Хоразм, Бақтрия, Сўғд, Чоч ерлари ва Фарғона водийсида ўрганилган. Бу даврда ҳунармандчилик деҳқончиликдан ажралиб чиққан. Меҳнат унумдорлиги ўсиб, қўшимча маҳсулот ишлаб чиқарила бошланган. Бу эса ибтидоий жамоа тузумининг емирилишига олиб келган. Аҳоли коҳинлар, жангчилар, деҳқонлар ва ҳунармандлар тоифаларига бўлинган. Қабилалар ўртасида ҳарбий иттифоқлар тузилган. Кучли лашкарбошилар «қовий», (кучли, забардаст) унвонлари билан атала бошлаган. Қовийлик ҳокимияти меросий бўлган. Улар эл-юртни ташқи ёв босқинларидан мудофаа этар, дарёлардан катта-катта каналлар чиқариш ва янги берилган. Византия тарихчиси Прокопийнинг ёзишича, эфталийларнинг қонуний давлати подшоҳи мутлақ томонидан бошқарилган. Хионий ва кидарийларнинг Марказий Осиёга кириб келиши ҳамда Эфталийлар давлатининг ташкил топиши маҳаллий аҳолининг маънавий ҳаётига ҳам маълум даражада таъсир этган. Асрий анъаналари кучли бўлган Тоҳаристон ва Сўғдиёнада кўчманчилар тез орада ўтроқлашиб, маҳаллий аҳоли билан қоришган ва унинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий ҳаётида фаол иштирок этган. Илк ўрта асрларнинг ўзига хос маданияти шакллана бошлаган. Бу, айниқса, бинокорлик, меъморлик ва тасвирий санъатнинг айрим жабҳаларида кўпроқ намоён бўлган. VI–VIII асрларда мамлакатнинг сиёсий жиҳатдан заифлашуви унинг бир неча майда давлатларга бўлиниб кетишига сабаб бўлган. Сўғд ва Фарғонада ихшидлар, Тоҳаристонда маликшоҳлар, Хоразмда хоразмшоҳлар, Чоч ва Илоқда тудун ва деҳқонлар ҳукмронлик қилган. Илк ўрта аcрларда Сўғдда шаҳар ва қишлоқ аҳолиси «наф» деб аталган. Зодагонлар «озод», шаҳар ҳунармандлари «озодкор», савдогарлар «ғувокор», зироаткорлар «кашоварз», қул ва чўрилар «бантак» ва «доя» деб юритилган. Бу даврда Турон аҳолиси зардуштий, будда, христианлик, моний ва қам (шомон) каби динларга эътиқод қилган.
VIII аср бошларида Мовароуннаҳр Араб халифалиги томонидан истило этилган. Бу даврда содир бўлган мураккаб сиёсий вазиятнинг тадрижий ривожи ва у билан чамбарчас боғлиқ ижтимиой-иқтисодий ўзгаришлар мамлакат маънавий ҳаётига ҳам кучли таъсир этган. Дастлабки маълумотни Мовароуннаҳр, Хуросон ва Хоразм мадрасаларида олган Марказий Осиё олимлари Боғдод, Дамашқ, Қоҳира, Куфа ва Басрада билимларини оширган. Улар ўз асарларини ўша даврда илм тилига айлантирилган араб тилида ёзишга мажбур бўлганлар. Мовароуннаҳр ва Хуросон аҳолисининг тез-тез қўзғолон кўтариши, мамлакат ичида узлуксиз давом этган урушлар Араб халифалиги ҳокимиятини заифлашти риб, мустақил давлатларнинг пайдо бўлишига олиб келган. Ўзбекистон ҳудудида Қарлуқлар, Ўғузлар давлатлари ҳукм сурган. 873 йилда Хуросонда Тоҳирийлар ҳукмронлиги тугатилиб, янги Саффорийлар давлати ташкил топган. Бундай сиёсий ўзгаришдан сўнг Мовароуннаҳр ўз мустақиллигини тўла тиклаб олган. Бу даврда Самарқанд, Фарғона, Шош ва Уструшона вилоятларида Сомонийлар хонадони вакиллари ноиб эдилар. Исмоил даврида Хуросон ҳам Сомонийлар қўл остига ўтган. Мамлакат маънавий ҳаётининг таянчи бўлган ислом мафкурасига Сомонийлар даврида «устод» – дин ва илм пешволари раҳнамолик қилган. Сомонийлар давридаги сиёсий барқарорлик ва иқтисодий кўтарилиш маънавий ҳаёт равнақига имкон берган. Бухоро, Самарқанд, Насаф, Гурганж, Марв сингари шаҳарлар илмий ва маданий марказ сифатида тараққий этган. Бу даврда қишлоқ аҳолисининг аксарияти сўғдий, туркий, хоразмийча сўзлашса-да, марказий шаҳарларда давлат тили сифатида қабул қилинган форсий-дарий адабий тили вужудга келган. Форсий-дарийда назм, наср ва илмий асарлар ёзила бошлаган. Бу даврда Муҳаммад Хоразмий, Форобий, Ибн Сино, Наршахий, Беруний каби жаҳон фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк сиймолар ижод қилганлар. Х аср ўрталарида ташкил топган Қорахонийлар давлати подшолари буюк ҳукмдор маъносини англатувчи «арслонхон» ва «буғрохон» унвонлари билан юритилган. Буюклик, улуғлик эса қадимда туркий халқларда «қора» сўзи билан сифатланган. 999 йилда Қорахонийлар Бухорони босиб олиб, Сомонийлар ҳокимиятига барҳам берган. Х аср охирида Сомонийлар мулки ўрнида Қашқардан Амударёгача чўзилган Қорахонийлар ва Ҳиндистон шимолидан Каспий денгизи жанубига қадар вилоятларни эгаллаган Ғазнавийлар давлати ташкил топган. Сирдарё этакларида яшовчи ўғузлардан ажралиб, Салжуқий номи билан Хуросонга бориб ўрнашган кучлар Ғазнавийларга қарши жиддий кураш бошлаган. 1040 йилдаги Данданакон жангида Салжуқийлардан мағлуб бўлган Ғазнавийлар тасарруфида ўазна, Қобул, Қандаҳор ва Панжоб вилоятларигина бўлиб, у кичик давлатга айланиб қолган. Салжуқийлар Тўғрулбек замонида 1055 йилда Боғдодда ўз сиёсий ҳукмронлигини ўрнатган. Салжуқийлар 1043 йилда Хоразмни ҳам бўйсундирган. 1127 йилда Хоразм Қорахитойлар томонидан эгалланган. Улар Хоразмнинг ички ишларига аралашмай, фақат бож ва ўлпон йиғиш билан кифояланган.
ХIII аср бошида Хоразм жуда катта ҳудудни эгаллаган буюк давлатга айланиб, унинг чегараси Орол ва Каспий денгизи соҳилидан Ироққа қадар борар, жануби-шарқий сарҳади Ғазна вилоятидан, Еттисув ва Дашти Қипчоқдан ўтар эди. Пойтахти Гурганж шаҳри бўлган. Мовароуннаҳр аҳолисининг Қорахитойлар асоратидан озод бўлиб, Хоразм давлатига бирлашиши ижобий тарихий воқеа эди. Лекин, сиртдан қараганда жуда кучли, нуфузи буюк кўринган Хоразмшоҳлар давлати сиёсий жиҳатдан унчалик мустаҳкам бўлмаган. Шу сабабга кўра, Чингизхон бошлиқ мўғил босқинчилари Хўжанд ҳокими Темур Малик, 1221 йил бошида Хоразм давлати султони деб эълон қилинган Жалолиддин Мангубердининг қаҳрамонликларига қарамай, Мовароуннаҳрни нисбатан осон истило этишга муваффақ бўлган. Мўғиллар истилоси оқибатида Мовароунаҳр ва Хоразм иқтисодий ва маънавий ҳаётига жуда катта зарар етиб, гавжум ва кўркам шаҳарлар, айниқса, Бухоро, Самарқанд, Гурганж, Марв, Банокат, Хўжанд кабилар харобазорга айлантирилган. Шарқий Туркистон, Еттисув ва Мовароуннаҳр Чингизхоннинг 2-ўғли Чиғатойга берилган. Кўчманчи мўғиллар ўтроқ аҳолидан иборат катта ва маданий вилоятларни бошқаришда бўйсундирилган халқларнинг зодагон табақа вакиллари хизматидан фойдаланганлар. XIV аср 40-йилларида Чиғатой улуси Шарқий Туркистон ва Еттисувдан иборат Мўғилистон ва Мовароуннаҳр қисмларига бўлиниб кетади. Мовароуннаҳрда мўғиллар истилоси оқибатида инқирозга юз тутган фан, адабиёт, маърифат ва маданиятнинг айрим тармоқлари тиклана бошлайди ва бу даврда, биринчи навбатда, шаҳарсозлик билан боғлиқ бўлган бинокорлик ва меъморчилик йўлга қўйилади. Ўша асрларда тикланган кўпгина маданият обидаларидан айримлари бизнинг давримизгача сақланиб қолган. XIV асрнинг 60-йилларида Мовароуннаҳрда сиёсий тарқоқлик кучайиб, ўзаро кураш кескинлашган. Шундай пайтда тарих саҳнасига чиқиб келган Амир Темур Мовароуннаҳр ва Хоразмда тарқоқлик, ўзаро низоларга чек қўйиб, Сирдарё бўйларидан Орол денгизигача бўлган ерларда яшовчи халқларни ягона марказлашган давлат тасарруфида бирлаштирган. Амир Темур ўзининг 35 йиллик ҳукмронлиги даврида Ҳиндистон ҳамда Хитойдан Қора денгизга қадар ва Орол денгизидан Форс қўлтиғигача ғоят катта ҳудудни ўз ичига олган улкан салтанатни вужудга келтирган. Салтанат пойтахти Самарқандда Исфахон, Шероз, Халаб, Хоразм, Бухоро, Қарши ва Кеш шаҳарлари меъмору бинокорлари иштирокида саройлар, масжидлар, мадрасалар, мақбаралар қурилган. Бунёдкорлик фаолияти ҳоз. Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ҳам амалга оширилган. Табризда масжид, Шерозда сарой, Боғдодда мадраса, Туркистонда Хожа Аҳмад Яссавий қабри устига мақбара бино қурдирилган. Бунёдкорлик фаолияти темурийлар даврида ҳам давом эттирилган. Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида ҳам пойтахт шаҳарларда олиму фузалолар, шоиру бастакорлар, меъмору бинокорлар ва наққошу ҳунармандларнинг катта гуруҳи тўпланган. Самарқанд ва Бухоро илму маърифат даргоҳига айлантирилган. Улуғбек фармони билан Бухоро (1417), Самарқанд (1417–1420) ва Ғиждувонда (1433) мадрасалар қурилган. Бухоро мадарасаси дарвозасига: «Илм олмоқ ҳар бир мусулмон аёл ва эркакнинг бурчидир», деган калима ёзиб қўйилган. Самарқандда дунёга келган расадхона астрономия соҳасида жаҳоншумул аҳамият касб этган натижаларга эришган. Темурийлардан сўнг ҳокимиятга келган Шайбонийлар сулоласи 100 йил ҳукм сурган. Пойтахт дастлаб Самарқанд, Убайдуллахон даврида Бухорога (1533) кўчирилган. Шундан сўнг мазкур давлат Бухоро хонлиги деб атала бошлаган. Аштархонийлар сулоласи (1601–1753) даврида сиёсий низо, ички курашлар кучайиб, Бухоро ва Хива хонликлари ўртасидаги урушлар катта талафотларни келтириб чиқарган. Аштархонийлардан сўнг Манғитлар сулоласи (1753–1920) тахтга чиққан даврда ҳам мадрасалар қурилган, лекин уларда асосан, форс ва араб тиллари, диний таълимотлар ўқитилган.
Дунёвий фанларга деярли аҳамият берилмаган. 1709 йилда Фарғона водийсида вужудга келган Қўқон, 1511 йилдаёқ шаклланган Хива хонликларидаги ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаёт Бухородагидан кескин фарқ қилмаган. Ҳукмрон табақа вакиллари ўртасида бирлик ва аҳилликнинг йўқлиги, моддиятнинг маънавиятдан устун қўйилиши, бойлик талашиб ўзаро олиб борилган мантиқсиз урушлар оқибатида Маркази Осиё халқлари жаҳон ҳамжамияти ривожидан орқада қолган. Жаҳон бозоридан ажралиб қолганлик хонликлар ва амирликни қолоқликка маҳкум этган. Бухоро ва Хива муносабати яхши қўшничиликка асосланмаган эди, шунингдек, Бухоро ва Қўқон ўртасидаги муносабат ҳам душманлик руҳида кечган. XVI асрдан бошлаб Марказий Осиё халқлари маданий ҳаётда XIV–XV асрлардаги мавқеини сақлаб қола олмаганлар. Аксинча, шу даврдан бошлаб маданий ҳаётда орқага кетиш рўй берган ва узоқ турғунлик даври бошланган. Бунинг биринчи сабаби, марказлашган давлатнинг парчаланиб кетгани бўлса, иккинчиси, диний мутаассиблик, хурофот ва жаҳолат халқлар ҳаётидан аниқ ва табиий фанларни деярли сиқиб чиқаргани эди. XIX аср ўрталарида мустамлакачи икки империя яъни, Россия ва Буюк Британия стратегик манфаатлари Туркистонда тўқнашган. Марказий Осиё давлатлари ҳукмдорлари калтабинликлари, ўз шахсий манфаатларини эл-юрт манфаатларидан устун қўйганлари оқибатида бу икки мустамлакачи империялар ўртасидаги зиддиятлардан фойдалана олмаганлар. Россия ва Буюк Британия келишувига биноан, Афғонистон икки давлатнинг Осиёдаги мустамлакалари ўртасида уларни ажратиб турувчи ҳудуд вазифасини ўтайдиган бўлган. Шундай қилиб, Россия босқини хавфи ҳам ўзаро зиддияти кучли Бухоро, Хива, Қўқон хонликларини бирлаштира олмаган. Россия империяси Туркистонни босиб олгач, дунёнинг энг йирик мустамлакачи мамлакатига айланган. Мустамлакачилик маҳаллий халқларга мутлақо ишонмаслик, туркий халқларни камситиш каби буюк давлатчилик ва шовинистик оғулар билан заҳарланган эди. Лекин, Россия истилоси натижасида Тошкент ва Фарғона водийсида банклар, хорижий корхоналар очилган. Туркистонда ҳам бозор муносабатлари шакллана бошлаган. Марказий Осиё хонликлари бўйсундирилгач, ўзаро урушлар барҳам топган. Бироқ, истиқлол учун кураш асло тўхтамаган. XIX аср охири – ХХ аср бошларида Туркистон ҳаётида муҳим аҳамият касб этган ижтимоий-сиёсий, маърифий жадидчилик ҳаракати юзага келган. Дастлабки жадид мактаблари, газеталари, журналлари нашр этилган. Ўзбек миллий театрига асос солинган. 1917 йил Октябрь тўнтаришидан кейин тузилган Туркистон Халқ Комиссарлари Советига маҳаллий миллат вакилларидан бирорта ҳам киши киритилмаган. Минтақадаги миллий демократик давлатчиликнинг дастлабки тажрибаси – Туркистон мухторияти большевиклари томонидан қулатилган. Шўро режими чоризм мустамлакачилик сиёсатидан ҳам ошиб тушган. Туркистон ўлкаси Россияга яна бир бор сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан қарам этилган. Оқибатда, Шўро режимига қарши, «босмачилик» тамғаси босилган қуролли ҳаракат бошланган. Большевиклар Туркистон минтақасининг бўлиб ташлаб, идора қилиш мақсадида 1918 йил 30 апрелида унга «автономия» берганлар. Сўнгра Туркистонни парчалаб ташлаш учун жиддий тайёргарлик кўришга киришилган. 1925 йил 13–17 февралда ЎзССРнинг тузилиши «ўзбек халқининг миллий давлатчилиги ташкил қилинди» деган фикрни англатмайди.
СССР таркибидаги ЎзССР амалда ҳеч қандай суверенитет ва мустақилликка эга эмас эди. ЎзССРнинг ХХ аср 30 йилларидаги ижтимоий-сиёсий ҳаёти мустабид Шўро тартиботи мустаҳкамланган ва тоталитар тузум қарор топган, большевиклар партияси якка ҳукмронлиги чўққига чиққан даврга тўғри келади. Партия ҳаётнинг бутун ижтимоий-иқтисодий, маънавий, мафкуравий ва маданий соҳаларини бошқаришни ўз қўлида жамлаб олган эди. ХХ аср 70 йилларига келиб ЎзССРда ижтимоий ривожланиш муаммоларининг ҳал қилинишидан кўра тезроқ кўпайиб, кескинлаша борган. Бошқарувнинг маъмурий-буйруқбозлик усуллари ва иқтисодий ҳаётни қатъий режалаштириш тамойили вазиятни янада мураккаблаштириб юборган. 1985–1991 йиллар Ўзбекистон тарихида халқнинг миллий ўзлигини англаши ва миллий онгининг ўсишида муҳим аҳамиятга эга бўлган босқич ҳисобланади. Марказда бошланган қайта қуриш жараёни Ўзбекистонда ҳам мустақиллик ғояларининг тикланиши ва шаклланиши учун замин яратган. 1989 йил 23 июнда ЎзКП МК Биринчи котиблигига И.А.Каримов сайлангач, мустақиллик учун дадил ҳаракат тезлашган. Шу йилнинг 21 октябрида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши бунинг яққол далилидир. 1990 йил 24 мартда Ўзбекистонда президентлик бошқаруви жорий этилиши ҳам истиқлол сари ташланган янги қадам эди. 1991 йил 31 августда ўзбек халқининг муқаддас, тарихий орзуси рўёбга чиқди – Ўзбекистон тинч, парламент йўли билан ўзининг ҳақиқий давлатчилигига эришди. Президент Ислом Каримов раҳбарлигида Ўзбекистон аҳолисининг миллий-тарихий турмуш ва тафаккур тарзидан, халқ анъаналари ва бошқа хусусиятларидан келиб чиқиб тараққиётнинг ўзига хос ва мос модели ишлаб чиқилди. Ўзбекистон демократик, адолатли ижтимоий тузум, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўринни эгаллайдиган ва жаҳон маданиятига салмоқли ҳисса қўшадиган, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан бой давлат ва жамият барпо этишни ўзининг стратегик вазифаси деб белгилади. Истиқлолга эришилгач, Ўзбекистоннинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маънавий-маърифий тараққиётида улкан ишлар амалга оширилди, халқимизнинг ҳаққоний тарихини яратиш имкони очилди. Ўз эрки ва мустақиллигини қўлга киритган халқимизнинг юртимизда Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш борасидаги фаолияти жадаллик билан давом этмоқда.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ